“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Г.БЁЛЛЬ. Икки СЎЗ

Генрих БЁЛЛЬ,

Нобель мукофоти совриндори

 

МЕН ОДДИЙ НЕМИСМАН

Қирол ҳазрати олийлари, хонимлар ва жаноблар! Германияга ташрифингиз давомида биз униб-ўсган, яшаётган фонийлик қатламларига маърифатли нигоҳ ташлашга мушарраф бўлдингиз. Бу замин ҳаловат нелигин сира билмади. Рейн1 бўйидаги кўпларнинг орзуманди бўлмиш бу замин не-не ҳукмдорларни кўрмади, қанчадан-қанча — мустамлакачилик, маҳаллий, ҳудудий, диний, жаҳон урушларидан омон чиқмади, дейсиз. Қандайин қирғинлар, сургунларни бошидан ўтказмади-я...

Сирасини айтганда, «d» ҳарфидан қониқмаганлар, унинг ўрнига «t» ҳарфини маъқул кўрганлар «Teutsche»ни2 намойиш этишди. Зўравонлик, вайронгарчилик, дарду изтироб ва тушунмовчилик — мана шулар ўткинчи дунёдан замонавий омонат дунёга қадам қўяётган одамнинг йўлида ётади.

На вайроналар, на кўчкилар, на Шарққа ва на Ғарбга силжиш фаровонликдан сўнг кутиш мумкин бўлган натижа — тинчликни бермади, бундан кўриниб турибдики, қандай бўлсак, шундайлигимизча, ўзлигимизча қолишимизга: кимларнингдир назарида ўта ғарбона, бошқаларнинг назарида эса етарлича ғарбона эмаслигимизга имкон беришмади.

Ҳали-ҳамон «Teutsche»ни намо-йиш этишга мойил немислар орасида гўёки «ғарблик» ва «немисча» бирикмалари миллатнинг гумроҳлиги, деган шубҳа-гумонга борадиганлар учраб туради. Аслида шубҳа-гумонга ўрин йўқ; агар бу ўлканинг юраги бўлса, у Рейн оқадиган ерда жойлашгандир.

Болалигимда мактабда уруш барча ҳодисаларнинг онаси, деган ёмон гап эшитгандим; бир вақтнинг ўзида ҳам мактабда, ҳам черковда эшитгандимки, мўмин-қобиллар, маъсумлар, хуллас, зўравонликни рад этувчилар заминнинг меросхўрлари бўлиб қолади. Умрининг сўнгига қадар инсоният кимларгадир само ва заминни, яна бошқа бировга эса самонигина ваъда қиладиган ўта мудҳиш зиддиятдан қутулолмайди. Урушдан икки қўлини бурнига тиқиб қайтган миллионлаб одамлар сингари мен учун ҳам бу олис йўл бўлди, ўша миллионлардан такрор ва такрор ёзишга иштиёқ туфайлигина ажралиб турдим. Ўша иштиёқ мени шу ергача олиб келди. Агар камина узоқ вақт дарбадарликда, қувғиндан ажалга чап бериб, юрагида харсангтош билан эсон-омон юртига қайтиб келган йигитни писанд қилмай унга ўгирилиб қарамасам, бу ерда турганимга сира-сира ишонмайин.

Тинчлик — на хотира ва на мол-давлат, у шунчаки сўз; республика — ажнабий сўз эмас, яксон қилинган хотиралардир. Ёт-бегоналик занжирларини узиб халоскорга айланган чет эллик ёзувчиларга шу ердан туриб миннатдорчилик билдиришим керак. Қолаверса, немис дўстларим ва танқидчиларга қайта-қайта мададлари учун мени тетикликдан маҳрум қилмоқчи бўлганларга-да ташаккур айтмоқчийдим, негаки кўп нарса урушсиз ҳал бўлса-да, аммо, менинг назаримда, қарама-қаршиликсиз амалга ошмайди.

Йигирма етти йил. Бу нафақат муаллиф, балки унинг ватандошлари учун ҳам узоқ муддат... Шу ерда туриб, ички ҳаяжон билан бир замонлар бемаъни тасаввурларга кўра немис ҳисобланмаган немис ўтмишдошларимни эслайман. Мўъжиза туфайли ўлимдан омон қолиб, Сельма Лагерлёф қутқариб олган Нелли Закс, бадарға қилинган ва фуқароликдан мосуво этилган Томас Манн, ўз юртидан бош олиб кетган Герман Гессе.

