“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“АДАБИЁТДА ЁЗУВЧИ ЭМАС, АСАР МУҲИМ...”

 

Уильям Фолкнер,

Нобель мукофоти совриндори

Уильям Фолкнер “Қаҳру ғазаб” (1929),“Августдаги нур”  (1932),  “Суянчиқ”  (1935),  “Авессалом, Авессалом!”  (1936),  “Енгилмас”  (1938), “Гамлет”  (1940), “Роза учун гуллар” сингари асарлари билан адабиётда ўз ўрнига эга. Ўзига хос характер ва услуб соҳиби бўлган ёзувчи 1949 йили Нобель мукофотига лойиқ топилган. Ёзувчи билан қилинган қуйидаги суҳбат “Санъат фантастикаси” журналида чоп этилган.

— Адашмасам, бундан бир неча йил бурун интервью беришни ёқтирмаслигингизни айтгандингиз...

— Ҳа, табиатим ҳамон ўзгармаганини тан оламан. Одатда журналистлар шахсий ҳаётинг ва одатларинг билан қизиқишади. Айримлари мантиқсиз саволларига жавоб олиш учун ҳар қандай пасткашликдан ҳам қайтмайдилар. Бундай мухбирлар билан суҳбатлашиш тугул, уларни яқинимга йўлатмасликка ҳаракат қиламан. Лекин адабиётга тегишли гурунг жону дилим. Мухбирларнинг бу борадаги саволларига жавоб беришдан шу чоққача бош тортган эмасман.

— Ёзувчи сифатида ўзингизга қандай баҳо берасиз?

— Агар адабиётда Уильям Фолк­нер номи бўлмаганида ё Хемингуэй ё Достоевский, ёки умуман бош­қа биров мен ёзган асарларни яратарди, деб ўйлайман. Адабиётда ёзувчи эмас, ёзилган асар муҳим. Масалан, мусаввирнинг мавжудлиги санъат учун бир пул, лекин у яратган шедевр бебаҳо. Шекс­пир, Бальзак, Гомерни олайлик, бу ижодкорларнинг асарлари бир ғояга хизмат қилган. Худонинг қудрати билан улар минг йил ё икки минг йил яшаганида борми, ноширу адабиёт учун бошқа ёзувчи ё шоирга эҳтиёж туғилмасди.

— Тасаввур қилинг, ёзишга мавзу қолмади...

— Нақадар даҳшат! Асло! Худо суйган ёзувчи бошқа биров ил­ғашга қодир бўлмаган қусурни, албатта, кўра олади. Бундан изтироб чекади, дунёга сиғмайди ва ўз-ўзидан Тангри кўнглига солган дардларини қоғозга туширади. Мавзу тополмаган ёзувчига ачинаман. Бу чидаб бўлмас азоб. Ёзувчи мавзу топиб ёзиши ва уни қоғозга тушириши учун бошқалар иш билан ғоят банд бўлиши керак, яъни, унга ёлғизлик кифоя.

— Наҳот ёзувчи учун ёлғизлик шу қадар муҳим бўлса?

— Сув ва ҳаводай. Ёлғизликда нафақат, ёзувчи, балки оддий одам ҳам ўз қусурларини кўради. Чунки ёлғизлик ҳаммага хатоларини идрок қилишга имкон беражак. Айнан у инсонни камолот сари етаклайди. Ёлғизликда одам ҳеч қачон тасаввурига сиғдиролмаган ишларини ҳам қилиши мумкин. Агарда Худо берганларининг ҳаммаси қандай бўлса, шундайлигича қоғозга туширишга эришганимда борми, ҳозир ишончим комилки, ёзганларимдан минг карра яхшироқ асарлар дунё юзини кўрарди. Лекин минг афсус, вазият бенуқсон романлар яралишига тўсқинлик қилган. Эҳтимол, бунда ҳам бир ҳикмат бордир?

— Романларинингизни қайта кўриб чиқиб, уларни кўнглингиздагидай яратиш фикри туғилмаганми ҳеч?

