“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БЎЁҚЛАР — БУЮК МУСИҚАЧИ

Акмал НУР,

Ўзбекистон Халқ рассоми

Ҳар битта суҳбатдошимни устоз деб биламан. Боиси, суҳбат чоғида ундан нималарнидир, оласиз... Биринчи устоз ҳақида гап кетганда, албатта, мактабга қатнай бошлаган илк кунларимда дастлабки сабоқларни берган, ҳарф танитган устозим Ҳакимахон ая Дадабоева хотирамда жонланади. Мактабда ўқиб юрган кезларим адабиётга ихлосим баланд эди. Шу важдан она тили ва адабиёт фанидан дарс берадиган Ибодулла Раҳматуллаев ва Ҳамроқулов домлаларга эҳтиромим ўзгача бўлган.

Болалигимда рассом бўлиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаган. Ниятим адабиёт ўқитувчиси бўлиш эди. Лекин тақдир тақазоси билан рассомчиликка кириб келдим. Бу худди баҳорда ҳовлига ўтказилган гултожихўроз танасидан мезон пайти қизил атиргул очилганга ўхшайди.

Ўқувчилигимда шеър ўқишни, ёд олишни яхши кўрардим. Кейинчалик пионерлар уйига наққошлик санъатини эгаллаш учун қатнай бошладим, шу соҳага ҳам ихлосим баланд эди. Миллий наққошлик санъатини юксак даражага кўтарган Иброҳим Мамадалиев бу борадаги биринчи устозим эди. У кишининг қўл остида наққошлик санъати сирларини ўрганганман.

1974 йилда Тошкентга келганимда тақдир менга яна бир янги туҳфа тайёрлаб қўйган эди. Бу шаҳарга наққош бўлишни орзу қилиб келганману, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Халқ рассоми Нурмат ака Қўзибоев ишларимни кўриб: “Йўқ, сен наққош эмас, рассом бўласан”, — деб ҳужжатларимни рассомчиликка топширтирганлар. Ваҳоланки, қишлоқдан келган одми, соддагина йигитча ранг-тасвирнинг “Р” ҳарфини ҳам тушунмасдим. Бироқ устозларим мени босиб ўтишим керак бўлган ойдин ва равон кўчаларга йўналтиришган.

Бенков номидаги рассомчилик билим юртида Иван Якович Соколов деган устоз бўларди. Ўзбекистонда таниқли ижодкор, моҳир ранг-тасвирчи рассом, қолаверса, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, ногирон бўлсалар-да, ўқувчиларга айрича қунт билан сабоқ берардилар. Тўрт йил уларнинг қўлларида таълим олдим.

Институтга кирганимда ўзбек тасвирий санъатининг дарғаларидан бири — Ўзбекистон халқ рассоми, академик Раҳим ака Аҳмедов қўлларида ўқидим. Энг муҳими, улардан самимийлик, ростгўйликни ўргандим. Рассом ёлғон гапиролмайди, ёлғонни жудаям ёмон кўради, камтар бўлади. Раҳим ака Аҳмедов қусурлардан холи инсон эди, доим айтмоқчи бўлганларини шартта айтиб қўя қолардилар. Мен умрим давомида устозлардан ўрганганларимни ҳаётга татбиқ қилиб, халқимизга, одамларга манзур бўлувчи “оҳанг”лар яратишга интилдим.

Жуда кўп китоб ўқидим, демак, мана шу китобларнинг муаллифлари ҳам менинг устозларим. Кўп альбомлар кўраман. Улардаги суратларнинг муаллифлари ҳам менга устоз. Устозларни донишманд халқимиз отасидай азиз билади...

 

Лобар Норбоева ёзиб олди.