“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“МЕН ЎЗИМНИ КУТУБХОНАДА КАШФ ЭТГАНМАН”

Рей БРЕДБЕРИ:

“МЕН ЎЗИМНИ КУТУБХОНАДА КАШФ ЭТГАНМАН”

— Жаноб Бредбери, қарши бўлмасангиз, яна илк кечинмалар ҳақида сўзлашсак, қачон ёзишни бошлагансиз?

      — Бошланишга По туртки бўлди. Ўн икки ёшимдан то ўн саккизимга қадар мен унга тақлид қилиб яшадим. Беихтиёр Понинг хазиналар саройига асир бўлиб тушдим. Чинданам у адабиёт саройидаги энг қимматбаҳо тош янглиғ эди, шундай эмасми? Худди Эдгар Райс Бурроус ва Жон Картер каби. Айнан По сингари ваҳимали ҳикояларимни ёзар чоғимда гўёки ҳамма одамлар қабрлар ичига қулфланиб қолаётгандек васваса туғён урарди ичимда. Юрагимни ёргудек шундай қўрқув исканжасида бўлса ҳам мисоли Подек асарлар битишимни дил-дилимдан орзу қилардим ҳамиша. 

1932 йили, яъни мен ўн икки ёшлик пайтимда ҳаммаси бирданига гупуриб, тошиб, қонимда катта исён кўтарганча  жўш уриб келаверди. Бу ғалаёнда По ҳам бор эди, Картер, Бурроус, яна комик олам ҳам бор эди, бари бир-бирига уйқашиб кетди. Мен жуда кўплаб радио эшиттиришларини тинглаб борардим, айниқса, “Фокусчи Чанду” номли биттаси хаёлимни қаттиқ ўғирлаб қўйганди. Ўша эшиттиришни асли бўлмағур, одамни алдайдиган бир эрмак эканлигига ишончим минг карра комил эса-да, барибир ундан бўлажак асарларим учун нимадир олаётгандек, нимадир тўқиётгандек бўлардим доим. Ҳар гал, эшиттириш якунланган ҳар оқшом бир бурчакка ўтириб олардим-да, миямда бутун бошли сценарий матнини тузиб чиқардим. Бу мен учун шу қадар мароқли ҳолат эдики, бундан ўзимни тўхтатиб туролмасдим сира. Негаки, ўша фокусчи Чанду билан менинг истагим бир хил эди, у ҳам худди мен каби дунёнинг жамики салбий, ёвуз образларга тиш-тирноғи билан қарши эди. Чанду  барибир ўта кучли руҳий қобилият ундовига ўзида қайсидир маънода лойиқ жавоб топа олган ўткир қобилият эди, мен ҳам ноодатий ва мураккаб бўлган ижод турини ўзи учун танлаб олган хаёлпараст даҳо эдим.  Устига-устак суратлар солишни ҳам яхши кўрардим, бинойидек мультфильмлар яратардим. Ҳамиша шахсий мультфильм ишлаб чиқарадиган компаниям бўлишини орзу қилганман.  Лекин мен фақат Тарзанга ўхшаш битта қаҳрамон тўғрисидагина ёзмас эдим, ижодим жуда ранг-баранг ва қизиқарли бўлишига ҳаракат қилардим доим.

— Ўз замондошларингиздан қайси ёзувчиларнинг асарларини мутолаа қилиб турасиз?

— Менда ҳамиша шундай бир ақида мавжуд: ижодкор одам ўз йўналишидаги асарлардан жуда кам мутолаа этмоғи жоиз. Аммо ижод муқаддимасида, яъни илк тетапоя чоғларингизда албатта бошқаларнинг ишлари билан танишиш, асарларини ўқиш, шубҳасиз, аъло усул. Ўн етти ёшлигимда Роберт Хейнлейн билан Артур Кларкнинг, қолаверса Теодор Стуржин ва Ван Вогтнинг илк китобларининг деярли барчасини қўлдан қўймай ўқирдим, бироқ шууримни ёриб кирган илк ёруғ нур Герберт Уэллс ҳамла Жюль Верн асарлари орқали ғойибона ошно тутинганимдан сўнг кириб келган. Шуни тушундимки, мен қайсидир жиҳатларим билан кўпроқ Вернга ўхшаб кетарканман, у ахлоқий масаллар, бутун одамзодни тўғри йўлга бошловчи умрбоқий фикрлари билан бутун дунёни лол қолдирган.

