“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ТУШ ПАЙТИДАГИ ОРОЛ

Хулио КОРТАСАР, 
аргентиналик ёзувчи
 
ТУШ ПАЙТИДАГИ ОРОЛ
Ҳикоя
 
Марини оролни илк бор самолёт қуйруғининг чап тарафидаги курсилар узра энгашиб, патнисдаги нонушталарни қўйиш учун пластмасса столчани ўрнатаётган маҳал кўриб қолди. Саёҳатга чиққан америкалик аёллардан бири боятдан бери йўловчиларнинг талабларига биноан кимга журнал, кимга виски келтириб бераётганида ҳадеб унга қарайвериб эътиборини жалб қилаётган эди. Столчани ўрнатиб бўлгач, Марини одатига биноан ортиқча иштиёқсиз ўша аёлнинг маъноли қарашларига жавоб қилсаммикин, деб турганида лоп этиб иллюминаторнинг ҳаворанг чўзиқ ойнасидан орол ҳудуди, зар тасмадек чўзилиб кетган соҳил, қорамтир ясси тоғларга туташ баланд-паст тепаликлар қалқиб кўринди. Марини қийшайиб қолган, ичидаги пивоси тўкилай деяётган қадаҳни тўғрилаб қўйди-да, йўловчи аёлга жилмайди. “Греция ороллари”, – деди. «Оh, yes, Greece», – деди бунга жавобан ўзини қизиқаётганга солиб америкалик аёл. Шу пайт жиринг этган товуш эшитилди-ю, Марини қаддини ростлади ва лабларидан ишининг тақозосига кўра, одат тусига кириб қолган ўша ним табассум аримай помидор шарбати сўраётган суриялик эр-хотин ёнига ўтди. Шарбат баҳона бир неча лаҳза хизмат вазифасидан алаҳсиб яна пастга қаради. Эгей денгизининг кўм-кўк сувлари қирғоқларини ювиб турган орол хийлагина кичик бўлиб, гир айлана оппоқ гардиш билан ўраб қўйилгандек кўринар, бу денгиз ичра қад ростлаган қоятошларга урилаётган тўлқинлардан ҳосил бўлган кўпиклар эди. Бўм-бўш қумлоқ соҳил Шимол ва Ғарб томонга чўзилиб кетган, соҳилнинг катта қисмини эса то денгиз ёқасига қадар қоялар эгаллаганди. Серқоя ва хилват орол. Дарвоқе, оролнинг шимол қисмидаги соҳил яқинида қорайиб кўринаётган доғлар хароба уйлар бўлса, эҳтимол. Марини помидор шарбати солинган банкани очишга киришди. У бошини кўтарганида иллюминатор ойнасида кўринаётган орол ғойиб бўлган, уфққа қадар ясланган поёнсиз мовий денгиз кўзга чалинарди, холос. У беихтиёр соатга қаради, вақт қоқ туш пайтини кўрсатарди.
Марини ўзини Рим-Теҳрон йўналишига ўтказишганидан ич-ичида севинаётганди. Бу йўналишда парвоз қилиш, шимолий мамлакатларга учиб боришдек зерикарли ва одамни диққинафас қилиб юбормас, стюардесса қизлар эса Шарққа саёҳат қилиш ёки Италия билан яқиндан танишиш имконияти пайдо бўлганидан бахтиёрдек кўринарди. Тўрт кундан кейин қошиқчасини йўқотиб, ҳадеганда қўл урилмаган ширинликни кўрсатиб, хархаша қилаётган болакайни овутаётганда у яна оролнинг бир чеккасини кўриб қолди. Тўғри, тунов кунги вақт¬дан саккиз дақиқа фарқ қиларди, бироқ у самолёт қуйруғидаги иллюминатордан қараганда ҳеч қандай шубҳа-гумонларга ўрин қолмади. Ушбу оролнинг шаклини адаштириб юбориш мумкин эмасди: у сув остидан панжаларини чиқариб турган тошбақага ўхшаб кетарди. Марини то чақириб қолишмагунча оролдан кўз узмай тураверди. У энди анави қорамтир доғлар уйчалар эканига тўла ишонч ҳосил қилди. У соҳилга довур тақалган уйларнинг девори, томлари ва ҳовлиларини кўришга муваффақ бўлди. Байрутга қўнишганида у шеригидан дунё харитасини олиб, унинг бор-йўғи Хорос ороли эканини аниқлади. Табиатан беғам, дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган француз радиотелеграфисти унинг бу даражада қизиқаётганини кўриб ажабланди. “Оролларнинг ҳаммаси бир хил. Мен икки йилдан бери шу йўналишда учаман, бирон марта қизиқмабман ҳам. Кейинги сафар уни менга бир кўрсатинг-чи...”
