“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҲАЖР ВАҚТИ

Иброҳим ҒАФУРОВ

ҲАЖР ВАҚТИ

Соқийнома

I

Чарақлаган осмон, кўклаган водийлар, юрагимда тошади завқлар:

Сайрга чиқайлик дийдор

Висол билан оғушта чоғлар...

ХХI аср 16-йилининг апрели бошланган эди. Тўрт оёқли нар-вон устида туриб кўклаган токнинг кўкалакларини синдириб қўймай, деб авайлаб, эҳтиётлаб зангни пояга маҳкамлаш пайида эдим. Қўшни санаторий боғларидан электр арранинг чинқириб ғариллаши қулоқни қоматга келтирар, чамаси юз эллик йиллик чинорларни бутар ва каллаклар эдилар. Азамат чинорлар баҳорнинг нам ерига гурсиллаб қулар, мен турган нарвон тагидаги ер ҳам зириллаб кетарди: чинорлар қуларди гурсиллаб... Зангни ўрнатаётганимда шўралаган бир кўк новда бехос узилиб тушди. Аҳ! — дедим худди жоним узилгандай. Яна эҳтиётсизлик қилдим!.. Эҳтиётсизлигим токка қимматга тушадиган бўлди. Шўра узилган жойдан токнинг шираси оқа бошлади. Жон суви оққандай бўлди танамдан!... Энди токнинг оқаётган сувини тўхтатиб бўлмайди. Охиригача оқади! Чунки ҳозир токларнинг томирига тириклик суви югурган... Аламим келди. Шу тоб ваҳимали электр чинқириқ кетидан яна гурсиллаган овоз келди: яна бир чинор қулади. Юз эллик йиллар яшаб қуёш нурларида товланиб, қаҳратон совуқларда қарсиллаб, азамат гавдасини кўкларга довлаб кўтариб, кўзларимизни яшнатиб, бошларимизга жазирамаларда салқин соябон бўлиб мана, қулаяпти. Куни битган, қулайдиган пайти келган-да. Биз билган замонларнинг хотираси. Хотира чинорлари ағдариляпти. Янги чинорлар янги замонларда яшайди. Аммо янги ниҳоллар қачон азамат чинор бўлади. Шунда аламли хаёлимдан «Дарахтлар қулайди одамлар каби» деган ибора ўтди. Эрталаб нонушта пайти ҳамшира раҳматли журналист Холида Аҳроровани эслаган, гоҳ-гоҳ қўнғироқ қилиб: «Қалай бизнинг йигитлар, яхши юришибдими?» — деб қўйишларини хотирлаб кўзи намланганди. Ҳа-а... қалай, бизнинг йигитлар, яхши юришибдими? Йигитлар яхши юришибди. Аммо чинорлар қулаяпти... Ер ларзага келяпти.

Хаёлим паришон бўлди. Нар-вондан тушиб шўра узилган новдани дока билан маҳкам тортиб бойладим. Кейин устидан скотч ўрадим. Токнинг шираси бирпас оқмай турди. Кейин яна томчилаб сўнг узун чўзилиб оқа бошлади. Шу замон чўнтагимдаги мобил чириллади. Йиғламсираган ҳолда телефон тугмасини босдим: ҳозирги тил билан айтганда, алоқага чиқдим. Аммо икки кўзим йиғлаётган новдада: ҳаёт арусини йиғлатиб қўйдим, нетай!

— Алё, Иброҳимжон... — деган хаста овоз эшитилди: — Эркин ака! — дедим ва дарҳол нарвондан тушдим: — Яхшимисиз, Эркин ака? — Мен яхшиман, икки кун бўлди уйга келдим. Бугун ҳаво жуда сўлим... Бир айланиб келайлик... Сиз қаердасиз? Мен машинада бораман...

Эсга тушар Эркин Воҳидовнинг «Қумурсқалар жанги». Улуғ башоратлар. Аммо ҳеч ким қулоқ солмас энди башоратларга, илгари қулоқ солишганми? Қулоқ солганми биров башоратларга? Аллаким гўзал Туркияга қарши ғазотга чақирар, кўпик сочар соқол-мўйлов жун босган башаралардан? Эркин Воҳидов билан шу ҳақда бугун гаплашмасам бўлмайди: теран чоҳлар тўлиб кетди-ку ёшу қари инсон ўликларига?