— Бу каби истак ҳамма ёзувчида бўлса керак. Лекин бу ношукр рассомнинг бетакрор хаёлий паривашни яратишга беҳуда уринишига ўхшайди. Чиранишларининг ҳосиласида қийшиқ бурунли ялмоғиз вужудга келиши мумкин. Ҳаммаси қандай бўлса шундайлигича қолгани маъқул.

— Яхши романнавис бўлишнинг формуласи борми?

— Бор. Тўқсон тўққиз фоиз истеъдод + тўқсон тўққиз фоиз интизом + тўқсон тўққиз фоиз меҳнат = ЁЗУВЧИ! У ҳеч қачон қилаётган ишидан кўнгли тўлмаслиги керак. Натижа кутилганидан яхшироқ бўлиши учун тинимсиз меҳнат қилиш шарт, лекин ёзувчи классиклардан ёки замондошларидан устунликни орзу қилиб, ўзини уринтириб қўй­масин. Шунчаки ўзингизни тарбияланг. Ижодкор учун кундан-кунга яхши бў­лишга ҳаракат қилиш кифоя.

— Демак, ёзувчи ўзига нисбатан талабчан бўлиши керак, бироқ шафқатсиз эмас, шундайми?

— Талабчанлик ёзувчи маҳоратининг ўсишига хизмат қилади. Шафқатсизлик эса уни хароб қилади. ўоя туғилиши билан ижодкор оромини йўқотади. Қийноқлар бошланганда, ёзиш иштиёқи панд бермаса, яъни сўнмаса, ортиқча шафқатсизликка ҳожат йўқ. Асар ниҳоясига етганида бахт ёзувчини сўроқлаб келади, унгача эса фақат изтироб, хавотир, дард унинг ҳамроҳидир. Уларсиз ёзишнинг иложи йўқ.

— Ёзувчи учун энг яхши муҳит?

— Адабиёт. У жой ва макон танламайди. Бизни ўраб турган оламнинг ўзи адабиёт эмасми? Ижодга ташна ёзувчи ҳар қандай жойда ҳам ёза олади. Масалан, мен энг яхши асаримни борделда ёзганман. Атрофимдаги содир бўлаётган воқеалар каминага ажойиб ғоялар туҳфа этган. Омонат бошпана, ҳар қадамда очлик ва қаҳратон таҳдиди, чўнтагингда бир қанча ҳисоб варақалари, кўнгилда эса ижод иштиёқи. Бундан бўлак бахт борми? Ижодкорнинг ҳамма нарсаси бўлса, у ёзмай қўяди. Мана шундай муҳит ёзувчига ёзиш эркинлигини ҳадя этади. Кундуз кунлари атрофни кузатиб, фикрларини тиниқлаштириб олган ёзувчи учун саҳарда тинч жой ва тоза ҳаво етиб ортади. Қалам ҳаммасидан илҳомланиб, шиддат билан илдамлайди. Мен ёзишим керак, деган фикр билан эмас, мен ёзаман, деб қўлга қалам олинг.

— Ёзиш эркинлиги ҳақида сўзладингиз. Бироқ кўпгина ёзувчилар ёзувчига иқтисодий эркинлик ҳам керак, бу томондан кўнгил тўқ бўлмаса ёзиш қийин, дейишади-ку?!

— Назаримда бу чўпчак. Мантиқан ўйлаб кўринг, рассом ижод қилиши учун қоғоз, қалам, бўёқ ва яна бир қанча нарсаларни сотиб олиши керак. Демак, у биздан бойроқ бўлиши шарт. Ёзувчига эса ёзиш учун қоғоз ва қаламдан бошқаси керак эмас. Демак, эҳтиёжларимизга арзимас пул сарф этамиз. Бадавлат ёзувчи халқ дардини ҳис қилмай қўяди. Хуллас, пул илҳомни қувади. Яхши ёзувчи пулни энг охирида ўйлайди. Одамлар доим камбағалликдан қўрқиб яшайди. Менга эса ундан қўрқиш эмас, енгиш ёқади.