Бу Хорос эмас, балки ҳали-ҳануз сайёҳлар эътиборидан четда қолаётган Ксирос ороли эди. “Беш йилга бормайди, мана кўрасан, – деди таниш стюардесса аёл Римда овқатланиб ўтиришганда. – Агар ўша ерга боргинг келаётган бўлса, тезроқ отингни қамчила. Сайёҳлар галаси истаган пайтда мўр-малахдай бостириб келади. Жонжис Кук кутиб ўтирмайди”. Бироқ Марини орол ҳақида орзу қилишини қўймасди, вақтида эсига тушиб қолса ёки самолёт орол устидан учиб ўтаётганда иллюминаторга яқин жойда бўлса, то кўздан ғойиб бўлгунча томоша қилишини қўймас ва деярли ҳар сафар елка қисиб қўярди. Булар аҳамиятсиз икир-чикирлар эди. Ҳафтасига уч марта қоқ пешинда Ксирос тепасидан учиб ўтиш, ҳафтасига уч марта қоқ пешинда Ксирос устидан учиб ўтяпман, деб хаёл қилиш билан баб-баравар бўлиб қолганди унга. Қўл соатига қараб қўйиш, кўм-кўк ҳовур ичида оппоқ жимжимадор қирғоқни, уйларни ва ҳеч қачон учиб ўтаётган самолётга бош кўтариб қарашни лозим топмаган балиқчилар, қорамтир уйларни кўриш истагидан бошқа ҳамма нарса бамисли кераксиз ёлғонга айланганди.
Саккиз-тўққиз ҳафталардан сўнг кўпдан-кўп афзалликлари бўлган, Нью-Йорк йўналишида ишлашга таклиф қилишганда Марини ўзи йўлиққан безиён-у, лекин қутулиш амримаҳол васвасадан ниҳоят халос бўлиш учун қулай фурсат келганини ич-ичида ҳис қилди. Айни ўша кунларда у “Левантча” исмли аллақандай табиатшуноснинг Ксирос ҳақида одатдаги йўриқномаларга нисбатан кўпроқ маълумотлар келтирган китобини сотиб олиб бўш қолди дегунча ўқиб юрди. У кўнглига қулоқ солди ва пировардида бундай ажойиб таклифни рад этди, сўнг ҳайратдан ёқасини ушлаган бошлиғи билан унинг икки нафар котибасини ҳанг-манг қолдирганча чиқиб кетди ва компаниянинг буфетида бирга овқатланиш учун кутиб ўтирган Карланинг ёнига борди. Унинг раддия¬сини эшитган Карланинг талмовсираши ва ҳафсаласи пир бўлганини кўриб ҳам заррача ўнғайсизланмади. Ксироснинг жанубий соҳилида одам яшамас, аммо ғарбий қисмида бир замонлар ҳукм сурган Лидия ёки, эҳтимол, Критоминон колониясининг асоратлари сақланиб қолганди ва профессор Гольдманн унчалик катта бўлмаган тўлқин қайтаргич остига балиқчилар таянч плитаси сифатида ўрнатган қадимий битиклар ўйиб ёзилган тоштахталарни топган экан. Карланинг бошида оғриқ турди ва у узоқ ўтиролмай кетиб қолди. Оролнинг бир ҳовуч аҳолиси, асосан, саккизоёқ овлаб кун кечирар экан. Ҳар беш кунда йиғиб қўйилган ўлжани олиб кетиш ва эвазига озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга эҳтиёж буюмларини ташлаб кетиш учун махсус кема келаркан. Саёҳатчилар бюросида унга: “Риносда махсус кемалар бор, шулардан бирини ёлласангиз бўлади, балки саккизоёқларни олиб кетгани келадиган елканли ов кемасига олишар, буни Риносга борганда аниқлайсиз”, деб маслаҳат беришди. У ерда уларнинг ваколатхонаси йўқ экан. Уяммас-буяммас оролда бир неча кун туришдан мақсад июнь ойидаги таътилда бориши учун бир тайёргарлик эди аслида. Унгача эса бир-икки ҳафта Уайтнинг ўрнига Тунис йўналишида ишлаб туришга тўғри келади. Бу орада иш ташлашлар