“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ОҒА

Шуҳрат  МАТКАРИМ

ОҒА

— Ўла-айй, бир чарвойига сатошиб қолибмиз, — деди бошланғич синф ўқитувчиси Салима.

Болалардан дарслик учун ижара пули йиғаётганда унинг гапи бир “родитель” билан терс тушиб,  икки аёл чаппа-чарс бўлган эди. “Родитель” Салимани дунёдаги ўзи билган барча қарғишу лаънатлар билан “сийлаб” чиқиб кетган, ўқитувчи эса ҳамон ўзини босиб ололмаётган эди. Унинг қуруқшаган лаблари бир-икки дақиқада тарс-тарс  ёрилиб кетди.

Салима қирқдан эндигина  ошган, сочларига оқ оралаган, хўппа семиз аёл. Оёқ, бел, “почка” оғрир, йилнинг олти ойини ишда, олти ойини касалхонада ўтказади. Назарида кейинги вақтда уни ишхонадагилар ҳам унча хушламаётгандай эдилар. Бундан у жиғибийрон бўлар, кимдан аламини олишни билмасди. Ҳозир ҳаммаси қўшилиб кетди. У Болжон узатган пулни олмай тинмасдан обидийда қилар, ҳали-вери тинадиганга ҳам  ўхшамасди.

Болжонга эса бу гапларнинг мутлақо қизиғи йўқ, у шошилаётган, сулдари шу ерда, хаёли ташқарида эди. Сабри чидамай деразадан кўчага қаради. Элмурод икки қўлини шимининг чўнтагига тиққанича қандайдир номаълум нуқтага тикилиб хаёл сурар эди. Болжон бироз хотиржам тортди. Чунки у тез чиқишни тайинлаган, муддат эса аллақачон соб бўлганди.

Кўринишдан осойишта Элмуроднинг чарс хулқли эканлигини Болжон яхши билади. Айтгани бўлмаса ёки бир нарсанинг гули гулига тўғри келмаса “лов” этиб ёниб кетади. “Тор, инжиқфеъл одамман”, дерди унинг ўзи ҳам.

Салима ҳамон дардини дастурхон қилиш билан овора эди. Ўша жанжал баҳона юрагида йиллар давомида йиғилиб қолган зардобини тўкмоқда эди у. Болжоннинг назарида хона  зардоб билан лиммо-лим тўлиб кетгандай эди. 

— Пулни... оласизми? – деди тоқати тоқ бўлган Болжон яна кўчага ўғринча қарар экан.  – Қистоғроқ эди...

Салима ҳам қизиқсиниб деразадан ташқарига  қаради: Алламбало қоп-қора чет эл машинасига кўзи тушди. Машинага монанд қоп-қора кийиниб олган эркак эса сигарета тутатар эди. “Келишган киши экан”, ўйлади Салима.

— Ўҳ-ҳўў! Зўрр-ку! — Болжонга ички бир ҳасад билан назар ташлади сўнг. Машина ҳам, эркак ҳам кўзини бирдай ёндирган эди. – Ёшуллингизми?

Болжон дув қизарди:

— Бирга ишлаймиз...

Салима унга илкис назар ташлади-да сўнг секин “уф” тортди.

— Насиб этсин, — деди у Болжонга қарамай. — Насиб этсин... бика.

Кейин Болжоннинг қўлидаги даста пулни кўриб кайфияти тез ўзгарди, барча хаёлларини қувди.

 — Менга бир кўмак этиб юборинг, жо-он опа-аа... — деди ялинган товушда. – Ҳалиги... бола учун пул бериб турри-и-нг. Эртага акасидан олиб бераман. «Бугун ҳаммасини топширмасангиз, этингизни ейман», деган эди директор, илтимо-осс...

Болжон муаллимадан тезроқ қутулиш имкони топилганидан хурсанд бўлди:

— Яхши. Неча сўм? Тезроқ бўлинг лекин... 

Шошилиб пул олаётганида қопчиғи  қўлидан тушиб кетди.

— Бу не, олвираб ётибсиз? — деди энди муаллима негадир қўрс овозда. — Эртадан қолдирмай олиб бераман, дедим-ку!

