“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

УСТОЗ – МАЪНАВИЙ ОҒА

Шуҳрат РИЗАЕВ,

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири, адабиётшунос, драматург

Тақдир тақозоси билан адабиёт ва санъат илмини қисмат билиб, шу кўйда яшаб ўтган йилларим давомида кўп азиз инсонлар билан учрашдим, танишдим, муносабатга киришдим, дўст тутиндим, яқинлашдим. Ўйлаб қарасам, ўзимга қай бир даражада замондош ХХ аср ўзбек адабиётшунослиги намояндаларининг катта ва ўрта авлодга мансуб жуда кўп заҳматкашлари билан турли тарзда мулоқотларда бўлдим, умрим давомида улардан кўп нарсаларни ўргандим. Тақдир каминага ўулом Каримов, Субутой Долимов, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Абдуқодир Ҳайитметов, Азиз Қаюмов, Лазиз Қаюмов, Солиҳ Қосимов каби катта устоз олимлар билан ҳамсуҳбат бўлиш бахтини насиб этди. Шариф Юсупов, Наим Каримов, Умарали Норматов, Тўра Мирзаев, ўаффор Мўминов, Иброҳим ўафуров, Абдуғафур Расулов, Анвар Ҳожиаҳмедов, Бегали Қосимов, Улуғбек Долимов, Омонулла Мадаев, Бахтиёр Назаров, Нўъмон Раҳимжонов, Иброҳим Ҳаққулов, Асқар Мусақулов ва яна ўнлаб бошқа номдор адабиётшунослар билан давраларда ўлтириш, озми-кўпми хизматларини қилиш имкониятини берди. Уларни устоз санаб, илму маърифатининг мухлиси бўлиб, адабиётшуносликнинг кўп қизиқ дунёларига кириб бордим. Ҳеч шубҳасиз, улар бари юксак ҳурматга муносиб инсонлар. Лекин мен билган, яқиндан таниган, мулоқотларидан ҳар сафар ҳайрат ва ошуфтаҳоллик туйган олим ва муаллимлар орасида бир зот борки, бу инсонни укалик муҳаббати билан суйиб, ҳар сафар эсласам, армон билан ҳаяжонланиб тилга оламан. Бу қадрдон инсон – Талъат ака Солиҳов эди.

 Кўринишидан жиккаккина, кўпинча сочу қошлари ўсиб юз қиёфасини қоплаб очадиган, кўзларида катта кўзойнак билан ортиқча сас чиқармай ниҳоятда камсуқумлик билан юрадиган бу одамни яқиндан билмаган киши назарига илавермаслиги ҳам мумкин эди. Дунёга келиб умри давомида бирор марта иддао қилмаган одам бормикин, деб сўрасалар, мен ҳеч иккиланмай Талъат ака номини тилга олган бўлардим. Ваҳоланки, Талъат ака Солиҳов анча гуриллаган пайтларда ТошДУ (Миллий университет)нинг филология факультети декани, жуда узоқ йиллар Чет эл адабиёти кафедрасининг мудири бўлиб ишлаган, кейинроқ Афғонистонда машъум шўравий инқилоблар давр­ларида Қобул университетида профессорлик қилган, рутбаси анчагина баланд олим ва педагоглардан эди. Аммо ана шу нуфуз ва даражалардан бирор марта ўзига шахсий манфаат истаб фойдаланганлигини кўрган ё эшитган эмасман. Унинг оиласи ва маиший ҳаёти, фарзандлари ва уларнинг тақдири ҳақида ҳам тўлақонли тушунчага эга бўлмай туриб, Талъат Солиҳов домлани ака билганман.

Назаримда, Талъат аканинг сочидан тирноғигача, емишию турмушигача – барча-барчаси адабиётдан иборат эди.

Ўтган асрнинг 80-йиллари филология факультетининг кечки бўлимига дарсга келаётсам университет ҳовлисида домлани учратиб қолдим. Ўша пайтлар университетдан чиқаверишда, ҳовлининг бир бурчида, хорижликларнинг устига ширин ун сепиладиган, бармоқдай-бармоқдай ширин кулча чиқариб берадиган бир аппарати ўрнатилган эди. Арзонгина, йўл-йўлакай еб кетишга мўлжалланган шу кулчалардан 200-300 грамм атрофида харид қилиб, кичкинагина қоғоз халтачага солдириб турганининг устидан чиқдим. Ана шу эрмак-егуликнинг пулини бериб, менга ҳам тотинишни таклиф қилди. Кулиб: “Кечки таомгача ошқозонни алдаб бормоқчи бўлибсиз-да”, – дея ҳазиллашдим. “Тушки таом ҳам, кечки таом ҳам – ҳаммаси шу, танани тутиб турса бўлди-да”, – деб табассум қилди. “Ҳазиллашаяпсизми?” – дея сўраган саволимга: “Бу жуда қулай, кўчада ҳам, уйда ҳам эрмак қилиб, тотиниб, ўқиётган нарсангдан узилмай, бемалол мутолаангни давом эттирсанг бўлади. Бундан ортиғи нимага керак?!” деб тасодифий учрашувимизни фойдалироқ мавзуга буриб, ҳозирда нималар ўқиётганим билан қизиқди. Билишимча, бу пайтларда Талъат ака Чорсуга кетаверишдаги тўққиз қаватли уйда бир ўзи яшар, ҳеч кимга малоллик келтирмай, ҳеч бир кимсага борлигини билдирмай, ниҳоятда кичик кўнгиллик билан умргузаронлик қилар эди. Аммо унинг тафаккур олами, қалби, тушунчалари, билим қамрови ҳаёт тарзининг, маиший турмушининг тамомила акси эди, десам муболаға бўлмас.

