“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ДУНЁ СЎЗ РАНГИДА

 

Дилфуза ШОМАЛИКОВА

Ҳамманинг ўз суйган ранги бўлади — менинг суйганим СЎЗ ранги эди. Ким булбулнинг хонишидан, ким каклигу мусичанинг овозидан, яна кимдир қалдирғочнинг вижир-вижиридан завқ олади. Менинг кўнглим тусагани — СЎЗ овози эди.

Сўз жилваланганда, нурланганда — товуснинг қанот ёйишларидан адоқсиз ҳаяжон топган боладан-да, бола бўлардим. Болакай товуснинг патларини тутгиси келарди. Мен эса Сўзнинг этагини!

Яшашдан мақсад — ҳаётнинг мукаммаллиги. Мукаммаллик ҳар кўнгилнинг излагани — орзу-ўйларнинг етар манзиллари. Кўзлаганим томон отланган йўловчи эдим: бола кўнглим ҳар ҳолатдан Сўз ахтарарди:

Сой бўйида яшаган одам селнинг гумбурини ҳис қилмаслиги мумкинми?! У селнинг овозидан кўп нарсани фарқлайди.

Сўз уммонини орзу қилиб, хаёли билан яшаб, унинг шовурининг хосиятини англай бошлайди киши.

Излаётганим — сўзларнинг сеҳри эди. Мен ахтараётган Сўз... уни топганим сайин залваридан завқланиб бораман.

Сузмоқчи бўлган одам илк бор фақат сузиш ҳақида ўйлайди. Сувга тушган сайин қандай сузишни, оқими, чуқурликлари — ўзани ҳақида мулоҳаза қилади. Сўз дарёсига шўнғиган киши-чи?

Доно айтади: Кимдаки сўз дарди бўлса, сўз ахтаради.

Файласуф Фаридиддин Аттор айтади: Одамларнинг умр бўйи излаган орзуси уларнинг ўз қалбидадир.

Ҳа, у қалб оламига кимё нурлари эмас, сўз ифорларини олиб кирган заргар тилмоч бўлади!

Назаримда ўзим учун яхши сўз — тола фикр топган куним бу қувончнинг таъмини ҳеч ким мендайин ҳис қилмас. Айтаман, дунёни титратган сўз аҳлининг юраги ёрилиб кетмаганмикин?.. Яна айтаманки, уларнинг юраги — юрагининг уриши — дунёни кўриши ҳеч кимникига ўхшамас энг содда, самимий, хокисор ва илоҳий нурлар жамланган — дилофтоба — дилкўзгумикан? Бу юрак қудрати — яратувчанлигини инкишоф этиб берадиган рентген нурлари бормикан ўн саккиз минг оламда?

Кимдир сўзни маржондай териб кўзларга, кўнгил кўзларига суртгулик қилиб юрак қояларига сўз туғини ўрнатади. Бу туғ санчилган жойидан илдизларидан Сўзчинорлар илдиз отади.

Мен учун бу дунё Сўз эди. Ахтарардим, кўнглимдагилар қоғозга тушмаган, туширолмаган кечалар қоғозга қарашга юз чидамасди. Баҳоналар кўҳна дунёнинг шалдироқ аробаларидан тушиб қолган нимарсалардир... Сўзлар — чинорсўзлар уларга юзини тескари бурган! Чинорсўз ифорини туймоқ, жиллақурса унга узо-оқ қўшни бўлмоқ-чун курашга шайлик томирингга сингиб кетмоғи даркор. Кураш... курашиб яшаган ютқазиши мумкин, дейди. Курашмаган аллақачон ютқазиб бўлган. Курашга бел боғлаб майдон кўрмай майдондан чиқиш — девнинг гурзисини кўтармоқнинг ғози ундан енгилроқдир.

Кўзингни юмсанг ҳам, хаёл кўзинг тасаввурларингни равшанлаштиради. Сўзинг — дилинг кўзи боғланса, қўлинг етса-ю, ечолмасанг, бу не?..

