“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЧИПТАКОВУШ Ҳикоя

И.А.БУНИН, рус адиби

Мана, беш кундирки, бўрон тинмаётганди. Бутун қишлоқ қор билан қопланган, совуқ ҳукмрон уйда оғир хасталикка чалинган, истимада дам алаҳсираб, дам йиғлаб қандайдир қизил чиптаковушлар беришларини тинмай сўрарди. Унинг ёнидан силжимай қўрқувда ўтирган онаси ожизлигидан аччиқ кўз ёшлар тўкарди. Нима қилмоқ керак, қандай ёрдам берса бўлади? Эри сафарда, отларининг ҳам шашти паст. Касалхонагача ўттиз чақирим йўл, бундай ҳавода ҳеч қайси шифокор йўлга чиқмайди.

Даҳлиз эшиги тақиллади. Нефед ўтин олиб кириб, уни полга ташлади. Сўнг қўлларини иш­қалаб, ҳовурида пуфлар, иситар экан, ичкари уй эшигини очиб мўралади:

— Хоним, аҳволи қалай?

— Эй, Нефедушка! Яшаб кетишга ишонолмай қолдим. Лекин аллақандай қизил чиптаковушлар сўраётгади, холос...

— Чиптаковушлар? Қандай ковушлар экан?

— Худо билади! Алаҳсираяпти чоғи, олов мисол ёняпти.

Нефед телпагини қўлига олиб қоққанича ўйланиб қолди. Телпаги, соқоллари, эски пўстини, йиртилиб кетган кигиз этиклари — барчаси қор билан қопланган ва музлаёзганди... Тўсатдан у ишонч билан:

— Демак, олиб келиш керак. Шуни хоҳлаяптими, уни олиб келиш лозим, — деди.

— Қандай қилиб?

— Новоселкага, дўконга бориб қизил бўёқ билан билинтирмай бўяш мумкин.

— Вой Худо! Новоселкагача олти чақирим йўл-ку! Бундай ҳавода қандай етиб оласан?

У бироз ўйланди.

— Йўқ, бораман. Ҳечқиси йўқ, бораман. От билан боришга ишонч йўғ-у, пиёда етиб оларман.

Шундай деб у эшикни ёпди. Ошхонада эса пўстини устидан чакмон кийиб, белини маҳкам боғлаб, қўлига хипчинни олди-да, ташқарига чиқди. У қорнинг уюмига бота-бота ҳовлидан ўтди, дарвозагача келиб, ҳамон қутураётган оқ денгиз қаърига шўнғиди.

Уйдагилар овқатланишди, шом бўлди, кеч бўлди. Нефед эса йўқ эди. Агар Худо етказган бўлса, тунаш учун қолгандир, деб ўйлашди. Бундай ҳавода қайтиб келиш амримаҳол. У эртага тушдан кейингина келиши мумкин. Унинг йўқлиги тунни янада қўрқинч­ли тус олдирди. Бутун ҳовлидагиларни далада,  қорли бўрон ва зулмат тубида нима бўлаётгани тўғрисидаги ўй қўрқитар эди. Шам қалтирабгина хира нур сочарди. Она уни пастга олиб қўйди. Бола сояда ётар, аммо девор унинг кўзига оловдай кўринган. ўалати ва тасвирлаб бўлмас даражада ажойиб ва бешафқат кўриниш ҳосил қилганди. Гоҳида у худди ўзига келгандай бўлар, аммо шу заҳоти аччиқ кўз ёшлари билан қизил чиптаковушлар беришларини сўрарди.

— Ойижон, беринг! Жон ая, сиздан нима кетади.

Шунда она тиззаларига чўккалаб, кўкрагига қўлларини уриб:

— Эй Худо, ёрдам бер! Эй Оллоҳ, ўзинг бизни қўлла! — деб нола қилди.

Ниҳоят, тонг отганида деразадан ҳувиллаш ва гумбурлашлар орасида кимдир келгандай эди. Кимларнингдир овозлари, сўнг ойнанинг ваҳимали тақиллаши эшитилгандек бўлди.

Келганлар қор билан қопланган, чалқанчасига ётганча, музлаб қолган Нефеднинг мурдасини олиб келишган Новоселка аҳолиси эди. Улар шаҳардан қайтаётиб, тунда адашиб, тонгда эса аллақандай далаларга йиқилишиб, отлари билан даҳшатли қалин қорга чўкиб, ўзини йўқотар даражада туришган бир паллада, қор орасидан чиқиб турган кигиз этикли кимнингдир оёғини кўриб қолишди. Қорни очиб қарашса, таниш одам мурдаси.

Фақат шундагина бу далалар Протасов қўрғончаси тасарруфидалиги ва уйлари икки қадам наридаги тоғлар ёнбағрида эканини билиб балою қазодан қутулиб қолишганди.

Нефеднинг ички чўнтагида эса, янги чиптаковушлар ва анилинли қизил бўёқ бор эди.

 

Рус тилидан Ҳадича ОДИЛОВА таржимаси.