“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КОМПЬЮТЕР ҲУНАР КЎРСАТГАНДА... Кўнгил дафтарига тушган қайдлар

Аҳмаджон Мелибоев

Компьютер кутилмаганда яна “ҳунар” кўрсатди: кечадан бери ёзган нарсаларим бир сонияда учди-ю кетди. Ёзишга мажолим келмай қолди. Усталар унинг хотира “мия”сини алмаштиргунларича жавонда худди отаси кўтармаган боладай менга араз кўзлари билан термилиб турган китобларни ўқишга тутиндим. Дастлаб “Зардўшт таваллоси”ни қўлимга олдим. Анча-мунча қоғоз саҳифаларини иқтибослар, рақамлар, ноёб фикр­лар, қайдлар билан тўлдирдим. Мана улар:

Зардўшт айтди: “Мен (одамларга) қўшқўллаб тортиқ қилиш ва саховат ёғдиришни истайман, токи одамларнинг ақллилари ўз телбаликларидан қувониб юрсинлар ва қашшоқлари ўз бойликларидан шоду хандон ўлсунлар”. Пир Зардўшт­га деди: “Сен уларга (одамларга) тортиқ қилмоқчи бўлсанг, садақадан ортиқ тортиқ қилма ва яна мажбур қил, токи (улар) сендан тилаб олсинлар!” Зардўшт жавоб берди: “Йўқ, мен садақа бермайман, садақа берадиган даражада қашшоқ эмасман”.

Бу жавоб менга қадим бир ривоятни эслатди. Уч дўст бўлган экан. Вояга етганларидан кейин турли тарафларга қараб кетишибди. Орадан йиллар ўтиб, деҳқончилик билан шуғулланаётган йигит қадрдонларини қидириб, йўлга тушибди. Узоқ юриб, кенг бир ўтлоққа етиб келибди. Сон-саноқсиз қўй, сигир, зотдор йилқилар ўтлаб юрган эмиш. Чўпонлардан суриштириб билса, буларнинг ҳаммаси унинг болалик дўстига тегишли экан. Икковлари ёшликларини эслаб, мириқиб суҳбатлашибди. Бадавлат мезбон қўй сўйиб, дўстини меҳмон қилибди. Хайрлашаётганларида: “Дўстим, кузда ғаллангни ўраётганингда менга буғдой жўнатишни унутма”, деб меҳмоннинг қўлига иккита бўш қоп тутқазибди.

Деҳқон йигит бой дўсти билан хайр-хўшлашиб, йўлга тушибди, узоқ юриб, ҳунармандлар яшайдиган кўримсизгина маҳаллага келиб қолибди. Сўраб-суриштириб, дурадгорлик билан шуғулланаётган иккинчи дўстини топибди. Амал-тақал қилиб кун кечираётган дурадгор чунонан хурсанд бўлибдики, меҳмоннинг ҳай-ҳайлашига қарамай, қўрадаги ёлғиз қўйини олиб чиқиб сўйибди, мазали таомлар пиширибди. Хайрлашаётганларида: “Дўстим, буни болаларингга пишириб бер”, деб қўйнинг бир сонини ўраб берибди...

“Мен яхши кўрадиган одамга ризқ бер, аммо ҳаддидан оширма, мен ёмон кўрадиган одамга бойлик бер, давлатини зиёда қил, эй Оллоҳим!”, дер экан ҳар куни тонгда бир улуғ инсон. Зардўшт халойиққа қараб: “Одам ўз олдига мақсад қўядиган вақт келади. Одам ўз умидининг энг олий донасини (уруғини) экадиган вақт келади”, дейди ва шу оннинг ўзида фикрини давом эттиради: “Вовайло! Одам энди юлдуз туғмайдиган замонлар келаётир”. Яна дейди: “Яратувчи муридларни ахтаради, ўз ўроғини яхши чархлаганларни ахтаради... Яратувчилар, ҳосил ўргувчилар ва байрам қилгувчиларга қўшилгим келади: уларга мен камалакни кўрсатгим келади, аъло одамга етакловчи пиллапояларни кўрсатгим келади уларга...”.

