“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ИБРОҲИМ РАҲИМ

ЮРТГА ҚАЙТИШ  САОДАТИ

Иброҳим Раҳим Тошкентга келибоқ ҳайрат билан атрофга қаради, кузатди, ғаройиб одамлар билан учрашди. “Колхоз йўли” газетасида қўним  топди. Излаганига етгандек бўлди. Нурли қадамжо уни илиқ қабул қилди. Ўша куниёқ қўлига чарх­ланган қалам тутқазди...

Рустам Абдураҳмонов сингари қаламкашларга боғланди. Ижод аҳли орқали дилкаш инсон Исмат Ҳабибийнинг меҳрини қозонди. Иброҳим Раҳимга ўз даврида ярқ этиб адабиёт майдонида кўринган Парда Турсун, Ҳабиб Нўъмон, Зиёд Есенбоев, Шобарат Кузанбоевлар билан елкама-елка туриб ижод қилиш насиб этди. Мақсуд Шайхзода, Усмон Носир, Шербек Алиев, Комил Алиев, Аъзам Аюбовлардек ноёб исьтедод эгалари билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлиш Иброҳим Раҳим учун чексиз бахт эди.

Бу ҳақда унинг ўзидан эшитайлик: “Ўша кезларда Усмон Носир ва Шайхзода Насрулло Охундий ҳузурига келиб-кетиб турарди. Усмон Носир янги шеьрларини ёддан ўқиб берар, кейин қўлёзмасини: “Мана буни шу сонда босиб чиқар”, деб Охундийга ташлаб кетарди. Усмон Носир бақувват, юмалоқ юз йигит эди. Унинг кўзлари ўзига ўхшаган шўх, ҳамиша учқунлаб турарди. Унинг “Меҳрим” шеьрлар тўплами босилиб чиққанида ёшлар орасида қўлма-қўл бўлиб кетди. Афсус Усмон Носир билан кейин учрашолмадик. Мақсуд   Шайхзода деярли ҳар куни, баъзан икки-уч бор “Ўзларидан сўрасак”, деб таҳририятга кириб келарди...

Ташкентдаги адабий муҳит Иброҳим Раҳимга қанот бағишлади. Истеъдодли ижодкорларнинг “халқ душмани”га чиқариб, сиқувга олинаётгани Иброҳим Раҳимга тинчлик бермасди. Бу ҳақда у чексиз изтироб билан ҳикоя қилади: “1937 йил ўзбекнинг истеъдодлари учун қирғин даври бўлганди... Эрталаб кўрган одаминг кечқурун йўқолиб қоларди. Кейинроқ “Халқ душмани” тамғаси остида турмага ташланганини эшитардик... Ур-йиқитда омон қолганлар ҳам ўз тинчлигига ишонмасди”.

1037 йил, 15 октябрь – Иброҳим Раҳимнинг туғилган кунида Ватан   ҳимоясига чақирилди. Самарқандда махсус инженерлик батальонида хизматни бошлади. “Курсантлик мактаби”ни ўтади. Бобомиз Амир Темур қадамжоларининг тупроғини кўзига суркаб, буюк саркарданинг руҳидан мадад олди. Уни Витебскийга – ўқчилар батальонига кичик командир қилиб жўнатишди. Ундаги собитқадамлик, олға интилишга бўлган иштиёқнинг зўрлиги, билимга ташналиги, изланувчан, сезгирлиги уни бошқалардан ажратиб турарди. Инженер сапер, кичик-катта командир, сиёсий ходим, жасур разведкачи сифатида эътироф этилишида, ўарбий Украинани, ўарбий Белоруссияни, нимталанган юрту элларни бирлаштириш борасида олиб борилган жангларда чиниқди, ғолиблар сафида тилга тушди. Навқирон даври жангу жадалларда ўтди. Бу эса ёш ижодкорни ижодда жасурликка ундади, илоҳомлантирди.

ўалаба билан ўз юртига ва меҳр берган ишига қайтди. Меҳнат аҳлини улуғлаб очерк, қиссалар ёзди. Урушда кўрганларини хотирлаб ҳикоялар битди. Иброҳим Раҳимдек ишчан, изланувчан ходимни рағбатлантириб, уй-жой беришди... Онажонини янги уйга кўчириб келтириш учун Қувага йўл олди. Лекин эрта тонгда бошланган уруш уни яна жангга отлантирди. Ўша кунёқ иш жойига қайтди ва ҳарбий комиссариатнинг буйруғи билан немис билан жангга отланди. Москванинг ҳимоячиси, Курскдаги даҳшатли “Танклар жанги”нинг гувоҳи, иштирокчиси бўлди. Махсус ўзбек двизиясида Ватан учун, ўз қишлоғи, онаси, Ўзбекистон учун жанг қилди...

