“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ФОЗИЛ ИСКАНДАР — АДАБИЁТ ЧЎҚҚИСИДА БЎЙЛАГАН АДИБ

«Сўнгги дақиқага қадар умр йўлдошим ҳаракатдан тўхтаган эмас. Унинг саломатлигидан нолиганини ҳам эслолмайман. Уйқусида жон бериб, мени ғафлатда қолдириб кетгани учун ўлганига ишонгим келмаяпти», — деди чуқур қайғу билан рус классик адабиётининг дунёга машҳур намояндаларидан бири Фозил Искандарнинг беваси Антонина Искандар ОАВ ходимларига берган интервьюсида. Асли абхаз миллатига мансуб буюк ёзувчининг ўлими нафақат унинг оиласини, балки  дунё адабиётини ҳам ларзага солди.

“Нимасини айтай, биз туғилмасимизданоқ хомталаш бўлган бу дунёда яна туғилишни орзу қилмоққа арзийдиган ҳеч нарсани кўрмадим. Ўлат тарқалган заминни безаб турадиган бирдан-бир нарса – эркаклар ўртасидаги беғараз биродарлик… Бу оламда сотилмайдиган ва сотиб олинмайдиган нарса ҳам бўлиши керак-ку ахир!”  дея таъкидлашдан толмайдиган истеъдод эгаси 1929 йили Сухуми шаҳрида туғилган. “Дурагай таканинг шуҳрати”, “Инсон манзили”, “Мактаб вальси ёхуд Номус кучи”, “Чегемлик Сандро”, “Шоир” сингари йирик асарлари билан дунёга танилган ёзувчи Фозил Искандар ўн кун аввал, яъни 31 июль куни 87 ёшида Москва яқинидаги дала ҳовлисида вафот этди.

 

Людмила Улицкая, ёзувчи:

— Биз шундай одамни ва буюк истеъдод соҳибини бой бериб қўйдик. Юрагим бундан қанчалар азоб тортаётганини сўз билан айтиб адо қилиб бўлмагай. У ҳаёт ҳақида ҳақиқатни ёзадиган ёзувчилардан эди. Ҳаётни шафқатсизлигию қийинлигини қаламга олган адибнинг нега ундан бу қадар осон воз кечганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Биз Фозил Искандарнинг асарларини ўқиб улғайдик. Мен уни Маркесга тенглаштирардим.

Дмитрий Биков, ёзувчи:

— Фозил Искандар Нобель мукофотига муносиб бўлган ёзувчилардан эди, деб биламан. У Грузия ва Абхазия орасидаги биродарлик ришталари қайта боғланишини жуда истарди, бу истак асарларида ҳам ўз аксини топган эди. Бироқ ёзувчи ҳеч нарса аввалгидай бўлмаслигига ақли ҳам етар ва бундан изтироб чекарди. Шунинг учун унинг сўнгги ҳикояларида тушкунлик руҳи ҳукмрон эди...

Павел Басинский, ёзувчи ва адабий танқидчи:

— Бу нафақат рус, балки дунё адабиёти учун ҳам катта йўқотиш. У асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган дардли ёзувчиларимиздан эди. Фозил Искандарнинг ёзганларидан Кавказнинг ҳавоси келарди. Ёзувчининг бутун борлиғи Кавказ эди. Сўнгги пайтларда буюк адиб кавказлик донишманд чолларга ўхшаб қолганди ва ўшалардай фикрларди. Мен уни чеҳраси ёруғ донишманд файласуфга менг­зардим. Фозил Искандар хотирамда шундай яшайди.

Хибла Герзмава, опера қўшиқчиси:

— У менинг суюкли ёзувчим эди. Мен шундай истеъдод эгаси билан бир даврда яшаганимдан фахрланаман. Иккимизни бир дард бирлаштирарди. Фақат у дардини ёзар, мен эса куйлардим. Абхаз! У иккимизники! Кўнглинг хотиржам бўлсин!

Рауль Хажимба, Абхазия президенти:

— Фозил Искандар жаҳон миқёсида эътироф этилган ёзувчи сифатида Абхазия тарихида қолади. Ҳар бир асарида ўз халқи ва ватани ҳақида ёзган ва ҳикоя қилишни суйган буюк ватанпарвару халқпарвар инсон эди. Халқининг табиати ва удумлари ҳақида қалам тебратган ёзувчини абадий саволлар ўйлантирган, у бутун умр уларга жавоб излаб ёниб яшаганлигини таъкидлаш жоиз. Ҳар бир абхазиялик ватанни севишни ва қадрлашни Фозил Искандардан ўрганиши керак, деб ҳисоблайман.