“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЯХШИ АСАРНИНГ ДУНЁГА КЕЛИШИ – МЎЪЖИЗА Абдуқаюм ЙЎЛДОШ билан суҳбат

Абдуқаюм ЙЎЛДОШ,

ёзувчи

 

— Кўпчилик сизни “Интервью бермайди, кам гапиради”, дейди. Бу характер билан боғлиқми ёки бошқа сабаби борми?

— Билмадим. Шунақа камчилигим ҳам бўлса керак-да. Ўзи табиатан камгап одамман. Давраларда гап-сўзларни жимгина эшитиб ўтиришни маъқул кўраман. Шу яхши-да. Қадим маъқулот (аксиома) бор-ку: ичингдаги гап сенинг қулинг, ташқарига чиққандан ке­йин унинг қули бўлиб қоласан...

— Бундан бир неча йил аввал “кўча адабиёти” мавзусидаги суҳбатингизда “алдабиёт” деган сўзни ишлатган экансиз...

— Тўғрироғи “Адабиёт ичидаги Алдабиёт”... Биласиз, биз ёзувчилик ҳунарини эҳтиром билан тилга оламиз, ҳар қалай, инсон руҳиятининг муҳандислари улар. Айни пайтда андаккина пичинг-истеҳзо билан айтиладиган “ёзғувчи” “унвони” ҳам бор. Баъзи жойларда шикоятчини, адабиётда эса истеъдодсиз кишини шундай аташади.

Биз кейинги пайтлари илгари адабиётимизда кузатилмаган бир воқеликнинг гувоҳи бўлдик, шекилли. Яратилган шарт-шароит, эркинлик туфайли кўпчиликда истаган одам ёзиши, қўша-қўша китоблар чиқариши мумкин, деган бир янглиш фикр шаклланди. Билмадим, қачонлардир ҳар қандай инсоннинг умрида кўрган-кечирганлари, мушоҳадалари, хулосалари бир китобга жам бўлади, деб ўқигандим. Балки шу сабаблидир ижодкорнинг ке­йинги китоби муҳим, деган қараш ҳам бор эди. Яъни айнан иккинчи китоб истеъдод мезони бўла олади. Бироқ, афсуски, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, “адабиётга тутаб кирган”, биринчи асари ҳам “танқиддан тубан” бўлган графоманлар иккинчи... ўнинчи китобларини ва ҳаттоки зарҳал муқовали танланган асарларини чоп эттириб чарчашмаяпти...

Баъзи чет давлатларда арзимаган чақа турадиган китобларни учратиш мумкин. Поездга чиқаётганда оласиз, тушаётганда ташлаб юборасиз. Вагонда зерикканидан кимдир писта чақади, кимдир мусиқа эшитади, кимдир эса ана шу китобни ўқиб кетади. Эрмак, одамнинг вақтини ўлдириш воситаси. На юракда из қолдиради ва на тафаккурда.

Лекин чоп этилган матнга ҳурмат билан муносабатда бўлинадиган бизда “алдабиёт”нинг ёмон томони шундаки, китобни ташлаб юборган билан унинг таъсирини ташлаб юбориб бўлмайди. Бир гап билан бир кишини, ўн кишини алдаш мумкин, лекин шунақа китоб чиқариб минглаб кишини алдаш аслида жиноят билан тенг. Одамнинг тафаккурини, кўнглини алдайдиган, орзуларини сароблар ортидан чопишга мажбур этадиган бундай адабиётни “алдабиёт” демай нима дейиш мумкин?

— Лекин ўқувчилар ўшандай китобларни ўқишяпти. Шу боис, уларнинг муаллифлари ўзларини ёзувчи ҳисоблашади.

— Бемалол “катта ёзувчи ҳисоблашади” деяверинг. Ахир ҳали сиёҳи қуримаган қўлёзмасини оғизларидан бол томиб тинмай мақтаб турадиган, асарларига баландпарвоз сўзбошию тақризлар ёзиб берадиган гуруҳлар ардоғида бўлганидан кейин охир-оқибат бунга ўзиям ишониб қолади-да...

