“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЕЛКАДАГИ ЮК

Нурали ҚОБУЛ

ЕЛКАДАГИ ЮК

Ҳикоя

Оиламиз илк баҳорданоқ Мойлиқўтоннинг кунботиш томонига ўтов тикиб, кўчиб чиқар, мен ҳам ёзги каникулни шу ерда ўтказардим. Дастлаб қишлоқда болалар билан тўда-тўда бўлиб ўйнаганларимни қўмсасам-да, бора-бора ёлғизликка кўникиб кетардим. Сурувимиз қўтон атрофидаги кўм-кўк арчалар билан қопланган бўлиқ яйловда ёйилиб юрарди. Тушга яқин эса сойдан сув ичиб чиққан қўй-эчкилар қўтонни қоралаб соялашади. Сурувни ёйиб юрадиган Абдумалик чўпон эса уззукун отамга кўринмай арчанинг соясида ухлайди.

– Қўйларни бўлиқ тоғ яйловларида боқиш ҳузурижон! – деди у бир куни кафтини тўлдириб тилининг тагига нос ташлар экан. – Сурув қимир этмай ўтлайди. Фақат шохинг пичоққа даста бўлгур эчкилар чўққига чиқиб кетиб, бир оз овора қилади-да! Ўзи кетганиям майли, сурувни ҳам эргаштириб кетади, лаънатилар! Отангга, шу эчкиларни сотиб юборинг, деб айтавериб, силлам қуриди!

– Тўртта эчкини чўққидан ҳайдаб тушишдан бошқа ишингиз йўқ-ку? Тағин шунга ҳам норозимисиз! – дедим унинг гапларига қўшилмай.

– Сен бола ҳам отангга ўхшаб жуда пухтамисан дейман-а? Мени шундан бошқа ишим борми-йўқми, қаердан била қолдинг?

– Эчкилар бўлмаса сурув юрмайди-ку? – дедим жаҳлим чиқиб. – Буни ўзингиз ҳам биласиз-ку?

– Вой-бў-ў! Аччиғинг бурнингни учида турадими дейман-а? Гапинг тўғри, икки-учта серка бўлмаса сурув силжимайди, – деди у ноҳақлигини тан олиб.

Иккаламизнинг орамизда бундай тортишувлар тез-тез бўлиб турарди. Тўғрими-нотўғрими, доимо ўзининг гапини маъқуллатишга уринар, нима десанг тескарисини айтиб тураверади. Шунинг учун гаплашсам-да, негадир уни ёқтирмайман. Сурувни ёмон боқишига отам йўл қўймасди-ю, лекин унинг тоғ жониворларига ўтказадиган зулми мени азобга соларди. У сурувга хавф соладиган бўриларни қўрқитаман, деб ялиниб-ёлвориб дадамдан ҳар куни икки-уч донадан ўқ олар ва бу ўқлар билан каклик отарди.

У каклик отишини менга ҳечам билдирмасди. Сезиб қолдимми, учириб юбораман. Шунинг учун ҳам у сурувни эрталаб, мен ўрнимдан туриб улгурмасимдан Ойқорнинг айиқлар энг кўп яшайдиган жойи – Қизилтошга ҳайдаб кетарди. Кечқурун сурувни ҳайдаб тушгандан сўнг, отамнинг: «Бугун сурувни қаерда ёйдинг?» деган саволига у кўзини лўқ қилиб, «Кўкқўтонда» ёки «Моҳидарада», деб жавоб берарди.

Кўпинча унинг сирини мен очиб қўяман. Шунинг учун иложи борича мени яқинига йўлатмайди. «Сен маҳмадона болани бир кун кўзингга кўрсатиб қўяман», дейди у шундай пайтларда отамга эшиттирмай, менга муштини кўрсатиб. Мен эса унинг гапини эшитмаганга олиб, индамай кетавераман. Бу эса унга баттар алам қиларди.

Мен Абдумаликнинг барча кирдикорларидан хабардор бўлсам-да, заҳил юзли, ҳеч ким билан очилиб гаплашмайдиган Ғаффор овчи билан бирга қиладиган хуфя ишларини – қанча уринмайин – билолмасдим. Абдумаликнинг ўзи милтиқни ҳечам нишонга аниқ отолмас, отамдан олган ўқларини ҳам Ғаффор овчига берарди. У эса битта сочма билан бир йўла беш-олтита каклик отарди. Шундай пайт­ларда негадир менинг йиғлагим, одамлардан нажот сўраб қичқиргим келади.

