“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЗАВҚЛАНИШНИНГ ЎЗИ КИФОЯ...

ЗАВҚЛАНИШНИНГ ЎЗИ КИФОЯ...

Адиб Шойим Бўтаев билан суҳбат

Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги борасида фикларингиз қандай? Ёзувчига илҳом қанчалик зарур?

— Чуқурроқ мулоҳаза қилинганда, Ер юзидаги жамики ҳодисаларнинг илоҳийликка дахли бор. Само юксакликлари билан бундай чамбарчас боғлиқлик мангу адолатни бошқариб туради. Жаннатдан бадарға этилмиш инсонни яна тўғри йўлга бошламоқ мақсадида юборилган барча муқаддас китоблар Сўз воситасида даъват этади. Кўриб турганимиз бу ҳаётга таққослаганда адабиётни жозибалироқ, умрзоқроқ иккинчи ҳаёт деб аташ мумкин. Бундан ҳаяжонланган серзавқ ижодкор “Инсоният ҳаёти Бодлернинг бир сатрига арзимайди”, деб юборади. У Бодлер сатрининг ўзини эмас, адабиётни назарда тутади. Адабиётга кўчган энг ишёқмас, ялқов, муттаҳам, иккиюзламачи, ёлғончи қиёфаси ҳам жозибали образга айланади. Авлодлар алмашганда ҳам улар одамлар орасида яшайверишади. Фарҳодлар, ширинлар, лайлилар, мажнунлар, дон кихотлар қавми ёнида чичиковлар, плюшкинлар, ноздревлар, бендерлар ҳам
умргузаронлик қилаверади. Улар миллату ирқ танламайди. Муқаддас китобларда ҳам шундай. Бу қадар умрзоқ ҳодиса, албатта, илоҳий ҳисобланади. Ҳаётлик чоғида энг кўп умр кўришган пайғамбару набийларнинг ҳам бир кунмас-бир кун қазоси етиб, уларнинг ҳаёти оғзаки ривоятлар, қиссалар орқали, демак адабиёт туфайли мангу қолган.

Ижод ҳар бир инсонга хос ҳодиса. Биров  ниҳол кўкартириб, боғ яратса бу ҳам ижод. Умуман олганда, инсон зуваласига мана шу ижодкорлик қобилияти қўшиб қорилмаганда барча махлуқларни бирин-кетин ортда қолдириб, яшашга мангу даъвогарлиги пуч нарса бўлиб қоларди. Ҳар қандай илоҳий ҳодисалар намоён бўлишида инсоннинг ортидан қасдини олмоқ ниятида Иблис ҳам кузатиб юрганини унутмаслик лозим. Умуман олганда, Мефистофель, Воланд, Люциферлар жуда катта ижодкорлар ҳам бўлишган. Шоир айтганидек, “Атомни ижод этиб, Даҳшат бало бунёд этиб...”. Бундай ижодкорлик қандай оқибатларга олиб келиши маълум. Шу сабабга кўра, ақли ўз косасидан ташқари чиқиб кетган баъзиларга инсон зоти билан ҳамқавмлик кифоя қилмай, Иблисга ошночиликка эҳтиёж туғилиб қолади. Шу сабабли, инсон тафаккури нималарга қодирмаслигидан кўра нималарга қодирлиги даҳшатлироқ туюлади.

Асрлар давомида эзгулик, инсонийлик, муҳаббат сингари фазилатларни тараннум этиб,  муваққат ва абадий ҳодисалар мувозонатини ушлаб келган адабиёт самимийлиги ва тама-тамкинсизлиги туфайли одамларга таянч бўлиб, улар ўртасида эътибор қозонган. Энг мураккаб даврларда турли табақадаги одамлар унга суяниши мумкин бўлган. Чунки, у ҳар қандай вазиятда йўл кўрсата олишга қодир. “Ярқираб юлдуз ёнодир тун қаро бўлган сайин, Ёдима тангрим тушар кун қаро бўлган сайин”. Шунданмикин, адабиёт ҳақли равишда умрбоқийликни даъво қилади. Унинг илоҳийлиги масаласи борасида мағрибу машриқда, ўтмишу ҳозирда жуда кўп фикрлар айтилган. Мавлоно Жалолиддин Румий бир бурда нон ортиқча истеъмол қилиб қўйгани боис муҳташам “Маснавий” бир неча йиллар тўхтаб қолганига нима дейсиз? Буни сиз қандай талқин қиласиз? Ҳар бир оддий одам каби вужуди буғдойдан тикланган ижодкор сочилиб кетмаслик ҳаракатини қилиб, ўзини йиғиштириб-жамлаб олмас экан, илоҳийлик ундан юз ўгиради. Ахир кўкда парвоз қилган бургут билан ўз ини атрофида қоқолаб югурган курк товуқни таққослаб бўладими?

