“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Кулча ҳикоялар

 

Қамчибек Кенжа

Шоир ва носир Қамчибек Кенжа Андижон вилоятининг Избоскан туманида оддий деҳқон оиласида туғилган. Тошкент Давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати») газетасида фаолият юритган. Истеъдодли ижодкор 1985 йилдан то шу кунга қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлимининг масъул котиби лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. У «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

 

Шафтолининг доҒи

Бир даврада ҳар хил алам-доғлар ҳақида гап кетди.

— Ҳаммасидан фарзанд алами аччиқ, буни ҳеч кимнинг бошига солмасин, — деди биров. Бошқаси чаккасини қаший туриб, мавзуга ўз муносабатини билдирди.

— Тўғри, фарзанд доғи оғир, аммо шафтолининг доғи ҳам ёмон экан, — деди у калласини чайқаб. Маълум бўлишича, у сотиб келиш учун бир машина хомроқ “Чемпион” шафтолини маҳаллалардан насияга йиғиб берган, ўғил уни олиб узоқ шаҳарга жўнаган, аммо дашт йўлида машина бузилиб қолиб, икки кеча-кундуз уннашган, мева иссиқда ачиб, оқиб кетган экан.

2015 йил, октябр.

 

ПАЛЬТО

Аёл сақичдай қора, кумушдай товланаётган мўйнали пальтони кийиб, ўзини ойнага соларкан, чарос кўзлари яшнаб кетди, лекин дарҳол лабларини қимтиб, тўқ қизил, савлатдор диванда газета варақлаб ўтирган эрига оҳиста, ишвали оҳангда сўз қотди.

— Ярашдими, дадаси?

Эр бир-иккита оқ оралаган, қуюқ сочли бошини хиёл кўтарди, симобранг гардишли кўзойнаги тепасидан бирров назар ташлаб: “Ярашди, жуда ярашди!” деди-да, ўз юмушида давом этди.

Аёлнинг ҳилолсимон қошлари чимирилди: “Пандавақи. Ақалли қайси пулингга олдинг ҳам демайди-я...”

2015 й.

 

Тасалли

Унинг шаҳарда уч юз ўринли тўйхонаси, битта дорихонаси, яна пойабзал ва озиқ-овқат дўкони бор. Ҳар кеча ўринга кирди дегунча бошқа “ҳамкасб”лари хаёлидан бир-бир ўта бошлайди-ю, ороми бузилади. “Эшматнинг тўйхонаси тўрт юз кишилик, Тошматники беш юз... Писмадончининг дорихонаси иккита, пистончининг супер маркети бор...”

— Э-э, ҳар куни тўтиқушдай бир хил гапни такрорлаганингиз-такрорлаган-а, тавба... – ғудранади хотини.

— Жим ёт! Халақит берма! — пўписалайди эр.

Аёл “уф-ф” деб, каравотнинг четроғига сурилиб, нариги ёнбошига ағдарилади. Эр шаҳардаги жамики тўйхона, ошхона, дорихона, маркетларни санашда давом этади, уларнинг кимларга, қандай омадли, иши юришган одамларга тегишли эканини ўйлаб, ижирғанади, тишларини ғижирлатади. Уйқуси буткул қочиб, устидаги эрони ёпинчиқни тепиб юборади. Туриб ўтиради, ётади, ағдарилади, туради... Саҳарга яқин бирдан яна алланималар эсига тушиб, оёқ-қўлларининг таранг пайлари бироз бўшашади. “Алининг тўйхонаси икки юз саксон кишилик, Валининг биттагина дорихонаси бор, маркети ҳам мини...”

Шундан кейингина ёпинчиқни устига тортиб, пинакка кетади.

2015 йил, 24 октябр

 

БЕКАТДА

Бекатнинг  чеккароғидаги ўтирғичда тўладан келган, юпқа ва таранг  кийинган, қош-қабоғи, юзлари анчагина бўёқни шимиб юборган, сочлари орасига нимадир “яшириб” кўпчитиб олган, яъни ўзининг ва яна бошқаларнинг назарида “кетворган” жувон оёқларини чалиштириб ўтирарди. Атрофда улов кутаётган ҳар хил ёшдаги саккиз-ўн чоғли эркакнинг баъзилари аёлга зимдан, айримлари ошкора кўз сузиб қўйишарди. Жувоннинг ингичка қошлари ўз-ўзидан кериларди. Аммо ёнгинасида турган озғин, кўримсизгина йигит унга беэътибор эди. Аёл йигитга худди момосининг алами бордай, ғижиниб-ғижиниб қараб қўярди.

2015 й.

 

Олапарнинг сЎнгги ташрифи

Олапар деган итимизни ўғиллар қўшни қишлоққа тушган опаларининг илтимосига кўра унга бериб юборишган эди. Бир оилага, бир жойга кўниккан бу вафодор жониворнинг бошқа хонадонга ўрганиши осон кечмаслиги турган гап. Олапар ҳам ҳадеб бизникига келавергач, уни бойлаб боқа бошладилар. Ой-йиллар давомида ит тақдирга тан берди, кейин уни бўш қўйиб юборадиган бўлишди. Энди у бизникига ҳар замонда келарди-да, бир-икки соат ҳовлида айланиб, искаланиб юрар, болалар уни бир нималар билан “меҳмон” қилишар, кечаси у ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қоларди. Яна бир куни кечга яқин бошини хам қилганича думини осилтириб кириб келди. Машқи, шашти анча паст эди. Лекин ҳовлида дуч келган катта-кичикнинг оёғига узоқ-узоқ суркалиб, аниқроғи суйкаланиб (бунақа одати йўқ эди), ўзича эркаланган бўлар, дам у, дам бу ерга бориб, олдинга чўзилган оёқларига  тумшуғини тираганича биз ўтирган чорпоядан кўз узмай, жимгина ётар, ҳовлига бегоналар кирса уларга аввалгидай ирилламас, ҳатто пинагини ҳам бузмасди. Қариб, анча ювош тортиб қолибди-да, деган хулосага келдик. Болалар ташлаган нон ё бошқа емишга негадир қараб ҳам қўймасди. Лекин кимдир чорпоядан тушса ё ичкаридан чиқса, оҳиста ўрмалаб келиб яна оёқларига беозоргина суйкала бошлар, “қоч!” “чип!” деган пўписаларга ҳам қулоқ солмай, анча-анча жойгача тирғалиб борарди.

Одатда ўғиллар ит тунаб қолмаслиги учун (буни опалари ҳам тайинларди) кечга яқин хипчин дўлайиб, “Бор энди, кет!” дея ҳайдаб, ҳовлидан чиқариб қўйишар, Олапар нарироқда бир-икки тўхтаб, орқасига қайрилиб қарарди-да, лўкиллаганича жўнаб қоларди. Бугун эса унинг негадир кетгиси келмас, хипчин билан бўксасига секин-секин уришса ғингшиб, ғужанак бўлиб, кўзларини мўлтиратиб тураверарди.

— Қўйинглар, зерикканда ўзи кетар, — дедим жониворга ачиниб, — дарвозани қия ёпиқ қолдиринглар.

Кечаси бир ташқарига чиқсам Олапар кўринмади. Шу бўйи у бизникига келмади. Ўғиллар опаларидан суриштиришса, уларникига ҳам қайтиб бормабди.

2015 йил, 21 октябрь