— Тўғрисини айтганда, беҳад-беҳисоб қирраларингиз бордек бўлиб кўринади.

  — Йўқ, сиз мени шунчаки ҳеч нарсага яроқсиз бўлган хилма-хил нарсаларнинг тартибсиз ва тасодифий  йиғиндиси, деб атай қолинг, чунки ўзим ўзимга доимо шундай деб ном бердим. Аммо биласизми, шунақа арзимасдек бўлиб кўринган майда-чуйдаликнинг ҳам баъзан улкан ва юксак алангаларга сабаб бўлиши ҳам мумкин ҳодисот экан. Зотан, “адабий ошиқлигим” дарди айнан шундай икир-чикирли ҳунарлар натижасида пайдо бўлди. Тасаввур қила оласизми сиз, мен кўпинча хаёлан бутун Американи қоқ ярим тунда кесиб ўтаётган поездда ўзимнинг севимли ёзувчиларим билан мириқиб суҳбат қуриб бораётгандек бўламан, бу лавҳа шундоқ кўз ўнгимда айнан жонли кадрдек ҳаракатланиб туради.

— Хаёлий адабий поездингизда яна кимларни мавжуд бўлишга лойиқ, деб ўйлайсиз?

— Кўўп шоиру ёзувчилар. Шоирлардан: Ҳопкинс, Фрост, Шекспирни дейлик. Ёзувчиларимиздан бўлса айтайлик, Стейнбек, Хаксли ва Томас Вулфга ўхшаганлари.

— Вулфнинг сизга бўлган таъсири қандай бўлган?

— У жуда буюк романтик эди. Ўн тўққиз ёшингиздаёқ у ўз дунёси эшикларини сиз учун ланг очиб қўяди. Биз ҳаётимизнинг турли даврларида маълум бир ёзувчилар билан танишамиз ва уларнинг баъзиларига биз яна такрор қайта олмаслигимиз мумкин. Авжи ўн тўққиз баҳорингизда мутолаа учун энг муносиби шубҳасиз, бу Вулфдир. У ниҳоятда мукаммал. Борди-ю, сиз ўттиз ёшларингизда Шоу асарларига ҳам муҳаббат боғласангиз  буям умрбоқий севги бўлади: негаки, Шоу ҳам беназир адиб. Томас Маннинг айрим асарлари хусусида ҳам шу фикримни бемалол айтишим аниқ. Йигирма ёшлик чоғларимда “Венециядаги ўлим”ни ўқигандим ва бу мутолаа йилдан-йилга мендаги ҳайрат илдизларини суғориб бораверганди. Услуб, бу — ҳақиқат. Қачондир сиз ўзингиз, ўз қаламингиз, қўрқув ва ёзган-ёзмаган кунларингиз борасида нимадир дейиш учун ўзингизни бир чимчилаб кўрсангиз, бир сўз дейишдан олдин сиз яна ўша сизга ҳар битта сўзни қандай ва қачон, қай тарзда айтишни ўргатган қадрдон ёзувчилар томон ошиқасиз, зотан улар айтгандек сўз ишлатиб сиз ўз услубингизни – ўз ҳақиқатингизни яратиш бахтига эришдингиз.

Мен Жон Стейнбекдан холисона ёзиш илмини олдим, ундан яна ортиқча оҳанжамалардан қочишни, сўзни ҳуда-беҳудага исроф қилмаслик  кераклигини англаб етдим. Жон Коллер ва Жералд Херд каби ижодкорлардан ҳам анча-мунча бойиб олдим, айниқса, бир қатор аёл адибаларимиздан, Эудора Уэлти ва Катерина Анна Портер ижодидан даҳшатли тарзда руҳим жунбушга келди. Ҳали-ҳамон ўзим санаб ўтган, қолаверса, яна роса кўплаб ёзувчилар китобларига такроран қайтавераман, ҳануз ўқиб-ўрганиш машаққатидан роҳат топаман. 

— Адабиётимиздаги теран томирлар — Пруст, Жойс, Флобер, Набоковнинг услуб ва йўналишлари хусусида нималар дея оласиз? Ушбу номлар сизни ҳамиша ўзига жалб қилганми?

