“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шапка ҳикоя

 

Обиджон РЎзибоев,

ЎзДСМИ талабаси

Хўрознинг бу тонг қичқириғи охиргиси бўлди. Ўрозбой аслида эскиликка ишонадиган одамлардан эмас, аммо ишлари анчадан буён орқага кетаётгани сабабли хотинининг қистови билан қишлоқнинг бир неча бева-бечораларига ҳовлисидаги ёлғиз хўрозни сўйиб “эҳсон” бермоқчи бўлди. Доимгидек улфатлари билан “соғлик учун” олаверганидан мана бугун ҳам тонг саҳарлаб кайфи тароқ. Эрталабдан хўроз қувди, сўйиб бўлгач бошсиз хўрозни қочириб қўйиб яна қувди, кейин эса тутолмагач “товуқмия” дея бу фикрни берган хотинини қувди. Хуллас, Ўрозбой хўрознинг патини тозалар экан “Сен мендан хафа бўлма адаш. Агар исмимнинг бошига рим рақамида ўнни қўйсак, мен ҳам хўроз бўламан-қўяман. Демак, ўнтакам хўроз эканман. Фақат сен тонгда қичқирасан, мен эса туни билан қичқириб чиқаман. Майли, агар сен баҳона ишларим юришиб кетиб, ишга жойлашиб кетсам, сўз бераман уйда товуқларни кўпайтираман” – дея алжираб уйга кириб донг қотди. Унинг қандай қилиб ётганию ухлаётганини айтгандан кўра уйқудан тургунча сизларга у ҳақида сўзлаб бераман. Яна ҳамма ёзувчилар қатори қахрамонининг олдига тушаяпти деб ўйламангизлар-у, аммо Ўрозбой ёмон одам эмас. Фақат анча вақтдан буён дипломи бўлатуриб иш тополмай юрибди, шўрлик. Унга ҳеч ким иш йўқ деган эмас, фақат “ўзимиз чақирамиз” деганча жимиб кетишади. Шунга аламини ароқдан оляпти. Хотинини ҳам, болаларини ҳам, ҳатто, анави сўйилиб кетган хўрозини ҳам яхши кўради, шунчалик меҳрибонки, ичмаса сўйиш нарироқда турсин сўкинишни ҳам эплай олмайди. Қуёш ҳақ туш вақтига етганда телефоннинг жиринглашидан уйғониб кетди ва телефонда нималарнидир гапириб ҳовлиқиб уйидан отилиб чиқиб кетди. Эҳсони худойимга қабул бўлди шекилли, худди, кутганимиздек уни қандайдир ишхонага суҳбатга чақиришибди. Кун ботаман дедию, аммо ҳарорати ўлдираман дейди. Лекин бу жазирама Ўрозбойга тўсқинлик қила олмайди. Чунки унинг мақсади ҳам худди дипломи каби олий. Манзилига етиб боргунча оғзидаги қўланса ҳидни йўқотиш учун райҳон чайнаб кетди. Мана келиб “Директор Кимсанбоев хонаси” деб ёзилган эшик ёнида ўз навбатини кутиб турибди. Ўрозбой ҳаяжонланмайдиб, чунки бу биринчи бор кутиши эмас, суҳбатни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Хонанинг тўрида у бутун умр орзу қилган айланадиган столда ўрта ёшли раҳбар ўтирарди.

– Марҳамат, ўтиринг, – дея ўриндиқни кўрсатди Кимсанбоев.

Ўрозбой уни сочининг камлигига қараганда ақли жуда кўп бўлса керак, – деб мийиғида кулиб олди. Илк таассуротни яхшилаш учун ўзини жуда камтар тутиб сўз бошлади ва тахминан ярим соат ичида отаси унга илк маротаба велосипед ҳайдашни ўргатгандан бошлаб олийгоҳни қизил диплом билан тугатгунигача ва ишсиз то ҳозирги кунгача юрганини рўйирост сўзлаб беришга улгурди. Лекин Кимсанбоевни буларнинг ҳеч бири қизиқтирмас, аксинча, уни Ўрозбойнинг устига кийиб олган кийимию қаппайиб турган чўнтаги хаёлини бузарди.        

– Яхши, яхши, – дея, гапни бўлди Кимсанбоев. Бу дипломим қизил дегандингиз, шекилли. Тўғрими?

– Ҳа, ҳа, шундай, дея ҳовлиқиб жавоб берди Ўрозбой. Дипломингизни кўрсам бўладими? – амирона сўради

Кимсанбоев. – Ия, каллам қурсин минг бор узр. Кўкрак чўнтагини шишириб турган дипломини олиб тутқазди.

Бу ҳолатдан хафсаласи пир бўлган Кимсанбоев: – Эҳ! Қанақа одамсиз дипломнинг қизилидан “кўки” яхши эдида, “бўпти ўзимиз чақирамиз”, – дея қувиб солгандек чиқариб юборди.

Эшик ёнида Ўрозбой ўқитувчиси дарсдан чиқариб қўйган ўқувчидек нима бўлганини тушунмай узоқ вақт туриб қолди. Кейин сабабини топгандек қўлига оғзи билан ҳуҳлаб ҳидлаб кўрди. Ўзини ўзи инкор қилиб йўғ-е, деб тасалли берди.

Шу алфозда орадан яна бир неча соат ўтгач Кимсанбоев қора костюм-шимга дидсиз танланган яланг бошига кўм-кўк шапка кийиб эшик ёнидан, худди, Ўрозқулни танимайдигандек ўтиб кетди. Ҳа, ҳақиқий раҳбар, ақлли бошга нима кийса ярашади. Ахир минг қилса ҳам у раҳбарда. “Энди мен биламан бу одамга шапка ёқади, шапка ярашади, ярашганда ҳам худди мовий осмоннинг рангидан ранг олган шапка ярашади. Агар ёқмаганда шундоқ устини безаб турган раҳбарлик кийими билан уни киймасди. Мен яна қайтиб келаман. Фақат шапка кийса бўладиган иссиқда эмас, унинг бошидаги паноҳини учира оладиган шамол бўлганда, тўфон турганда қайтиб келаман” – дея Ўрозбой ўзига ўзи гапириб чуқур нафас олганча уйига яёв йўл олди.

Кимсанбоевнинг бошидаги соябон эса худди ақлли бошини иссиқ ва совуқлардан ҳимоя қилаётгандек баланд ва мағрур турарди. Ҳақиқатдан ҳам шапка ўз соясида бир эмас, бир нечта ақлли бошларни қолдириб кетганди.