бошланди ва Карла Палермога, опа-сингиллари ёнига қайтиб кетди. Марини қатор китоб дўконлари жойлашган Пяцца Навон яқинидаги меҳмонхонага кўчиб ўтди. Бекорчиликдан деярли ҳар куни ўша китоб дўконларини айланиб, Грецияга оид қўлланмалар изларди. Гоҳи-гоҳи эринмасдан сўзлашув луғатини варақлаб чиқарди. “Kalimera” деган сўз унга ёқиб қолди. Кунлардан бир кун қовоқхонада малласоч қизга шундай деб мурожаат қилди, у билан бир-икки учрашиб юрди, ҳатто унинг уйида тунаб қолди. Маълум бўлишича, Одосда унинг буваси яшар, ўзининг эса салга томоғи шамоллаб оғрир экан. Римда ёғингарчилик мавсуми бошланди. Байрутда уни доим Таниа кутиб оларди. Яна ҳар хил воқеалар рўй берди, учрашганларида асосан қавм-қариндошлар ва турли-туман касалликлар ҳақида суҳбатлашишарди. Бир куни яна Теҳрон йўналишида учишига тўғри келди. Туш пайтида яна ўша орол пайдо бўлди. Марини иллюминатор ёнидан кетай демасди, ҳатто янги келган стюардесса, мутлақо қарашмаётгани, ҳамма иш ёлғиз ўзига қолиб кетаётганини айтиб, таъна қилди. Унинг ўрнига неча марта йўловчиларга нонушта тарқатганини ўпкалаб юзига солди. Кечки пайт Марини стюардессанинг кўнглини олиш учун уни “Феруз” ресторанига таклиф этди. Ўша ерда ўтиришганда эрталабки қилмиши учун узр сўради. Лучия унга сочини американча олдиришни маслаҳат берди, Марини эса ўз навбатида Ксирос ҳақида гапириб берди, лекин унинг эшитгиси келмаётгани ва ҳеч кимга кераги йўқ бу гаплардан лимон солинган Хилтон ароғини афзал кўраётганини сезиб, бу хусусда бошқа гапирмаслик керак, деган хулосага келди. Кунлар шу тахлит – турли-туман егуликлар, шарбатлар қўйилган патнислар, барча йўловчиларга бир хилда ҳадя қилингувчи табассумлар орасида ўтарди. Қайтишда самолёт Ксирос устидан эрталаб соат саккизда учиб ўтарди. Бу пайтда қуёш нурлари иллюминаторга чап тарафдан тикка тушгани учун олтин тошбақага ўхшаган оролни деярли кўриб бўлмас эди. Марини Теҳрон йўналишида қоқ туш пайтини кутишни лозим топди. Ана унда, Лучия (бошқа сафар Фелиса) барча ишлар битта ўзига қолиб кетаётганидан тинмай шикоят қилгани билан ҳаммасини эплаш баробарида иллюминатор ёнида узоқроқ туриш мумкинлигини биларди. Бир сафар у Ксиросни суратга олди, бироқ сурат таъриф қилиб бўлмайдиган даражада хира, ноаниқ чиқди. Энди у орол хусусида айрим нарсалардан бохабар бўлиб, ўқиб чиққан китоб саҳифаларидаги эслаб қолиш зарур бўлган оролга алоқадор маълумотлар тагига чизиб қўярди. Фелиса, учувчилар унинг ортидан “орол жинниси” дейишганини айтганда хафа бўлиш тугул парво ҳам қилмади. Айни шу кунларда Карла ҳомиласини олдириб ташлашга қарор қилганлиги ҳақида ёзиб юборди. Марини унга икки ойлик маошини жўнатди-ю, кетидан таътилга чиқса қийналиб қолиши ҳақида хаёлга толди. Пулни олган Карла бир дугонаси орқали тревизолик тиш докторига турмушга чиқмоқчи бўлаётганини айтиб юборди. Бу кўнгилсизликларнинг бари душанба, пайшанба ва шанба (бир ойда яна икки марта ва тўрт якшанба ҳам бор) кунларидаги туш пайтида бутунлай аҳамиятсиз нарсага айланиб қоларди. 
