“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“ҚАЛБИМДАГИ ЖАВОҲИР”

Элёр НОСИРОВ,

 Ўзбекистон халқ артисти:

“ҚАЛБИМДАГИ ЖАВОҲИР”

Мактабда ўқиб юрган кезларимизда “Қувноқлар ва зукколар” номли кулги кечаларида кўп қатнашардик. Устозларим сенда истеъдод, иқтидор бор, деб кўп айтишарди. Хуллас, шунданми, актёрлик санъатига қизиқишим ортди. Қирқ уч йилдан буён кино, театр ва дубляжда фаолият юритаман, аммо ўзимни кўпроқ театр актёри, деб ҳисоблайман. Театр, бу – тирик организм. Тўғрисини айтсам, умримнинг ярми театрда ўтгани учун уни иккинчи уйим, деб биламан. Бу даргоҳ ҳақиқатданам ҳаётимнинг мазмунига айланган.

Кинонинг йўриғи бошқа. Кинода ишлашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Шундай вазиятлар бўладики, режиссёр сизга қўққисдан йиғлашни буюради, лекин ўша
пайтдаги сиз у талаб қилган ҳолатга киролмаслигингиз ҳам мумкин. Театрда кун давомида йиғлашга тайёргарлик кўрасиз. Бундан ташқари театр саҳнасида қайта ўйнашингга имкон бор ва сен ролингдаги камчиликларни кундан-кунга тўғрилашга эришасан. Кино эса тарихда қоладиган кадр. Ундаги ролингда хатоликни тўғрилашнинг имкони бўлмайди.

“БАҲОДИР ЙЎЛДОШЕВНИНГ ФИКРИНИ НИГОҲИДАН
АНГЛАЙМАН”

1974 йил август ойи устоз режиссёр Баҳодир Йўлдошев Ф. ШиллернингҚароқчиларспектаклини режадан ташқари саҳналаштираётган пайтлар эди. Қароқчилардан бирини Жамшид Зокиров ўйнаётганди. Бир куни Жамшид ака спектаклга келмай қолди. Шунда Баҳодир Йўлдошев: “Дублёр ким?” деб сўради. “Мен”, деб жавоб бердим. Ўша кун театрга келганимга атиги бир кун бўлганди. Хуллас, менга топширилган ролни ўйнадим ва устознинг назарига тушдим. Баҳодир акани кўз қарашидан тушунаман. Мени ҳарбий хизматга чақириб қолишганда ҳам ҳассос режиссёр: “Мен сени театрда кутаман”, дегандилар. Бу режиссёр актёр сифатида шаклланишимда катта ёрдам берган. Ҳарбий хизматдан сўнг “Қалби олов” ва “Рўйхатларда йўқ” спектаклларида роль ижро этдим. Мана шу икки спектаклдан кейин театр жамоасида танилиб қолдим. Кинодаги муваффақиятим “Лейтенант Ўразов” фильми орқали келган. Кейин режиссёр Айюб Шаҳобиддиновнинг “Кўргилик” фильми ҳам менга омад келтирди. Айюб қўлимга сценарийни бераётганда: “Элёр ака, бу фильмдаги роль сизга аталган” деганди. Сценарийни ўша куннинг ўзида ўқиб чиқдим ва ролга розилик бердим. Санъатга энди кириб келган пайтларим кўп фильмларга қабул қилишмаган. “Овозим тушгани билан, балки ташқи кўринишим тўғри келмагандир”, деб ўйлаганман. Аммо бугун шуни айта оламанки, Элёр Носиров бўлиш учун қирқ уч йил ишладим. Бунда Аброр Ҳидоятов ва Баҳодир Йўлдошев, Ҳалима Носирова каби устозларимнинг ҳиссаси беқиёс.

ДУБЛЯЖНИНГ ИЧИДА ЯШАШ КЕРАК

Дубляж, дубляж... Биринчи марта мени дубляжга Ҳожиакбар Нурматов олиб борган. Унинг ичига кириш керак. Бу санъат актёрнинг тилини чархлайди, равон гапиришига ёрдам беради. Дубляж актёрининг кино актёридан фарқи шундаки, у томошабинга сўзни етказади. Авваллари битта фильмни икки-уч бўлакка бўлиб, ҳар бири алоҳида ёзилган. Фильмда ўттиз нафар актёр қатнашган бўлса, ўттиз нафар дубляж актёри овоз берарди. Аммо ҳозир кадр ортида умуман бошқа жараён кечади. Мисол учун Афзал Рафиқов билан иккимиз “Сарой жавоҳири” киносига овоз берганмиз. Унда етмиш нафар актёр қатнашган. Баъзан дубляж келажагидан хавотирда қоламан. Бу мактаб деярли йўқолиб бормоқда, унинг йўқолишига эмас, юксалишига эътибор қаратишимиз керак, деб ўйлайман.

АЙРИЛИБ БЎЛМАЙДИГАН ДЎСТ

Устозларим ҳақида сўзлаб яна бир камтаргина устозимнинг номини тилга олишни унутибман. Бу китобдир. Менинг қалбимдаги жавоҳирим. Уни жуда қадрлайман, у эса мени мендан-да яхшироқ қадрлайди. Китоб мени ҳам инсон, ҳам актёр сифатида юксалтирди. Бунинг учун ундан миннатдорман. Энг биринчи ўқиган китобимни ҳамон унутолмайман. Эртагу достонлар эмас, балки “Граф Монте Кристо” қалбимда адабиётга, китобга ва мутолаага иштиёқ уйғотган. Мен бу асар қаҳрамонининг изтироблари билан яшаганман. Баъзан ўзимни худди граф Монте Кристодай ҳис қилардим. Китобларим – ширин ҳамсуҳбатим, дўстим ва қувончимдир. У ҳеч қачон сени ўзидан узоқлаштирмайди. Актёр китобдан олисласа, ўзидан йироқлашади. Шунинг учун ҳам айтиш мумкинки, китоб айрилиб бўлмайдиган дўстдир. 

Нилуфар МУРОДОВА ёзиб олди.