Бир кун кутилмаганда Абдумаликнинг ўзи менга Ғаффор овчи ҳақида гап очиб қолди. Унинг айтишича, агар Ғаффор истаса какликнинг кўзидан отармиш. Абдумаликни ҳам ўзидай мерган овчи қилиб ўргатаётганмиш. Айиқ, тулки ва бошқа ҳайвонларнинг терисини сотиб, катта даромад қилармиш! Ўпка касалдан тузалмай ётган кишиларга айиқ­ни отиб, ўтини олиб берса истаганича пул оларкан. Айиқнинг териси шаҳарда фалон пул турармиш...

Шунда бирдан отамнинг: «Негадир Ойқорда айиқлар камайиб кетди-да! Илгари Қизилтош тўла айиқ бўларди. Икки-уч марта кузатдим, бир-иккита айиқ кўринди, холос», дея ташвишланганлари ёдимга тушди. Бунинг ҳаммаси Ғаффор овчи билан Абдумаликнинг иши эканлигига энди шубҳам йўқ эди. Ҳаммасини отамга айтаман!

– Сен жойингда жилмай ўтириб тур! Мен ҳозир келаман! – деди Абдумалик қалин арчазорга кириб кетаркан.

Унга сездирмай орқасидан эмакладим. У каттакон арчанинг остини кавлай бошлади. Шақирлатиб, нималарнидир олди-да, изига қайтди. Мен жо­йимга кайтиб келиб, ҳеч нимани сезмагандай ўтиравердим. У apoқ билан балиқ консервасини кўтариб келди.

– Жуда сиқилиб кетдим, оғайни. Оз-моз томоқни ҳўлламасам, хуморим ёзилмайдиганга ўхшайди, – деди у ароқни оғзини очар экан. – Э-э, айтгандай, пиёла йўғ-у, нима билан ичамиз? Ҳечқиси йўқ, шишаси билан ичаверамиз.

У бир кўтаришда шишанинг ярмидан кўпроғини бўшатди. Сўнг арчанинг бир тутам шохини юлиб олиб, искади-да, консерва банкасини очишга киришди.

– Қани, шишани ол-чи, оғайни, эркак бўлгандан кейин еб-ичишни ўрганиш керак! – деди у менга ўнг кўзини қисиб қўяркан.

– Йўқ, ичмайман, – дедим ундан қанчалик ҳазар қилсам-да, қаҳримни яшириб.

– Ҳей, гўдак бола! Ҳали буни ичиб, кайфини сурмагансан-да! Катта бўлсанг билиб қоларсан! – деди у дағал бармоқларини консерва банкасига тиқар экан.

Сўнг бир кўтаришда ароқнинг қолганини ҳам ичиб юборди. Устидан оч­кўзларча консервадан еди-да, «Ол», дегандай банкани менинг олдимга суриб қўйди.

– Қорним тўқ, – дедим унинг хатти-ҳаракатлари ғашимга тегиб.

– Бугун Ғаффор келиши керак. Маслаҳатли иш бор эди. Айтсам, ҳеч кимга айтмайсанми? – деди у кайфдан кўзлари қисилиб, тутила-тутила.

– Йўқ! – дедим жиддий.

– Нон урсин, де! – деди у юзи тунд­лашиб.

– Қасам ичмайман! Айтмасангиз айт­манг! – дедим бепарво.

– Майли, айтаман! Лекин ҳеч кимга айтмагин! – деди у тайинлаб.

– Xўп! – дедим астойдил уни ишонтириш учун.

– Кеча Қизилтошда болалаган айиқнинг инини кўрдим. Она айиқ иккита боласи билан яшар экан. Яқинига борсам ҳам қимир этмади. Биттасига териси, бир кишига ўти керак экан. Айиқ­ни топиб берганим учун менга келишилганини берса бўлди. Қолгани билан ишим йўқ. Бугун шуни келишиб олишимиз керак! – деди у мақтаниб.

 Унинг гапларини эшитиб, аъзойи баданим музлаб кетди. Кўз олдимдан онасиз қолган икки айиқча кетмасди.

– Айиқларни отмаслик керак. Отамнинг айтишларича, Ойқорда айиқлар камайиб кетибди, – дедим унга нима дейишимни билмай.

– Ҳе-е! Сен ҳам қизиқ бола экансан-ку! Битта айиқ билан Ойқорда айиқ­лар кўпайиб ёки камайиб қолармиди! – деди у узоқдан кўринган эшакли одамни қўлини пешонасига соябон қилиб кузатаркан. – Ана, келяпти! Ғаффорнинг ўзи! Бор ишингга, оғайни, лекин бирор кишига бу ҳақда гуллаб қўйма! Meн қўйларни тўплашим керак!

