“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БАХТ САНАЛУР БУ ЕРДА ЯШАШ!

Михаил СИНЕЛЬНИКОВ,
рус шоири, таржимон
 
БАХТ САНАЛУР БУ ЕРДА ЯШАШ!
 
Машҳур рус шоири ва таржимони Михаил Исаакович Синельников 1946 йилда Санкт-Петербургда зиёли оилада туғилган. Отаси ҳарбий журналист бўлиб, йигирманчи йиллардаги Санкт-Петербург адабий ҳаёти тўғрисидаги (“Заболоцкий ёшлигида”, “Мандельштамнинг оқшоми” ва б.) хотиралари билан ном қозонган. Онаси мактабда рус тили ва адабиёти фанидан дарс берган. Уруш сабабли Синельниковнинг оиласи Қирғизистонга кўчиб келади. Михаилнинг ёшлик йиллари Жалолобод ва Ўшдаги ўзбеклар орасида кечади. У Ўзбекистонда кўп бора бўлган. Синельников 1968 йилда Ўш Давлат педагогика институтининг тарих факультетини тамомлаган, 1969 йилда Москвадаги Горький номидаги Адабиёт институтига кирган. У 21 шеърий тўплам, қатор илмий мақола ва таржималар муаллифидир. Унинг ижодида Шарқ, Ўрта Осиё, айниқса, Ўзбекистон мавзуси етакчи ўрин тутади.
—  Михаил Исаакович,  Ўш ва Жалолободда, умуман, Ўрта Осиёда кечган болалик йилларингиздан эсингизда қандай хотиралар қолган?
— Гарчи Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) она шаҳрим бўлса-да, барибир Фарғона водийси ҳақиқий ватанимдир. Эсимда қолган биринчи хотиралар шу гўша билан боғлиқдир. Болалигим Жалолободда,  ёшлик йилларим Ўшда ўтган. Бу шаҳарларда асосан ўзбеклар ва руслар яшар, қирғизлар нисбатан камроқ эди. Чегара ҳудудларидаги деҳ¬қончилик зонасида бўлса, фақат ўзбеклар истиқомат қиларди. Ўзбеклар Ленинграддан кўчириб келтирилган рус оилаларини иниси янглиғ бағрига олишди, бир парча нонларини биз билан баҳам кўришди, етим-есирларнинг бошларини силашди. Буларни унутиш мумкин эмас асло!  Болалигимда онам билан Ленинграддан Жалолободга поездда бир неча маротаба бориб қайт¬ганман. Бу сафарларимизда Тош¬кент¬да тўхтаб ўтишга тўғри келарди. Гоҳо бир-икки кун шу ерда қолардик. Тошкент вокзалининг кутиш залидаги бошни айлантирувчи қандайдир анвойи ҳидлар, гўдаклар йиғиси, болаларнинг қий-чувлари – буларнинг ҳаммаси гўдаклик хотирамда қолган таассуротлардир. 
Мен Фарғонани яхши кўрардим, чунки ўсмирлигимда бу ерлик бир қизни севиб қолгандим. Шу боис бу шаҳарга тез-тез қатнагандим. Ҳаёт дарёдай оқиб ўтди. Неча-неча йиллардан кейин мен бу қизни ижтимоий тармоқ орқали қидириб топдим ва биргаликда гўзал хотираларни эсладик. Севгилимнинг уйига ям-яшил дарахтларга бурканган кўчадан ўтиб борилар, дарахт¬лар тобора кўпайиб, қалин боғ тусини оларди.  
— Ўзбекистонда яшаган, меҳмон бўлган кезларингизда қайси ижодкорлар билан танишгансиз, қайси ўзбек адиблари асарларини русчага таржима қилгансиз?  
— Ўшда яшаган вақтларимда ижод майдонига эндигина кириб келган Шавкат Раҳмон билан танишганман. Унинг Москвада Адабиёт институтига киришига баҳоли қудрат кўмаклашганман. Москвадалигида у тез-тез меникига меҳмон бўлиб келар, оқшомлари адабиёт ва ҳаёт ҳақида узоқ суҳбатлашардик. Афсуски, умри қисқа экан, лекин шоир сифатида танилишга улгурди. Ўйлайманки, унинг оташин шеърлари мангу яшайди.
Ўзбек адиблари асарларини таржима қилиш масаласига келганимда, албатта, биринчи навбатда буюк Алишер Навоийни таъкидламоғим даркор. Бу шоир ўз даврида ўзбек адабиётини юксак поғонага кўтарди, минглаб ижодкорлар учун маёқ бўлди. Ҳаётимда бўлиб ўтган бир қизиқ воқеани ҳикоя қилай. Ўн саккиз ёшимда мен талабаларнинг илмий конференцияларида иштирок этиш учун Тошкент ва Самарқандга бориб антик театр тўғрисида маъруза қилгандим. Маърузаларим маъқул тушган бўлса керакки, менга фахрий ёрлиқлар, кейин Олий таълим вазирлигининг мукофотини беришди. Бундан ниҳоятда хурсанд бўлганман. Бу воқеа зилзиладан бир йил олдин, яъни 1965 йилда юз берган. Ўшанда баҳор