Бу савдо сизларнинг ҳам бошингизда бордир: компьютерда оппоқ қоғозга санъат асаридай чиройли тарзда чиқариб келинган асарни ўқишимизга тўғри келади. Аслида энг оғир юмуш – асар ҳақида фикр айтиш. Бу математика бўлса экан, шартта ҳисоблаб, исботлаб берсанг: “Биродар, сизда икки карра икки беш бўлиб қолибди-ку”, деб. Хуллас, фикримизни айтамиз. Табиийки, муаллиф бунга қаноатланмайди. “Шунча персонажим бор, шунча қаҳрамоним бор, сюжетим бор, ечимим бор, яна нима керак сизларга ўзи?” дея оёқ тираб туриб олади. Буям камдай, “Бу воқеа фалон йили писмадон қишлоқда бўлган, гувоҳларим бор”, деган дас­так ҳам келтиради. Фалон йили писмадон қишлоқда бўлган воқеа­нинг адабиётга алоқаси йўқлигини тушунтиролмай хуноб бўласиз... Оқ қоғоз ҳаммасини кўтаради, дея унинг юзига ҳар балони чаплаб ташлаш гуноҳ ахир...

Лекин, шукрки, юртимизда бундай ўткинчи сўзбозликка қарши тура оладиган асл Адабиёт бор.

— Ана шу асл Адабиёт яратилишида авлодлар шаклланиши қандай кечади сизнингча? Қаламкаш ижод майдонига кириб келгандан сўнг унинг ёшига қараб авлодларга нисбат бериладими? “Фалон йиллар авлоди” деган тушунча ижодкорлар орасида сарҳадлар яратмайдими?

— Ўша, сиз тилга олган суҳбатда “Асл ижодкорларни тақвим саҳифаларига қараб авлодларга бўлиш анъанасига унчалик қўшилолмайман. Назаримда, яқин-узоқ кечмиш ёинки бугунги кун, аввало, адабий кашфиётлари ҳамда қаламкаш Шахслари билан эътиборга молик бўлгани маъқулроқ”, деган эдим. Адабиётда авлодларга бўлиниш нисбийроқ ҳодиса. Дейлик, ижодкорларнинг дунёга, адабиётга қараши, воқелик бўлган асарларига, айтолган сўзларига нисбатан бу тушунчани қўллаш мумкиндир.

Адабиёт кечмишига назар солсак, қайсидир авлодларга мансуб муайян қаламкашларгина эл назари-эътиборида, эъзозида қолишига шоҳид бўламиз. Дейлик Абдулла Қодирий, Ойбек, Тоғай Мурод...

Тириклик томирларига янги қон жўшқин ҳаёт, қувват олиб киради. Адабиётда ҳам шундай. У ҳамиша иқтидорли ёшларга, демак янги авлодга муҳтож. Бу тараққиёт қонуни.

— Бугунги айрим ёш ижодкорлар янгича йўналишни, янгича йўлни танлашганини иддао қилишмоқда, ҳатто бутунлай янги “замонавий адабиёт” яратилиши ҳақида гапиришмоқда. Бундай даъволар, мисол учун, сизнинг тенгдошларингизда ҳам учраганми?

— Албатта. Фақат ёшларда эмас, катталарда ҳам бўй кўрсатиб туради бундай ҳолат. Ҳеч бўлмаса “Мен модерн усулида ёзаман, асарларимни 20-30 йилдан кейин тушунишади”, дейишади... Лекин изланиш, интилиш бўлгани яхши, буларсиз адабиёт қотиб қолади. Илло Адабиёт ҳеч қачон бир йўлдан кетмайди, бир қолипга тушиб қолмайди.

Адабиётда – барча соҳаларда бўлгани каби – натижа муҳим. Аслида яхши асарнинг дунёга келишининг ўзи бир мўъжиза. Аммо... қани энди онг-шуурингизни, қалбингизни алғов-далғов қилиб ташлайдиган, кулиб туриб йиғлатадиган, йиғлаб туриб кулдирадиган, саҳифаларини титраб-қақшаб, ўзингиздан қизғаниб ўқийдиган, кечалари ухлатмайдиган асар қўлингизга тушиб қолса... Уни ўқиб чиқасола кун-тун демасдан барча яқинларингизга, таниш-билишларингизга ҳаяжон билан қўнғироқ қилсангиз, туйғуларингизни ичингизга сиғдиролмасдан “Шундай асар яратилибди!” дея суюнчи сўраб турсангиз, шаҳарни тентиб, муаллифини қидирсангиз... Шундан ортиқ бахт борми адабиёт учун!.. “Изм”лару “ус­луб”­лари иккинчи даражали масала... Ўқувчи учун муҳими асарнинг фавқулодда буюклиги...