У шундай деди-ю, менга қарамасдан ҳам лўкиллаб сойга тушиб кетди. Мен серрайганча жойимда туриб қолдим. Кўзимга Ойқор ҳеч бир мавжудотсиз ва дов-дарахтсиз, тап-тақир бўлиб қолгандай эди. Мен энди Ғаффор овчи билан Абдумаликнинг гапини эшитишга аҳд қилган эдим. Арчаларни паналаб, уларнинг хатти-ҳаракатларини кузата бошладим. Ниҳоят, улар ҳазил-мутойиба билан туртишиб кўришди-да, қияликдаги булоқ бўйига ёнбошлашди. Мен уларнинг гаплари эшитиладиган жойгача эмаклаб бордим.

– Омадинг бор экан, Ғаффор! Куни-кеча зўрини кўрдим. Шунақа каттакон она айиқки, ўзиям ўти иккита бўлса керак! Иккита боласиям бор! – деди ҳовлиқиб Абдумалик.

– Қўйсанг-чи, ёлғонингни. Ҳеч қандай ҳайвоннинг ўти иккита бўлмайди! – деди Ғаффор уни жеркиб.

– Тезроқ отиш керак! Бўлмаса ҳадемай болалари катта бўлиб, тоғнинг юқори қисмига кетиб қолишади. Агар ўзини отолмасак, болаларини отиб оламиз.

– Болаларининг териси кичкина бўлади. Унга оз тўлашади. Онасини отишнинг иложи бўлмаса нима қиламиз, отамиз-да!

– Онаси овга кетса керак, болалари доимо инининг оғзида ўйнаб ётишади.

– Қитмир хўжайининг ўқ бермаяптими? – сўради Ғаффор отамни назарда тутиб.

– Э-э, бу хасисдан иккита ўқ ундириш ўлим билан баробар. Бир тирмизак ўғли бор. Доимо орқамдан соядек эргашиб юради. Ҳозир ҳам зўрға қутулдим. Отасига: «Абдумалик берган ўқларингиз билан какликларни отяпти», дегандан бери умуман ўқ бермай қўйди. Хайрият, тоғу тошлардаги ҳайвон ва паррандаларга бош чўпон эмас. Бўлмаса сен билан мени отишдан ҳам қайтмайди.

– Гапни кўпайтирма. Ҳозир қанча ўқ бор сенда?

– Яшириб қўйган ўқлардан фақат иккита қолган.

– Етади. Менда ҳам тўртта ўқ бор. Олтита ўқ билан олтита айиқ отиш мумкин. Ҳозир Қизилтошда сурув борми?

– Бор-да.

– Кимники?

– Абдунаби чўпонники.

– Жуда майдагап, етти қайтган одам. Айиқ отганингни билиб қолса жала ерга жар солади.

– Нима, бугун отмаймизми?

– Бўлмайди. Эртага тонг ёришмасдан ишни бошлаймиз. Мен кечаси қайтиб келаман. Қизилтошга ҳеч бир сурув етиб бормасдан ишни битириш керак. Мана бу сенга, хамир учидан патир, – деди Ғаффор овчи чўнтагидан пул чиқариб, Абдумаликка узатар экан. – Қўйни кечаси Қизилтошнинг этагига ташлаб, ўзинг чиқиб борасан. Иложи бўлса итларни эргаштирма.

– Гап битта. Итнинг ҳечам кераги йўқ. Айиқларни чўчитиб юборади.

– Режа бундай бўлмаса. Сен сойнинг кунчиқиш томонидан юқорига қараб юрасан. Мен айиқнинг ини жойлашган кунботиш томонидан ўрлайман. Кўринса, тамом, тинчитаман. Агар айиқ мен учун отиш жуда ноқулай жойда турган бўлса, қаршидан келиб сен отасан. Мабодо, сен томонга ўтиб кетса, мен отаман. Шундай қилсак, ҳеч қаёққа қочиб қутулолмайди. Инига кириб кетса чиқишини пойлаймиз.

– Ини чуқур эмас. Инга қараб ўқ узилса бас, сўзсиз айиққа тегади. Сўнг инини кавлаб, судраб олиб чиқсак ҳам бўлади.

– Бу ёғини ўшанда келишамиз. Мени зарур ишим бор. Ҳозироқ қайтишим керак.

Уларнинг гаплари мени шу қадар ташвишга солдики, кимдир ҳиқилдоғимдан бўғиб, елкамга каттакон харсангни бостириб қўйгандек эди. Бу харсангни ирғитиб ташлаш мумкин эмасдек эди, назаримда.