 

ОНАСИНИНГ МЕҲРИ БИЛАН ЯШАГАН ФАРЗАНД

“Волидамнинг баланд ва ширали овоз билан китоб ўқиб беришлари ёш қалбимда ўқишга, китобга, адабиётга болалигимдаёқ муҳаббат уйғотган эди. Мендаги иштиёқни сезган онам “Кенжамни ўқитаман, олим бўлади”, деб орзу қиларди. Бироқ яқин атрофда ўғил болаларни ўқитадиган мактаб йўқлиги боис менга онамнинг ўзи дарс бера бошлади. “Ҳар куни битта ҳарф танисанг ҳам ўқишга кўзинг пишади...” онам ҳар тонг мени шу гаплар билан уйғотарди” дейди Иброҳим Раҳим онаси ҳақида хотирларкан.

Иброҳим ака онаси Тўхта отиннинг орзуси машаққатли меҳнат туфайли амалга ошишини англаб, умрбод изланишдан қочмади. Волидасининг орзулари билан яшади. Ижод қилди ва элга танилди. “Армия  хизматидан 1940 йилнинг октябрь  ойида Тошкентга қайтиб келдим-да, “Қизил Ўзбекистон” газетасининг ходимлари қаторига қўшилдим. Ёшлик ғайратиданми ёки ҳарбий хизматда юриб жонажон касбимни соғиниб қолганимданми, газетада енг шимариб фаол ишладим, лавҳалар, очерклар, публицистик мақолалар ёздим. Уруш бошланишидан уч кун аввал 1941 йилнинг 19 июнь куни “Қизил Ўзбекистон” таҳририяти менга Салор кўчасидан икки хонали квартира берди. Онамни кўчириб келгани Қувага, қишлоғимга борган эдим. 22 июнь. Тонг саҳар. Ҳовлида йиғилган кўч-кўронимиздан кўз узмай турардим. Арава келиши керак эди, бироқ уйимизга қишлоқ советининг қоровули кириб келди: “Иброҳимжон, тезда Тошкентга етиб борармишсиз, станциядан телефон қилишди. Уруш бошланган эмиш”, – деди-да, чиқиб кетди. Уруш сўзини эшитган онамнинг кўзларидан ёш сизиб чиқди. Мен учун уруш фашизм туғилган кундан бошланганди... Инсоният тарихидаги барча урушлардан ҳам қирғинбарот уруш эди бу... Ўрнимдан турдим-у, ўша куни кечқурун Тошкентга етиб келдим. Мени кутиб турганларнинг қўлидаги чақирув қоғозини олибоқ Чирчиқда ташкил қилинган 1941 йилнинг июль ойидаёқ ҳаракатдаги армияда – 194 ўқчи дивизия таркибида сапёр батальонида немис-фашист босқинчиларига қарши курашдим. Бироқ онам ҳақида ўйлаганимда негадир 22 июнь тонги ва меҳрибон волидамнинг мунгли қиёфаси эсимга келаверади...”

Тинимсиз жанглар билан кечган кунлар, ойлар йиллар ортда қолди. Иброҳим Раҳим жанг билан тўрт йил деганда Берлинга кириб борди. Рейхстаг устига байроқ тикилди...

“ўалабадан кейин қўмондонлик аскар ва офицерларга таътил бера бошлади. Биринчилар қатори мен ҳам таътил олиб, гвардиячи майор кийимида, кўкрагимда орден ва медалларимни порлатиб тўппа-тўғри ўз қишоғимга йўл олдим, бироқ уйда онам йўқ эди... Меҳрибоним уйимиздан уч чақирим келадиган адирдаги қабристонда абадий уйқуда ётарди. Эшитишимча, волидам “ўалаба” сўзини эшитиб ҳаяжон ичра: “Ўғлим келади!” дебди-ю, севинчдан юраги ёрилибди... Ҳа, менинг онам ғалаба куни жон берган...”

Ҳа, ғалабага етиш осон бўлмаган. Иброҳим Раҳим учун ғалаба ана шундай изтиробни ҳам туҳфа этганди...

Неъматжон ҲАСАН