“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ОНАМИЗНИ ЙИҒЛАТГАН КИТОБ

АХТАМҚУЛИ

ОНАМИЗНИ ЙИҒЛАТГАН КИТОБ

Бир куни отам бозордан кўтаринки кайфиятда, яхши хабар билан қайтди. У киши бозорда бир пайтлар мулла Маҳманазарнинг уйида кўрган муқаддас китобни кўриб қолганмиш. “Ёнимда пулим бўлганида эди, ўша китобни, албатта, олган бўлардим. Китобмисан-китоб-да, ҳарфлари худди тилла суви юритилгандек жилоланиб, нур таратиб турибди. Китобни сотувга чиқарган лезгин бобо нархини икки юз сўм деб турган экан, мен уни бир юз қирққа туширдим. У рози бўлди. Лекин, пулим йўқлиги алам қилди. Бозорда юрган таниш-билишларимнинг қарийб ўнтасига ялиниб-ёлвордим. Пули бориям йўқ, деб турибди. Кейин китобфурушга манзилимни ёзиб бердим. У китобни, албатта, уйга олиб келишини айтди. Унгача пул йиғишим керак. Онам ҳайрон қолди. У китобнинг бу қадар қиммат туришини илк бор эшитиши эди. Отамга қараб:

– Сиз арабчани ўқиёлмасангиз, нима қиласиз уни? Отам кулди. – Нимани биласан. Дунё шундай турмайди. Ноумид шайтон. Агар мен ўқиёлмасам, бир кун келиб уни болаларимиз ўқийди. Мен унга ўхшаган китобни мулла Маҳманазарнинг уйида кўргандим. Нархини сўраганимда, у киши менга: “Бу китобни олишга сизнинг пулингиз етмайди”, деганди. Эмишки, мулла тошбосма китобини қадимда бир жуфт ер ҳайдайдиган ҳўкиз, беш центр буғдой, ва битта ун чиқарадиган тегирмонга алмашлаб олган экан. Энди ҳисоблаб кўр-чи у қанча пул бўлади? Онамнинг дами ичига тушди. У отамнинг орзуларини пучга чиқаргиси келмагани учун ҳам бошини эгди. Шу билан ҳали сотувчи қўлида турган китоб ҳақидаги можарога нуқта қўйилди. Отам ҳар тонг кетмонини кўтариб далага кетар, ярим тунда уйга қайтарди. Бир куни у онамга китобни харид қилиш учун қўшимча иш олганини айтди. Кейин билсак, ҳар куни кечаси вокзалга бориб, бир вагон ёғоч тушириб, унинг эвазига ўн беш сўм пул оларкан. Собиқ шўро тузуми даврида диний китобларни уйида сақлаган, уни мутолаа қилган одамнинг хонумони куярди. Отам эса ўт билан ўйнашган парвонадек кўрган китобидан сира кўнглини узолмасди. Бор-йўғи учинчи синфгача таҳсил олган бузрукворимиз қишлоқда дос­тонхон одам дея ном олганди. Унинг ёстиғи остида доим бир-иккита достон китоб турган бўларди. Китобларни ўқиётганда овозини баралла қўйиб юракдан нола қилган отамни гоҳ Алпомиш, гоҳ Гўрўғли, гоҳида шоҳ Машраб қиёфасида кўрганман. Ниҳоят китобга пул тўпланиб, онамнинг қўлига топширилди. Қишнинг илк изғиринли кунида, дарвозамизни кимдир тақиллатди. Югуриб кўчага чиқдим. Эшик ёнида ёши бир жойга бориб қолган, сўзлари ғалати оқсоқол турарди. У менга қўлидаги қоғозчани кўрсатди. Манзилимиз битилган қоғоздан, дарҳол фаҳмладимки бу ўша кўпдан бери отам кутиб юрган китоб сотувчи лезгин бобо эди. Бахтга қарши уйда отамнинг ўзи йўқ. Уни уйга бошлаб кирдим. Онамга китобдор чол келганини айтдим. Чол қатма-қат кийимлари ичига қўл солиб, қўйнидан авайлабгина бахмал матога ўралган китобни чиқарди. У ўз тилида тинимсиз нималарнидир бизга тушинтирарди. Биз эса унинг китоб деган сўзидан бўлак гапини англамасдик. Онам, отам топширган омонат пулни биттама-битта санаб, китоб сотувчи бобонинг олдига қўйди. Кейин негадир унинг қўллари титраб ранги оқарди. Оқсоқолни кўчага кузатиб қайтганимда, онам китобни бағрига босиб юм-юм йиғларди. Ҳайрон бўлиб ундан сўрадим.