Ғаффор овчи Абдумалик чўпон билан ўғринча хайрлашиб, эшагини халалаганича сойга тушиб кетди. Абдумалик эса ўзича мамнун хиргойи қилиб, адир ёқалаб сурув томон кетди. Мен турган жойимда қотиб қолдим. Назаримда, бу икки турқи совуқ кимса эрта-индин Ойқop тоғидаги барча жониворларни отиб тугатадигандек эди. Мен уларга қарши қандай курашишни ўйлардим. Беихтиёр хаёлимга келган фикрдан қувониб, сакраб ўрнимдан туриб кетдим. Излаб Абдумалик кавлаган ерни топдим. Чуқурда бир неча ароқ шишаси, консерва банкалари ва латтага ўралган бир даста пул билан бирга иккита патрон ҳам бор эди. Иккита ўқни олдим-да, чуқурчани ўзидек қилиб кўмиб қўйдим. Патронларни эса бор кучим билан кўпириб оқаётган сойга улоқтирдим. Назаримда, айиқларни ўлимдан қутқариб қолгандек, ўзимни енгил ҳис этдим. Лекин кечаси бўладиган ташвишли воқеа менга тинчлик бермасди...

...Кечаси узок тўлғаниб, ухлаб қолганимни биламан. Тонг ёришмасданоқ кимнингдир ўкириб йиғлаганидан чўчиб уй­ғондим. Абдумалик ўтовимизнинг ёғочларига бошини уриб, ўкириб йиғларди.

– Во-о-й до-о-од! Шўрим қуриди-и! Куним битди-и! Энди нима қилама-а-ан? Ўзи айиқ топиб берасан, деб мени ҳоли-жонимга қўймаганди-и! – дерди у йиғи аралаш.

Мен бир зум ҳангу манг бўлиб қолдим. Сўнг ҳаммасига тушундим. Абдумалик айиқ деб ўйлаб, чакмонига ўралиб ётган Ғаффор овчини отиб қўйибди...

– Қилғилиқни қилиб қўйиб, энди нега бўкирасан, эшшак! – дея ўшқирарди отам. – Сенларга буям камлик қилади. Икковингни бирга Қаршиучган чўққисидан ташлаб ўлдириш керак эди! Тур ўрнингдан, жасадни бирор жондор судраб кетса, кариндошларидан бир умр балога қолиб кетасан! Юр, қани тезроқ борайлик ўша ерга!

Отам қўшни отарларнинг уч-тўртта чўпонлари билан Қизилтошга қараб кетди. Ҳўнграганича Абдумалик ҳам эргашди. Уларни қоралаб, мен ҳам йўлга тушдим. Чўпонлардан кимдир хабар қилиш учун отда қишлоққа тушиб кетди.

Абдумалик ҳўнграганича одамларни воқеа содир бўлган жойга олиб келди. Қорамтир сарғиш чакмонига ўралиб, арчанинг тагида ғужанак бўлиб ётган Ғаффор узоқдан ухлаётган айиққа ўхшаб кўринаркан. Чакмоннинг икки енги эса айиқ болаларига ўхшарди... Кишилар бир-бирларига тикилишиб, туриб қолишди. Ўқ унинг елкаси ва бошининг орқа томонини ўпириб кетган эди. Менинг унга қайтиб қарашга юрагим бетламади. Абдумалик эса харсангга ўтириб олиб, ҳамон ҳўнграб йиғларди. Менимча, у умрида биринчи марта нишонни аниқ мўлжалга олган эди... Қояда эса она айиқ ва унинг дўмбоққина болалари мўлтирашиб бизга қараб туришарди...

– Тоғда у отмаган жондор қолмаган эди, – деди чўпонлардан бири.

– Эсини танигандан бери ҳеч қаерда ишламай, овчилик қиларди.

– Шунча бегуноҳ жониворнинг хуни тинч қўяди, дейсанми?..

– Иккисининг ҳам касофати ўзига уриб, ўзлари билан кетадиган бўлди.

Шу пайт узоқ қишлоқдан келаётган кишилар тўдаси кўринди.

– Панароқ жойга бориб тур! Ғаффорнинг қариндошлари сениям уриб ўлдиришади! – деди чўпонлардан бири Абдумаликка.

Аммо Абдумалик яшириниб улгуролмади. Қишлоқдан етиб келган кишилар уни тутиб олиб, қизил қонга беланиб, ҳушидан кетгунга қадар дўппослашди. Чўпонлар ажратиб олишмаганда ўлдиришарди. Мен ҳаммасини совуққина кузатиб турардим.

...Кечга яқин милиционерлар дабдаласи чиққан Абдумаликни олиб кетишди... У кетиб, сурувимиз чўлиқсиз қолди. Лекин энди ҳеч ким тоғдаги ҳайвонларга озор бермасди. Шуни ўйлаб елкамдаги юк енгиллашгандай эди.

1977