Бу ният фикрингни тиниқлаштиради. “Дунё — ҳосил. Қўлингда ўроғинг, ёнингда қайроқтошинг бўлсин. Қайроқтошинг бўлмаса, уни тилингда ўткирла, дилинг билан қайра, шундай қилсанг, у янада кескир, кўрувчан ва шижоатли бўлади”, деган сатрларни қоралаш ҳаракатига тушасан. Ахир кимдир ўримга тушиши, кўнгил деб аталмиш сайхонликларни қалб кўзларини хиралаштирувчи чиқиндилардан тозалаши, ўроқни занглатиб қўймаслиги керак-ку?!

Бир зум сукутга бериламан. Телевизорда зукко ва топқирлар кўрсатуви намойиш этилмоқда. Телетомошабинлардан бири: “Кимни уйғотиш қийин?” деган савол йўллабди. Топқирлар кўп ўйлашди, турли фаразларни айтишди, аммо тўғри жавобни топа олмадилар. Жавоб шундай экан: “Ўзини ухлаётганга солиб ётган кишини!” Ҳа, шундай. Бундай одамнинг жисми уйғоқ, аммо фикри мудроқлик ботқоғига ботган бўлади. Уйғотиб бўлмас, ўрнидан қўзғатиб бўлмас, ҳаракатга солиб бўлмас даражадаги бу “уйқу” умрни исроф қилади. Уйғоқ одам, “тавалло”да айтилганидек, “худди денгиздек яшайди, денгиз тўлқинлари уни кўтариб юради, ҳаракатда ушлаб туради”. Уйғоқлар ўзлари каби бедорларга эргашадилар, уларни ёнларига чорлайдилар, ўзлари каби ҳаракатда, денгиз тўлқинлари билан ачомлашаётганлар билан яйраб мулоқот қиладилар.

Зардўшт дейдики: “Эй қуёш, эй, шаҳи ховар! Агар мунаввар шуълаларингга интизорлар бўлмаса, сенинг бахт-иқболинг нимага ҳам арзирди”. Жуда кескир гап, аммо унда қиёматга қадар синмас ва сўнмас ҳақиқатнинг жамоли бор. Зукко олимлар коинотда Қуёшдан кўра минг чандон катта ва минг чандон ёруғ юлдузлар мавжудлиги ва уларнинг ҳаракат йўналишларини аллақачон аниқлаб қўйишган. Бундай яратилмалар само бағрида мингта, миллионта, балким ундан-да кўпдир, саноққа сиғмайдигандир. Аммо улар Ер деб аталмиш илоҳий инъом, буюк тафаккур бўстонидан, Одам деб аталмиш улуғ зотдан жуда ҳам олисда ва шу боис, уларга узоқдан қизиқсиниб мўралашдан бошқа илож йўқ.

Зардўшт ўрмонда учраган пирнинг сўзларини эслар экан, ўзига ўзи шундай дейди: “Кошкийди мен донороқ бўлсам...”. Ҳазрат Навоийнинг “Ваҳки, умрим зое ўтди...” деб бошланувчи буюк сатр­лари ёдга тушади. Зардўшт дейдики, “Одам бу — ҳайвон ва комил одам ўртасида тортилмиш ар­қон, у тубсиз чоҳ узра осилиб туради: ўтмоқ хатарли, ярим йўлда қолмоқ хатарли, орқага ўгирилиб қарамоқ хатарли, қўрқиш ва тўхташ хатарли”. Шундай бўлса, демак, дунё — англаганлар ва англаш, англаниш ҳаракатида куйиб-пишиб юрганлар учунгина дунё, бошқалар учун — азоб, тубсиз чоҳ, адоқсиз йўл, ечилмас занжир, очилмас тилсим, беҳуда ўтадиган вақт, кўзни қамаштирувчи рўё. Англаганлар қўлларидаги тошқайроқни бир зум бўлсин, ҳаракатдан тўхтатмайдилар. Тошқайроқ қайраб туради, дунё аста-секин, сирли-сирли ойдинлашиб боради. Ҳофиз Шерозий айтиб қўйибдилар-ку:

Гапир чолғучидин, майдин, жаҳон

сиррини кам изла,

Ечолмас ҳеч киши ҳикмат-ла бу

оғир муаммони.