Бугун гаплашмасам бўлмас Эркин Воҳидов билан мангу ҳаёт ҳақида. Мангу ҳаёт сирин очди у Руҳлар билан сирлашиб ва англади шоир Руҳлар нималигини... Яна қанчадан-қанча айтилмаган ёзилмаган англамлари бор ва онг оқимлари тўхтамаган бир лаҳза. Ўйлайсизки, онг оқимлари фақат Жойсда, Беккетда борми? Навоий девонлари кети узилмас абадиятга қараб кетган узлуксиз онг оқими. Эй онг оқимини қоралаган етимпарвар, сенда наҳот йўқ онг оқими? Наҳот сенда узилиб мангу тўхтаган онг оқими, минглаган сўзинг бир СЎЗча қадр топмаган, юрак топмаган. Лаҳзалар сирини англаган, ғазаллари бари лаҳзалари асрори... Телепатия борми? Телепатия бордай:

Нидо келди сиздан Эркин ака,

Исёнлар қадар!

Нидо келди сиздан, Эркин ака,

Инсонлар қадар!

Уфқлар очилди, қалбларга қадар.

II

«Мен ёмон ишлашни энг оғир гуноҳ, деб биламан. Давлат ишларида ёмон ишлашни ундан ҳам ёмонроқ кўраман, Чунки бу ёмон ишлардан минглаб, миллионлаб одамлар азоб-уқубат чекадилар». Гёте. Эккерман билан суҳбатлар.

Кўк тоқига нарвон қўйди зўрабор Гёте ва

Кўтарилди ундан

Фаустни олиб.

Матмуса ва Ўзбегимни

қўлтиқлаб

Изма-из илдам чиқди Воҳидов толиб...

Шояд энди

Аччиқ ҳақиқатлар,

Қайтмас ҳақиқатлар

Худо ҳузурида

Ўқилса нажиб!... Эркин Воҳидов ҳақиқатлари! Қулоқ осдингми, юртим! Кескир шамширдай ярақлаб ётур!

III

Эркин Воҳидов машинада етиб келди. У яқинда касалхонадан чиққан, ўзини анча тетик сезар, кўзлари ёғдули боқар, оппоқ манглайида фикр жилвалари жилоланарди. Бу пайтга келиб у анча, анча-мунча ихчам тортиб хипча бўлиб қолган, аммо кўзларининг фозил ифодалари ўзгармаганди. У ўзини тийиб-тергаб озишга ҳаракат қилди. Тананинг вазни камайса, юракка юк тушмайди, у енгил уради, деб фикрлади. Ҳақиқатан, ихчам тортиб у ўзини бир қадар енгил сеза бошлади. Ҳатто асарларининг охирги томларини яна ўқиб чиқди, охирги тузатишларини киритди. Ҳатто саксон муаллифнинг асари кирган «То қуёш сочгайки нур»ни ҳам тўпловчиларга тўла ишонишига қарамай бошдан-оёқ ўқиди. Биз ўзимизга ишониб юборган эканмиз, у бир қанча мулоҳазалари билан ўртоқлашдики? биз ўзимизга ошиқча бино қўйганимизни англадик ва унинг тузатишларидан сўнг «Замондошлар нигоҳи» янада очилди, жиддий, салмоқли муносиб нашрга айланди. Биз унда бу мутафаккир шоирнинг охирги кўраётган китоби эканлигини хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Унинг ношир ақли сўнгги дамгача жуда равшан ишлаб турди. Шоирга чиндан улуғ АҚЛ ато этилмиш эди. Бу АҚЛнинг зумралари АДАБ ришталаридан тўқилмиш эди. Адаб ришталаридан тўқилган АҚЛ фақат музайян АДАБ СЎЗЛАРИни айтди, ёзди, ўқиди...

