“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Юрган йўлимизда чечаклар унсин

 

Исроил Шомиров — 1961 йилда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. Ҳозирги кунда «Сурхон ёшлари» газетаси бош муҳаррири лавозимида фаолият юритмоқда. «Соғинч» ва «Болаликка қайтгим келади» шеърий тўпламлари муаллифи.

 

                                       * * *

Пойимга йиқилар чечаклар,

Туннинг ҳам кўзлари сузилган.

О, бунча узундир

эртаклар,

Бир одам умрича

чўзилган.

 

Чўққиларнинг ортида қуёш,

Айтолмадим

сўнгги сўзимни.

Дайди шамол

бунча бағри тош,

Юлиб кетди

мендан ўзимни.

 

Ётибман

умидсиз эзилиб,

Бағримда кўкармас гиёҳлар.

Мен беҳол жон бердим

чўзилиб,

Жимгина кўмади гуноҳлар…

 

        БОЛАЛИККА ҚАЙТИШИМ КЕРАК

Мени аросатда қолдирди йиллар,

Шўхчан болалигим кетмиш узоқлаб.

Юрагимга чунон санчилар тиғлар,

Йиғлайман

гоҳида ғамни қучоқлаб.

 

Бўтадай бўзлайман телба тунлари,

Сойлар

болаликка аза ҳам очган.

Ҳувиллаб ётмишдир Бойсун қирлари,

Овули кўчгандир,

излари ўчган.

 

Энди дараларни тарк этгин, бўтам,

Дея кўкрагимни йиртар

довуллар.

Менинг болаликсиз куним бир тутам,

Бот-бот тушларимга кирар овуллар.

 

Дарадан бош эгиб чиқиб кетаман,

Ўкиниб ёлғизлик сўқмоқларига.

Сезаман,

уни ҳам ҳорғинлик эзган,

Чидолмай тақдирнинг чақмоқларига.

 

Мени қабул қилмас энди даралар,

Қоялар юз ўгирган,

сўқмоқлар ёпиқ.

Бошимда тоғлармас,

учар қарғалар,

Эвоҳ,

Бойсунимга энди мен ортиқ?!

 

Майли,

мен Бойсунни ташлаб кетаман,

Шартим:

қулоқ тутинг фақат бир зумга.

Қабул қилинг мени —

мана аризам,

Болалик аталмиш дорилфунунга.

 

                                       ЁМҒИР

Ёмғир,

қўйгил энди шивирларингни,

Эзиб юбординг-ку, юракни ахир.

Сел босган бўлса-да адирларимни,

Кўнглим яйдоқ дала –

дўнглари тақир.

 

Ҳув, қўш тортаётган ҳўкизни алқаб,

Омоч ушлаганнинг усти ивиган.

Ўт ёқса бўлади шувоқни қалаб,

Балки…

гулхандан ҳам кўнгли совуган.

 

ўажир айланади ўзича мағрур,

Бугун унинг уйи ризққа тўлган.

Туянинг устида ит қопиб қурғур,

Ўтинчи боланинг эшаги ўлган.

 

Сойда –

майсаларни сел олиб кетди,

Қирда –

бойчечакнинг кўйлаклари лой.

Довул райҳонларнинг бошига етди,

Анов қизғалдоқнинг…

аҳволига вой.

 

Ёмғир,

ёғаверма,

салгина тингин,

Чопоним қуритай

гулханни ёқиб.

Юрган йўлимизда чечаклар унсин,

Майли,

селларингга мен кетай оқиб.

 

Ёмғир,

қўйгил энди…