Жавондан яна бир китобни олиб варақлашга тушаман. “Қировли тонглар гурунглари” (Гурунг­дошлар Комил Аваз, Рўзимбой Ҳасан). Икки ижодкор гурунг баҳонасида тўлиб кетган кўнгилларини хўб бўшатиб олишибди. Баҳс-мунозара авжига чиқибди. Бирлари Софоклнинг “Кўп гапириш бошқа, кўп айтиш бошқа”, деган фикрини ўртага ташласа, иккинчилари: “Хоразмда бир замонлар “Ос” уруғлари яшаган, жанговар бўлишган, “Ҳазорасп” сўзининг маъноси “Минг ослар” дегани, “Осиё” атамаси ҳам шундан келиб чиққан”, дейди. Ҳар иккалалари кўплаб мақол ва маталларни келтиришади. Хаёлан уларга қўшиламан, ён дафтаримга қуйидаги жумлани ёзиб қўяман: “Нодонларнинг нодонликлари боис ақллиларнинг ҳурматини жойига қўямиз”. Бу — янги гап эмас. Сабоқларимда талабаларга тушунтираман: “Зулмат борлиги учун ҳам биз ёруғликни ҳис этамиз, фирибгарлик борлиги учун ҳалолликни қадрлаймиз, хоинлик, сотқинлик мавжуд экан, мардлик ва садоқат ҳамиша улуғланади. Одобни одобсиздан ўрганамиз”. Буни талабалар турлича тушунишади, мен эса давом этаман: “Тасаввур қилинг: кимдир қимматбаҳо тақинчоғини бир жойда унутиб қолдирди ёки тушириб қўйди, дейлик. Эртасига, бир ҳафта ёки бир ойдан кейин ҳам ўша буюм тушган жойида тураверса, тилланинг қиммати нима бўлади?”

Гурунгдошлар Хоразмшоҳнинг Чингизхон ўрдасида хуфия бўлиш ҳақидаги таклифини қабул қилган элчи Маҳмуд тўғрисида гоҳ ачиниш, гоҳ эса... ғурур билан фикр юритадилар. Ҳар икки тараф ўз нуқтаи назарини исботлаш учун тарихий манбаларга қайта-қайта мурожаат этишади. Аммо... бир тўхтамга келишмайди. Бинобарин, мен ҳам бир ўқувчи сифатида кимнинг фикри устун эканини аниқ айта олмайман. Чунки тарихий ҳужжат ва бадиий асар орасида кескин фарқ бор. Тарихий мавзудаги асар, гарчи маълум давр, ижтимоий вазият, воқеа-ҳодисаларнинг тафсилоти ҳақида китобхонга муҳим маълумот берса-да, ҳужжат даражасига кўтарила олмайди. Чунончи, Соҳибқирон Амир Темурнинг Франция қиролларига ёзган номалари, қиролларнинг жавоб мактублари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўғиллари билан ёзишмалари шу даврни ўрганишда ноёб ҳужжат ҳисобланади. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарида Юсуфбек ҳожи тилидан келтирилган қуйидаги огоҳлик даъватига эътибор берайлик: “Иттифоқнинг не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб-ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизга ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирган бўлсак, яқиндирки ўрис истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсак ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйнига ўрус бўйинтуруғини кийдирган бўлармиз. Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлига тутқун қилиб топширгучи — биз кўр ва ақлсиз оталарга Худонинг лаънати, албатта, тушар, ўғлим”. Бу даъват моҳиятан ҳужжат мақомига яқин бўлса-да, улуғ адибнинг бадиий тафаккури маҳсулидир. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, Чингизхон номидан юборилган мактубларни, улар ёзма манбаларда, бадиий асарларда, масалан, В. Яннинг романида қандай келтирилган бўлса (“Хоразмшоҳ! Сен урушни истаб эдинг, мақсадингга етдинг!”), шундайлигича қабул қилиш тўғри эмас, деб ўйлайман. Шу мушоҳада билан устоз Миркарим Осимнинг “Жайхун устида булутлар” қиссасига кўз югуртираман. Асарда элчилар олиб келган совға-саломлар қу­йидагича таърифланади: “Туя жунидан тўқилган жўра-жўра қимматбаҳо матолар, Хитой шойиси, ёш кийик мугузлари, боғлам-боғлам сувсар терилар, ноёб яшилранг яда тоши, туя бўйнидек келадиган тилла”. Элчиларни кутиб олиш маросими таърифи: “Темур Малик ғижиниб: “Маҳмуд Ёлвоч (бошқа манбаларда Ёлавоч) хоразмлик, Юсуф Ўтрорлик, Алихўжа бухоролик. Шундай бўла туриб, бегона подшонинг хизматига кирибдурлар, бу ҳам озлик қилганидек, унинг элчиси бўлиб келибдурлар, бу қандай сурбетлик” деб ўйлар ва муштини қисар эди... Сарой битикчиси — белбоғига қаламдон қистирган, кўк салла ўраган йигит Чингизхоннинг форс тилида ёздирган ёрлиғини ўқиб эшиттирди. Ёрлиқда мўғул қоони Хоразмшоҳни ўғлим деб атаган ва Мўғулистон билан Туркистон мамлакати ўртасида дўстлик муносабатини ўрнатишни, савдо-сотиқ битими тузишни таклиф қилган эди. Қоон султонни ўғлим деб атагани учун кўпларнинг жаҳли чиқди, шоҳнинг ҳам ранги учиб кетди”.