IV

Биз машинага ўтириб Чирчиқ бўйларига йўл олдик. Шундай кўкалам эди бу ёқлар. Чирчиқ нурли чувалиб кумуш шолчаларини тўқиб узоқларга йўл оларди. Қалин оқ кигиздан ёпилган дарё бўйидаги ўтовга тушдик. Устма-уст гиламлар, наматлар тўшалмиш эди. Шоирни анча-мунча ҳайратланиб шоду хуррам қарши олдилар. «Иброҳим, бир қимрон ичайлик... қимрон ҳозир етилган...» — деди.

Бир қимрон ичайлик... Биз буни шоирнинг соғайиб кетишига, узоқ яшашига далолат каби англадик. Қимрон келтирилди. У олтин ҳалли косада мўъжизадай кўринарди.

«Кеч тушмай яна бироз айланайлик», — деди шоир бир косагина қимрон тотингач. Биз хуштабъ ўтов эгаларига ташаккурлар айтиб, яна йўлга тушдик. Машинамиз бизни худди йўлни ўзи биладигандек Кумушкент томонларга бошлаб кетди.

Шоиримиз йўлбошловчимиз ёнида орқасига суяниб ўтирар, унинг оёқларини тиззадан юқоридан то тўпиқларигача юмшоқ юнг плед билан ўраб қўйгандик. Бошини суянчиққа қўйган, кўзлари ярим юмуқ. Узоқ вақтдан бери туймагани фароғат оғушида эди. Чеҳраси касаллик азоблари-ю қийноқлари-ю асоратларидан қутулгандай жуда осуда ва гулгун, қимрон таъсириданми ё бошқа, икки юзида нимтатир қизиллик зоҳир эди. У ўзи сўзламаса, биз ортиқча сўзламас, ҳоритиб қўйишдан ўзимизни тиярдик. Чирчиқ бошланадиган томонларга оҳиста йўл босдик.

— Мени хаёллар қийнайди, — пичирлагандай сўзлайди шоир. — Худди қор босгандай хаёллар, Қор тепалар, Қор уюрмалари. Қуюнлар қорли... — Мен орқа ўринда ўтириб, қулоғимни шоир елкасига яқинроқ олиб бораман, Негадир ҳозирги гапларни эшитмай қолиш ё ёмон эшитиш ва англамай қолишдан хавотирланаман. — Иброҳимжон, одам хаёлингда тинимсиз ёзсанг-да, қўлинг билан қоғозга туширолмасанг, бунга на қўллар ва на юракнинг ҳоли келмаса, ҳаммаси ичингда ёзилиб ётса... иложинг қанча? Тепалар, тепалар... баланд тепаларда юраман... тубсиз жарлар оралаб, тубсиз жарлар ёқалаб юраман... Шоир ҳаммасини ўз вақтида... ўз ёшлик вақтида ёзиб қолдирсин... бошқа вақт бўлмайди... Бу тепалар нималарни англатади... бугун Кумушкон, Паркент тепаларини кўргим келди... кумуш тепаларда юргим, ялангоёқ қадам босгим келди... тепалар балки ёзилмаган асарлардир, асарларнинг асотирларидир... сиз тепалар ҳақида ёзгансиз... қизиқ гаплар... нимага...

Ҳа, сиздан анчадан бери сўрайман, дейман, эсимдан чиқади. Тепа деганимга лолалар, лолазорлар эсимга тушди... Асад яхшими, нима қиляпти? Ҳалиям лолалар ўстирадими? «Лола юзлигимни кўролмас бўлдим»... Миртемир акам хўб ёзганда-а? «Лолазорлар ичра йўқолдим»... Фақат шеъриятгина айтоладиган, ифодалай оладиган гаплар, туйғулар бор-да-еййй... — Шоирнинг овози пастлай-пастлай тамом ичига чўкди. Осилиб унинг юзига қарадим: кўзларини юмиб ётарди, қуруқшаган ингичка лаблари аста тамшанар, охирги, яна охирги зилол томчини охиригача бутун лаззатини тотиб ичаётгандай... Шоирнинг ухлаб қолишини истамай:

— Эркин ака, дунёда ифодавийлик деган нарсани шеър яратган-да, — дейман, эшитдиларми-йўқми, билолмайман. «Ҳа-а-а...» дейдилар. Мен «Ухлаб қолмасинлар», дейман. Бугун кўрадиган кун... Мен аста овозимни кўтармай дўстимиз, катта биолог-лолашунос олим Асад Шарипов ҳақида сўзлайман. Асад Эркин Воҳидов билан тенгдош. Бир синфда ўқиганмиз. Мен дунёда Асад Шариповдай ўз ишига берилган, фидокор инсонни кам учратганман. Эллик йил Туркистон, Марказий Осиё лола навларини, уларнинг уруғларини йиғди. Қирғизистон, Туркманистон, Қозоғистон, Ўзбекистонда унинг бормаган жойи қолмади. Ноёб лола навларини сақлаб қолди. Ўзи ҳам янги лола навини яратди: «Асад Шарипов» нави... Эркин ака Асадни кўрсалар беҳад қувониб кетардилар. Гаплашиб тўймасдилар. Асад шоир ҳовлисига нодир, гўзал лола турларини экиб берарди...

V

— Тинмай узоқлашиб борар биздан олам, коинот. Ўзгариб борарми бари, юлдузларни томоша қилар эдим. Ваҳимага соларди мени чексизлик, учган юлдузлар. Ас-Суҳо... энг кўринмас юлдуз. Етти Қароқчидан уни излардим. Отин аммам айтган эди: кўрсанг агар Етти Қароқчида Суҳо юлдузин кўзинг ўткир бўлар, қаримас ҳеч қачон кўзларинг. Аммо у жуда кичкина, Катта юлдуз ёнида яшириниб туради. Камдан-кам кишига муяссар бўлади уни кўриш бахти... Сен, Иброҳим, қидириб топ. Сен кўрасан. Қарай-қарай топганман ниҳоят уни ва кўрганман Суҳони... Кейин Берунийда ўқидим Суҳо, Ноҳид ҳақида: уни «Мицар» ҳам дейишар экан. Дўстлашиб қолдим коинотнинг энг олис юлдузи билан. Коинот ичра мегаоламларга тўхтовсиз нур тезлигида учаркан Ас-Суҳо ва кейин йўқ бўлиб кетаркан, кўринмас экан Ердан... бундан чорак аср аввал бир куни ёз чоғи уни қидириб кўкдан тополмадим, ҳар куни қидирардим, тополмасдим. Балки кўзларим ўтмаслашгандир, балки аммам башорати тўғри чиққандир: энди Суҳо йўқ. Йўқолгандай худди Атлантида. Йўқолгандай худди иероглифларни яратган авлодлар. Йўқолгандай миххатлар. Йўқолгандай ацтеклар. Йўқолгандай Маҳобҳорат. Гилгамиш, Алпомишни битганлар. Йўқолгандай худди нурпараст Монийнинг оҳанграбо китоблари, рангтасвирлари... Ҳозирги инсоният авлодлари гўё ҳеч нарсани йўқотмагандай Ноҳидни кўрмай. Аммо... яна ким билсин... Ноҳидни кўрганлар қандайлару, кўрмаганлар қандай? Ақлимиз илғамас фарқли таъсирларни. Аммо коинотдан бир юлдуз йўқолади-ю ҳеч қачон Еру заминга таъсир кўрсатмайдими? Сизга бир сирни айтай: Мен Ас-Суҳони соғинаман. Соғинаман барча йўқолган юлдузларни...

VI

Оқ-оппоқ тонгларга нур бўлиб

Қўшилиб кетган,

Оқ ҳарир тонгларни доим

Оқ нур бўлиб ёритган,

Ҳаёт ёзларин файзи фуюзи

Тишрин юлдузим —

Эркин Воҳидов

Сириус-Тишрин остида

туғилган,

Сириус фарзанди

Ҳомийси Сириус ва

раҳнамоси.

Сен шеърнинг ўзисан,

Шеър сурури, шеър ғурури —

Шеърсан

Шеър каби қолдинг

Дайринг, доиранг, диёрингда,

Сени деган ва алқаган

халқинг қалбида.

 

Ким сенчалик улуғлади уни «ўзбегим» деб,

Туғрул каби ёздинг номин кўкларга.