Талъат Солиҳов мен таниган адабиётшунослар ичида жаҳон адабиёти (энг қадимги даврлардан то ХХ асрнинг охирларигача) ҳақидаги билимлари ва мушоҳадалари билан алоҳида, энг олий даражаларни эгаллаган олим, педагог, мутафаккир инсон эди. Аммо Талъат акадан катта олимликка шаҳодат бўлгувчи ўнлаб китоблар, рисолалар, мақолалар мерос қолгани йўқ. Янглишмасам, ҳатто бирорта китоблари ҳам чоп этилмаган эди. Шуларга қарамай, Талъат акани том маънода олим дейишга ҳақлиман. Воқеан, унинг илми ўқиган маърузаларида, педагогик истеъдодида ўзининг тўлиқ ифодасини топган эди. Талъат муаллимнинг ҳар бир маърузаси жаҳон адабиётининг у ё бу масаласи ёки бирор улуғ сиймоси ҳақидаги тадқиқот-маърузалар эди. Тадқиқот бўлганда ҳам теша тегмаган, ниҳоятда оҳорли фикр-қарашлар билан эшитгувчи ақлини шошириб қўядиган тадқиқот-маърузалар эди. Жаҳон адабиётида реализм ҳақида сўз юритар экан, реаллик билан бадиий реализм тушунчасини бир-бири билан қориштириб юборадиган ҳолатларни бутун моҳияти билан очиб берар, адабиёт ва санъатдаги реализм тушунчасини ўз даври учун буткул ноанъанавий усулда талқин этарди. Талъат муаллимнинг маърузаларидан бир неча сана ўтиб, мен бу ҳақда рус адабиётшуноси Борис Сучковнинг ўша кезлар Иттифоқ давлат мукофотига сазовор бўлган “Исторические судьбы реализма” деган катта монографиясида Солиҳов қарашларига яқин нуқтаи назарни кўрдим. Бу ҳақда Талъат акага айтганимда, домла реализм ҳақидаги қарашларини Сучковнинг бу тадқиқотларидан анча-мунча аввал ўзларининг маърузаларида илгари сурганликларини айтиб, исботлаб бердилар. Очиғи, шунда илк бор афсусландимки, агар Талъат домла ўз қарашларини тўла илмий далилланган ҳолда маърузаларидагина айтиш билан чекланмай, ёзиб, мақола, рисола, монография ҳолатида эълон қилганларида кейинчалик илмга “Сучков назарияси” бўлиб кирган ҳодиса Талъат Солиҳов номи билан аталиши мумкин эди. Ана шуларни ўйлаб, ҳар сафар Талъат аканинг росмана тадқиқот характеридаги маърузаларини тинглаганимда, “Нега шуларни қоғозга туширмайсиз?” деб куюниб сўрардим. Домла эса “Сизлар эшитяпсизлар-ку, бўлади-да шу”, дея мийиғида кулиб қўярдилар. Бундай кичик таассуф – диалоглар мендан ташқари Талъат ака маърузаларини тинглаган барчада ҳам бўлганини кейин кўп бора эшитдим. Афсуски, булар бари армон бўлиб қолди.

Устозга нисбат бериб – тадқиқот-маърузалари борасида сўз кетар экан, бу маърузаларнинг ифода шаклини четдан кузатган бегона одам гапимга сира қўшилмаслиги мумкин. Бунинг сабаби у маърузаларини баланд минбарларда ёрқин тембрлардаги товуш товланишлари билан ирод этмагани, риторик бўёқлар билан бўямагани туфайлидан бўлса керак. Агар эллик кишилик аудитория йиғилган бўлса, шулардан уч ё тўрттасигина Солиҳов маърузаларига сомеъ бўларди. Сомеъгина эмас, харидору талабгор бўлар эди. Чунки бу маърузаларда ташқи жимжимадан кўра, мавзу белгиланган ҳодисанинг моҳиятини англаш, бор ички қатламларини инкишоф этиш хусусияти устувор эди. Астагина, олдидаги бир-иккита столдан нарига ўтмайдиган сокин овоз билан баён этиларди бу тадқиқот-маърузалари. Жон қулоғи билан эшитган одамгина бир ярим соатлик маърузадан адабиётшуносликка оид ниҳоятда бақувват бир неча китоб ўқиб чиққандек бўларди. Нафақат бу, сомеъ тўлиқиб, ҳаприқиб, ҳайратларга чўлғаниб қоларди ўша маърузалардан.

