“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЧЕХИЯЛИК НЕМИСЗАБОН ЯҲУДИЙ

Ярослав ШИРО,

Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги

Фавқулодда ва Мухтор элчиси

 

ЧЕХИЯЛИК НЕМИСЗАБОН ЯҲУДИЙ

Франц Кафка герман тилларида романлар ёзувчи етакчи ёзувчилардан бири, ХХ асрнинг қисқа ҳикоялар муаллифи ва таниқли носирлардан бири эди. Кафканинг ёзиш услуби ғоят ғаройиблигини эътироф этмоқ жоиз. Асарларининг аксарияти тугалланмаган. Ёзувчи ёзганларини чоп этишни истамаган. Шу сабаб асарлари ёзувчининг ўлимидан кейин эълон қилинган. Франц Кафка экзистенциал ва абсурд адабиётининг маъбуди ҳисобланади. Унинг ижодида яккаланиш, одамзодни жамиятга бегоналаштириш, мустабид зулмга қарши исён руҳи устувор.

"Эврилиш" («Die Verwand-lung») романидаги Замза ва "Жараён" («Der Prozess») асаридаги Йозеф К. сингари моҳирлик билан яратилган қаҳрамонлар Кафкага шуҳрат олиб келди. Бу китобларида муаллиф индивидуум, яъни одамни муҳитдан, жамиятдан ва ўзидан бегоналаштириш ғоясини ўрганади.

Франц Кафка ўрта табақанинг юқори қатламига мансуб бўлган немисзабон яҳудий оиласининг тўнғичи эди. У 1883 йил 3 июлда Прагада, Богемияда (Чехия) дунёга келган. Мазкур қироллик Австрия-Венгрия империясининг бир қисми эди. Кафка немисчани она тили, деб ҳисобларди. Бу одамни ҳайратга солади. Чехияда туғилган яҳудийнинг шахси немис маданиятига ғоят яқин эди, бироқ у чех тилида ҳам эркин сўзлаша оларди. Кейинроқ Кафка француз тили ва маданияти билан танишди. Флобер унинг суюкли муаллифларидан бири эди, десак янглишмаган бўламиз. Яна бир қизиқ жиҳати шундаки, яҳудий миллатига мансуб ёзувчи ўз тилида сўзлашишни ўринлатолмасди. 1920 йилда у Милена Есенскаяга ёзган мактубларидан бирида: "Мен ҳеч қачон немислар орасида яшамаганман. Она тилим, бу — немис тили, бироқ чех тили юрагимга яқин", дея эътироф этганди. Кафканинг барча асарлари немис тилида ёзилган. Милена Есенскаяга битилган мактубгина бундан мустаснодир. Бу номаларнинг ҳаммаси чех тилидадир.

Кафканинг бутун ҳаёти Прага билан боғлиқ бўлди, оиласи бу шаҳарда яшаш жойини 14 марта ўзгартирди. Ёзувчи ҳаётининг муайян қисмини Чехия, Словакия, Австрия, Германия ва Швейцариянинг санаторийлари ва курортларида ҳамда Италиянинг Рива-дель-Гардида ўтказди. Франц Кафка қуйи Австриядаги Кёрлингдаги санаторийда сил касалидан вафот этди. Истеъдодли ёзувчи Праганинг Жижков деган даҳасида яҳудийларнинг янги қабристонида, ота-онасининг қабри ёнига дафн этилди.

Кафканинг ҳаёти ва ижодида уч омил муҳим аҳамиятга эга: оиласи, соғлиғи ва Австрия-Венгрия империясининг сўнгги йиллардаги ижтимоий шароитлар.

Кафканинг оиласида фожиали воқеа юз берди. Унинг икки укаси: Жорж ва Гейнрих 6 ёшда тўсатдан вафот этди. Оқибат Кафка оилада уч нафар қиз фарзанднинг орасида ёлғиз ўғилга айланди (қизларларнинг ҳаммаси канцентрацион лагерларда ёки поляк геттоларида ўлим топдилар).

Ёзувчининг ота-онаси билан муносабати кўнгилдагидек эмасди. Онаси Жули немис урф-одатларини қабул қилган чех-яҳудий оиласига мансуб аёл эди. Уй-рўзғор юмушларига шўнғиган онанинг Кафкадаги ёзувчилик қобилиятини кўришга заковати етмасди. Отаси Германн оила тизгини ўз қўлига олган, ўта қаттиққўл одам эди. Германн ва Франц орасида ер билан осмонча фарқ бўлиб, бу тафовутлар уларни бир-бирига яқинлаштиришга қўймасди. Ота ўғлининг ижодий қобилиятига деярли эътибор бермасди. Кафка ўзининг романларида ҳукмронлик қиладиган руҳий изтироб юзага келишига асосий сабаб отаси билан мураккаб муносабатлари эканлигига ишонади.

Кафканинг аёллар билан муносабати ҳам рисоладагидек эмасди. Шунга қарамай, унда бу борада тажриба бор эди. Тўғри, у ёмон одатларга ружу қўймади, бироқ оламдан сўққабош ўтди. Танишларининг сўзларига қараганда, Франц жуда ғаройиб дўст эди.

У сил касалига чалинишдан аввал соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келди. Кафка бош оғриғи, чипқон, депрессия, бетоқатлик ва уйқусизликдан азоб чекарди.