Болжон синфдан чиқиб кетар экан. Салима унинг изидан қараб қолди. “Олиб ётган ери йўқ-ку! Эркаклар ҳам шундайларга ёпишиб оладилар энсангни қотириб”,  хаёлидан ўтказди у.

Ҳақиқатан ҳам Болжоннинг алоҳида мақтаса-мақтагулик ҳусни ҳам, қадди-қомати ҳам йўқ эди. Аммо унда ажиб бир аёллик латофати бор эди. Кўрган одамнинг  юраги “жиз” этарди.

— Анави муаллима опа мен тўғримда ёмон хаёлга борди, — деди Болжон машинага ўтирар экан.

— Сизни билмайди-да у, – деди Элмурод орқа ўриндиқда ўтирган Болжонга машина салони ичидаги кўзгу орқали қарар экан. — Билса бунақа ёмон хаёлларга бормас эди.

—  Йўқ, у Сизни билмайди, — деди Болжон. – Тоза, соф одамсиз...

— Об-бо. Яна шу гапингизни қайтараяпсизми? Шу  гапни эшитсам, шунчалик гўл ва латтасиз-ки... дегандай туюлади.

— Э, қўйинг, мен тўғрисини айтяпман.

— Мен ҳам тўғрисини айтяпман. Тоза ва софлик ҳозирги вақтда тавқи лаънатга айланган, биласизми? Ундай одамлар сувдан олиб ташланган балиққа ўхшайди. Оғзини каппа-каппа очади-ю нафас ололмайди. Шунга мен ҳам бироз нахалроқ бўлсамми  дейман.

— Сиз ундай бўлолмайсиз, сабаби юрагингизда гард йўқ.

— Дим ҳам унчалик эмас. Юрагимнинг гардлари бир-икки эшакка юк бўлади. Фақат яхшилаб ниқобланиб юраман. Айниқса ўзим билан ўзим қолганда, ўҳ-ҳўў... дим ёмон одамман.

— Бошингизни қотирманг-да, шундай тозалигингизча қолинг.

— Латта бўлиб юраверинг, демоқчимисан?

— Бунақа эмаслигини ўзингиз ҳам яхши биласиз-ку.

— Аёллар мард, шартаки эркакларни яхши кўради, дейдилар. Улар мени ҳам яхши кўрсин, дейман-да.

— Аммо бетамизларни эмас! Сизни мен билган аёлларнинг ҳаммаси ҳурмат қилади.

— Билмаганлари не?

— Билмаганлари ҳам.

— Ишонаман. Умуман, буни менга доктор аллақачон айтган.

— Доктор?!

— Ҳовва. Яқинда кабзамда бир оғриқ сезиб докторга борсам, безовта бўлманг, кабзаларингизнинг остидан қанот ўсиб чиқаётир, сиз фаришта экансиз, дейди.

— Э-ээ... – ҳафсаласи пир бўлди Болжоннинг. — Докторга борибди, омонликмикан, деб дамимни ичимга ютиб ўтирсам...

Элмурод бутун гавдасини силкитиб кулди.

— Тўғри-да, — деди у кўз ёшларини артиб. – Сенинг бу гапларингни эшитавериб ойнага тез-тез қарайдиган бўлиб қолдим. Кабзаларим остидан қанот ўсиб чиқмаётибми, деб.

— Сиз билан жиддий гаплашиб ҳам бўлмайди.

— Йўқ, ҳозиргача ўсиб чиқмади. Демак мен сен айтганчалик фаришта  эмасман.

— Мен сизни фаришта дедимми? Яхши одамсиз, дедим холос. Сиз бўлса осмондан келасиз.

— Мен эмас, сен осмондан келасан. Сенинг гапларингни эшитиб осмондан қачон тушган эканман, деб ҳам ўйлаб қоламан бир вақтлари.

Бироз жим кетишди.

— Аммо ҳазил–пазилларни бир четга қўйиб айтсам, сизни чиқонларим чинданам фаришта экан дейдилар. Айниқса, анави воқеани айтиб беришимни қайта-қайта сўрайдилар...

— Ҳе, чиқонларингни ҳам айттирма! Улар сенинг ҳам, менинг ҳам устимдан кулсалар керак. Сен бўлса ... фаришта дейсан.

— Дарров жонингиз ёнади-ей, тавба! Чиқонларим ҳавас қилади сизга!