Дунёнинг энг пўрим либосларини кийсанг, кўнгил кетган зебу зийнатларини илсанг-да, кўнглингдаги сўзингни тўколмасанг булар бари Сўз кишиси учун ҳечлигини англаб етасан.

“Сўз фикрдир. Фикр эса — илм!” Илм эгалланган сари нуқтанинг каттариб борганига ўхшайди. Айланага эмас! Айланага айланиш учун илм ЗАБТ этилмоғи даркор. Булар — доноларнинг сабоғидан олган сабоғим, хулоса эса ниҳояланмаган.

Айтишадики, сўз атомдан кучли! Айтилмаса, сўз аҳли дунёсини не кўйга солар. Ф.Аттор айтади: агар сўз сўзламасам, ёниб кетаман.

Яна дейдиларки, айтилган сўз кумуш, айтишмагани — олтин...

Юракғаладонларда — тилкўшкларда зар сўзлар авайланиб, кумуш сўзлар ҳали айтилдими, ё... Қиличлар қинда тураверса занг­лайди, дерлар. Сўзларим зангласа менинг дунём бўёғи айниган матога айланар.

Сўз билан суҳбат қурмоқчи бўламан... бу ҳадик мени ҳамиша маҳв этаверади. Йўлга чиққан йўловчи манзилига етмаса қай ҳолатга тушади... Сўз бошлаб тугатмаган кимса ундан ҳам аросатдадир. Ўзингнинг олдингда ожиз кимсага айланиш ер билан битта бўлгандек гап! Заминдан кўтарилиш учун заминдек юкни ортмоққа елка, кўтармоққа ор керак. Қўшелкада Сўзларнинг ҳаками борки, зинҳор-базинҳор огоҳсизлик ...юзини тескари қилсин-э! Ундан кўра тоғнинг чўққисидан қулаган афзал. Топинган Сўз эса эгасига тўн бичар. Бу шундайин либоски кимхобу, зарбоф тўнлар бунда ҳечга айланар. Кўкламнинг сел ёмғири, саратоннинг жазирамаси, кузнинг изғиринию, қаҳратоннинг аёзларида соябонга ҳожат қолмас.

Сўзнинг сеҳри, мўжизаси — еру осмон оралиғидаги жамики қудратнинг йиғиндисини тенглаб, залворли тош босади. Асрларки, кун чиқиш билан кун ботиш оралиғида мана шу тош гулга киради. Сукунат чўкади — сукунат кўп нарсани айтади, унинг бағрига сўзлар яширинади. Сукунатда сўзлаган сўзлар оҳанги юраклардан юракларга етади. Гоҳо ҳуркак сўзлар сергак торттиради.

Сўз — уни отамдек қадрлайман, онамдек эъзозлаб, боламдек эҳтиётлайман, уларни набирамдек эркалагим келади. Сўзни сўзсиз севмай — жону жигарингни суйиб бўладими? Бегона ўй бу! Йўллари ҳам айро.

Сўз! Сени кўнгилга босиб, кўнгил ўсади. Гоҳо ханжардан ҳам кескир тиғга айланасан: гуллаган қалб пайҳон, дил вайронага айланар! Яранинг борлигини билган унга тирноқ солмас! Кайковус айтади: “... номақбул рост­ни айтишдан парҳез қил”. Яна бир дониши замон битадики: Дунёдаги энг шифо парҳез — сўз парҳезидир. Тановулга қўл чўзаман-у, атрофга қараб ўрнимга қайтаман: ундан хамиртуруш олгим — улашгим келади ўзимдан бошлаб! Онам менга, болам набирамга илинган тансиқ таомдай...

“Мен ўз йўлим бошланган булоқни, тошни, сойларимни яхши кўраман”, дейди улуғ авар шоири Расул Ҳамзатов.

Мен эса талаффусларидан миллатимни англатган — тилимни чиқарган СЎЗни тавоф қиламан! Инсоният яратган илму тафаккур хазиналарини бағрига жо қилиб, авлодларга етказувчи Сўз сафари қутлуғ, йўллари равондир...

4 октябрь 2016 й.