“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“ИККИМИЗНИ ШЕЪРИЯТ БИРЛАШТИРГАН...”

Евгений ЕВТУШЕНКО,

рус шоири

Ўзбек адабиёти  ихлосмандларига “Қуёнлар ва бўғма илонлар”, “Шоир” қиссалари ҳамда “Юрак”, “Ёзувчининг бир ку­ни”, “Қўшюрак” ҳикоялари билан яхши таниш бўлган рус адабиётининг дунёга маш­ҳур намояндаларидан бири Фозил Искандар шу йил 31июль куни вафот этди (бу ҳақда газетамизнинг аввалги сонида ҳам айтиб ўт­гандик). Адибни сўнгги манзилга кузатаётганда ҳассос шоир Евгений Александрович Евтушенко жондан азиз оғайнисининг хотирасига бағишлаб ёзган шеърини ўқиди. Дўсти билан оғир видолашувдан кейин эса  маш­ҳур шоир “Комсомольская правда” радиосига интервью берди.

Евгений Александрович, Фозил Искандар Россия учун ким эди? Дунё учун-чи? Евгений Евтушенконинг ўзи учун-чи?

— Мен уни 47-йилдан бери билардим. Ўшанда у кирза этикда юрарди, лекин зинҳор-базинҳор башанг кийинган кавказликка ўхшамасди, жуда яхши эслайман — этикларига кўзга кўринар даражада каттакон ямоқ солинганди.

Биз танишган кезларда биродарим техникумда ўқирди, қайси техникумлиги ёдимда йўқ. Иккимизни шеърият яқинлаштирди. У билан таҳририятларга қатнайдиган давримизда қаердадир учрашганмиз.  Шундай қилиб, кунлардан бир куни дўст тутиндик. Ўшандаёқ у мени Абхазияга меҳмонга таклиф этди. Кейин умримда илк бора Кавказга йўл олдим…

...Ўшандаги Абхазияга ташрифим “Ажалдан бурун ўлма” номли романимда тасвирланган.

Фозил иккаламиз бир шоирнинг иқтидори олдида бош эгардик. Бу ўша пайтларда асарлари деярли чоп этилмаган, Эренбург1  ўз мақоласида кашф этган Слуцкий эди. У билан ҳам дўстлашиб қолдик. У фронт қатнашчиси, комиссар ҳаёти саргузаштга тўла одам эди. Биласизми, қандайдир кескин насрий шеърлар ёзарди. Бу шеърлар ажабтовур ўзгача, фақат унинг ўзига тегишли бўларди, мен доим “слуцкийча” назм деб атаб келганман.

Унинг токчасида қачон қарама ҳеч қаерда чоп этилмаган бир уюм шеърлар тахланиб ётганини ўз кўзим билан кўрганман. “Хожаси ёқтирмаган қулман” номли шеърлар. Булар Сталин ҳақида эди. Ўшанда Сталин замони эди-да. Энг қизиғи, у шеърларни очиқчасига ёш шоирларга тарқатарди. У сираям қўрқмасди. Бу иши мени тонг қолдирганди.

Слуцкий бизни адабий олифталикдан халос этди. Унга тақлид қилмасдик, бироқ шоирдан кўп нарсани ўргандик.

У ҳам бизнинг умуман бошқача эканлигимизни тушунарди. Ҳар биримиз айрича шоир эдик. Аммо биз бир-биримизни суйиб ардоқлардик. Қолаверса, бизни театрга бўлган муҳаббат бирлаштириб турарди. У замонларда онам Мосэс­традада ишларди. Онам контрамаркалар топиб келарди ва биз биргаликда театрларга борардик.

Авлодимиздагиларнинг барчаси бошқа мамлакатларни кўришни орзу қиларди, чунки собиқ шўро замонида туризм деганлари тақиқланганди. Лекин Парижга илк бора саёҳат қилиб, машҳур оперетта театрининг “Сильва” деган спектаклига кирганмиз. Ўшанда актёрлар ўз ролларини қойилмақом этиб ижро этгандилар...

У ерда иккаламиз ҳам кордебалетимиз ижро этган Мопассан замонасининг ҳақиқий канканини2  оғзимиз очилиб томоша қилганмиз. Ҳа, бу бизнинг Парижга илк саёҳатимиз эди.

— Жуда қизиқ-ку.

— Шундан кейин жуда кам кўришдик. Лекин бутун умрга дўст бўлиб қолдик. Фозил мени кўп марта доғда қолдирарди. Ўша кезларда у шеърлар ёзарди. Унинг бир банди мени маҳлиё қилиб қўйган. Ҳозир ҳам ёддан айтиб бера оламан. Гарчи абхаз бўлса-да, унинг томирида эронийлар, форсийлар қони ҳам оқарди. Фозил эса ўзини рус шоири деб биларди. Рус тилини сув қилиб ичиб юборганди, шоирона қофияларни қотириб ташларди.

Мана, ўша банд:

«И пусть, дыша в лицо

мне жарко,

Распахивая мордой дверь,

На грудь мне бросится

овчарка.

Я узнан. Лучшего

подарка

Не надо. Скручена

цигарка.

Легко, спокойно мне

теперь».

