“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Мукофот ва жазо. ҳикоя

Герта МЮЛЛЕР,

олмон адибаси, Нобель мукофоти совриндори

– Уни севармидингиз?

– Ҳа.

– Бахтли онларингиздан нималар хотирангизда қолган?

– Ҳеч нарса. Йўқ озгина. Қизиқ гапнинг ўзи йўқ. Ҳаммаси шунчалик тез ўтиб кетган. Уч ой… муҳаббатимиз атиги уч ой давом этди. Балки ундан ҳам қисқароқдир. Худди тонгги шабадага ўхшаб... худди сароб сингари… Бизга сабр етмади. Орамизда пайдо бўлган омадсиз муҳаббат ва ғалати муносабатдан кўпроқ у азобланди… мен эса унинг туйғуларига мутлақо бефарқ ва қалбидагиларидан бехабар эдим. Бир куни узоқ ва қийин кечган иш кунидан сўнг, уйга ҳориб-чарчаб қайтганимда унинг азобларини илк бора сезгандим.

У ёзув столи ёнида ўтириб чиройли ва митти ҳарфларни териб хат ёзарди.

– Кимга ёзяпсан? – деб сўрадим ундан.

– Сизга.

– Менга?

«Демак, мени ташлаб кетяпти», деб ўйладим.

– Нега менга хат ёзяпсан? Ахир ёнингдаман-ку, ёзмасдан ўшаларни юзимга айтсанг бўлади-ку!

– Шунчаки қоғоз қоралаяпман.  Қалбимдагиларни ёзгим келди.

Мен битта номани қўлимга олдим.

“…сиз билан бирга дам олишга бориш… бирга сузиш, овқатланиш, Кулишингизни томоша қилиш, Париж, Байрут ва Венани томоша қилиш…”

Барча иборалар худди шундай давом этарди. Бетма-бет…  бу менга жуда ғалати туйилди.

Диванга секингина чўкдим ва қоғозларни қўлимга олдим. Севимли аёлимнинг ёзганларини ўқиб кўрдим. У хатти-ҳаракатимни кузатиб:

– Хўш қандай? Ёқдими? – сўради у қаршимга келиб.

– Мэри ва Тим ким? – деб сўрадим ундан саволига жавоб бериш ўрнига.

Унинг лаблари титради ва ўрнидан туриб, қайтадан стол ёнига қайтди. Қўлидаги ручкасини секингина стол устига қўяркан, юзимга қарамай: «Яхши одамлар!» деди ва ювиниш хонасига кириб кетди. Унинг ортидан бориб: «Ажойиб, сен истаганингдай бўлади. Ер юзида сени ва сен орзу қилганингдек Мэри ва Тим сингари ажойиб болаларимизни бахтиёр этиш, сенга яхши эр, болаларимизга меҳрибон ота бўлиш учун яшайман», – деб айтиш ўрнига чекиш учун ташқарига чиқдим.

– Кейин нима бўлди?

– Ҳеч нима. Матильда хафа бўлди, бироқ менга буни билдирмасликка ҳаракат қилди. У ёниб турган алвонрангли кўйлакда гул-гул очилиб кетганди. Ҳусни кўзни қамаштирарди.

– Гўзалсан, – дедим унга. – Ҳатто кўзларинг ҳам порлаяпти.

– Ҳа порлаяпти, – сўзларимни тасдиқлади у.

Орадан шунча йил ўтиб, нега бундай қилганини англаяпман. У ақлли ва ғаройиб аёл эди. Фақат мен буни англашга ожизлик қилганман. Сўнгги оқшом алвонрангли кўйлакдаги қизнинг бенуқсон қиёфаси менга бир умга етгулик мукофот ҳам, жазо ҳам бўлди. Уни сира унутолмадим...