Вақт ўтиши билан оз бўлса-да, ёлғиз Фелиса ўзини тушуна олишига Марини энди ишонч ҳосил қилди. Туш пайтида Марини самолёт қуйруғидаги иллюминатор ёнига борди дегунча Фелисанинг бир ўзи йўловчиларга чурқ этмай хизмат қилишга тушарди – худди келишиб олишган дейсиз! Орол атиги бир неча дақиқа кўриниш берарди, холос. Лекин ҳаво ҳамиша тип-тиниқ бўлар ва мовий денгиз оролни шунчалар аниқ-равшан кўрсатар эдики, олдинги учиб ўтганларида хотирида қолган нарсаларга ҳар сафар янги-янги тафсилотлар қўшилиб борарди: чунончи, Шимолидаги яшил доғ бўлиб кўринаётган дўнглик, қўнғир-кулранг уйлар, қуритиш учун қумлоққа ёйиб қўйилган тўрлар... Мана шу тўрлар кўринмай қолса, Марини бир нимасини ўғирлатиб қўйгандек фаромуш ва, ҳатто, ўзини ҳаминқадар хўрлангандек ҳис қиларди. Меҳмонхонада қайтадан кўриш учун парвоз пайтида оролни кинотасмага олмоқчи ҳам бўлди, бироқ азбаройи пулини тежаш мақсадида кинокамера сотиб олиш фикридан қайт¬ди. Негаки, таътилга бор-йўғи бир ойгина қолган эди. Ваҳоланки, қанча вақт қолганини у ҳеч қачон изчил ҳисоблаб юрмасди. Байрутда Таниа, Теҳронда Фелиса кутиб олар, Римда эса деярли доим укаси бирга бўларди, буларнинг бари алланечук ширин ташвишли, бирам ёқимли ва мутлақо малол келмасди, бу одат тусига кирган ҳаёт тарзи парвозга қадар, парвоздан кейин ва парвоз чоғида – то иллюминатор ёнига бориб, муздек ойнага манглайини босганча кўм-кўк денгиз остидан секин-секин сузиб чиқаётган тилларанг тошбақани томоша қила бошлагунча давом этиб келадиган зерикарли, диққинафас ва маъносиз кечаётган онларини ўтказиш, унутиш ҳамда ниҳояти ўзини чалғитишга, бинобарин, озгина бўлса-да, ҳаётига қувонч дамларни олиб киришга хизмат қилади.