 

Қандай нафосат! Банднинг қанчалик эркин ёзилганини қаранг! Унинг чинакам шоирлигини дарҳол фаҳмладим.

Хуллас, мен унинг биринчи китобини таҳрир қилишга ўтирдим. Бу менинг таҳриримдан ўтган биринчи китоб эди. У, хотирам панд бермаса, 1951-52 йилда нашрдан чиқди. Номи эсимда йўғ-у, лекин юпқагина, нафис китоб эди.

Кейин у насрий асарлар, ажойиб ҳикоялар ёза бошлади. Бирмунча фурсат Багрицкийнинг3  таъсири остида ижод қилди...

Аста-секин Фозил ўзига маш­ҳурлик олиб келган, роман деймизми ёки қиссами, хуллас, “Чегемлик Сандро”га қараб етилиб борди. Асарнинг ажойиб сатирасини айтмайсизми, Сталин замонасидаги, Рицдаги Сталин зиёфатидаги сатира, шу билан бирга деҳқонлар, кавказликларнинг қатор образлари. Фозил Искандар турли-туман кавказликларни гавдалантирганлардан бири бўлиб қолди.

Бир сафар у мени қаттиқ ҳаяжонга солди. Фозил менга минг бир машаққат билан цензурадан ўтган асарнинг қўлёзмасини жўнатганди. Бу “Қуёнлар ва бўғма илонлар” қиссаси эди. Асар худди эртакдай ёзилганди, уни болалар ҳам ўқиса, бу китоб билан бир умр яшаса бўларди, қайта-қайта ўқиганингиз сари янгидан-янги сарҳадларни очаверасиз... Нега деганда, бу шахсга сиғинишга қарши, ярим қуён ёки ярим бўғма илон одамларга қарши ёзилган асар эди. Сирасини айтганда, бу фавқулодда асар бўлди. Англадимки, буюк, жаҳоншумул асар. Фозил бу асари билан жаҳон адабиётига қадам қўйганди. Ана шунақа. Қисса бутун дунёда тан олиниб, кўпгина тилларга таржима қилинди.

— Фозил Искандар билан охирги марта қачон кўришгандингиз?

— Охирги марта... Бу умуман тасодиф бўлди. Бир куни унга Игор Волгиннинг “Маржон ўйини” (“Игра в бисер”) кўрсатуви маъқул бўлибди. Кўрсатувда мен ҳам иштирок этгандим. Бу энди кутилмаган ҳодиса эди, чунки рафиқасининг айтишича, Фозил телевидениени хушламай қолганди. Тўғрисини айтсам, ўзим ҳам телевидениедан қочиб юрардим. Хуллас, у менга қўнғироқ қилиб, кўрсатувда ўқиган шеърларим, суҳбатим ёққанини айтди... Адашмасам, бу бултур бўлганди.

— Евгений Александрович, жанозада Фозил Искандарга бағишланган янги шеърингизни ўқиб бердингиз...

— Дўстимнинг қазо қилганини эшитганимда Чегемда, Кабардино-Болқориядаги Чегемда эдим. Айтиб ўтишим даркорки, Қайсин Қулиевнинг барча қариндош-уруғлари ва бутун бошли халойиқ бу ерда, Москвада сўзга чиққанимда чуқур қайғуда эканликларини етказишимни сўрашди, барчалари Фозил Искандарни ўзиники деб ҳисоблашарди...

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси.

 

 

МОТАМ МАРОСИМИДА ЎҚИЛГАН ШЕЪР

Лаҳзалик эмас ҳеч олдинги ҳаёт,

Бирга қучоқлади Кавказни Фозил.

Бир қону бир танмиз жами одамзод,

Ёки ҳаммамизнинг Худоимиз бир.

Сен билан биз ахир бир уруғ, бир жон,

Олтмишинчи йиллар каби қадрдон.

Ёнингга Чегемдан учиб келдим мен,

Унинг шаршара ва беваларидан.

О ўша тук босган жаллоднинг қўли,

ўарқ қила олмадим кучуклар каби.

Соғ қолдик Валтасар зиёфатида,

Бужмайди қон қотган столнинг лаби.

Эгизлардан яқин оға-инидек,

Сен билан бир бора узоқлашдик биз.

Олиб қололмадим. ўафлатда қолдик,

Ажал яқинлашди Сенга жуда тез.

Қандай бардош бердинг жосус жангчига,

Чидаш мумкинмикан бу зарбга ахир.

Ярми қуён ёки гоҳ бўғма илон,

Пойлаб турганида бизларни тақдир.

Тахламанг кир, сохта қасидаларни,

ўийбатчи кимсалар шараф шонига.

Кимнидир тезласа авом халойиқ,

Лаънатлашга лойиқ. Лаънатга лойиқ.

Ёшариб кетибди юзинг нақадар,

Фозил, абадийлик сенга муборак.

Бардавом яшайди бизнинг китоблар –

Қолгани эса чанг…

 

Рус тилидан Хосият Рустамова таржима қилди.

1. Илья Григорьевич Эренбург (1891–1967) — рус ёзувчиси, жамоат арбоби, шоир, публицист, таржимон ва сураткаш.

2. Канкан — французча рақс.

3. Эдуард Георгиевич Багрицкий (1895–1934) — шоир, таржимон ва драматург.