Хоразмшоҳ Маҳмудни мўғул қўшинлари тўғрисида махфий маълумотлар юбориб туришга кўндиради: “Маҳмуд иккиланган кишидек, бироз сукут қилиб, ерга қараб қолди. Холбуки, у иккиланиб ўтирмай, дадил иш қиладиган одам эди. Шу тобда у Чингизхоннинг илонникидек ҳеч пирпирамайдиган, одамга тик қарайдиган айёрона тарғил кўзини кўргандек бўлди, унинг: “Ҳой Маҳмуд, сен султон нима деса хўб деявер, жосусликни таклиф этса — қабул қилавер, қўрқма!” деган сўзларини эшитгандек бўлди. Чингиз мўғул қўшини тўғрисида қандай маълумот беришни, яъни усталик билан Хоразмшоҳни чалғитишни ҳам ўргатган эди...”.

Қиссада Чингизхон ва султон анча вақт ўзаро иноқ бўлиб, бир-бирларига, гўё меҳрибон ака-укадек, совға-салом йўллаб туришгани, бу ҳолат кўпларни таажжубга солгани айтилади: “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур, деб айтмиш она тулки болаларига шудгордаги қоп­қонга қўйилган қуйруқни кўрсатиб,— деди Бадриддинхожа ингичка овоз билан.— Қооннинг сов­ғалари баайни шудгордаги қуйруқ кабидур. Султоннинг онаси Туркон хотун ақли қисқа ўғлини ҳарчанд огоҳлантирса доғи, ўғли қопқондаги қуйруқ сари интилмоқда...” Ва яна бир мактуб. Ўтрорда баднафс ҳоким Инолхонга қарши фитнакорларнинг раҳнамолари Хожа Баҳриддин ва Буғроҳожи Чингизхон номига қалбаки мактуб тайёрлаб, унга ҳоким ва Темир Малик муҳрларини бостирганлари айтилади. Мактубнинг матни қуйидагича: “Улуғ қоон, Мўғулистон ва Чин-Мочиннинг буюк ҳукмдори Чингизхон ҳазратларига саломи бениҳоядин сўнг бандалари Инолчиқ ва Темир Малик бош уриб арз қиламизким, подшоҳимиз султон Муҳаммаднинг косиб, деҳқон ва алалхусус тижорат аҳлига зулм-тааддиси кундан-кун ошмоқда, шул сабабдин барча улусни ўзига душман қилиб олмоқда. Бизлар ҳам бул зулм иморатини қулатиб, сиз каби улуғ хоннинг тахти раёсатиға кирмоқни аҳд қилдик. Агар лашкар тортиб келсалар, ўз ҳукмимиздаги Ўтрор ва Хўжанд қалъаларининг дарвозаларини очиб бермоққа тайёрмиз...”

