“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

«МЕН БОТИР БЎЛИБ ТУҒИЛГАНМАН!»

Дурбек ШУҲРАТОВ,

Мудофаа вазирлиги
тасарруфидаги 171-мактабнинг
8-синф ўқувчиси

 

«МЕН БОТИР БЎЛИБ ТУҒИЛГАНМАН!»

Болалик тунларим осуда ва тинч, сеҳрли эди... Тонг отиши биланоқ тезроқ кеч тушишини, бувижонимнинг янги эртакларини эшитишни кута бошлардик. «Бугун қандай эртак айтиб берасиз», — деб ҳоли-жонига қўймасдик. Бувим ухлаб қолгунимизча эртак айтиб берарди. Афсонавий баҳодирлар ҳақида ҳикоя қилган кунлари эса эртак тугагунича мижжа қоқмасдим. Кўз ўнгимда Ватани, халқи учун жангу-жадалларга кираётган қаҳрамонларнинг қиёфалари, халқнинг олқишлаётгани намоён бўларди. Баъзан эшитишдан тўхтаб, тасаввуримда жонланган ғаройиб манзаралардан янгидан-янги саргузаштлар, ҳикоятлар ўйлаб топардим. Уларнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўрар ва қувончимдан теримга сиғмасдим. Назаримда, уйини, ота-онасини, опа-синглисини, ёр-дўстларини, Ватанини ҳимоя қилишдан каттароқ, олижаноброқ иш йўқ эди. Кўча-кўйда ҳарбийларга кўзим тушгудек бўлса, бутун вужудимни англаб бўлмас ҳаяжон чулғаб олар, кўринмай кетгунича ортидан қараб тураверардим. Секин-аста ўша хаёллар орзуларга айланди. Бугун эса олдимга қўйган энг катта мақсадларимдан бири. Айниқса, маҳалламиздан биров армия хизматидан қайтса, ўшаларнинг уйига танда қўяман. Гўё унга яқин юрсам, ҳозир улғайиб қоламан-у, ўша пайтнинг ўзида Ватан ҳимоясига отланаман. Қачон улғаяман, деб сабрим чидамайди. Ўзимча бўйимни ўсган-ўсмаганини ҳар куни чамалайман. Вақтнинг тошбақадай имиллаб ўтаётганидан баъзан жаҳлим чиқади. Бундан, ҳатто ўзимни қўярга жой тополмайман. Ватан ҳимоячиси бўлиш мақсадию қалбимдаги шижоат ўзим билан бирга бўйлаб бораётганини фаҳмлайман. Баъзан уларнинг олдинлаб бораётганини илғайман. Мақсадинг аниқ бўлса, манзил бир қадам, дейди онам. Аммо бола бўлганим учунми, манзилим узоқдай кўринади. Олий мақсадга етишмоқни чин кўнгилдан тилайман.

Бобом ҳар куни дастурхон ёнида дуо қилар экан, тинчлигимиз, фаровонлигимиз учун Оллоҳга шукроналар айтади. Кўзларида ёш билан: «Тинчлигимизни асраётганларни Оллоҳ асрасин», — дегани-деган. Бу гаплар мени тўлқинлантириб юборади. Бир кун келиб мени ҳам таниган-танимаган шундай дуо қилади, деб кўнглимдан ўтказаман. Шундай ажойиб дуоларга муносиб бўлиш учун ҳам Ватанингни, халқингни, яқинларингни ҳимоя қилгинг, уларнинг тинчлигини асрагинг келади.

Бир куни бувам билан суҳбатлашиб ўтирганимизда бир гап айтиб қолдилар. «Қўзим, ниятинг пок. Беғубор ниятлар эса, шубҳасиз, ушалади, бироқ бу мушкул вазифа. Масъулияти елкангга оғирлик қилмасмикан. Ҳамма кечалари ўз уйида ухлаётганида сен киприк қоқмаслигинг керак. Ҳарбий учун қишнинг қаҳратонию ёзнинг жазирамаси бўлмайди. Улар ҳар қандай вазиятда Ватан тинчлиги учун жонини аямаслиги керак. Гапларимни яхшилаб мушоҳада қилиб кўр, шунга тайёр бўлсанг, бу ишга бел боғла. Ватан ҳимоячиси бўлиш учун оддий ҳаваснинг ўзи камлик қилади», деди.

Жавобим ўша ондаёқ тайёр эди, бироқ бувам мулоҳаза қилгани фурсат берди. Ана шу фурсат туфайли танлаган йўлим ҳақида ўйладим. Келажагимга олиб борадиган ягона йўл шу эканлигини чин дилдан ҳис қилдим. Мен ботир бўлиб туғилганман. Мен тўғри йўлдаман, буважон! Мақсадимдан ҳеч қачон оғишмайман!