— Йўқ. Мураккаб нарсалар ҳамиша мияни чарчатади. Ё Худо, мен ахир неча марталаб Прустни ўқишга шаҳд қилиб кўрдим, чунки мен унинг мафтункор услубга эга эканлигини билардим, бироқ унинг бир саҳифасини ҳам ўқишга ақлим ожизлик қилди. Жойсда ҳам худди шундай бўлди. Жойсдаги фикрлар силсиласини бирдан аниқлай олиш ниҳоятда мушкул иш. Менинг заковатимга кўпроқ француз адибларининг баъзилари яратган асарлар мутолааси ва инглиз ҳикоячилигининг дурдона намунлари мақбул деб ўйлайман. Мен дунёни шунчаки тасаввур қилгим келмайди, тасаввур қилолмайман ҳам, ҳамиша ўз оламимни яратиб, айтажак ва ёзажак сўзларим, фикрларим сеҳрига мубтало бўламан.   

— Айтишларига қараганда, сиз мустақил таълим олган эмишсиз, шу ростми?

— Ҳа, бу тўғри. Мен тамомила кутубхона толибиман. Ҳеч қачон коллежга бормаганман. Ҳатто Ваукегандаги мактабда, кейинчалик Лос Анжелесдаги Олий мактабда ўқиб юрган кезларимда ҳам мени ҳамиша кутубхонадан топишарди. Айниқса, ёзнинг узун кунларини бу ерда ўтказиш ғоятда мароқли эди мен учун. Ваукегандаги Жениси кўчасидаги дўконлардан журналлар ўғирлаб олиш энг ҳузурбахш одатимга айланиб қолганди. Аммо уларни ёнимда сақлаб қолмасдим, ҳаммасини битта қўймасдан ўқиб чиққач, тағин жойига қайтариб қўярдим. Ўзимча ана шунақа зиёли талончи эдим. Кўзбўямачиликни азалдан жиним суймайди. Аввало, ўша журналларни ўқишдан олдин албатта қўлларимни яхшилаб ювишни эсдан чиқармасдим. Лекин кутубхона бу мутлақо бошқа дунё. Сиз у ерда телбага айланиб қоласиз! Минглаб дурдоналар сизга ўзини тинмай кўз-кўзлаб тураверади, сиз уларни ўқиш нари турсин, ҳатто барига бирдан қарашга улгуролмайсиз.

Мен китобхўрман. Зотан, ўзимни мен кутубхонада кашф этдим. Ўзимни топиш учун кутубхоналарга бордим. Уларга ишқим тушиши олти ёшли бола кезларимдан бошланган. Чунки кутубхона менинг барча-барча иштиёқларимни, тилакларимни беминнат қондирадиган бебаҳо маскан эди. 1938 йили олий мактабни битирган вақтимда мен ҳафтасига уч кечани кутубхона залларида ўтказиш режимига амал қила бошладим. Мен бу режимга нақ ўн йил давомида ҳар ҳафтада тўхтовсиз риоя қилиб яшадим, ниҳоят 1947 йили уйланган давримдан кейингина бу тартибимга ниҳоя ясаш лозимлигини тушундим. Бироқ барибир йигирма етти ёшлик навқирон умримни китоб саҳифаларига тўкканча яшаб ўтказдим ва бу ҳаётимнинг энг мазмунли ва мароқли кечган дамларим, деб ҳисобладим. Мен ҳақиқий мактаб, бу - кутубхона эканлигини ўз-ўзимга ихтиро қилдим.

— Муайян ва мунтазам юритиладиган иш жадвалига ҳар доим ҳам амал қиласизми? 

— Туйғуларим мени ҳаётимнинг ҳар бир кунида ёзув машинам томон тортқилайди, улар ўн икки ёшимдан буён вужудиму руҳиятимни ана шундай тартибда бошқаради. Ўз ичимдаги бетиним жараён шундай экан, мен нима учун яна бошқа бир иш тартиби борасида ғам қилай? Томиримда янги бир асар қони оқа бошладими, у тўғридан-тўғри менга қалам тутқазиб қўяди, ўзим “шуни ёзиб қўйишим керак” деган хаёл билан ҳеч қачон ёзув столимга шошилган эмасман. Мен ижоднимас, ижоднинг ўзи мени бошқариб келади ҳануз. Унинг айтар сўзи битта: Ҳозироқ ёзув машинангга боргину мана шу асарни тугат!

— Асосан қай вақтда кўпроқ ижод қиласиз?