– Она, нега йиғлаяпсиз?!

– Нега йиғламай, уйимизда бир сиқим ҳам ун йўқ, ўн тўрт қоп уннинг пулини билиб-билмай китоб сотувчига бериб юбордик. Ўн олти жон учун сал кам беш ойга етадиган уннинг пули эди-я. Олдинда қиш келяпти. Ахир қоринни ямаб бўлмайди-ку? Унинг устига ким билади, бу ўша отанг ўйлаган китобми, ёки бошқами?

Онамнинг гапидан кўнглим хира тортди. Умри ўт билан тиллашиб ўтган волидамнинг аҳволига куюндим. Чиндан ҳам кунига икки марталаб тандир қиздиришдан боши чиқмаган онамнинг хаёли фарзандларининг косасини оқартиришда эди. Бу ҳақда кейинчалик бир шеъримда:

Ой...

 Онам қувлаб адо бўлган нон,

 Оқармади қисмат тандири.

 Бизлар эса йўлдамиз ҳамон,

 Бўйнимизда ҳаёт занжири...

дея ёзганман.

 Кечқурун дастурхон устида отам, китобни ўқиёлмаса ҳам бир бошдан меҳр билан варақлаб чиқди. Сўнг қувончини дилига сиғдиролмай, ҳаммаси жойида эканлигини айтди. Ҳанузгача тушкунликдан чиқолмай ўтирган онам отамга кесатиб деди:

– Мана қўлингизда сиз орзу қилган ўша бебаҳо китоб. Бу оқшом ҳам қозонимиз қайнамади. Қани, бир китобхонлик қилинг,  тўйиб олайлик... Отам ҳушёр тортди.
Ғазабини яширолмай, ўзини оқлашга тушди:

– Бу сассиқ қорин ҳеч қачон тўймайди. Умрим уни бутлаш билан ўтди. Бор-йўғи бир марта ўз ишлаб топган пулимга  битта китоб сотиб олган бўлсам, нима қилибди?!

Хонага жимлик чўкди. Отам ортиқча гапни кўтаролмаслигини билганимиз учун ҳам тилимизни тийдик...

Орадан йиллар ўтди. Ҳануз биз учун сирли бўлиб турган у китобни ўқийдиган одам йўқ эди. Кейин отам, акамни ўзи орзу қилганидек диний билимни чуқур биладиган кишига шогирдликка берди. У отамнинг ишончини оқлади. Бошимизда Истиқлол қуёши чарақлаб чиққан кун, отамнинг тутган йўли қанчалар тўғрилигини билдик. Биз ўзлигимизга қайтдик. Қишлоғимизда ҳам “Эшони Афанди” жомеъ масжиди қад кўтарди. Отамнинг акамга олиб берган эски китоби иш берди. У масжидга имомлик қилди. Кейинчалик ўғлини диний ва дунёвий билимларни ўргатадиган каттакон даргоҳда ўқитди. Яқинда қишлоққа бордим. Одамларнинг турмуш тарзи бутунлай ўзгарибди. Салобатли уйларни кўриб қувондим. Оппоқ қушлар каби чуғурлашиб, югураётган болаларнинг шодлигини сўз билан ифодалаб бўлмасди. “Эшони Афанди” жомеъ масжиддан янграётган азон оҳангидан юрагим ҳаприқиб кетди. Акамнинг ширали овоздаги тиловатидан кўнглим ёришди. Хаёлимдан жаннати онамнинг муқаддас китобни бағрига босиб йиғлагани-ю, тиниб-тинчимаган отамнинг китоб харид қилиш илинжида ярим тунда мардикорлик қилаётган қора кунлари кечди...