Тарихий хотира учун жуда оғир гап. Аммо бу мактуб бадиий тўқима бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай сохтакорликлар мозийдагина эмас, яқин ўтмишимизда ҳам кўп бўлган. Лекин фитна бор жойда ғаразли мақсадга эришиш учун нималар қилинмаган дейсиз?! Ўтрордан шу мазмунда ёки унга яқин сохта “нома” Чингизхон ўрдасига чиндан ҳам жўнатилган бўлса-чи? Унда бундай мактубни ҳоқон қўлига бориб етишида Маҳмуд Ялавоч кабиларнинг ҳам ҳиссаси бўлганини тахмин қилиш мумкинми? Албатта, мумкин. Ўқувчи сифатида хулосам шуки, юқорида келтирилган мисоллар, “Тўрт улус тарихи” ва бошқа манбаларда билдирилган бошқа фикрлар ўтмиш тарихимизни холис ўрганиш, Ўтрор дарвозаларини босқинчи қўшинларга очиб берган хоинларни аниқлаш борасида ҳали кўп меҳнат қилиш, изланиш зарурлигини бизларга уқтириб турибди.

Тарихнинг чалкаш саҳифаларидан ҳориб, телевизор мурватини бурайман. “Изабелла” фильми намойиш этилмоқда. Ёш қирол Изабелланинг Фердинанд билан никоҳдан ўтишига қарши. У бу ҳақда мулозимига шундай дейди: “Хотиржам бўлинг, бу тўй ҳеч қачон бўлмайди. Уларнинг никоҳига фатво бермаслик учун аъло ҳазратга кўп миқдорда пул берганман. Ё Худо, пул имондан устун-а...” Вужудим жимирлаб кетади. Экранни ўчириб, “Ёшлик” журналини варақлай бошлайман. Заҳматкаш олимларимиздан бири Қосимжон Содиқовнинг “Тошни тирилтирган битиклар” сарлавҳали мақоласини ўқишга тутинаман. Унда тарихнавис адиб Йўллуғ тигиндан қолган икки қадимий тошбитик ҳақида гап боради: “Диққатга лойиқ ери шундаки, иккала ёдномада матннинг асосий қисми муаллиф Йўллуғ тилидан эмас, унинг отаси Билга ҳоқон тилидан ҳикоя қилинади... Ҳоқон бутун турк улусини, келажак авлодни ўз сўзларига қулоқ тутмоққа ундайди: “Сўзимни тугал эшитгил, кейинимдаги ини, жияним, ўғилларим, иттифоқ, уруғим, халқим, ўнгдаги шадапит беклар, сўлдаги тархонлар, буйруқ беклар, ўттиз... тўққиз ўғуз беклари, халқи, бу сўзларимни яхшилаб эшит, диққат билан тингла — бу ҳоконингдан, бу бекларингдан, ерингдан, сувингдан айрилмасанг, турк халқи, ўзинг эзгулик кўражаксан, уйингга киражаксан, беташвиш бўлажаксан”. Битик муаллифи туркий улусга ўтмишни эслатиб, ундан сабоқ олиш, ёв ҳийлаларига ҳамиша ҳушёр туриш зарурлигини уқтиради. Орадан қанча вақт, неча асрлар ўтганига қарамай, бу зарурат бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ўз ерига, табиий бойликларига ўзи эгалик қиладиган, ўз йўлини, тақдирини ўзи белгилайдиган халқ чин маънода озоддир ва у миллий-ижтимоий тараққиётга мушарраф бўлади. Бугунги ҳур Ўзбекистон бунинг ёрқин мисолидир.