— Мен ҳамма вақт ёзаман. Ҳар тонг ўрнимдан тураман-у, миямда содир бўлаётган ҳаракатларга қулоқ бераман. Ишонасизми, ичимдаги овозлар менга нима қилишим кераклигини айтиб туради. Агар улар яхшигина бир метафора билан бирикиб келса, ўрнимдан сакраб тураман-да уларни вақтида тутиб қолиш учун қоғозга тушириб қолишга шошаман. Бор сир-асрор шу: руҳингда туғён урганини оққа муҳрлаб қол. 

— Ёзган китобларингизни, яратган ҳикояларингизни ўзингиз ҳам қайта-қайта мутолаа қиласизми?

— Деярли ҳар куни, ҳар оқшом биринчи қаватга тушаман-да, тўғри кутубхонамга кириб бораман. Китобларимдан бирини очаману илк саҳифаданоқ “Ё, Худойим!” деб юбораман. Ўша ернинг ўзида мук тушиб қоламан, кўзимга ёш тўлади, негаки, мен ўша ёзганларимнинг ҳеч бири учун муносиб эмасман. Негаки, уларнинг бари Арши Аълодан келган мўъжизалар эканлигини мен яхши биламан. Бунинг учун, шунча юборган эҳсони учун Яратганга беҳисоб шукроналар келтираман. Мен ҳамиша битта сўзни ҳеч иккиланмасдан айтаман: “Мен ўзим ёзувчи эмасман. Мен Худойимнинг улуғ даргоҳидаги бир ижрочиман, холос”. Башарти шунча толеъ тортиқларини қадрламадимми, нонкўрлик қилдимми, унда ростакам дўзахига айланган бўламан. Йўқ, мен жуда бахтли ёзувчиман. Ижод бахтига етишган, сўзга етишган ғоятда бахтли ижодкорман мен.

— Бу қадар бахтиёр ёзувчидан ёзишдан завқланасизми, деб сўрашнинг ўзи энди ножоиз бўлса керак, деб ўйладим. 

— Бу кундек равшан. Ижод ҳаётимнинг аллақачон ажралмас ва муҳим бўғинига айланиб қолган, мени ҳамиша озиқлантириб турадиган улкан бойлигимдир. Биласизми, мен фикрларнинг ғужғон ўйнашини, ҳатто калаванинг учини тополмасдан ҳадеб хуноб бўлган сонияларимни ҳам жуда-жуда яхши кўраман. Бамисоли уларни худди ширин конфетлар каби ҳавога улоқтириб юбориб, кейин уларни тутиб олиш учун ортидан югуриб юрган болакай сингари шодланиб кетаман. Мен ёзишим кераклиги учун эмас, ижодсиз яшолмаслигим туфайли ижод қиламан.  

— Адабиёт маълум бир ижтимоий мажбуриятга эгами?

— Билвосита эмас. Никос Казанцакис шундай деган: “Тоабад нафас ол”. Аммо мангу нафас олиб бўлмайди ахир. Бироқ унинг ўзига ўзи берган мажбурияти шундай. Чуқур эътибор қаратсак бу гапда бир ҳикмат яширинган. Казанцакис умри узун бўлган асарлар яратишга шама қиляпти. Бор кучинг билан тирик қолишга уринганинг билан жон омонатдир. Одам ўзи босган одимлардан, албатта, бир из қолдирмоғи лозим. Санъат, маданият, илм-фан, спорт, шунингдек, адабиёт вакилларининг толеи шундаки улар ўзларидан умрбоқий ном қолдира олиш имконига эгадирлар. Аслини олганда, бу имкон ҳам эмас, бу бизнинг мажбуриятдир. Айниқса, адабиётнинг ижтимоий мажбурияти унинг бир-биридан сара асарлар тўплаши, уларни авлоддан-авлодга, даврдан-даврга бешикаст етказиб беришидир. Мен бир пайтлар ўз-ўзимга сўз бергандим: “Бир куни албатта қанотсиз парвоз қиламан!” Пешонамда, тақдиримда адабиёт, ижод бахти борлигидан масрурман. Чунки улар менга мустаҳкам ва сеҳрли қанот берди. Мен учиб боряпман ва бу парвоз онларида ҳамиша бахтиёрман!

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси

(Мазкур суҳбат Сэм Уэллер томонидан ёзиб олинган).