“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ТЎЙ КУНИ Ҳикоя

Риам-ЭНГ,

Таиланд адиби

Гронг хонасига ирғишлаганча кириб келди-да, каравот устида ётган оқ кўйлакни юлқиб олиб, кўксига босганча, таманно билан кўзгу қаршисида юра бошлади.

“Менинг тўй куним, – ўйлади у, – бир неча соатдан сўнг Читнинг рафиқасига айланаман, оппоқ уйга кўчиб ўтаман, ҳашаматли автомобиль соҳибасига айланаман. Ниҳоят, бу вайронани тарк этиб, дарслардан ва бола-бақрага қарашдан бир умрга қутуламан. Сингилларим билан бўладиган жанжалларга ҳам нуқта қўйилади!”

Гронг қувонч-ла жойида айланиб, мароқ билан кўзгуга боқди. Бу кўйлак унинг қоматини қанчалик бўрттириб кўрсатади! У каравот четига ўтириб, тезда кўйлакни кийди ва яна кўзгу ёнига шошилди: “Панитларда ростдан ҳам ёмон тикишмайди. Кўйлак худди қуйиб қўйгандек”.

Гронг кўзгу олдидан нари кетолмай чир айланди ва бехосдан титраб кетди: “Вой Худойим-ей, ахир бу беҳаёликнинг ўзи-ку! У шунчалик тор...”

Кўйлак ҳечам тор эмасди, бироқ ёқаси чуқур ўйилганди.

“Меҳмонлар нима деб ўйлайди?” – бу нарса хаёлига келганида Гронг уятдан лоладай қизариб кетди. У никоҳ маросимида куёв ёнида ўтиргани, кўплаб нигоҳлар ўзига қаратилганини тасаввур қилиб, меҳмонлар чеҳрасида ҳозирданоқ таъна аломатларини кўрди.

Бошқа тарафдан олинса, кўйлакни танлаган, бир неча соатдан сўнг унинг эри бўлмиш Чит барчасини зиммасига олган экан, у нима учун ховотирланиши керак? Агар никоҳ кўйлаги кимгадир маъқул келмаса, унга нима? Ахир меҳмонларни деб турмушга чиқаётгани йўқ-ку.

Яна бир неча вақт Гронг шу тарз­да фикр юритди. Сўнг хаёлига, агар Читга – миллионер Читга, Пхукетедаги конлар соҳибига – турмушга чиқмай, ўз қўшниси, болаликдаги дўсти Дэдга чиққанимда не бўларди, деган фикр келди. У нима деган бўларди?

Дэд, албатта, бунақа кўйлак ки­йишига рози бўлмасди – ахир у ўз урф-одатларига оғишмай амал қилади. Бир неча марта: “Европача удумдан эси оғиб қолувчи, яримяланғоч енгилтабиат хонимчаларни кўргани кўзим йўқ, улар аёлнинг асл латофати камтарлик ва оқилаликда, иффатини сақлашида, европача рақс­ларда қабул қилингандек, дуч келган биринчи одамга ўзини қучишга йўл қўймасликда эканлигини тушунмайдилар!” – деганди.

Гронг удумга кирган европа рақс­ларини умумий дўстлари уйида қунт билан ўрганаётган чоғида Дэд билан бўлган сўнгги суҳбатини икир-чикиригача эслади. Ахир ўшанда бу нарса Дэдни ғазаблантиришини, ораларидаги деярли йигирма йил давом этган дўстликни ўлдиришини хаёлига ҳам келтира олмасди у! Ортга-да йўл йўқ – бунинг учун ҳар иккиси ҳам керагидан ортиқ ғурурли!

Сўнг эса тақдир Гронгни Читга дуч қилди. У деярли ярим йил барча урф-одатларни маромига келтириб, Гронгга хушомад қилиб юрди ва қизга Читни севиб қолгандек ту­йила бошлагач, оила қуришга келишдилар.

Гронг кўзгуга орқа ўгириб, чуқур хўрсинди.

“Бугун тўйим, мен эса миямни бўлмағур нарсалар билан банд қилиб ўтирибман. Ўтмиш аллақачон ортга қолган. Дэд бирон идорада елкаси букчайиб ишлаб ўтиргандир, мен эса майин чарм қопланган юмшоқ ўриндиқли, ҳашаматли автомобилда кезиб юраман. Эрим мени муҳтожлик ва қисматнинг барча кўргиликларидан ҳимоя қилади, ойдин кечалари иккимиз денгиз бўйлаб яхтада сайр этамиз, маш­ҳур “ўн мингталикка1 ” кирувчи олий табақага қабул қилинаман”.

Гронг ушбу манзарани барча тафсилоти билан кўз олдига келтириб, ёмғирдан қутулиб қолган парвонадек бахтли ҳис этди ўзини.

У девор соатига кўз ташлади: ўзини тартибга солиш пайти келибди. Кўйлакни яна кияётганида – чўмилишдан сўнг ҳали танаси ҳўлмиди, ёки кескин қўл ҳаракатидандир, балки кўйлак бехосдан чап сони ва қўлтиғи тагидан сўкилиб кетди ва юраги ёрилгудек бўлди: у шунчалик ишонч билан ўзини тайёрлаган нарсаларнинг бари рўёбга чиқармикин?

Гронг ногаҳонда англади: ҳар қандай оилали аёлнинг ҳаёти ушбу кўйлакка ўхшайди. Янгилигида чиройли, нима қилиб бўлса-да, авайлаш керак, бироқ, эртами-кечми оҳорини йўқотади ва барчаси исталган пайтда чиппакка чиқиши мумкин. Чит унга айтган назокатли сўзларнинг бутун умр кафолат бўлишига ишониш қийин. Янги нарсага ошуфталик ўтгач, ишқ олови сўнса нима бўлади? Ўшанда ҳам Читнинг муҳаббати ва садоқатига суянса бўладими?

Гронгнинг хаёллари яна Дэдга қайтди. Турмушга чиққанини қанчалик оғир қабул қилади, уни бу уйда бошқа кўрмай, қанчалар қайғуга ботади! Ким-ким, аммо у Дэдга тўлиқ ишониши мумкин эди – у ҳаммасини кечира оларди, ҳар қандай, ҳатто энг бемаъни қилиғини ҳам!

Тушликдан сўнг никоҳ маросими ўтадиган уйига олиб кетиш учун Чит унинг ортидан келиши керак. Бироқ, автомобиль сигнали янграганида Гронг ҳар доимгидек дераза томон отилмади. У никоҳ кўйлагини бепарвогина эгнидан ечди-да, хаёли паришон ҳолда майда-майда парчаларга бўлиб ташлади, сўнг, каравотга ўзини ташлаб, юзтубан ётганча, аччиқ-аччиқ йиғлади.

 

Рус тилидан Иброҳим ЧОРИЕВ таржимаси.

 

  1. Мавжуд ҳукумат аъзолари теварагида тўпланган энг бадавлат хонадонлар