“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

НАФИС ДАВРА

Кенесбой КАРИМОВ,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Қорақалпоғистонда ўтган йили ҳам, бу йил ҳам йигирмадан зиёд китоб нашрдан чиққан бўлиб, уларнинг ичида мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган бун­ёдкорлик ишлари, катта-катта қурилишлар ва иқтисодиёт соҳасидаги муваффақиятларимизни тасвирлайдиган очерк, бадиий-публицистик мақолалардан тортиб, шеърий ва насрий асарлар, қиссалар, тарихий романлар бор.

Мақола муаллифининг бу йил ёруғлик кўрган “Оғабий” роман-дилогиясининг давоми “Оққапчиқ” тарихий романи, Бердақ номидаги давлат мукофоти сов­риндори, марҳум ёзувчи Абдулла Содиқовнинг “Бўстонсиз булбул” романи, Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матёқубованинг Давлат мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланган “Уйғониш нашидаси” номли публицистик мақолалар, суҳбатлар ва шеърлар китоби, болалар ёзувчиси Бекназар Эрназаровнинг ўсмир ёшларга бағишланган “Тонг отганда”, “Давр нафаси” номли қиссалар тўпламлари, шоир Соғинбой Ибрагимовнинг “Сайланма” асарлари, Ҳикматулла Айимбетов, Матибой Бердиев, Жуманиёз Ўтаниёзовнинг шеърлар тўпламлари, Аҳмад Ақназаров томонидан ўзбек тилига таржима қилинган “Бўзйигит” номли қорақалпоқ халқ дос­тони, истеъдодли ёшларимизнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига атаб “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида чоп этилган “Биз истиқлол фарзандларимиз” номли ёшлар баёзи китобсеварлар томонидан қизғин кутиб олинди.

Шу йил май ойининг охирида Қорақалпоғистон Республикаси ахборот ресурс маркази билан ҳамкорликда Нукус шаҳри ва Қўнғирот туманида ўтказилган “Китоб байрами” доирасидаги катта тадбирлар китобхонлар билан ёзувчиларимиз чин юракдан суҳбатлашадиган нафис давраларга айланди.

Учрашувлар ва суҳбатларда таъкидланганидек, халқимиз, айниқса, ёшларимиз китоб ўқишга жуда ўч. Улар ўз ота-боболарининг ўтмишини, тарихдаги бой миллий урф-одатларини билгиси келади. Уларнинг бу борадаги эҳтиёжларини қондиришда бадиий асарлар ёрдам беришини яхши англашади. Бахтга қарши уларнинг қизиқишларига мос келадиган асарларнинг оз эканидан афсусдамиз. Бир пайт­лар ўз маблағлари ҳисобидан китоблар чиқариб, ҳам интеллекти, ҳам бадиий диди юқори бўлган адабиёт ихлосмандларининг кўнглини қолдириб қўйган хом-хатала асарларнинг ўрнини босадиган юксак бадиий асарларга талаб кучли эканини яна бир бор таъкидлаймиз.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан бир қатор ёзувчиларимиз ва шоирларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани қорақалпоқ китобхонларини беҳад севинтирди. Севимли ёзувчимиз Эркин Аъзамнинг “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвони, қорақалпоқ адабиёти фаол тарғиботчиси ва таржимони, шоир Рустам Мусурмоннинг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони, Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матёқубованинг “Фидокорона хизматлари учун” ордени, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби Бекназар Эрназаровнинг “Шуҳрат” медали билан мукофотлангани билан қорақалпоқ ёзувчилари номидан табриклаймиз. Ўз навбатида таниқли ўзбек шоири ва моҳир таржимон Музаффар Аҳмад улуғ айём арафасида “Қорақалпоғистон халқ шоири” фахрий унвони билан мукофотланганини “Китоб дунёси” газетаси ўқувчиларига мамнуният ила маълум қиламан.

Юртимиз тинч, мустақиллигимиз абадий бўлсин!