Мен дунёга келишимдан беш йил, бундан олтмиш йил илгари бу ерда Германияда вафот этган адабиёт бўйича сўнгги немис лауреати — Герҳарт Гауптман турганди. У умрининг сўнгги йилларини, агар баъзи бир вазиятларни ҳисобга олмасак, Германияда, ўзининг жойи бўлмаган Германияда ўтказди. Камина эса у ёки бу эмас, оддий немисман; шахсимни исботлайдиган ҳужжат эса, бу ўзим ёзадиган тилдир. Бундан кўксим фахрга тўлиб қувонаман. Швеция академиясига, Аъло Ҳазратларига ва Швецияга нафақат каминага, балки ўз фикримни ифода этадиган тилга ҳамда мен фуқароси бўлган мамлакатга кўрсатган ҳурмат-эътибори учун миннатдорчилик билдираман.

 

1972 йил 10 декабрь.

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси

 

1. Ғарбий Европадаги дарё.

2. «Teutsche», аниқроғи — «Deutsche» — немисча ёки немис (нем.); бу ерда нутқ муаллифи тилнинг бузилганлигини назарда тутмоқда.

 

МЕНИНГ БЕБАҲО ОЁҒИМ

Ҳикоя

Мана, ниҳоят менга ҳам мурувват кўрсатишибди. Идорага боришимни сўраб таклифнома юборишди. Бордим. У ердагиларнинг мулозаматидан бошим кўкка етди. Амалдор картотекадан менинг картамни олди ва «Ҳм» деди. Мен ҳам «Ҳм» дедим.

— Қайси оёқ? — сўради амалдор.

— Ўнг.

— Тўлиқми?

— Тўлиқ.

— Ҳмм, — деди у яна ва бир нечта қоғозларни кўздан кечирди. Ўтиришимга рухсат беришди.

Ниҳоят амалдор бир қоғозда тўхтади, афтидан ўша қоғоз маъқулроқ кўринди.

— Менимча, — деди у, — бу баайни сизбоп иш. Зўр нарса. Ўтириб ишлайсиз. Республика майдонидаги жамоат ҳожатхонасида этикдўз. Қалай?

— Мен этикдўзликни билмайман. Доим яхши тозаланмаган пойабзаллар туфайли кўнгилсизликларга учраб юраман.

— Ўрганса бўлади, — деди амалдор. Ҳамма нарсани ўрганса бўлади. Немис ҳамма ишга қодир. Имконини қилиб бепул малака курсларини ўташ мумкин.

— Ҳм, — тўнғилладим мен.

— Нима қилдик, бўладими?

— Йўқ, — дедим мен. — Бўлмайди. Бундай даромад менга тўғри келмайди.

— Ақлдан озибсиз, — деди у секингина мулойим қилиб.

— Ақлдан озганим йўқ. Бу дунёда ҳеч ким йўқотган оёғимни қайтара олмайди. Менга, ҳатто тамаки сотишга рухсат бермай қаршилик қилишяпти.

Амалдор ўзини стул суянчиғига ташлади ва чуқур уҳ тортди.

— Оғайни, — деб гап бошлади у. — Оёғингиз жуда бебаҳо. Карточкада ёзилишича, ёшингиз йигирма тўққизда экан, юрагингиз бақувват ва кесилган оёқни ҳисобга олмаса, соғлиғингиз пўлатдай мустаҳкам. Сиз бемалол етмишгача яшайсиз. Марҳамат қилиб қанча даромад олишингизни ҳисоблаб кўринг-чи! Масалан, ойига етмиш маркадан ўн икки ойда қанча бўлади? Натижани қирқ бирга, яъни қолган умрингизга кўпайтирсак-чи? Ҳисобладингизми, энди бунга фоизларни қўшинг ва шуни ҳам унутмангки, оёғини йўқотган биргина сиз эмассиз. Узоқ яшаши эҳтимоли катта бўлганлардан сон мингта. Сиз бўлса бу ерда ёғлироқ даромад талаб қилиб ўтирибсиз. Кечирасиз-у, ақлдан озибсиз.

