“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ФАЙЗЛИ УМР

ФАЙЗЛИ УМР

Мухбирлар... Қўнғироқлар...

Кетма-кет газета, журналлардан «Гулчеҳра опа, Эркин ака ҳақида бирон нарса ёзиб беринг», деган илтимослар... «Хотира ёзишга ҳали вақтлироқ шекилли, ҳеч қўлим бормаяпти», деб жавоб бераман. Чунки, ҳанузгача Эркин ака ёнимда юргандек, нафаслари сезилиб тургандек...

Уйим ўша, дастурхоним ўша, эрталаб нонушта тайёрлайман. Дастурхонда Эркин ака яхши кўриб ейдиган ўша ёнғоқ, ўша майиз, асал, илитилган тухум, дамланган чой ва ширчой. Кийимилгичларга ҳанузгача осилиб турган енгил кийимлар… йиғиштиришга қўлим бормайди. «Гулим, ҳаммаси етарли, ўзингиз ёнимга келиб ўтиринг», деган таклифни кутаяпти бу юрак. «Хўп», дейману бир ён бўшлиқ жойга маъюс ўтираман. Томоғимга қаттиқ бир нарса тиқилади. Болаларимдан кўзёшларимни яшираман. Қани у инсон, уйимнинг фариштаси, файзи, кўрки ҳали-ҳануз ишдан келиб қоладигандек интизорлик билан кутиб олмоқчи бўлган суянчиғим тўғрисида қандоқ қилиб хотира ёзай...

Суйган одаминг билан яшашдек фароғатли дам бўлмаса керак. Ярим асрдан зиёд бирга яшадик. Турмушнинг ҳамма синовларини кўрдик. Ёмонидан яхшиси кўп бўлди. Янги нарса ёзиладиган бўлса, бир-биримиздан сал узоқроқ юрардик. Бир шеърда «мени тинч қўйинг, дўстларим», деган сатр бор. Шу гап менга тегишли, деб ўйлардим. Бир оғиз сўзни бир ҳафталаб айтолмай, пайт пойлардим. Янги асар туғилгач, мен ҳазил аралаш «Ассалому алайкум, янги фарзанд муборак» деб бир-биримизни табриклаб, узоқ вақт кўришмаган кишилардек қучоқлашиб олардик. «Аввал шеърни сизга ўқиб берай, кейин ўртоқларимга ўқиб бераман», деб дўстлар даврасига шошилардилар. «Онажониси, кечки овқатни тузукроқ қилсангиз, ўртоқларим билан бирга келаман», дердилар.

80- йилларнинг боши. Менинг оёқ-қўлим оғриб, шу касалга даво бўладиган шифобахш суви бор «Ховос» деган жойга кичкина қизимни олиб, машинани ўзлари ҳайдаб кетди. Табиати чиройли, оддий бир санаторий. Шароити ҳам ўртача. Бизга 2 хонали уй ажратишди. Мен даволанадиган бўлдим. Эркин ака ижод қиладиган бўладилар. Нонуштадан сўнг дафтар-қаламни олиб тепаликларга чиқиб кетдилар. Атрофни узоқ кузатадилар. Бир ён қир, бир ён кўм-кўк ўтлоқ, узоқларда қўй-қўзилар маърашади. Ўзларига маъқул келган жойга ўрнашиб нималардир ёзадилар. Мен бундай ҳолатларга ўрганиб қолганман. Атрофимга жуда оддий, содда одамлар айланишиб юришади, биз гўё Эркин ака билан уришиб қолганмизу улар яраштириб қўйишни маслаҳатлашишибди. «Келин, шоир билан уришиб қолдингларми? Биз хавотирдамиз. Бир неча кундан бери у киши ёлғиз қирга чиқиб кетадилар. Сиз бир ўзингиз бу ерда қоласиз», дейишди. Мен кулиб юбордим. «Сизлар тўғри тушунинглар, у киши шоир, шеър ёзгиси келса, кенгликларга, табиат қўйнига ошиқадилар, улардан илҳом оладилар. Бундай пайтда ҳеч ким уларга халал бермаслиги керак, шундагина янги асар дунёга келади», деб обдон тушунтирдим. Кечки пайт қирдан кайфиятлари чоғ қайтиб келиб, дам олувчиларга «Сизларга янги шеър ўқиб бераман» деб шеърни ўқиб кетдилар. Одамлар бироз енгил тортиб, «Э Худога шукр, янгамизни ёлғизлатиб, ўзингиз аразлаб юрибсиз» деб ўйлабмиз» дейишди. Ўртада бир ҳазил-мутойиба бўлиб кулиб ҳам олишди.

Ижод, бу — машаққат. Уни ижодкор билан яшаган одам билади. Оғир машаққатнинг роҳати кейин билинади. «Сабр таги сариқ олтин» деганлари ҳақ гап. Уйқусиз кечаларнинг роҳати ҳам бўларкан. Биз бахт-ли яшадик. Эркин ака мамлакатимиз томонидан энг юксак унвонларга сазовор бўлдилар. Орденлар, медаллар, «Халқ ёзувчиси», «Буюк хизматлари учун» ордени, «Ўзбекистон қаҳрамони» каби энг олий мукофотларга лойиқ бўлдилар. Шундай инсон билан ёнма-ён яшаганимдан, тақдиримдан мингдан-минг розиман. Оллоҳ у кишини ўз раҳматига олган бўлсин.

 

Гулчеҳра ВОҲИДОВА