“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

СЎЗГА ХАСИС АДИБ

Йўлдош СОЛИЖОНОВ,

Профессор

 

СЎЗГА ХАСИС АДИБ

Кўп йиллар олдин Анвар Обиджон икковимиз Саид Аҳмад домлани йўқлаб уйига борганимизда, у киши шундай ҳазил қилган эди:

— Биз уч оғайни бурундошлармиз. Жаҳондаги мамлакатлардан биронтасининг лоақал иккитагинасида бурундор ёзувчи йўқ. Ҳатто рус адабиётидаям биттагина Гоголь бор, холос. Шунинг учун у суратида ҳам бошини эгиб, ерга қараб туради. Ёлғизликдан ўксийди-да, бечора! Сенлар эса бошингни баланд кўтариб юр! Ижод билан астойдил шуғулланинглар!

Тошкентда яшаётганидан буён Анваржон укам Саид Аҳмад акамизнинг маслаҳатларига амал қилиб, у кишининг топшириқларини икки юз фоизга бажарди. Фарғонада яшаб, ишлаб юрганида ҳеч кимга кўрсатмай кўп ёзиб, тахлаб қўявериб, рекорд натижага эришган экан, Тошкентга борганидан сўнг кўп китоб чиқариш бўйича тенгдошлари орасида чемпион бўлди. Ҳозиргача элликка яқин китоби босилиб чиқди (саҳналаштирилган пьесалари, публицистик мақолалари, экранлаштирилган фильмлари бундан мустасно). Бу йилига камида бир яримтадан китоб чиқарди, деган гап. Йўқ, у ўз асарларини эълон қилиш учун нашриётларни безовта қилавермайди. Аксинча, улар укамнинг ортидан юриб, янги ёзганларини сўраб олишади. Чунки унинг ёзганлари болалар учун ҳам, катталар учун ҳам бирдай қизиқарли, долзарб ва янги.

Анваржон — Олтиариқда туғилиб вояга етган йигит. Шундан бўлса керак, унинг ёзганлари турп­дек куврак, диркиллаган бодр­ингдек мазали, узумдек ширали.

Ўзи айтгани каби, ижодининг энг катта қисмини болаларга аталган шеърлар, достонлар, ҳикоялар, пьесалар ташкил этади. Уларнинг барчаси болаларбоп, ёши, руҳияти, қилиқлари, сўзлаш тарзи тўла мос келади. Тўғриси, болаларга аталган яхши китоблар камлиги, ўзбек болалар адабиёти катталарникидан анча орқадалиги, энг муҳими, болажонтабиат бўлганлиги, уларнинг руҳиятини яхши билганлиги укамни шу йўлни танлашга ундади.

Адиб таъкидлаганидек, аслида ўзбек болалар адабиётининг илдизи анча чуқур. Насрда мазмун, назмда матн ёдда қолишини аждодларимиз қадим замонлардаёқ яхши англаб етганлар. Шунинг учун мақол, матал, топишмоқ ва болалар айтимларининг аксариятини қофиядош қилиб айтишган.

Халқимизнинг ана шу бебаҳо хазинасидан фойдаланиб, Анваржон ҳам болаларга ҳазми енгил, мазмуни чуқур шеърлар ёзишга киришди. Хусусан, кичкинтойларга бағишланган шеърларини содда тилда ёзди, ҳайвонлар, нарса ва буюмларни ўз тилидан гапиртирди. Яна болалар адабиётида ғазал жанрини ҳам тирилтирдики, бу энди кичкинтойларни қувонтирганидан ташқари мумтоз адабиётимизнинг ўлмас намуналарига меҳрини орттирди, уларни ифодали ўқишга ҳам ўргатди. «Булбулнинг чўпчаклари» туркумидаги ғазалчалар бунга ёрқин мисолдир.

Анваржон хаёлоти ниҳоятда кенг, чуқур ва учқур, фантазияси ғоятда кучли ёзувчи. У ҳамма нарсада гўзаллик ва яхшиликни кўради, нарса-предметлар, ҳайвон-у ҳашаротлар фикрини уқиб, ундан ўзига тегишли ғоя топа олади ва ўқувчиларга айтиб бериш йўлларини излайди. Укамнинг дастлаб эгаллаган касби молиячи-бухгалтер бўлганлигидан ҳамма нарсага тежамкорлик билан қарайди. Бу тежамкорлигини пулига, рўзғорига эмас, асосан ижодга татбиқ қилади. У айниқса, сўзга жуда хасис! Ёзаверади, ўчираверади, ёзаверади, ўчираверади. Иложи борича, битта-иккита сўздан оламжаҳон маънони англатадиган асар яратишни ўйлайди ва бунинг уддасидан чиқмагунча тинчимайди.

