“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҚАЛБНИНГ БУЮК ТАРБИЯЧИСИ

Маҳкам Муҳаммедов,

Ўзбекистон санъат арбоби, профессор

ҚАЛБНИНГ БУЮК ТАРБИЯЧИСИ

Оилавий кутубхона… Оилавий кутубхона ҳаммадаям йўқ. Уйдаги кутубхонам бир эҳтиёж туфайли, касб туфайли бунёд бўлган. Иш эҳтиёжи туфайли, мутахассислигим туфайли ўз-ўзидан йиғилиб, катта бир мулкга айланиб қолди. Аслида, китобга бўлган меҳр, китобга бўлган иштиёқ болаликдан бошланган. Онам айтар эди: “Даданг Бедилхон эди! Қадимий китобларни, достонларни ўқиб берарди, биз йиғлаб тинглардик”. Шу китоб­ларнинг кўпчилигини болаликда кўрганман. Қишлоқда битта кутубхона бўларди. Биринчи синфга боргандаёқ китоб ўқишга қизиқиш жуда кучли бўлган. Ҳар куни битта китоб олиб келиб ўқишга ҳаракат қилардим. Турсунметов Латиф ака деган ажойиб зиёли бир одам, менга яхши китобларни раво кўрарди, дастлаб, «Гекльберри Финннинг саргузаштлари», «Барон Мюнхаузеннинг бошидан кечирганлари» ва бошқа болалар учун ёзилган адабиётларни берган. Мен ўқиб чиқар эдим, мактабдаёқ адабиётга қизиқишим кучайган. Адабиёт ўқитувчиси Солибеков Абдуқодир ака дарсда жуда қизиқ эртаклар айтарди. Уруш йиллари... оғир йиллар... онам зингер машинасида дўппи тикар эди, отам армияга кетган, тирикчилик пайти. Электр йўқ. Қора чироқда мен ўзбек халқ достонларини овозим борича онам эшитсин, деб ўқиб берардим. “Кунтуғмиш”, “Гў-рўғли” ва бошқа достонларни онам эшитаверар, тикиш ҳам қилаверар эди. Болаларда китобга бўлган меҳр мактабда уйғонар экан. Болаликдан китобларни йиға бошладим. Лотинча нашр қилинган “Ўткан кунлар” романини мактабдаёқ ўқиган эдим.

Тошкент Давлат театр санъати институти режиссёрлик факультетига ҳужжат топширдим. Мактаб саҳнасида қўйилган “Ревизор”, “Бой ва хизматчи”, “Алишер Навоий”, “Шол­ғом” спектакллари устун келди, шекилли, мен санъатга доир китобларни йиға бошладим. Бир кечада Этел Лилиан Войничнинг “Сўна” романини ўқиб чиқиб, йиғлаганман, қаҳрамоннинг ҳолатлари ҳалигача хаёлимдан кетмайди, шу даражада таъсирли ёзилган эди. Уруш йиллари онам нон ёпиб берарди, мен бозорга олиб чиқиб сотардим. Нон бир чеккадаю мен китоб ўқиб ухлаб қолар эдим. Чойхоначи нонимни ўзи сотиб, онамга пулини берар эканлар. Болаликда китобга қўйган меҳр умр бўйи сизга йўлдош бўларди. Инс­титутда ўқиш давомида стипендиямни тўртдан бир қисмини китоб олишга сарфлардим. Талабалик йилларида олган китоб­ларимни ҳалигача сақлайман, ўша китоблар ҳалигача менга асқотади. Бадиий адабиёт одамнинг маънавий мулки экан, қоринни тўйдириш мумкин, лекин руҳий маънавий озуқа ҳамиша инсонга зарур экан. Бир куни бир амаким: “Маҳкамбой! Нуқул китоб кўтарганинг-кўтарган, ўрнига иккита нон кўтариб юрсанг бўлмайдими? Олдингдан битта ит чиқиб қолса, китобни ташласанг ейдими? Йўқ! Нон ташласанг қопмайди!”, деди. Мен кулдим, у одамнинг тафаккури, савияси шу да. Миянинг нони китоб-ку ахир. Жавонимда йиғилган китобларни ҳалигача адроқлайман, кўпинча ноёб китобларни макулатураларда кўриб ачиниб кетаман. Машҳур ёзувчиларининг дастхатлари ёзилган китобларни макулатурага топшираётган кимсани кўриб ҳайратга тушаман. Тўғри, замон ўзгарди, электрон китоблар пайдо бўлди, бутун бир кутубхонанинг китобларини битта замонавий телефонга сиғдира олиш мумкин. Лекин жавондаги ҳақиқий китобни ўрнини боса оладими? Бир вақтлар шоир Муҳаммад Юсуф “Дўппи киймай қўйди одамлар” деб шеър ёзган эди, ҳозир “Китоб ўқимай қўйди одамлар” деб айтгим келади. Тўғри компьютердаги электрон китобларни варақлагандан кўра, оддий китобни олиб варақлаганда уни ҳидидан кўнглим тўлади.