эди, дарахтлар қийғос гуллаган эди (“Қатор тизилган ҳовлилар Бурканмиш ҳарир, оппоқ чечакларга” – Анна Ахматованинг Тошкентга бағишланган шеъридан). Ўшанда буюк археолог Михаил Евгеньевич Массон, унинг кейинчалик катта олим бўлиб етишган шогидлари билан танишганимдан ниҳоятда бахтиёр бўлгандим. Бунинг устига афсонавий Самар¬қанд, Афросиёбни томоша қилиб ҳайратланганман. Конференция вақтида ёш аспирант Шуҳрат Қўшоқов билан дўстлашдим. У билан кун иссиғига, чанг-тўзонга парво қилмай, кўҳна Афросиёб харобаларини кезганмиз, археологларнинг қазишмаларига шоҳид бўлганмиз, кўп аср¬лик замин бағридан қадимий устунларнинг бош қисмини эҳтиётлик билан қазиб олишганини ўз кўзимиз билан кўрганмиз. Шавқу завққа тўлиб-тошиб, оқшом пайти Шуҳратникига қайтардик. Унинг онаси бизни лаззатли ўзбек таомлари билан сийларди. Бу таомларнинг мазаси ҳануз оғзимда қолган. Таомдан сўнг тарих, тарих фалсафаси устида қизғин баҳслашар эдик. Ҳозир ҳам Шуҳрат билан мунтазам ёзишиб турибмиз. Орадан эллик икки йил ўтди. Менга Самар¬қандни қайта кўриш бошқа насиб қилмади. Лекин дўстлигимиз сақланиб қолди. Шуҳрат айни вақтда Самарқанд давлат университети фалсафа факультетининг декани бўлиб ишламоқда.
— Тарихга ёшликдан қизиққансиз, институтда шу бўлимда ўқи¬гансиз. Қандай қилиб адабиёт майдонига кириб қолдингиз. Шарқ оҳангларини куйловчи шоирга айланишингизга нима туртки бўлган? 
— Бу, аввало, қисмат экан, тарихчи бўлмадим, шоир бўлдим. Афтидан, шеъриятга қизиқишим болалик чоғимдаги тарихчи бўлиш орзусидан устун келган чоғи. Шарқ мени азалдан қизиқтирган. Дастлабки даврлардан бери ҳозиргача ёзган шеърларимда Шарқоҳанг¬лари устунлик қилади. Гарчи, мана, 46 йилдан буён Москвада яшаётган бўлсам-да, ҳануз Шарқ оғушида яшайман. Таржималарим ҳам Шарқ¬қа оид: асосан мумтоз ва замонавий шарқ шеърия¬ти намуналарини таржима қиламан.     
— Ҳозирги вақтда халқ¬ларимизни ўзаро бир-бирини тушунишга, яқинлаштиришга хизмат қиладиган шеърлар ижод қилиш билан бирга яна қандай фаолият билан шуғулланяпсиз?
— Кейинги йилларда турли-туман хрестоматиялар ва антологиялар тузиш менинг асосий ишларимдан бири бўлиб қол¬ди. Хусусан, мен тузган учта антология нашр¬дан чиқди. Бу антологияларга кирган асарларда рус ва жаҳон шеъриятидаги ислом мотивлари акс этган. Бундан ташқари “Рус шеъриятида туркий дунё” номли улкан (2000 саҳифага яқин) антологияни нашрга тайёрладим. Бу антологияда Ўзбекистонга бағишланган 300 саҳифалик асарлар махсус бўлимга жойлаштирилган.
Шуни айтишим керакки, ҳар гал ўзбек тупроғига қадам қўйганимда ҳис-ҳаяжонга кўмиламан. Ҳали дўст-ёронлар билан учрашмасимдан, кўришмасимдан олдиноқ, сурнай-доиралар, карнай-ноғоралар, кишини завқ-шавққа тўлдирадиган куй-қўшиқлардан ҳаяжонга кўмиламан. 
Амалга ошган буюк ўзгаришларнинг муқаррарлиги ва абадийлигини эътироф этган ҳолда, шуни айтишни истар эдимки, мен бу куй-қўшиқлар, бу гўзал манзаралар, муштарак тақдиримиз билан чамбарчас боғлиқ эканимни ҳамиша ҳис қиламан. ТОШКЕНТ
О, жонажон ва қадимий Шарқ, 
Офтоб тиғи ташлар кўланка. 
Мен ўтмишга қайтиб ўйлайман:
Қиёсинг йўқ ҳеч бир ўлкада. 
 
Мен қанча вақт тақдир изми-ла, 
Не ишлардан топмадим зафар 
Ва ҳар доим хаёлим узра
Чарх уради Тошкентга сафар. 
 
Кўз олади юлдузлар порлаб,
Бир нарсага элтади гўё. 
Май гуллари саҳарда чақнаб,
Июль шавқин дилга қилар жо. 
 
Мавжланар ва гуллар чайқалар,
Қишу ёзда бирдай анвойи. 
Анҳор берар ўзига сайқал — 
Очилганда қушлар чиройи. 
 
Бунда руҳки мангуга уйғоқ, 
Писанд эмас ҳеч не гумбури. 
Пахтасидай майин, кўнгли оқ,  
Пок ниятга тўлади шуурим. 
 
Қорамағиз қизларнинг тафти         
Жазирама офтобга ўхшаш. 
Янграр қайноқ ҳаёт шукуҳи, 
Бахт саналур бу ерда яшаш.  
 
Бобохон Муҳаммад Шариф суҳбатлашди