“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“ЁЗУВЧИ УЧУН ЁЗИШ — ИБОДАТ!”

Тони Моррисон,

Америка адибаси, Нобель мукофоти совриндори

 

Одатда 85 ёшни қаршилаганлар ўзини табиат қўйнида дам олиб, кексалик гаштини суришга ҳақли санайди. Фақат Тони Моррисондек уйғоқ қалб эгаси эмас. “Муҳаббат”, “Ўз уйим”, “Мовий кўзлар”, “Ёрим” сингари бетакрор романлар муаллифи, Нобель мукофоти лауреати ҳамон ёзиш машаққатини бўйнидан соқит қилганича йўқ. У тонгга қадар инсоният дардини қоғозга тушириш билан банд. Яқинда ёзувчининг “Раббим, болани қўлла” номли ўн биринчи романи дунё юзини кўрди. Бироқ ҳассос адиба одамларни ҳайратга солиши керак бўлган ўн иккинчи роман ғояси унга тинчлик бермаётгани тўғрисида Нью-Йоркнинг Goodreads нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Адабиёт ҳалолликни севади, дедингиз. Сизнингча, қайси ёзувчи бунга эришган?

—  Бу категорияда Хемингуэй пешқадам. Кейин Фланнери О’Коннор ва Фолкнерни қўяман.

— Тўғриси, бундай жавобни кутмаган эдим...  

— Моррисон қора танлиларга илиқ муносабатда бўлган оқ танли ёзувчилар ижодини эътироф этяпти, деб ўйламанг. Йўқ! Мен бу фикрдан йироқман. Шунчаки, бир ижодкор сифатида уларнинг ижодига эҳтиромим баланд. Бу ёзувчилар ўз ижодида ҳамма нарсага холис ёндашгани учун ҳурмат қиламан.

— Одатда қора танли ёзувчилар оқ танлилар ижодига нисбатан холис ёндашмайди. Устига-устак кўпгина ҳабаш ёзувчиларнинг асарларида ўтмишдаги воқеалар учун оқ танлиларга нисбатан алам сезилади.

— Бу табиий. Ўз ирқининг йиллар эмас, балки асрлар давомида хўрланиб яшаганини кўриш ва буни унутиш ҳазилакам иш эмас. Уларга ҳам осон тутманг. Ҳамма ўз дардини ёзади. Қора танли изтиробини қоғозга туширса, бу оқ танлиларга аламзадалик бўлиб ту­йилади. Уларни бизнинг аламзадалигимиз эмас, балки ўзларининг ўтмишдаги гуноҳлари қийнайди, назаримда. Қора танли ижодкорларнинг ижоди ҳақида шундай бўлмағур гап-сўзларни тарқатаётганларга айтар сўзим бор: “Узоқ йиллар дилдагини тилга кўчиришга ижозат бермасдинглар, жиллақурса ёзишга қўйинглар!” Жамиятда оқ танли, қора танли деган тушунча ҳали-ҳануз мавжуд буни инкор этмайман, бироқ бу адабиётга тегишли эмас. Адабиёт ирқ ажратмайди. 

— Демак, бу гаплар китобхонларда қора танли ёзувчилар ижодига нисбатан салбий фикрлар уйғотиш учун тарқатилаётган уйдирмаларми?

— Шубҳасиз. Фақат китобхонларни эмас, балки қора танли ижодкорларнинг ўзини ҳам бунга ишонтирмоқчи бўлишади. Улар шу тариқа бизни ёзишдан тўхтатишга уринадилар.

— Асарларингиздаги персонажларни ҳаётдан оласизми ёки уларнинг бари тўқима образми?