Ўша куни қумлоқда ётган тўрлар одатдагидан кўра аниқроқ кўринди ва чап томонда, денгиз ёқасидаги қора нуқта самолёт ортидан тикилиб қолган балиқчи эканига Марини амин бўлди ва керак бўлса бунга қасам ичишга ҳам тайёр эди. У негадир “Kalimera” деб қўйди хаёлан. Ортиқ кутишдан ҳеч қандай маъно йўқ эди. Мабодо сафарга чиқадиган бўлса, Марко Мералис пул бериб туради, қандай яхши, қарабсизки, узоғи билан уч кундан кейин у мақсадига етади! Иллюминатор ойнасига лабларини босиб турганида ўзининг кўрфаздаги яшил тепаликка қанақа қилиб чиқаётгани, оролнинг шимолий қисмидаги қўлтиқчада қип-яланғоч бўлиб чўмилаётгани, балиқчилар билан саккизоёқларни қандай овлашгани, ишоралар ва жилмайишлар ёрдамида улар билан тиллашишини кўз олдига келтириб беихтиёр кулимсираб қўйди. Агар қарори қатъий бўлса, уни ҳеч нарса шаштидан қайтаролмайди. Тунги поезд, аввал битта кема, кейин бошқаси – эски ва пачоғроқ кема, Риносда эса яна бошқасига ўтиради, ов кемачасининг капитани билан узоқ савдолашишлар, кўприкда, юлдузли осмон остида тунаш, хушбўй олма билан қўй гўштининг таъми, ороллар аро биринчи тонг. У қуёшнинг илк нурлари борлиққа ёйилаётган маҳал қирғоққа тушди. Капитан уни, чамаси, шу ернинг оқсоқоли бўлса керак – бир мўйсафид билан таништирди. Клайос унинг чап билагидан ушлаб, кўзларига тикилганча салмоқ билан бир нималарни тушунтирди. Уларнинг ёнига икки нафар йигитча келди. Марини улар Клайоснинг фарзандлари эканини фаҳмлади. Кема капитани бисотида бор инглизча сўзларни ишлатиб ўртада тилмочлик қилди: аҳолиси йигирма киши, саккизоёқлар, балиқ ови, беш уй, италиялик меҳмон ижара ҳақини Клайосга тўлайди. Клайос ижара ҳақи хусусида тортиша бошлаганди, йигитчалар хахолаб кулиб юборишди. Марини ҳам уларга қўшилиб кулди. Оролдагилар билан бунчалик осон тил топишганидан ўзича хурсанд бўлди. Юқоридан қорамтир кўрингани билан аслида очроқ тусдаги денгиз узра қуёш кўтарила бошлади, унга ажратилган хона фақирона, лекин саранжом-саришта, сув тўлдириб қўйилган хум, маврак билан ошланган терининг ачимтир ҳиди...
Унинг бир ўзини қолдириб кемага юк ортгани кетишди. Марини уст-бошини ечиб калта иштонини кийди, оёғига шиппагини илиб оролни томоша қилгани жўнади. Тонг отган бўлишига қарамай йўлда биронта одам учрамади. Қуёш нурлари оролни қиздира бошлади. Ўт-ўлан билан шабада келтираётган йод ифори аралаш нордон ҳид анқийди. У шимол тарафдаги қоя тепасига чиқиб ҳайҳотдай кўрфазни томоша қилаётганда соат тўққиздан ўтганди. У қумлоқ соҳилга тушиб жон-жон деб чўмилган бўларди, лекин бу ердан кетгиси келмай, ёлғиз ўтиришни лозим топди. Орол уни бутунлай мафтун этганди, у ўзини хуррам ва бахтиёр сезар, ҳеч нарсани ўйламас, зотан ўйлашни истамасди ҳам. У шошилмай ечинди, қуёшнинг ўткир нурлари билан қайноқ шамолда қизиб кетди ва қоядан туриб ўзини сувга отди. Сув муздек ва ҳузурбахш эди, саркаш оқим уни баланд тоғлар этагидаги ғор томон оқизиб кетди. У ортига, очиқ денгизга қайтиб чиқди-да, чалқанча ётиб олди. Тубсиз денгиз тўшида бепоён осмонга тикилиб ётар экан, юраги ҳаприқди ва негадир кўзларини юмиб олди. У кўнглини нимаики забт этган бўлса ҳаммасига ич-ичидан итоат этишга рози бўларди. Зеро, ўша нарсалар бамисли эртанги ҳаётининг гарови эди. Шу масъуд дамларда у нима бўлган тақдирда ҳам энди оролдан ҳеч қачон кетмаслигига, умрбод шу ерда қолишига инонди. Ўзининг кимсасиз оролда қолиб, балиқ тутиб юрганларини эшитган укаси билан Фелисанинг қай аҳволга тушишларини бир дам кўз олдига келтирди. Аммо бир лаҳза ўтар-ўтмас соҳилга сузиб бориш учун ўгирилганида уларни унутди.