Бир вақтлар ўқиганларим чизиб қўйган жумлалар эсга тушади. Ҳар қандай китобни олиб кўздан кечирар эканман, гўё осмондаги қуёшнинг заррин нурлари кўз қамаштиргандек ҳар бир китобдан шундай нурлар таралаётгандай туюлади, менга. Миянгизга нур бўлиб озуқа кириб келаётгандай. Китоб­да фикр бор, дард бор. Ўша нурлар туфайли бағрим бутундек. Агар шу китоб бўлмаса бир нарсани йўқотгандай, атрофимда катта бўшлиқ пайдо бўлгандай бўламан. Кеч­қурун бўш вақтимда бирон китобни жавондан олиб кўздан кечириб, у билан суҳбатлашишдан бошқа завқ йўқдек мен учун! Китоб ҳордиқ, дам олиш, роҳат бағишлайди инсонга.

Оилавий кутубхона, бу – маънавий-руҳий мулк! Бунга қизиқиш кишининг тийнатида бўлиши керак. Бир йили жиянимнинг олдига рафиқам бадиий китобни: “Мана шу жойи­дан айтиб берасан”, – деб бармоғини босиб китобга қўйиб чиқиб кетди. Ярим соатдан кейин қайтиб келса бармоқ ўша ерда, пешонадан шув-шув тер оқаяпти, бармоқни босган жойи тердан нам босган. Ўқишни истамаган одам ўқимас экан. Ўзида йўқ одамни мажбур қилмаслик керак экан. У жиян ҳозир неваралик, эваралик, ҳаёт йўлини топиб кетди. Биров китобга интилади, биров йўқ. Гап ихлосда экан.

Менда санъатга доир, театр, кинога доир китоблар кўп. Жавонимда мингдан ортиқ китоблар бор. Бир режиссёр китоб дўконидан астрономияга оид китобни олиб чиқиб кетаётганда “Режиссурага астрономиянинг нима алоқаси бор” дебди таниши. Режиссёр ҳам коинот дунёсининг сирларини билиши шарт-ку. Режиссёр – руҳият оламининг муҳандиси. Биз ўзимизнинг қадимий адабиётимиз ва нашрдан чиққан китобларимизни ардоқлашимиз, асрашимиз керак. Антиквар китоблар ўқувчининг мулки, у, албатта, сақланиши лозим. Уни келажак авлод ўқиши, билиши керак. Биз қанчадан-қанча нодир адабиётимизни, қўлёзмаларни, араб ёзувидаги китобларини қатағон йиллари сувга оқиздик, ёқдик, кўмиб юбордик. Бугун биз ҳозирги адабиётимизга, тарихимизга эҳтиёт бўлишимиз керак. Оилавий кутубхоналарда ноёб нарсалар сақланади. Вақти-соати келганда уларни тиллога топиб бўлмайди. Ҳар бир китобнинг ўзига яраша моҳияти бор, айниқса, мустақилликкача бўлган даврда тақиқланган, ман этилган китобларнинг бугун нашр қилиниши, китобхонларга тақдим этилиши жуда катта воқеа бўлди. Кейинги йилларда китобга бўлган эътибор яна кучайди. Вилоятларда, пойтахтимизда “Китоб олами” каби зиё масканларининг очилиши нур устига аъло нур бўлди. Бир-биридан гўзал, бежирим, моҳияти пурмаъно китоблар нашр қилиняпти. Инсон қалбининг гўзаллиги китоб билан. Маънавиятимизнинг бу соҳасига катта эътибор берилиши айни муддао бўлди.

“Китоб дунёси” орқали шу гаплар билан кўнглимдан кечганларини ўртоқлашгим келди.