Мен ҳеч қачон таниш-билишларим ҳақида ёзмаганман. Гарчи кўпгина ёзувчилар ишонарли чиқиши учун ўз яқинларининг табиатидан келиб чиқиб, қаҳрамонини яратса-да, мен буни оқламайман. Ёзганларим бировни ранжитиб қўйишини истамайман. Фақат бир ҳақиқатни тан олишим керак. Илк асарим — “Мовий кўзлар” романидаги қаҳрамоним қисмати раҳматли онамнинг қисматига ўхшайди. Табиати ҳам онагинамнинг ўзи, изтироби ҳам. Нега бундай қилганимни ўзим ҳам билмайман. Эҳтимол, онам ҳақида хотира ёзиш истаги кучлилик қилганидан бош қаҳрамонни унга ўхшатгандирман? Балки, тажрибасизлик панд бергандир? Нима бўлган тақдирда ҳам, яқинларим бош қаҳрамон сифатида онамни танлаганимдан бироз ранжишди ва мен бошқа бундай хатога йўл қўймасликка қарор қилдим.

— Бироқ тўқималарга одамларни ишонтириш жуда қийин-ку?!

— Сураткаш билан рассомни олайлик, сураткаш кўрганини тасмасига муҳрлайди, рассом эса хаёлидаги тасаввурларини қоғозга чизади. Энди шундай савол туғилади: қай бири одамларни кўпроқ ҳайратлантиради? Албатта, моҳир рассом яратган асар. Рассом одамларни ишонтириш ва ажаблантириш учун Худо берган истеъдодию илоҳий сезгисига таянади. Ёзувчи ҳам шундай. Маҳоратли қалам эгаси ўз асарида одамларни қаҳрамон қилиб олмай туриб ҳам, ҳаётни кўрсатиб беришга қодир.

— Ёзаётганингизда қаҳрамонларингиз жиловини чиқариб юборганмисиз ҳеч?

— Қаламини жиловлай олмаган ёзувчи шундай муам­мога рўпара бўлади. Мен яратаётган асар қаҳрамонлари сюжет туғилишидан анча аввал ёнимга келади. Ҳозир бу ҳақида гапирсам, мени телбага чиқариб қўйишингиз мумкин. Устимдан куладиганлар ё ёлғончига чиқарадиганлар ҳам топилар. Лекин бу ҳақиқат. Улар худди арвоҳларга ўхшаб мени ўраб олади. Қаҳрамонларим билан узоқ-узоқ суҳбатлар қураман. Уларнинг сочларини силайман, уларга ёқадиган ва ёқмайдиган нарсаларни биламан. Қизиғи, ўша руҳлар, мен ҳақимда ҳаммасидан хабардор, ҳатто мен ўқиган асарлардан ҳам. Улар янги романим бошқа ёзувчиларнинг китобларига ўхшамаслиги учун қандай ёзишим кераклиги ҳақида, ҳатто менга маслаҳат беради. Баъзан уларни ҳайдайман, тинч қўйишларини сўрайман, сўзлаётганида овозларини ўчириб туришларини илтижо қиламан, бироқ улар ортга чекинмайди ва мен ноилож қўлимга қалам оламан. Эҳтимол, шунинг учун ҳам, ёзувчилик — қисмат, дейишар.

— Асарларингизда эркаклардан кўра аёл қаҳрамонлар ҳар доим кучлироқ тасвирланади. Бунга сабаб нима?

— Билмадим, менга бундай туйилмайди. Аёллар ҳаётда эркаклардан ожизроқ кўрингани билан чидамлироқдир. Мен уларнинг шу хислатини очиб беришга ҳаракат қиламан, шунингдек, заифаларни жасоратлироқ бўлишга ундайман. Айтиб қўяй, бу жуда ҳам қийин экан.

— Шу ёшда ёлғиз яшаш осон эмасдир?

— Ҳа, чиндан ҳам. Бироқ нима қилай, ёлғизлик мен учун — эҳтиёж. Ундан қутулолмасам керак. Уринишим ҳам беҳуда.

— Шеъриятга муҳаббатингиз юқорилигини сезиш қийин эмас. Баъзи гапларингиз шеърий сатрларни эслатади...

—  Эътироф учун раҳмат. Қанийди, шоир бўлиб туғилсайдим. Адабиётда шеъриятнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Лекин бу менинг қўлимдан келмайди. Начора ҳеч ким бўйидан баланд сакролмайди. Шеърият ҳақида ўйласам, худди мен йўлнинг ўнг томонида эмас, чап томонида турган йўловчидай ҳис қиламан ўзимни. Бироқ шеър ўқишни канда қилмайман. Ўзимга ёққан сатрларни куйга соламан.