Ёзувчининг тарихдаги ўрни ва ижтимоий мақоми ҳақида тўхталсак, у ўзини-ўзи қийнаб яшаган ёзувчилардан эди. Уч номутаносиб маданияту менталитетга мансублик, эҳтимол, уни жамиятдан ажратиб тургандир. Немис маданиятига мансуб чех тупроғида яшаган яҳудий. Унинг асарларида экзистенциал саволлар кўп эди. Бюрократик жамият, бундан келиб чиққан ҳолда жамиятдан бегоналик туйғуси танқид қилинарди. Бу эса ўша пайтдаги Прагадаги вазиятни акс эттирарди. Шаҳар уч қисмга: немис, чех ва яҳудийлар яшайдиган ҳудудларга бўлинганди.

Немис танқидчиси Вилли Гаас шу муносабат билан бундай деган: "1880 йилдан 1890 йилгача Прага ташқарисида туғилган кимдир у аслида ким эканлигини умуман тушуниши мумкинлигини тушунмайман".

Кафканинг асарлари фақат ўлимидан кейин эътиборни жалб этди. У ҳаёт пайтида бир неча кичик ҳикояларни эълон қилди, холос. Романларидан ҳеч бирини охиригача тамомламади. Қисқа роман деб ҳисобланувчи "Эврилиш" бундан мустасно. Асарлари қай бир даражада унинг учун терапия эди, деб ҳисобланади, шу сабабли улар алоҳида аҳамиятга эга. Ўлими олдидан Кафка ўз дўстларига ва Макс Бродга қуйидагиларни ёзган эди:

"Қадрли Макс, сенга сўнгги илтимосим бор. Вафотимдан кейин қолдирадиган кундаликлар, қўлёзмалар, мактублар (ўз мактубларим ва менга ёзилган мактублар), қораламалар ва ҳоказолар ўқилмасдан ёқилиши керак". Брод Кафканинг истеъдодига тан берарди. Шу сабаб унинг истагини адо этмади. Кафканинг асарлари жаҳон китобхонларининг эътиборини жалб этди ва танқидлар тўлқинини юзага келтирди.

Бу ҳақиқат эди, чунки Кафканинг асарларини ўқиш ва маъносини тушуниш унчалик ҳам осон эмас.

Жозеф Эпштейн "Биз Франц Кафкани қайта баҳолаймизми? " деб номланган мақоласида бундай деб ёзган эди:

"Эдмунд Уэлсон Маркиз де Саднинг асарини нонушта пайтида ўқий олмаган ягона китоб сифатида тилган олганди. Кафканинг романлари ҳам нонушта пайти мутолаа қилинадиган ижод намуналари эмас. Асарда қийноқлар, жароҳатларни тасвирлаш, йўналишнинг йўқолиши, садомазохизм саҳналари, тушунтириб бўлмайдиган ёвузлик, кемирувчилар, қўнғизлар, йиртқич қушларнинг пайдо бўлиши ва абсурд мавжудотларнинг намоён бўлиши — буларнинг барчаси мутлақо ишончсизлик фонида. Бу яхшиликдан далолат бермаслиги аниқ. Яна шуни ҳам эътироф этмоқликни жоиз топдим, Кафканинг асарлари уйқудан олдин ўқиладиган китоблар эмаслиги аниқ. Уйқусизлик, иштаҳасизлик, қатъиятсизлик, қўрқоқлик, тушкунликдан азият чекиб яшаган Франц Кафка ўз асабийлигини санъатга кўчирибди ва уни бағоят маҳорат билан тасвирлабди". Иқтибос тамом.

Кафканинг дўстларидан бири "Кафка энг юқори даражада ўзини-ўзи ейдиган homo sapiens инсон эди", деб эътироф этган эди.

Франц Кафканинг ҳаётини тасвирловчи энг яхши муаллифлардан бири ҳисобланувчи Луис Бегли Кафканинг таржимаи ҳолига бағишланган "Хаёлимдаги даҳшатли дунё" асарида Кафка одамларнинг ҳолати тўғрисида ҳикоя қилади, дейди. Бошқа бир танқидчи Фридлендер Кафканинг тасаввурига кўра, ҳақиқатга эришиб бўлмайди ва балки у, ҳатто мавжуд эмас".

Кафканинг асарларини фақат ўқиш, баҳолаш, маъносини тушунмагунча яна ўқиш зарур. Лекин шунга қарамай, кўпчиликнинг фикрича, Франц Кафка замонавий ёзувчи ҳисобланади, у оламни замонавий тарзда идрок этган Жойс, Пикассо, Стравинский, Малларме ва бошқа буюклар билан бир сафдан ўрин эгаллайди.

Франц Кафканинг «Das Urteil» («Ҳукм») китоби ўзбек тилига таржима қилинганлиги муносабати билан жаноб Саидовни ва китоб таржимаси эълон қилинганлиги муносабати билан «DAVR PRESS» нашриёт-матбаа уйини табриклашга ижозат бергайсиз. Бу осон иш бўлмаган, албатта.

Барча китобхонларга китобни мароқ билан ўқишни тилайман, чунки ушбу асарда фикрлашга ундайдиган хамиртуруш мавжуд.