— Тақсир, — дедим мен ҳам ўзимни стул суянчиғига ташлаб, чуқур нафас олиб. — Афтидан, оёғимнинг асил қимматини назардан қочирган кўринасиз. Унинг нархи ҳисоб-китобингиздан анча қиммат туради ва бу фавқулодда бебаҳо оёқ. Гап шундаки, каминанинг нафақат юраги, балки ақли ҳам заиф эмас. Гапларимни диққат билан эшитинг.

— Вақтим жуда ҳам чекланган.

— Қулоқ солинг, менинг оёғим ҳозирда нафақа олиб ётган кўплаб одамларнинг ҳаётларини сақлаб қолган. Бу шундай бўлган: мен ёлғиз ўзим олдинги қаторда ётардим. Бизникилар вақтида жуфтакни ростлаб қолиши учун душманни кузатиб туришим керак эди. Ортимиздаги штаблар шошилинч тарзда кетишга шай эди. Бироқ эртароқ ҳам, жуда кеч ҳам кетишни исташмас, айни вақтида қуённинг расмини чизиши керак. Бошида биз икки киши эдик. Аммо шеригимни кўз очиб юмгунимча нариги дунёга равона қилдилар. Энди унга харажат қилишингизга ҳожат йўқ. Тўғри, у уйланган, лекин хотини соппа-соғ, ишлай олади, бунга қайғурмасангиз ҳам бўлаверади. У ғазнага жуда сув текинга тушди, атиги бир ойгина хизмат қилди. Шеригимга сарфланган харажат биргина почта карточкаси ва аскарларга бериладиган қаттиқ нон пайкалари бўлди. У виждони бутун аскар эди. Ўйлаб қарасам, у ҳар қалай ўша ерда ўлиб тўғри қилган экан. Хуллас, мен ёлғиз қолдим. Кўп даҳшатларни кўрдим, совуқ суяк-суягимдан ўтиб кетди ва, биласизми, мен ҳам қочишга қарор қилганимда, тушуняпсизми эндигина қарор қилганимда...

— Вақтим жуда ҳам зиқ, — қайтарди амалдор ва қалам қидира бошлади.

— Йўқ, барибир эшитасиз, — дедим мен. — Ахир энг қизиқ жойи энди бошланади. Хуллас, мен ҳам жуфтакни ростлайман, деганимда оёқ қурғур панд берса бўладими! Ўрнимдан туролмай ётган ҳолатимда уларга сигнал бериш ҳақида ўйладим ва сигнал бердим. Ҳамма кета бошлади, тартиб билан: аввал дивизия, кейин полк, кейин эса батальон. Ҳаммаси рисоладагидай, батартиб. Мени эса... Қанчалик аҳмоқона эшитилмасин, мени олиб кетиш ҳеч кимнинг эсига келмади. Тушуняпсизми, мени ташлаб кетишди. Шунақа шошилинчда кетишди. Ғалати бир ҳодиса бўлди: агар оёғимни йўқотмаганимда, ҳаммаси, генерал ҳам, полковник ҳам, майор ҳам ҳалок бўларди. Сиз ҳам уларга катта нафақа тўлаб ўтирмасдингиз. Ана энди ҳисоблаб кўринг-чи, оёғим қанча туришини. Генерал эллик икки, полковник қирқ саккиз, майор эса эллик ёшда. Ҳаммаси бақувват, юраги соғлом, эс-ҳуши ҳам жойида. Ҳарбийча яшашганда ҳам Гинденбург каби камида саксонга етиб боришади. Бу ёғини энди, марҳамат қилиб, ҳисоблаб кўринг: бир юз олтмишни ўн иккига кўпайтиринг ва уни яна ўттизга кўпайтиринг. Ахир улар тахминан яна ўттиз йил яшаши мумкин, тўғрими? Менинг оёғим мана шундай ғоят бебаҳо, дунёдаги энг қиммат турадиган оёқлардан бири.

— Сиз барибир ақлдан озгансиз, — деди амалдор.

— Йўқ, асло ундай эмас. Бахтга қарши, ақлим юрагим сингари бутун ва соғлом. Минг афсус, ўшанда, оёғим панд бермасдан икки дақиқа аввал мени отиб ташлашмаган экан. Анча пулимизни иқтисод қилардик.

— Хуллас, иш маъқулми? — сўради амалдор.

— Йўқ, — дедим-да, чиқиб кетдим.

 

Рус тилидан

Бобур ЙЎлдошев таржимаси