“Жаҳон адабиёти”да эълон қилинган “Қадим мадрасаларда таълим тизими” сарлавҳали тадқиқот мақола эътиборимни тортади (М. Турсунова. 2016 йил, апрель). Бугун журналистика факультетларида ўқув жараёнини дунёвий илғор андозаларга мослаштириш режалари тузилмоқда. Буни ҳар жиҳатдан қутлаш керак. Аммо, дунёвий тажрибани ўрганиш кимдандир андоза кўчириш дегани эмас. ўарб узоқ йиллар Шарқ мадрасаларида ишлаб чиқилган ўқув тизими, баҳолаш мезонлари ва таълим дастурларидан ўрганиб келган ва бундан кўп наф кўрган. Бу ноёб тажриба бугун ҳам ўз мавқеини йўқотган эмас. Ушбу мақолада айтилишича, мадрасаларда илми таҳлил (таҳлил, шарҳ), илми мунозара, илми фасоҳат (сўзларни ўз ўрнида қўллаш), илми баён (нозик маъноларни баён қилиш, ифодалаш маҳорати), илми ғариба (кенг қамровли маънони қисқача ифодалаш), илми калом (далиллаш, исботлаш) каби фанлар ўқитилган. Бугун матбуотимизнинг камчиликлари хусусида ҳам сўз юритишимиз лозим экан, ёш касбдошларимиз айни шу фанлар берадиган илм-малака масаласида оқсаётганларини тан олишимиз зарур.

Журналнинг шу сонида Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси” асари Мирзаали Акбаров таржимасида берилибди. Ушбу асарни аввал ҳам ўқиганман, машғулотларимда фойдаланаман. Шундай бўлса-да, ён дафтаримда янги ёзувлар пайдо бўлади: “Ҳар ким ёлғизликни ўз майл, ҳавас ва имкониятларига мос тарзда қидиради. Балзак — тунги пайт, Валтер Скотт — эрта тонгда, ҳали барча оила аъзолари ухлаб ётган пайтда туриб, ишларди... Виктор Гюго сочлари ва соқолининг ярмисини олиб, қайчини деразадан пастга улоқтирарди-да, икки ҳафта давомида уйига қамалволиб, ижод қиларди... Ўз асари узра энгашиб олган ёзувчи худди телвакезик одамга ўхшайди: агар пастдан қандайдир ҳайқириқни эшитиб қолса борми, қулаб тушиши турган гап. Ҳатто энг азиз кишиси томонидан энг нозик овозда айтилган бегона, ёт сўз ҳамунга яшин ургандай таъсир қилади. Бирданига ҳаммаси барбод бўлиб, тўкилиб-сочилиб кетади ва шоирнинг хаёлот оламидан култепадан бошқа ҳеч нима қолмайди, буларнинг барчасини қайта тиклаш учун кўп вақт талаб қилинади, баъзан эса, узоқдан бўй кўрсатиб турган, тегишли сўзлар ифодасида акс этишга тайёр поэтик образ ҳам бир умрга ғойиб бўлади...” Муаллиф ёзувчи дунёсига аралашишнинг аянчли оқибатлари тўғрисида мулоҳаза юритар экан, тинчлик ва хотиржамликни унумли ижод қилишнинг муҳим шарти дея баҳолайди.

Гурунгларга қайтаман. Паскал шундай деган экан: “Одамлар билан суҳбатлашиб биз ҳиссиётларни ҳам, ақлни ҳам такомиллаштирамиз ёки аксинча, уни йўлдан оздирамиз. Шунинг учун баъзи суҳбатлар бизни комилликка бошласа, баъзилари йўлдан уради. Демак, суҳбатдошларни синчковлик билан танлаш зарур”. Ф. Достоевскийнинг фикри янада муҳим: “Агар сен мақсад сари интилаётган бўлсанг-у, йўлда сенга акиллаётган ҳар бир итга тош отиш учун тўхтайверсанг, ҳеч қачон мақсадингга ета олмайсан”.

...Дала-боғ эшигини кимдир тақиллатади. Хаёлим бўлинади. Ҳозиргина ўйимда туғилаётган ғаройиб бир жумла учади-кетади. Чиқаман. Усталар келишибди. Бир соатча уринишиб, компьютерни ишга туширишди, қораламаларимни қоғоздан компьютер экранига кўчира бошлайман. Биринчи бўлиб уларни ўзим ўқийман ва “Ҳунарингдан ўргилай, компьютер”, дейман ҳеч кимга эшиттирмай.