Соҳилга чиқар-чиқмас қайноқ ҳовурда нам уст-боши қуриди, у кулбалар томонга юрди. Уни кўриб ҳанг-манг бўлиб қолган икки аёл ўзларини уйга уришди. Марини тўрлар ёйиб қўйилган ерга тушди. Клайоснинг ўғилларидан бири уни соҳилда кутарди, Марини уни чўмилишга таклиф этмоқчи бўлиб ишора қилганди, йигитча шими билан қизил кўйлагини кўрсатиб елкасини қисди, бироқ ўша заҳоти югурганча уйлардан бирига кириб кетди-ю, деярли қип-яланғоч ҳолда қайтиб чиқди. Улар олдинма-кетин тиккага келган қуёш нурлари остида ўзларини жилваланаётган денгизга отишди.
Қайноқ қумда тобланиб ётганларида Ионос нарсаларни нима деб аталишини унга ўргата бошлади. Марини бехосдан “Kalimera”, деб юборган эди, йигитча қорнини ушлаганча қотиб-қотиб кулди. Буни кўриб Марини бутун бошли ибораларни айтиб қайта-қайта такрорлади. Шу тариқа Ионосга бир нечта итальян сўзларини ўргатди. Бу вақтга келиб жуда олислаб кетган балиқчилар кемаси уфқда бир қора нуқтадек кўринарди. Шу тобда Марини Клайос ва унинг болалари билан оролда ёлғиз яшай бошлаганини ҳис қилди-ю, чуқур хўрсинди. Кунлар бирин-кетин ўтади, ижара ҳақини тўлайди, балиқ овлашни ўрганиб олади ва иттифоқо бир куни кечки пайт уларнинг ишончини қозониб, умрбод шу оролда қолиб яшамоқчи эканлигини айтади. У Ионоснинг қўлига таяниб ўрнидан турди-да, индамай тепаликка қараб кетди. Деярли тик ёнбағирликдан кўтарилар экан, нафасини ростлаш учун баъзан-баъзан тўхтаб қолар, қумда ёйилиб ётган тўрларга, қиз-жувонларнинг шарпасига, Ионос билан Клайосга узоқ тикилиб қолар эди. Яшил дўнгликка етиб боргач, у зира билан маврак ҳиди ва қуёшнинг қайноқ ҳарорати билан денгиз шамолидан иборат оламга кириб борди. Марини соатига қаради, лекин ўша заҳоти жаҳл билан билагидан юлқиб олди-да, калта иштонининг чўнтагига солиб қўйди. Эски одатлардан қутулиш осон эмас, лекин бу ерда – юксакликда қуёш ва кенглик таъсири остида бунинг мумкин эканига иқрор бўлди. Мана ўша Ксирос! Бу ерга келишига у сираям ишонмаганди. Марини қайноқ тошларнинг ўткир қирралари куракларига ботаётганини ҳис қилганча ётар экан, чексиз осмондан кўз узолмай қолди. Узоқдан моторнинг гуриллаши эшитилди.