— Ҳавас қилишлари мумкин, аммо ҳурмат қилмайдилар.  

— У не деганингиз?

— Бир латифа бор. — Яна гапни ҳазилга бурди Элмурод. — Сизларга ўхшаган икки дугона учрашиб қолибди. Биттаси эрини мақтаб, “Менинг эрим фаришта” деса, иккинчиси эса “уф” тортиб, “Менинг ҳам хўжайинимнинг эркаклиги йўқ”, дермиш.

— Эээ, боринг-ай! Уятни ҳам билмайсиз...

— Ана кўрдингми менинг ничиклигимни?

— Кўрдим. Ойдайсиз.

— Ўзи-ии, бўлмайдиган бола болалигидан маълум, деган гап бор, — деди Элмурод. – Уч-тўрт яшарлигимда отамга “Ота, ичимга қуёш кириб қолди”, деган эмишман. Отам “Ҳов, невчун ундай деётирсан, болам?” деса, “Ичим қизиб бораётир. Ҳам ҳамма ёқ оппоқ!” дебман. Шу-шу отам мени “Ичига қуёш қамалиб қолган болам!” деб эркалар эди.

— Отангиз тўғри айтган экан.

— Йўқ, у гапни мен айтганман!

Улар ҳазил-мутойиба билан йўлда давом этишди. Улар институтдош, ҳамкасб эдилар. Болжон институтга Элмуроддан бир йил кейин кирган. Ҳамқишлоқ эмасми Элмурод уни кўрибоқ, синглисидай билиб қаноти остига олди. Неча йил ўқишган бўлса Элмурод Болжоннинг устидан бир қуш ҳам учирмади. Бу борадаги тиришқоқлиги Болжоннинг зарарига ҳам ишлаган. Иккинчими-учинчи курсда пахтада юрган пайтлари Элмуродга кимдир Болжонга тегажоғлик қилаётибди, деб етказди. Элмурод айтилган ерга ўқдай учиб борди. Қараса ҳақиқатан ҳам бир йигит Болжоннинг йўлини тўсиб олган, тутқаторнинг тор сўқмоғидан ўтишга йўл бермай гапга солишга урин­япти.

— Не гап?! – ҳезланди Элмурод нотаниш йигитга.

— Ҳеч гап. — Йигит довдираб қолди. Сўнг қизариб кетди. – Эртага пахтангни тарозига тортиб турсам бўлами, деб сўраётган эдим.

— Менга қара, — деди Элмурод. – Бу менинг синглим. Қайтиб сени шу ерларда кўрсам мендан хафа бўлма...

Икки йигит ўзаро муносабатларга ойдинлик киритаман, деганча Болжон аллақачон кетиб бўлган эди.

У йигит Болжонни ортиқ безовта қилмади. Болжон эса бирдан камгап ва хаёлчан бўлиб қолганди ўшанда. Кейин билса Болжоннинг ўзи ўша йигитни ёқтирар экан. Элмурод қилган ишидан жуда хижолат бўлган. Орадан анча ўтиб ўша воқеа яна эсланди.

— Сенам қизиқсан, Болжон, бир оғиз туйдирсанг бўлар эди-ку.

Болжон шарақлаб кулди.

— Қайси сингил ўз оғасига мен фалончини ёқтираман, деб айта олади?

— Беҳазил айтаяпман. Мен ҳозиргача сенинг олдингда ўзимни айбдор ҳис қиламан. Балки ўша йигитга турмушга чиқсанг ҳаётинг ҳам бузилмас эдими...

— Бу тақдир, Элмурод оға. Кейин ҳақиқатан ҳам мени ёқтирган бўлса қизнинг оғаси бир марта, “Бу на гап?” дегани билан сувга тушган тошдай йўқ бўлиб кетмайди-ку одам деган.

— Э-э, барибир ...

— Ўтган гапларни қўяверинг. Муаллиманинг мен тўғримда ёмон фикрда қолгани яхши бўлмади-да, – деди Болжон.

Негадир Элмурод узоқ жим қолди.

— Сен мен учун жаннат мевасисан, Болжон...

— Ёмонми бу? – сўради жувон.

— Ёмон... эмас. Аммо баъзан ...

Болжон нимадир демоқчи эди-ю, аммо индамади.