“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МАЗМУНДОР МУНДАРИЖА Ёхуд одамнинг ичидаги одамлар Шингил эссе

Ашурали ЖЎраев

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД

“Қаерда бўлмай мудом ёдимдасан, онажоним – Жалойир! Фурсат топилди дегунча сенинг қайноқ бағрингга шошаман. ...Тушларимда кўриб йиғлайман, сени Жалойир!”

Шунчаки қоғозга тушмайди бундайин сўзлар. Шунчаки айтилмаган сўзлар эса бефарқ ўқилмайди. Бинобарин, ҳар сафар қиссани қўлга олганда беихтиёр уни чўқилашга – такрор ўқишга киришиб кетганингни сезмай қоласан киши. Муаллиф Ашурали Жўраевга қўшилиб тасвирга тортилган қишлоқнинг ҳовли ва чорбоғларида, баҳайбат тутлар, гужум ва ўрик дарахтлари салқинида пойи пиёда кезгинг келади. Мактаб ва боғчаларга кириб жалойирлик болакайлар ва қизалоқлар қўлларига совға-саломлар улашгинг келади. “Саломат хола омонмиканлар?” деган савол кечади кўнгилдан. Умуман жалойирлик аёлларнинг ҳаётларида қандайин ўзгаришлар юз бермоқда?..

Қиссанинг мантиқий ниҳояси унинг дебоча сўзларига ҳамоҳанг: “Қишлоқ – муқаддас, қишлоқ – улуғ! Ҳамиша қишлоққа хиёнат қилишдан қўрқиб яшаш керак”.

Устоз Иброҳим ўафуров Ашуралининг табиатидаги маҳрамлик фазилатини кашф этганидан, Шуҳрат Ризо дўстимиз эса маҳрамлик фазилати инсоний меҳрга туташиб кетганини ўхшатиб тасвирлаганидан илҳомланар экансан, бу фазилату туйғунинг илдиз-томирини излашга тушасан: қайдасан, Жалойир?..

Катта ва серқатнов йўл ёқасидаги мулла Жўра бобо ва Очил отадан мерос оддийдан-оддий ва камсуқум хонадоннинг барокатли тарбиясидан, ўн нафар ўғил-қизни ювиб-тараган Мушаррам онанинг ўгитларидан излаганимиз тўғрироқдир ўша маҳрамлик ва ўша меҳр ришталарини? Топармиз ҳам, бироқ ёлғиз туйғунинг ёхуд ёлғиз фазилатнинг ўзи ожизлик қилиши муқаррар, зеро бундай катта муҳаббат изҳорига тўлақонли алоҳида бир одам, алоҳида бир инсон, шахс сафарбар этилмас экан мақсадга етишмоқлик душвор.

Аслида ижодкор халқининг ичи тўла одам бўлади. Ҳамма гап ўша одамларни “ишлата” олиш – зиммасига вазифалар қўйиб, сафарбар эта олишда. Бу ҳақиқатни Ашурали бундан роппа-роса ўттиз йил бурун – эндигина ўттиз баҳорни қарши олган кезларидаёқ англаб етган ва ижодкор сифатида шаклланаётган ботинида кўз очаётган тўнғич ижодий “фарзанд”ларидан бири сифатида унинг зиммасига Ватан туйғусини тараннум этиш вазифасини юклаган эди.

Бу Одам Жалойирга туташ ўнлаб қишлоқларга бўлган муҳаббатини ошкора изҳор этишга бел боғлади. Киндик қони тўкилган муборак масканга бўлган муҳаббат тарихий Карманага бўлган муҳаббат пиллапоясидан юксала борди, Бухоро ҳайратларида такомил палласига етди. “Номингдан айланай, Навоий!” дея фахр ила ҳайратланди. Андижону Жиззахни, Хоразму Самарқандни, Намангану Сурхонни Бухоро ё Навоийдан кам кўрмади. Ўз ўқувчилари – Ватандошларимиз қонида “пойтахтпарварлик” туйғуси шакл­ланмоғи даркорлигини толмай даъват этди. Миллат пойтахтида Ватан мужассам, дея бонг урди.

“Меҳр-оқибатни аслида ўзбеклардан ўрганиш керак”, деб ёзади ўша Одам. Ашуралининг бу Одами яратган Ватан туйғуси кўнгилларга кўчгани сайин “бухоролик” ва “навоийлик” деган, “ўзбек” ва “ўзбекистонлик” деган банда ёмон одам бўлиши мумкин эмас деган хулоса чиқади. Эзгу ният ҳамроҳингизга аланади...

“1983 йилнинг апрель ойида орзум ушалиб, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг санъат бўлимида ишнинг дараги чиқди. ...Орадан беш ой ўтиб, санъат бўлимига мудир бўлдим”.

Ашурали Ватан, халқ, миллат туйғусини санъат орқали топди. Бу тақдир тақозоси эдими ёхуд санъат моҳиятига яширин жодунинг қудрати устунлик қилдими, ҳарқалай, у дунё ва инсон ҳақиқатини санъат орқали кашф этишга астойдил киришди – ботинида оёққа қалққан яна бир ижод Одамини тўласича санъатга йўллади. Ашуралига қўл учида ишлаш одати бегона эканлиги роса асқатди ўша Одамга. “Юрак бўронлари” эссе-романи фавқулодда талаш бўлиб ўқилди. Бу жўн воқеа эмасди. Ашурали жўн ишга қўл урмаётганини олдиндан биларди. У ишонч ила йўллаган яна бир Одам назарида Аллоҳ Ботир Зокировнинг кўксига жойлаб қўйган истеъдод пўртанаси чинакам бўрон бўлиб кўринди. Асар санъатга бахшида Зокировлар сулоласига бўлган халқимиз муҳаббати-эъзозининг нурли тимсолига айланди.

Ўтган асрнинг ўрталари ва иккинчи ярмида миллий санъатимиз осмонида порлаган ўнлаб улкан санъаткорларимизнинг ҳаёт ва ижод йўллари алоҳида китоб­лар, асарларга мавзу бўлғуси. Назира Аҳмедова, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Комилжон Отаниёзов... Уларнинг ҳеч бирлари Ашурали томонидан санъат соҳасига сафарбар этилган Одам эътиборидан четда қолмади. Ҳассос ва бетакрор овоз соҳиби Отажон Худойшукуровга бўлган ўзгача меҳр-муҳаббат дастлабки мақолалардан, вақти билан, махсус бадиаларга ва ниҳоят “Эсар Жайҳун шамоллари” эссе-китобчасига айланди. Бу анъана Муножот Йўлчиева ижодига бағишланган лавҳа, Маҳмуд Намозовга йўлланган мактуб-очеркда давом этди.

“Самимий ҳазил одамни маънавий юксакликка кўтаради, кўнгилни равшан қилади, фикрни чархлайди. Кулгидан йироқ юракларга нур сочади, маънавий куч-қудрат бағишлайди”.

Қарийб қирқ йиллик ижоднинг қоқ марказидан ранг-баранг иплар-ипаклар билан тўқилган жилвакор бир йўл ақидалари мужассам бу сўзларда. Ҳазил, кулги мақомини маънавий юксаклик, маънавий куч-қудрат қаторида деб билмоқда ижодкор. Ичидаги энг сара одмларидан бири зиммасига алоҳида миссия юкламоқда. Озмунча ҳажвия яратдими, у Одам? Кулгиси, танбеҳи, беозор ҳазиллари билан озмунча кўнгилларга ёруғлик бахш этишга уриндими? Бу Одамнинг қаламидан тўкилган ҳажвиялардан Габроводан кам бўлмаган кулги мамлакати, ўлкаси, диёрини бунёд этиш мумкин. Илло бу Одам ёмон нозик жойидан олади: тили аччиқ, кинояси ўткир, ҳазили – зил-замбил! Ўзиям аниқ уради – бошқа ҳажвнавислар илғамаган жойини топади: “Йўқолсин қоғозбозлик!”, “Ташаббусхўр”, “Бозорнома”... митти ҳажвлар, “Саҳифага сиғмаган сатрлар”даги ҳикматларга мойил табассумлар...

“Конверт-одам” ўсиб чиқди ушбу ҳажвлар, табассумлардан.

“Конверт тубсиз қудуқ эди. Лекин қудуқдан ҳам чуқур эди. Чуқурликда гўё лаҳадни эслатарди”.

“Конверт-одам” фельетон-қиссанинг бир неча ўрнида ёқимли қўшиқнинг нақароти янглиғ такрор-такрор келадиган бу сўзлар ўқувчи этини жунжиктириб юборади. Козим конвертнинг вояга етиши, амал курсисига етишгани, жамият-юрт корига ярайдиган паллага етган чоғида конверт касаллигига дучор бўлгани, ўлатдан кўра офатлироқ бу иллатдан қутулолмай охир-оқибат... конвертга қамалиб қолгани. Одатда фельетонда кулгига мойиллик кучли. Бинобарин, ўқувчи қиссадан кулгили ҳолатлар кутади. Умидлари зое кетмайди, албатта, аммо-лекин асарда ҳар қанча кулгили вазият, писанда, қочирим учрамасин, у аччиқ танбеҳдек ўқилади. “Конверт-одам” – огоҳликка ундовчи, кўзни очиб яшашга даъват этувчи қисса. Жиддий-аянчли-кулгили асар. Уни ўқиб бу дардга даво бергин, Ўзинг, деб юборасан беихтиёр. Шунда муаллифнинг доноларча эскартмасидан тасалли оласан. Конвертвозлик ҳангомаларининг барча-барча кўринишлари аллақачонлар шўро замони иллати сифатида қиронга учраган.

Конверт-одам – сарқит одам!..

“Ассалому алайкум, акажон!

Қандай, соғлиғингиз яхшими? Янгамуллом яхши ўқиб юрибдиларми? Нафиса соғ-саломат боғчага боряптими?.. Алишер катта йигит бўляптими?”

“Шакарнинг мактублари” ҳикоя­си шундай бошланади. Изма-из “Ёлғиз ўғил” ёзилган кезлар адабий жамоатчилигимиз орасида Айтматов, Шукшин, Думбадзе, ўзимизнинг Ҳошимов ва Холмирзаев сингари адибларнинг қатор-қатор сара асарлари оғиздан тушмасди. Улар сон-саноқсиз китобхонлар қалбини ҳақо­нийлик ва самимият билан қозонган эдилар. “Шакарнинг мактублари” бошламасидаги жуда-жуда оддийлик замирида нақадар улкан ҳаётий ва бадиий ҳақиқат ётганини ҳар бир жумла, ҳар бир сўз баёнида ҳис этиб турасиз. Ўқиш асносида ҳикоя тугаб қолмасин-да, демоқдан тўхтамайди ички бир нидо.

Шакар муҳаббат билан тасвирлаган қишлоқ манзаралари аканинг – “Ёлғиз ўғил”даги Ўткирнинг шаҳардаги баракни эслатувчи ошиёнида ўтаётган кунлари тасвирига уланиб кетади.

Бору йўғини маънавий улғайиш истагига бахшида қилган, ҳар қандай турмуш уринишларию уқубатларига тоқати етган инсон, йиллар ўтиб ширин бир туш каби хотирлайди ундай олис лавҳаларни...

“Публицистик қисса”, “Публицистик достон”, “Ҳажвий монолог”, “Фельетон-қисса”, “Эссе”, “Мактуб”.

Аксари ёш журналистлар ижодида жанр тушунчаси бир қадар қадрсизланаётгандек. Ваҳоланки, жанр – сўз айтиш имконияти, сўз айтиш шакли. Ўринли топилган шаклдан оҳанг, сўзлар силсиласи, жумлалар бичими қуйма бир яхлитлик вужудга келади. Ашуралида монолог кўп, мактуб кўп. Мазкур ҳар иккала жанр моҳиятида очиқлик, самимият ниҳоятда бўртиб кўринади. Демак, муаллиф қоғозга тўкаётган дардлари, изҳорлари ўқувчи кўнглидан тезроқ, мукаммалроқ ва албатта, таъсирлироқ бўлиб жой олишини истайди.

Ашуралининг ўзи шундай-да, унинг шундайлиги шунинг учун ҳам унинг ичидаги Одамларига шундайига кўчган-қўйган. Кўчишга-ку кўчга-а-ан, илло турфа вазифаларни сидқидилдан адо этишга сафарбар этилган Одамлар ижодкорнинг, яъни Ашурали Жўраевнинг шахсида жипслашган, яхлит Ижодкорга айланган. Ҳаётини ижодга бахшида этган Инсон ҳаётининг мазмунларга бой мундарижасини ташкил этган.

“Сенга кўнгил берсам...”, “Дил гавҳари”, “Саҳифага сиғмаган сатр­лар”, “Майсалар уйғонган тонг”, “Эсар Жайҳун шамоллари”, “Конверт-одам”.

Шунча китоб муаллифи Ашурали бирор марта овоз чиқариб: “Китобим чиқди”, деганини эслолмайман. Лекин, “Устоз Эркин акага бағишланган китоб босмадан чиқди!”, “Омон Матжоннинг китобини кўрдингизми?”, “Эркин Аъзамнинг публицистикаси алоҳида воқеа!” дея бу гапларнинг ҳар бирини ношир сифатида чинакам байрам қилиб – шахсий байрамидек қилиб айтади. Янги ва яхши китобни минглаб китобхонларимиз учун шодиёна деб ҳисоблайди. Янги ва яхши китоб ҳар бир хонадонга кириб бориши орзусида хаяжонларга тўлиб айтади. Маърифат истовчи кўнгил қувончларига айланиб эшитилади қулоққа бу сўзлар. Ашурали “Адабиёт ва санъат” ҳафталигида ишлаган кезларида ҳам, “Муштум” журнали ва “Афанди” газетасига бош муҳаррирлик қилганида ҳам, “Гулхан”ни болаларнинг севимли нашрига айлантириш йўлида жонбозлик кўрсатган кезларида ҳам шундай эди.

“Ашурбой!..”

Ашурали Жўраев ёшлигидан атоқли ва ардоқли устозлар этагини тутди. Одил Ёқубов, Асқад Мухтор, Шуҳрат, Кибриё Қаҳҳорова, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим ўафуров даврасида ўқиди, ўрганди, улғайди. Устозлар меҳрини қозонди. Катта-катта давраларда ўз сўзини айта олди. Лекин Неъмат Аминовнинг “Ашурбой!”и ноёб эди, битта эди, бетакрор эди! Шу биргина сўзда Неъмат аканинг ҳам акалик, ҳам устозлик, ҳам маҳрамлик фазилатлари бор жозибаси, меҳру оқибатлари билан мужассам топганди.

Ашурали маърифатга бахшида қаламига садоқат кўрсатиб, ўзи баҳра олган устозларнинг номи, ижоди, руҳи олдида шогирдилик бурчини ҳалол адо этиб яшамоқда.

Палаги тоза одамнинг ҳаётида бундай мисоллар кўплаб топилади...