Ишонмасангиз, бир сатрлик «Игнабарг шеърлар», икки қатордан иборат «Фардлар», уч мисралик «Уччаноқлар»ни ўқинг! Уларда шоир ишлатган саноқли сўзлар ҳаддан зиёд кенг ва чуқур маъно англатади. У бадиий тасвирда ҳотамтой, бағрикенг, сўзга эса Бальзакнинг Гобсеки, Гоголнинг Плюшкини ёки Қодирийнинг Солиҳ махдумидек хасислик билан ёндашадиган адиб бўлиб етишди. Унинг ғоявий ниятини тушуниш, ҳис қилиш учун ўқувчи ҳам жуда катта билимга, юксак савияга эга бўлиши керак. Масалан, тўртта сўздан иборат «Қармоқ солсам, кулфат илинди» деган игнабарг шеърини олиб кўрайлик. Мабодо, шу мавзу-муаммо бошқа бир ижодкорнинг қўлига тушса, у шубҳасиз, «Сувга (ёки ҳовузга) қармоқ солсам, Балиқ эмас, кулфат илинди» деб ёзган бўларди. Укам эса сувни ҳам, балиқни ҳам хаёлига келтиргани йўқ (аслида қармоқ балиқ овлаш қуроли сифатида сувга солинишини жуда яхши билса ҳам). У инсоннинг кўнглига қармоқ соляпти, ундан эса балиқдек типирчилаб турган ҳаяжон, шодлик эмас, увилдириқлари чириб кетган қайғу-кулфат илиниб чиқяпти. Дод деб юборасиз!

Хоҳласангиз, бошқа игнабарг шеърлари, фардлари ёки уччаноқларидан ҳам мисоллар келтириб, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида талай мулоҳазалар айтишим мумкин. Яхшиси, уларни ўзингиз ўқиб маза қилинг, фикрланг!

Анваржоннинг «Ажинаси бор йўллар» биографик асарини ўқиб, миямга «Мен ҳам болалигим, ёшлигим ҳақида ёзсам бўларкан» деган фикр келди. Чунки Анваржон билан деярли бир даврнинг одамларимиз. Ҳаёт йўлларимизда учраган қувончу ташвиш, шодлигу андуҳлар бир-бирига ўхшаш.

Лекин уларни шунчаки айтиб бериш билан бадиий ҳикоя қилиш орасида ер билан осмонча фарқ бор. Воқеаларни саралаш, улар зиммасига ғоявий юк орта билиш — бу энди мендек қалами ожиз бир танқидчининг қўлидан келмаса керагов! Ҳар ким ўз ишини қилгани яхши. Ўз ҳаётида бошидан кечирган катта-кичик, муҳим-номуҳим, керакли-кераксиз воқеа-ҳодисаларни саралаш, учратган одамлар характерининг ўзига хос томонларини ажрата олиш, сўз танлай билиш ва бадиий тасвирлай олиш ҳақиқий санъаткор ёзувчининг қўлидан келади. Анваржон укам бу қийин ишнинг уддасидан чиқа олган. Фақат қойил, дейман!

Хуллас, укамнинг ижоди ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Лекин, мухтасар қилиб айтсам, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад сингари буюк устозларни пир тутиб, уларнинг изидан бораётган, анъаналарини янгича тарзда давом эттираётган, «Сўз қолип, фикр унинг ичига қуйилган ғишт»дек пишиқ ва сифатли бўлиши учун астойдил уринаётган, Қодирий домла таъбири билан айтганда, «Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша лозим»лигини билиб қалам тебратаётган истеъдодли адиб Анвар Обиджонга ана шу устозларнинг адабиётдаги обрўси, шон-шуҳратини тилайман.

Қаламингизнинг шашти ва шиддати ҳеч қачон сусаймасин, укажон! Ютуқларингиздан қувониб юриш бизга ҳам кўп йиллар насиб этсин.