“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҒАЗАЛЛАР

Заҳириддин Муҳаммад БОБУР

* * *

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!

Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!

 

Мени хор этти-ю қилди муддаини парвариш,

Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?!

 

Мени ўлтурду жафои жавр бирла ул қуёш,

Эмди тургузмак учун меҳру вафоси қолдиму?!

 

Ошиқ ўлғоч кўрдим ўлимни ўзимга, эй рафиқ,

Ўзга кўнглимнинг бу оламда ҳароси қолдиму?!

 

Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,

Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?!

 

Мендин ўзга хасталарға лаълидин дармон берур,

Мен берурмен жону ул умр ўзгаларга жон берур.

 

Ошиқи мен, ул қилур ағёрға маҳбублуқ,

Дардманди мен, вале ул ўзгага дармон берур.

 

Ўқида пайкон эмас, бир қатра ҳайвон суйидур,

Етгач-ўқ жонсиз танимга жон ўшал пайкон берур.

 

Қош ёшимни ҳажрида, шеъримни васфида кўрунг-

Ким, бу янглиғ дурру гавҳар қайси баҳру кон берур?

 

Бўлғали қаддиға мойил васлидин маҳруммен,

Бобуро, ул ҳусн нахли бар магар ҳирмон берур

 

* * *

Бир пари мен телбани ҳусниға мойил қилғудек,

Кўзум ичра ер тутуб, кўнглумда манзил қилғудек.

 

Кўнглуму кўзум юзига волаю ҳайрон бўлуб,

Жонима юз минг ғаму меҳнатни ҳосил қилғудек.

 

Нотавон кўнглумға ишқи қайғуни келтургудек,

Айшу ишратни кўнгулдин қайғу зойил қилғудек.

 

Қилмади Фарҳоду Мажнун ўзни расво мен киби —

Ким, бу навъ иш — иш эмастур ҳеч оқил қилғудек.

 

Ул пари ишқида Бобур жон бериб, эй аҳли ишқ,

Ишқ атворини ишқ аҳлиға мушкил қилғудек.

 

* * *

Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна,

Тийра бўлди рўзгорим ул қаро қошдин яна.

 

Мен худ ул тифли паривашға кўнгул бердим, вале

Хонумоним ногаҳон бузулмағай бошдин яна.

 

Юз ямонлиғ кўруб андин телба бўлдунг, эй кўнгул,

Яхшилиғни кўз тутарсен ул паривашдин яна.

 

Тош урар атфол мени, уйда фориғ ул пари,

Телбалардек қичқирурмен ҳар замон тошдин яна.

 

Оёғим етгунча Бобурдек кетар эрдим нетай,

Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна

 

* * *

Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,

Келсун, агар юзумни эвурсам, бало манга.

 

Неткаймен, ул рафиқ билаким, қилур басе

Меҳру вафо рақибға жавру жафо манга.

 

Бегона бўлса ақл мени телбадин, не тонг,

Чун бўлди ул парисифатим ошно манга.

 

Оҳу ёшимдин ортадурур заъф, эй табиб,

Билдим ярашмас эмди бу обу ҳаво манга.

 

Дардим кўруб муолажада зое этма умр-

Ким, жонда дарди ишқдурур бедаво манга.

 

То ёр кимни истару кўнглина ким ёқар,

Ташвиши бежиҳатдурур охир санга, манга.

 

Бобур бўлубтурур ики кўзум йўлида тўрт,

Келса не бўлди қошима бир-бир манга-манга.

 

* * *

Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,

Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.

 

Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,

Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

 

Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдин гар алам бўлса,

Не ғам юз мунча ҳам бўлса, сенингдек ғамғусорим бор.

 

Агар муслиҳмен ар мусфид, ва гар ошиқмен ар обид,

Не ишинг бор сенинг зоҳид, менингким ихтиёрим бор.

 

Фиғоним ошди булбулдин, ғами йўқ зарра бу қулдин,

Басе Бобур, ўшал гулдин кўнгулда хорхорим бор.