Марини кўзларини юмиб: “Самолётга қиё боқмайман, унинг касофатига қолишга тоқатим йўқ, лекин бир иложини топсам, орол тепасидан яна бир бор учиб ўтардим”, деди ўзига-ўзи. Хаёлан айни шу дамларда нонушта тарқатаётган Фелиса билан ўзининг ўрнига ишлаётган янги ходимни кўз олдига келтирди. Эҳтимол, бу Жоржодир ёки бошқа йўналишдан вақтинчалик ўтказилган, ҳозир, шу дақиқаларда лабларида ўзига ўхшаб табассум билан қаҳва ё мусаллас тарқатиб юрган янги ходимдир, нима бўлган тақдирда ҳам, яқинлари ва ўша ҳамкасб¬лари кўз олдида гавдаланди. Ўзини таъқиб этаётган кечаги кунлар хаёлидан қутулишнинг иложини қилолмаган Марини кўзларини очди ва энди ўрнидан турганини билади, бирдан боши узра ўнг қаноти тушуниб бўлмайдиган тарзда қийшайиб, пастга шўнғиётган самолётга кўзи тушди. Турбиналаридан ғайритабиий овоз чиқарганча самолёт денгизга тикка қулаб тушмоқда эди. У орқа-олдига қарамай оёқлари тошларга урилиб, қўллари тиканларда тирналиб, қочишга тушди. Тепалик тўсиб қўйгани учун самолёт қаерга қулагани кўринмасди. У соҳилга етмасдан бурилди-да, тўппа-тўғри тепаликдан ошиб ўтиб, нисбатан кичикроқ соҳилга чиқди. Қирғоқдан юз метр нарида самолёт мункиганча, сув қаърига чўкиб борарди. Марини югура келиб ўзини сувга отди. У самолёт яна сув юзига қалқиб чиқади, деб ўйлаганди, лекин самолёт қулаган ерда сув оҳистагина мавжланар, юзига қалқиб чиққан картонлардан бошқа ҳеч вақо кўринмасди, энди у ерга сузиб боришдан фойда йўқ эди. Бироқ, туйқус сув остидан шалоплаб бир қўл чиқди ва Марини ўша томонга жон-жаҳди билан сузиб кетди, яқин борганда бир шўнғиб, жон талвасасида типирчилаб, уни ушлаб олишга уринаётган одамнинг сочларидан чангаллади. Марини оғзини каппа-каппа очиб, хириллаб нафас олаётган кимсани ўзига яқин келтирмай аста-секин сузганча қирғоққа етиб олди. У бошдан-оёқ оппоқ кийимдаги одамнинг жасадини кўтариб сувдан олиб чиқди-да, қумга ётқизди ва кўпик ёпишиб таниб бўлмайдиган даражага келиб қолган афт-ангорига назар солди. Унинг юзида ўлим шарпаси акс этарди. Томоғидаги жароҳатидан шариллаб қон оқмоқда эди. Хиёл қимирласа жароҳати кенгайиб кир ўранинг оғзидек очилиб кетаётгани учун сунъий нафас олдиришнинг фойдаси йўқ эди. У гўё Маринини эндигина оролда топган бахтли ҳаёт бағридан нима қилиб бўлса ҳам тортиб олмоқчидек чақирар, бир нималар демоқчи бўлаётганда томоғидан алланечук ғилт-ғилт этган товушлар чиқар, Марини унинг нима деяётганини асло тушунмас эди. Ҳаллослаб Клайоснинг болалари, уларнинг ортидан хотин-халаж етиб келди. Клайоснинг ўзи келганда йигитчалар шунчалик кўп қон йўқотганига қарамай соҳилгача сузиб келиш учун қаердан бунча куч топдийкин, дегандек қумда чалқанча ётган жасад тепасида талмовсираб туришарди. “Кўзларини ёпиб қўй!” – деди аёллардан бири йиғламсираб. Клайос яна битта-яримта тирик қолган одам кўриниб қолармикин, деган умидда денгизга кўз югуртириб чиқди. Лекин бош¬қа ҳеч ким кўринмади, ҳар доимгидек оролда улардан бошқа ҳеч ким йўқ, фақат оёқлари остида бу ерлик бўлмаган одамнинг жасади чўзилиб ётарди. 
 
Рус тилидан Олим ОТАХОН таржимаси