— Абдуқаюм ака, қаҳрамонларингиз орасида нега қийналган, жабр кўрганлар кўп? Бу услубми ёки шу орқали нима демоқчи эканлигингизни айтиб бериш, ўқувчига нимадир де­йиш осонроқми?

— Ёзган одамларим ҳақида ҳали ҳеч ким бундай демаган эди... Билмадим... Достоевскийни кўп­роқ ўқиганман, унинг “изтироблар орқали тозаланиш”, деган гапи менга ёқади. Аввалига бу фикрга ҳайрон бўлганман, сўнг, ўйлаб қарасам, чиндан ҳам қаҳрамоннинг қалб кечинмалари, ҳиссиёт пўртаналари, азоб-уқубатлари ўқувчининг руҳан тозаланишига, маънан юксалишига хизмат қиларкан. Сардафтарни эса, аёнки, дилда дарди бор одам кавлайди...

Қаламкаш воқеадан қаттиқ таъсирланмаса яхши ёзолмайди. Фав­қулодда ҳолатлар, зиддиятлар, кучли тўқнашувлар, инсоннинг аслида кимлигини намоён этиб берадиган оний сониялар, асл феъл-атвор “ярқ” этиб кўзга ташланадиган ҳолатлар... Мана шулар эмасми асарнинг хамиртуруши.

Тўғри, кундалик ҳаётда ҳар куни бунақанги воқеликларга дуч келавермайсиз. Аммо шунга қарамасдан қаҳрамонларимни турмушимизда ҳар қадамда учраб турадиган оддий одамлар деб биламан. Ўзимиз кўриб-билиб юрадиган одамлар. Мен фақат имконим даражасида уларнинг бесарҳад кўнгил салтанатига разм ташлашга ҳаракат қиламан, қаҳрамонларимнинг кечаги, бугунги, эртанги кунини тасаввур этаман ва қарабсизки, юрагингизни ўртаб юборадиган, қўлингизга қалам ушлашга мажбур этадиган сюжетлар қаторлашиб келаверади...

Дарвоқе, бу мулоҳазалар ўзимнинг камтарин, хусусий ҳаётий тажрибаларим маҳсули ва уларни рецепт ёинки қатъий фикр сифатида қабул қилиш асло жоиз эмас.

— Китоб ўқиш, китобхонлик ҳақидаги фикрларингиз.

— Мактабимизнинг каттагина кутубхонаси бўларди. Кутубхоначи опа ёшимизга қараб китоб тавсия қиларди. Масалан, ўн икки ёшимда опа менга “Минг бир кеча”нинг бирон жилдини бермаган, “ёшинг­га тўғри келмайди”, деган. Назаримда, бугун ҳам кутубхоналарда ана шу усулни кучайтириш керак.

Бунинг учун эса кутубхоначи ҳамма китобни ўқиб чиққан, улар ҳақида ўз мустақил тушунчаси, тасаввурига эга, юксак маънавиятли мутахассис ва тарбиячи бўлиши лозим. Фақат шундай мутахассисгина қайси болага қандай китобни тавсия этишнинг ҳадисини олган бўлади. Демак, айнан кутубхоначи мактабда энг кўп маош оладиган ходим бўлиши лозим. Чунки у маърифат тарқатувчи, келажак дарвозаси ҳисобланган кутубхона мудираси...

Келинг, ўрни келиб қолди, сизга таниш бир муаммони айтай. Балки бу борада журналистик суриштирув ҳам ўтказарсиз. Туман марказларидаги, қишлоқлардаги мактаблар кутубхоналарида ҳар хил савиядаги асарлар турибди. Улар орасида “маҳаллий классиклар”, яъни “сариқ матбуот” пешқадамлари шахсан совға қилган ёки йўлини топиб соттирган китоблар ҳам бор. Ялтироқ муқоваларда, оппоқ қоғозларда, кишининг эътиборини тортадиган расмлар билан чоп этилган. Ўқувчилар олади-да бунақа китобларни. Аслида эса ўқитувчилар, биринчи навбатда саводхон кутубхоначи бундай туҳфа асарларни ўқиб кўриб, болаларга тавсия этиш-этмаслик масаласини ҳал қилиши шарт. Бу асло цензура эмас. Болаларни адабий дидсизлик, бесаводлик, фаҳш ва садизм уфуриб турган китоблардан ҳимоя қилиш истаги, холос.

— Абдуқаюм ака, мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Дадахон МУҲАММАДИЕВ суҳбатлашди