Сомон йўли туманларида,

Мубҳам замонларда

Тилга муҳаббатни йўғирдинг.

Тенгдошинг эди

Асад Шарипов — лоларуҳ —

Китобларинг бошидан лолалар ёғдирди.

Асаднинг лолалари — сенинг шеърларинг,

Сенинг шеърларинг — Асаднинг лолалари.

Голландия, Японияда ҳам кўрмади ҳеч ким бундай лолаларни. Нега Голландияга, нега Японияга бормадинг, Асад жигарим. Нега таклифларни рад этдинг жигарим. Киши ҳам шундай камтар бўларми? Бўларми яна шундай дарвеш ғамгусор?

Нимасидир ўхшайди Эркиннинг ғазали, жонсўз қасидалари Асад Шариповнинг ўтли, кучли рангдор лолаларига. Гомология, ё раббий! Гомология! Асаднинг табассуми лолаларга ўхшарди. Сенинг шеърларинг эса бизнинг эрта очилган лолаларимиз. Унинг, уларнинг, ҳаммамизнинг лолаларимиз, лолаюзларимиз, лолақадларимиз, лоларанг ифшоларимиз. Дўстинг Рождественский бир кун айтганмиш:

«Эркин Вахидов, у Вас неслепая сила».

VII

Йўл босдик яна жаннатий Чирчиқ тепаларига. Ўтиб кетдик Парикентдан ҳам! Яна тепалар, Ва яна, яна тепалар. Бир-бирига мингашодур тепалар Бир-бирини имлашодур тепалар. Париларни излашодур тепалар. Шоирнинг кўзлари чарақлаб очилди. Паркентдан ўтдикми, а? Гули менга қуёш ботмай қайтасиз деган: Кечикиб қолсам уйга киритмайди алоҳол... Маза қилиб кулади шоир. Вой, унинг зарофатлари: заковат офатлари!

Бир баланд тепа нишабида тўхтадик. Тепа қиёсидан кимдир бизни чақирди ва югуриб келди олдимизга. Бир дам қўниб ўтинглар, фақат бир дам ғарибона капамизга... Тепа ёнбошида унинг капаси. Қайдандир қора қўчқор пайдо бўлди. Ва шоирдан сўралди изн. Аста капага кирдик. Оҳ-воҳ! Бунинг фақат номи капа экан. Ичи кенг сарой ер остига қурилган. Охири кўринмас. Бир томонда қўғайларга осилган қирқма қовунларнинг адоғи йўқ. Бир томонда бари нок, олма, беҳи; яна бошқа томони кета-кетгунча сўриларда қоғозларга ўралган олтиндай товланган узумлар; шоир бир тилимгина қирқма еди уҳ-уҳлаб, сўнг совқотди чоғи, дилдиради, лаблари пирпиради ва биз ижозат тиладик азиз мезбон-фараҳбондан. Ранг кўрди, ҳол сўрди ва базўр бера қолди ўзбекона мулойим изн. Қирқмалар хаёлимиз ўғирлади. Ва шукрона айтдик кору борига. Шинаванданинг асили экан, Меҳмондўстнинг насили экан.

Аммо қуёш улуғ тепаларга қирмиз бошини қўйди. Яна андак юрайлик, Сўнг қайтармиз, деди шоир фасиҳона жилмайиб. Апрелнинг бошида ер остидаги боғ ва оламнинг сара мева-чеваси лол қилди бизни. Болалик чоғлари уйларимиз шипларига осилган олам анорларни эслашдик. Одамнинг миришкор бўлишига нима етсин, дедим оҳиста сўз малолидан андиша қилиб. «Шошманг, шошманг... — бирдан тийрак жонланди шоир, — Миришкор, дедингизми? Миришкор... қизиқ, а? Биласизми бу нима дегани? Мен деҳқончиликнинг миридан-сиригача яхши биладиган корфармо одам, дедим ўзимча. Ҳа, балли. Аммо бу сўзнинг асли маъноси ўзгариб кетган. Ҳозир у «омилкор деҳқон» маъносида нотўғри қўлланади. Асли бу тарихий сўз адабиётларимизда учрайди. Миришкор — «овларни ташкиллаштирувчи амир» деганидир. Хон саройларида овларни ташкиллаштириш билан шуғулланадиган, уларни бошқарадиган, ов ўтадиган жойларни тайёрлайдиган махсус ходимлар бўлган, уларни «мири шикор» дейишган. Қаранг, четдан кириб, тилимизда ўзлашган сўз яна бошқа маъно савиясига эга бўлган.