Ҳар бир ижодкорнинг ўзини қийнамаган, жон-жонидан ўтиб кетмаган, аввало ўзи яхши кўриб ёзмаган асарини ўқувчи дастлабки жумласиданоқ фаҳмлаб олади. Илҳом тушунчаси, менимча, ана шу изтироблар оралаб ўтса керак. Ўз қаҳрамонлари кулганда кулиб, йиғлаганда йиғлаб, ҳаттоки беморлигида ўзи ҳам танасида оғриқ ҳис этган ижодкорлар давр ва тузумлар оша яшаб қолишга қодир асарлар яратишган. “Яратишган” деган сўзни келажакда авлодларимиз ҳам оғзини тўлдириб айта олишлари учун қандай йўлдан бориш кераклигини билмаганлар ҳам барибир ҳис этиб туришади.

— Инсон нимага қодирлигини ўзи билади ва, табиийки, энг тўғри баҳони ўзига-ўзи бера олади, дейишади. Сиз ўзингизни қандай ёзувчиман, деб ҳисоблайсиз?

— Мен нималарга қодирлигини ўзи биладиган одамлардан йироқроқ юришга ҳаракат қиламан. Улар очиқдан-очиқ: «Биласанми мен нималарга қодирман», деб баралла айтишдан ҳеч андиша қилишмайди. Яқинда телевизорда ёш бир қиз уч-тўртта чучмалгина шеърлар ўқиб, “менинг адабиёт оламига кириб келишимда фалончи-пистончиларнинг ҳиссаси катта бўлди”, деса бўладими? Ёшгина экан, жуда ичим ачиди. Ажабо, шунақа олам бор эканми? Саҳрода узоқларда жимирлаган сароб инсон тасаввуридаги нарсаларни намоён этиши ҳақида эшитгандим. Балки ўша сароб ҳақиқийроқдир унинг кириб келган оламига қараганда.

Адабий нуқтаи назардан қараганда одамга баҳо бериб бўлмайди. Демак, ижодкор ҳам ўзига-ўзи ҳеч қачон баҳо бера олмайди. Қолаверса, инсон қалби ҳам, ҳадисда айтилганидек, дарахт япроғи каби ҳар лаҳзада ўнг-терс бўлиб туради. Инсонга бугун берилган баҳо эртага ўзини оқламайди. Кўзини каттароқ очиб оламга боққанда буни ҳар қандай киши фаҳмлаб олади. Масалан, сифат билан баҳо берилганда елкасини қисганча индамайгина юрган бояқиш жабрдийда бир куни келиб шунақа
портлайдики, уни билганлар ёқасини ушлаб қолишади. Ёки барча жасур, мард деб билган зот вазият туғилганда лаҳзада кимлигини намоён қилиб қўяди – “ёв келганда...”. Инсонга баҳосини, хом сут эмган банда, деган халқ сўзидан бошқача ифодалаб бўлмаса керак. Қалб ва тафаккур ҳақида мушоҳада қилиб, ҳис этишга ҳаракат қилинса бўлак гап. Инсон тафаккури ва қалби мўъжизалари поёнсиз ҳайратлар оламини барпо этишга қодир. Баҳонинг нима кераги бор Сизга? Завқланиш ва нафратланишнинг ўзи кифоя эмасми?

—  Газетамизни кузатиб борасизми?

— Албатта. Адабий жараённинг кўзгуси сифатида бу газета савобли юмушларни амалга оширмоқда. Холислик, адолат, ижодкорларга қайишиш каби фазилатларга эга бўлган матбуот бугунги кунгагина эмас, келажакка ҳам беминнат хизмат қила олади.

Муяссар ИБРОҲИМОВА суҳбатлашди.