Камина Талъат муаллимнинг тўртта маърузасини тўртта ниҳоятда зўр монография ўқигандек таассурот билан эслаб юраман. Биринчиси, юқорида тилга олганим реализм ҳақидаги маъруза; иккинчиси, Ги де Мопассаннинг “Дўндиқ” ҳикояси ҳақидаги маъруза; учинчиси, натурализм ва Эмил Золянинг Ругон Маккарлар ҳақидаги романлар туркуми хусусида ўқилган тадқиқот-маъруза; тўртинчиси, Томас Маннинг “Будденброклар” романи ҳақидаги маърузалари. Булардан ташқари, Жек Лондон, Хемингуэй, Ремарк, Жойс ҳақида ҳам маърузаларини эшитганман. Умуман, қарийб икки йил давомида ҳафта сари эшитиб борган маърузаларим адабиёт ва адабиётшунослик ҳақидаги тасаввурларимда инқилоб ясаган десам муболаға эмас.

“Дўндиқ” – у қадар катта бўлмаган ҳикоя ҳақида бир ярим соат давомида Талъат ака шу қадар кучли мушоҳадаларини баён қилдики, асосий ғоявий йўналиш билан бир қаторда, ҳикоядаги ҳар бир катта-кичик бадиий деталнинг маъно-мазмунини таҳлил қилиб, жамиятнинг манаман деган киборлари бир оддий фоҳишадан қанчалар маънавий тубан эканликларини кўрсатиб берди. Маърузадан кейин ҳикояни бошқатдан ўқиб, бутунлай бошқа таассурот олиб, ҳали-ҳануз француз ҳикоячилигининг энг мумтоз намуналаридан эканлигини эътироф этиб юраман. Ёки Томас Маннинг “Будденброклар” романини Ойбек домланинг “Қутлуғ қон” романи билан қиёслаб, шундай умумият кашф этдики, ҳеч шубҳасиз, Ойбекни Томас Маннлар қаторида кўрадиган илмий таассурот-тушунча пайдо қилди бизда. XIX асрнинг охирларида шу даврнинг тажассуми ўлароқ яратилган Томас Манн романида савдогарлардан иборат бир оиланинг тўрт авлоди таназзули ҳақида ҳикоя қилинар экан, буни “Қутлуғ қон”даги Мирзакаримбой оиласининг шакл­ланиши ва таназзулигача бўлган жараён билан солиштирган эди. Бу ҳар иккала тужжорлар хонадонининг ҳалокатига асосий сабаб – маънавий ақидаларнинг емирилиб бориши эканлигини батафсил очиб берган эди домла. Шу билан бирга, Ойбек асарида мафкура тазйиқи туфайли ўзини бироз чеклашга мажбур бўлгани, акс ҳолда у ҳам “Будденброклар” каби оилавий сага, янада кенг қатламли эпопея яратиши мумкин бўлганини ҳам далиллаб берган эди. Хуллас, Талъат ака жаҳон адабиёти билан бир қаторда ўзбек адабиёти ҳодисаларига ҳам бефарқ бўлмасликни, уларнинг мумтоз намуналарини қиёсий-типологик планда ўрганиш фикрини илгари сурган эди.

Ўзидан бирор китоб қолдирмаган Талъат муаллим тадқиқот-маърузалари билан адабиётшунослигимизда воқеа бўладиган қатор моног­рафиялар яратгандек таассурот қолдириб кетди.

У узоқ яшамади. Ниҳоятда ёқимсиз, эслаганингда қалбингни титратадиган кимсасиз ўлим топди. Афсуски, биз – ҳурматдан кўра кўпроқ уни укалик мухаббати билан суйган шогирдлари оқибат кўрсата олмадик. Ўлимидан кейин сақлаб эълон қилмаганимиз қанчадан-қанча тадқиқот-маърузалари хусусида шунчаки гурунглар қилиб юрдик. Бу гурунг­ларнинг руҳияти бошидан-охиригача таассуф билан йўғрилган. Ажабмаски, шу таассуфларимиз кўпчиликка керак хулосалар чиқариш учун туртки бўлса. Дунёда бир ёниб ўчган ёрқин шуъла мисол ўтган одам – устоз бугун қалбимизда шунчалар армон туйғусини уйғотади. Шуларнинг барчасидан сабоқланиб яшашга бурчлимиз. Устознинг охиратлари обод бўлсин.