Эҳ-ҳе, сўзларнинг тарихлари жуда узун. Сиз, Иброҳимжон бир куни «вақт» сўзининг тарихи ҳақида баҳлашгандингиз. «Вақт» араб тилидаги сўзларнинг кириб келиши натижасида пайдо бўлган. Аммо «вақт» сўзи кириб келмасдан илгари бу тушунчани туркий ўзбеклар нима деб атаганлар? Ана, сизга масала. Ҳар қандай детективдан қизиқроқ. Эркин ака бироз жўшиб кетдилар ва тезда чарчадилар. «Сўз латофати» борасида гурунглашиб бордик. Бирдан йўлбошловчимиз машинани тўхтатди. Бундоқ қарасак рўпарамизда буюк бир тепа, қиялаб узоқларга тушиб бораётган бир қияликда, шундоқ тоғ йўлининг чеккасида жуда ҳам баланд улкан бир дарахт юксалиб турарди. У қад ростлаб оппоқ нафис гулларга бошдан-охир бурканмиш эди. Оқ боши кўкларга тегиб турарди. Мен бунчалар шукуҳли, ерда алпона ўрнашган дарахтни кам кўрмиш эдим. Йўлбошловчи пастга тушди ва: «ўрик», деди. Мен: «Бу ўрик эмас, бодом», дедим. Эркин ака ҳам оҳиста машинадан тушдилар. «Ҳа, бу бодом», дедилар. Аммо бодоммисан-бодом! Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ига ёки бир дўстимизнинг «Ўзбегим»ига ўхшайди, дедилар, қуйиб қўйгандек ўзи! Ва хандон ташлаб кулдилар. Талабалик пайтларимизда Эркин ака дўстлари билан мутойиба қилишганларида, Саид Аҳмад, Шукрулло, Ўткир Ҳошимов билан гурунглашганларида шундай дунёни унутиб кулардилар: шундай беғубор ва бировга оғир тушмасди. Биз бир пас шу ерда, шарқда, тоғлар ортида тўқ мовий қорайиб турган Бешиктоғ чўққиларини томоша қилиб турдик. Ўмровдор. Шонли. Бешиктоғ ва ҳаёт абадийга ўхшарди. Мангу ўрозли эди инсон мулоқотлари... Бешиктоғ ва бу кўркам алп бодом қадамида гул босган ўзбекка ўхшарди. Ўзбегимга табиий шоирона рамз кўз ўнгимизда барча маконларни оғушига олмишдай эди...

VIII

Биз орқага қайтдик. Қуёш тоғлар ортига ўтиб кетди. Йўлбошловчимиз «Майли, кеннойим яна уйга киргизмай ўтирмасин, энг қисқа йўлдан олиб борай», деб йўлни ўнг томонга солди. «Канал бўйидан чиқамиз...» деди. Бир соатдан ортиқ юриб ниҳоят йўл овлоқ бир подстанция девори билан тугади. Ноилож келган йўлимизга қайтдик. Бу адашиш ҳам балки ўз маъносига эга бўлгандир. Аммо шоир толиқди ва боши қийшайиб ухлаб қолди. Алламаҳалда шаҳарга кириб бордик. Қоронғу ҳам тушди. Чироқлар ёнди.

IX

Йўлларда уйлар, ҳовлилар, баҳорги боғлардан шоир қўшиқлари кўчаларга тараларди. Навони орқалаб мангу савр шамоли эсарди. Бу мангулик олдидаги сўнгги йўл, сўнгги видо сайри эди...

Узоқ, жуда узоқ шарқий ёқлардан бутун коиноти азимга шукуҳини ёйиб Тишрин чиқиб келарди. Тишрин-Сириус Эркин Воҳидовнинг нурафшон юлдузи эди...