“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МЕДАЛЬ

Хорхе Луис БОРХЕС,

Аргентиналик ёзувчи

МЕДАЛЬ

ҳикоя

Мен — дарахт кесувчиман. Исмимни айтишнинг зарурияти йўқ. Мен туғилган ва тез орада ҳаётдан кўз юмадиган кулба ўрмон четида жойлашган. Айтишларича, ўрмон бутун қуруқликни ўраб турган ва меники сингари кулбалар сузиб юрадиган денгизгача бориб етармиш. Бунинг қанчалик ростлигини билмайман. Чунки ўз кўзим билан кўрмаганман. Мен, ҳатто ўрмоннинг нариги томонини ҳам кўрмаганман. Болалигимизда акам менга, «Иккимиз ўрмонни сўнгги дарахтигача кесиб битирамиз», деб қасам ичирганди. Акам ўлиб кетди, менинг хаёлимда эса энди бошқа нарса: бир нимани қидиряпман ва қидиришдан чарчамаяпман. Қуёш ботадиган томонда кичик дарё оқади; мен қўлимда балиқ тута оламан. Ўрмонда бўрилар увиллайди. Лекин бўрилар мени қўрқита олмайди; болтам менга ҳеч қачон панд бермаган. Ўтган йилларимни санамайман. Билганим шуки, улар анчага бориб қолган. Кўзларим ҳам яхши кўрмайди. Адашиб қолишдан чўчиб, бормай қўйган қишлоқда мени «зиқна одам» дейишади. Оддий дарахт кесувчи зиқналик билан нима ҳам жамғара оларди?

Кулбамнинг эшигига қор учирмаслиги учун тош тираб қўяман. Бир куни оқшомда оғир қадам товушлари эшитилди. Кейин эшик тақиллади. Эшикни очсам, нотаниш бир дайди экан. У қариб қолган, баланд бўйли одам бўлиб, катак плашга ўраниб олган эди. Юзида чандиқ бор эди. Йиллар унинг қаддини бука олмаган, аксинча янада куч бағишлаганга ўхшарди. Лекин ҳассасиз юришга қийналиши сезилиб турарди. Биз бир-икки оғиз гаплашдик (нима ҳақидалиги эсимда йўқ). Кейин у:

— Ўз уйим йўқ, қаерда бўлса ётиб кетавераман. Мен бутун Саксонияни айланиб чиқдим, — деди.

Бу сўз унинг ёши улуғлигини яна бир бор тасдиқлади. Отам ҳозир ҳамма «Англия» деб атайдиган Саксония ҳақида жуда кўп гапирарди.

Менда нон ва балиқ бор эди. Овқат устида гаплашмадик. Ёмғир шаррос қуярди. Қуруқ ерга териларни тўшаб жой ҳозирладим. Акам худди шу жойда жон берганди. Тун чўкиши билан ухладик.

Кулбадан чиққанимизда кун ёришган эди. Ёмғир тинган, ерни эса янги қор қоплаганди. Ҳасса дайдининг қўлидан тушиб кетди ва у менга ҳассани олиб беришни буюрди.

— Нега менга буйруқ беряпсан? — сўрадим ундан.

— Чунки, — жавоб берди у, — мен ҳали ҳам қиролман.

Уни жинни бўлса керак, деб ўйлаб, хассани олиб бердим.

У овози ўзгарган ҳолда давом этди:

— Ҳа, мен секгенлар қиролиман. Минглаб маротаба оғир жангларда уларни ғалаба сари етаклаганман. Энди бўлса қироллигимни бой бериб қўйдим. Менинг исмим — Изерн, одинлар авлодиданман.

— Мен Одинни билмайман, — дедим мен. — Мен Христни биламан.

У эса гапимни эшитмагандай давом этарди:

— Қувғин йўлларида дарбадар кезиб юрибман. Лекин мен ҳали ҳам қиролман, чунки менда медаль бор. Уни кўришни хоҳлайсанми?

У қоқсуяк бармоқларини очди.

Кафти бўм-бўш эди. Унинг чап қўлини кечаю кундуз мушт қилиб юрганини энди эсладим.

У менга тикилиб қараб:

— Ушлаб кўришинг мумкин, — деди.

Мен ҳадик билан унинг кафтига бармоғимни теккиздим. Совуқ бир нарсани сездим, бир нима ялтираганини кўрдим. Дарров қўлини мушт қилиб олди. Индамай туравердим. Шунда у худди ёш болага тушунтиргандай асталик билан тушунтира бошлади:

— Бу — Один медали. Уни фақат биргина томони бор. Бу ёруғ дунёда ундан бошқа бирор нарса йўқки, иккинчи томони бўлмаса. Бу медаль қўлимда экан, мен қирол бўлиб қолавераман.

— У олтинданми? — сўрадим мен.

— Билмайман. Бу — фақат биргина томони бўлган Один медали.

Шунда медални қўлга киритиш истаги қалбимни эгаллаб олди. Агар у меники бўлса, унинг учун бир дунё олтин олишим мумкин бўларди ва мен ҳам қирол бўлишим мумкинмиди.

Мен ҳали ҳам нафратланадиган дайдига ўз таклифимни айтдим:

— Кулбамда танга тўла сандиқ яширилган. Улар — олтин тангалар. Болтамнинг тиғидай ялтирайди. Менга Один медалини берсанг, сенга сандиқни берардим.

У қатъий жавоб қайтарди:

— Истамайман.

— Ундай бўлса, — дедим мен, — йўлингга равона бўлавер.

У ортига ўгирилди. Энсасига тушган болта зарбаси унинг бир чайқалиб, ерга қулаши учун етарли бўлди. Шунда ҳам мушти очилмади. Мен ҳавода ёрқин учқун ялтираганини кўрдим. Болта билан ажриққа белги қўйиб, жасадни авваллари чуқурроқ бўлган дарё томон судрадим ва ташлаб юбордим.

Кулба олдида медални излай бошладим. Аммо топа олмадим. Мана, неча йиллардирки, уни қидирганим-қидирган.

Таржимон: Бобур ЙЎЛДОШЕВ