— Назм, наср, мусиқа — бир юракка кўплик қилмайдими?

— Агар ўша юрак чуқурлигу кенглиги жиҳатидан уммон билан тенглашса, кўплик  қилмайди. Жазни жуда ҳам яхши кўраман. У мураккаблиги учун ёқади. Жаз бу — менинг ҳикоям. Жаз мусиқачиларининг ижросини тинглаганимда кўкка парвоз қиламан. Руҳим самоларда кезади. Мусиқа умрни узайтиради. Мен бунга тирик мисолман.

Адашмасам, ўғилларингиздан бири мусиқачи, шундайми? Унга сиздан юққанми?

— Ҳа, лекин мен пианино чалмайман. Мусиқага иштиёқ қонимизда бор. Мусиқани чуқур англайдиганлар оиласида туғилганман. Шунинг учун ҳам ота-онамиз мен билан синглимни мусиқа дарсларига юборишган. Бу ўша пайтда мен учун ёқимли машғулот эди.

— Тони Моррисон исми нафақат Америка адабиётида, балки дунё адабиётида ўз овозига эга биринчи афроамерикалик ёзувчи сифатида қолади... Бунга нима дейсиз?

— Қўйсангиз-чи! Бу адабиётшуносларнинг жимжимадор таърифлари. Бундай таърифлардан ноқулай аҳволга тушаман. Мен эътирофлардан эмас, “Асарингизни ўқидим”, деган китобхонларнинг мурожаатларидан бошим кўкка етади. Афроамерикалик ёзувчи эканлигимдан фахрланаман. Бироқ бу ифтихор туйғу­си Жойс ва Толстойга бўлган ҳавасим олдида жуда майда. Ҳозир Толстойга ўхшаган ёзувчи на Африкада, на Америкада ва на Европада бор, тўғрироғи, ер юзида топилмаса ҳам керак. Толстой ҳақида ўйласам, ўзим ҳам кичкина кўринаман кўзимга.

— Жойсни қадрлашингиз сабаби ҳақида тўхталмадингиз.

— “Улисснинг саргузаштлари”ни ҳеч кимнинг ёрдамисиз ўқий олганман. Аввалига ўзимни худди лабиринтга тушиб қолгандай ҳис қилдим. Ўқиётганларимнинг мазмунини тушунмасам-да, аҳамиятли эканлигини фаҳмлардим. Кейинчалик асар менга қувонч ҳадя этди. Ҳозир ҳам эсласам, ўша ҳиссиёт қайта туғилади. Бу афсунгарлик менинг қўлимдан келмаган бўларди. Жойс — ҳақиқий афсунгар.

— 20-25 йил ичида 11 та роман, энг эътиборли жиҳати шундаки,  уларнинг ҳаммаси машҳур бўлди. Ёзиш машаққатларидан ортиб, ўқишга қачон улгурасиз?

— Мен суҳбатимиз аввалида истак туғилгандагина ёзаман, деб айтдим. Бироқ мутолаага эҳтиёж ҳеч қачон ўлмаган. Мен ҳар доим, ҳар кун ўқийман. 

— Интернет сайтларида асарларингизни мутолаа қилган китобхонлардан “Моррисон хоним оқ танлилар ҳа­қида ҳам китоб ёзсин”, деган мурожаатлар ва илтимосларга кўзим тушиб қолди. Бунга нима дейсиз?

— Эҳтимол, бир кун келиб шундай асар ёзарман, бироқ ўзинг қора бўлганингдан кейин оқ танли бўлиб ёзиш ҳам осон эмас-да (кулади)!

— Ҳаёт сиз учун нимадан иборат?

— Яратганга муҳаббатдан. Шу муҳаббат ҳақида ўйлаганимда ўзимнинг ёлғиз эмаслигимни сезаман. Бу муҳаббат мени эркалайди, илитади ва асрайди... 

 

Инглиз тилидан

Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси