“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

УЛУҒ ЗОТЛАР ДАҲОСИГА ТАЪЗИМ Эзгу ва хайрли ишлар давом этади

Зокиржон Машрабов,

Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди раиси:

 

— Инсоният тарихида улкан из қолдирган, илм-фан тараққиётига катта ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз билан ҳар қанча ифтихор қилсак арзийди. Ана шундай буюк сиймолардан бири, шуб­ҳасиз, сўз мулкининг султони, мутафаккир Алишер Навоийдир.

Маълумки, ул зот беназир шоир, қомусий олим бўлиши баробарида йирик давлат арбоби эди. Тарихий манбаларда Навоий асарлари тилга олиниши билан бирга мутафаккирнинг беназир арбоб сифатида кўҳна Хуросонда тинчлик, барқарорлик ва адолат ўрнатиш, юртни обод қи­лиш, илм-фан, санъат ва ҳу­нар­мандчиликни ривожлантириш борасидаги ишлари асрлар оша ибрат бўлиб келаётир.

Мамлакатимизда улуғ шоир ижодига бўлган эътибор Юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида янада кучайди. Мутафаккирнинг бадиий меросини ўрганишга қизиқиш орт­ди, Навоий асарларининг 10 томлик мукаммал тўплами чоп этилди. Бу каби хайрли ишлар бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда.

Алишер Навоийнинг миллат ва тарих олдидаги хизматларини бош­қа бирор ижодкорнинг фаолиятига таққослаб бўлмайди. Навоийни фақат Навоийга қиёслаш мумкин. Худди шу каби, бу “назири йўқ киши” (Мирзо Бобур таъбири)нинг асарлари ҳам беназир маънавий обидалардир.

Жорий йилнинг апрель ойида Афғонистоннинг Қобул шаҳрида ташкил этилган Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуманда ана шулар ҳақида сўз борди. Унда бир гуруҳ ўзбекистонлик зиёлилар қаторида мен ҳам иштирок этдим. Анжуманнинг очилиш маросими Қобул шаҳридаги XIX-асрда қу­рилган “Саломхона” саройида бўлди. Унда Афғонистон, АҚШ, Ўзбекистон ва бошқа хорижий мамлакатлардан келган вакиллар иштирок этди. Анжуманда ушбу мамлакатда Алишер Навоий номидаги давлат мукофоти таъсис этилганини иштирокчилар гулдурос қарсаклар билан кутиб олди.

Анжуман доирасида сўз олганлар Афғонистоннинг янги Конституциясида бу ерда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатнинг ўзаро тенг ҳуқуқли эканлиги белгилаб қўйилгани, инчунин, ўзбек тилига давлат тилларидан бири мақоми берилгани, Алишер Навоийга бағишлаб ўтказилаётган халқаро илмий анжуман бу сиёсатнинг натижаси эканлигини қайд этиши қатнашчиларда катта таассурот уйғотди.

Шундан сўнг, анжуман мажлислари Қобул шаҳридаги “Интерконтенентал” меҳмонхонасининг симпозиумлар залида, иккинчи куни Бобур мақбараси қад кўтариб турган “Боғи Бобур” боғида давом этди. Унда хорижий ва Афғонистоннинг турли вилоятларидан ташриф буюрган 50 дан зиёд навоийшунос ва шарқшунос олимлар маърузалар қилишди.

 

 

 

– Мамлакатимизда Алишер Навоийга эҳтиром, буюк шоир меросини чуқурроқ ўрганишга қизиқиш йилдан йилга ортиб бораётгани ғоят қувончлидир. Сизнингча, неча асрлардан буён Навоий шахси, унинг бетакрор ижоди нафақат диёримизда, балки бутун жаҳонда ҳам юксак қадрланишининг боиси нимада?

— Миллат обрўси унинг улуғ шахслари фаолияти билан белгиланади. Мамлакатимизда Алишер Навоийни анг­лаш, ўрганиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини эътироф этмоғимиз зарур. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек: “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”. Шак-шубҳасиз, Навоийдек улуғ зотлар меросини ўрганиш туфайлигина ёруғ ва фаровон турмуш, ёрқин келажак, бахтли ҳаёт каби тушунчаларнинг қадрига етишни англаш мумкин. Шу боисдан халқимиз, айниқса, ёшлар Навоий асарларини севиб, ардоқлаб ўрганаётганида катта маъно, мақсад бор.

Тарихдан маълумки, Алишер Навоий асарлари мутафаккир шоирнинг ҳаётлигидаёқ диққат билан ўрганила бошланган. Унинг бой мероси нафақат Шарқ, балки ўарб олимларининг ҳам диққат-эътиборида бўлиб келган. Хусусан, XVII асрнинг бошларигача Навоий асарлари итальян, немис, француз тилларида чоп этилган. Немис шарқшуноси Альфред Курелла Навоий ижодига бежиз бундай юксак баҳо бермаган: “Буюк новатор Навоийнинг достонлари, рубоий ва эпиграммаларида тараннум топган озод руҳга Гёте бутун шодлигини бахшида этган бўлур эди”.

Мустақиллигимизнинг биринчи йили юртимизда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилинган эди. Ўша йилдаёқ Алишер Навоий номидаги Давлат мукофоти таъсис этилгани ҳам энди озодликка эришган ўзбек халқи учун Навоий ҳур­лик, озодлик ва ўзлик тимсоли бўл­ганидан гувоҳлик беради.

Ўтган йигирма беш йил ичида ҳазрат Навоийнинг куллиёти икки марта нашр этилди, “Хамса”, “Хазойин ул-маоний”, “Насойим ул-муҳаббат”нинг янги нашр­лари дунё юзини кўрди, шоирнинг ҳаёти, фаолияти ва ижодиёти ҳақида қатор адабий, илмий, фалсафий асарлар яратилди. Энг муҳими, Навоийнинг тафаккур даҳосига муносабат тубдан ўзгарди. Навоий ижодиётини бир томонлама ўрганиш, уни ҳукмрон мафкура қолипига солиш каби самарасиз ва ғайриилмий уринишларга чек қўйилди.

Шуниси қувончлики, 2016 йили Бобур номли халқаро жамоат фонди Россия Фанлар академияси билан ҳамкорликда 1180 саҳифали “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бабуриды. Библиография” номли асарни яратишга эришди. Шунингдек, Мирзо Ҳайдарнинг “История Рашиди” асари ҳам рус тилида “Шарқ” нашриётида чоп этилди. Шу билан бирга, мамлакатимиз олимлари томонидан яқинда “Алишер Навоий қомусий луғати” нашрдан чиқарилди. “Навоий энциклопедияси”ни яратиш устида ҳам иш бошлаб юборилди.

Шуни яна мамнуният билан таъкидлаш мумкинки, Президентимизнинг 2016 йил 13 май куни эълон қилинган “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ҳам ўзбек тили ва адабиётига, буюк сўз султони Алишер Навоийга кўрсатилган юксак эҳтиром намунаси бўлди. Президентимизнинг ушбу фармони тарихий воқеа бўлиб, миллатимизга, тилимиз асосчиси буюк Алишер Навоий сиймосига чексиз эҳтиром намунасидир.

– Юртимизда буюк аждодларимизнинг номларини абадийлаштириш, мангу оромгоҳларини зиёратгоҳларга айлантириш йўлида олиб борилаётган савобли ишлар бутун дунёда ибрат сифатида эътироф этиб келинади. Албатта, бу каби хайрли ишларда Бобур халқаро жамоат фонди томонидан олиб бораётган ишлар ҳам эътиборга молик.

– Ўзбекистон мустақилликка эришгандан буён Фонд ва илмий экспедициямиз аъзолари Африка қитъасидан тортиб (Аҳмад Фарғоний, Қоҳира), Ҳинди-Хитой ярим ороли (Баҳодиршоҳ Зафар, Бирма-Рангун) ҳудудида умргузаронлик қилган буюк аждодларимизнинг қабр-мақбараларигача излаб топди. Улар қолдирган бой илмий-маданий мерос баҳоли қудрат тўпланди ва Андижон шаҳридаги “Боғи Бобур”да жойлашган “Бобур ва жаҳон маданияти” музейида жамланиб, аста-секин илмий истеъмолга киритилаётир.

Улуғ боболаримиздан Абу Райҳон Беруний, Фаробий, Лутфий, Алишер Навоий, Мирзо Ҳайдар, Бобораҳим Машраб, Али Қушчи, Ҳусайн Бойқаро ва бошқа зотларнинг харобага айланган қабрлари узра шарқона услубда замонавий лойиҳалар тайёрланиб, ободонлаштириш ишларига киришилди.

Жумладан, 2006 йили Алишер Навоийнинг устози, шарқ мумтоз адабиётининг намояндаси Мавлоно Лутфий-Шошийнинг Афғонистоннинг Дашти Қанор (Нангиобод) қишлоғи ёнида дафн этилган жойи аниқланиб, Ўзбекистонда тайёрланган мақбара, сағана тоши олиб борилиб, янгидан қабр-мақбара барпо этилди ва ушбу масканда ободонлаштириш ишлари якунига етказилди.

Мустақиллик йилларида Бобур халқаро жамоат фонди мутахассислари буюк аждодларимиз, хусусан, Алишер Навоийнинг Ҳирот шаҳрининг Мусалло майдонидаги оромгоҳи жойлашган ерда топосъёмка, муҳандислик-геология ишларини бажарди. Ушбу тадқиқотлар асосида ЮНЕСКО ташкилоти, Бобур хал­қаро жамоат фонди ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида ҳазрат Алишер Навоийнинг шарқона услубдаги мақбараси тикланди. Жорий йилда Алишер Навоий мақбараси учун нуроталик моҳир сангтарошлар тайёрлаган қабр-сағана тоши қўйилди. Бундан ташқари, мақбарага машҳур ёғоч усталари Ўзбекистонда тайёрлаган шарқона услубдаги дарвоза ўрнатилиб, атрофи ободонлаштирилди. Хусусан, Алишер Навоий қабр-мақбараси атрофига манзарали боғ яратиш учун Андижондан олиб келинган ва қисман Ҳирот шаҳридан сотиб олинган 2 минг 150 туп қарағай, эман, каштан, чинор, садақайрағоч каби манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод ва шогирди мусаввир Рустам Али қабр­ларига Андижонда мақбара ва Нуротада сағана қабр тошлари тайёрланиб, олиб бориб ўрнатилди.

Ҳиротда етиштирилган манзарали дарахт кўчатларидан харид қилиб, қабр-мақбара атрофларига ва Алишер Навоий яшаган ҳовли атрофига экилиб, ободонлаштирдик.

Алишер Навоийнинг устози мавлоно Лутфий қабр-мақбараси янгитдан таъмирланди.

Афғонистоннинг Кобул ва Ҳирот шаҳарларида ўтказилган халқаро илмий симпозиум қатнашчилари “Мусалло” майдонида амалга оширилган ишларни кўриб, Алишер Навоий қабр-мақбарасини зиёрат қилиб, Ўзбекистон халқига, давлатимиз раҳбарига ўзларининг самимий миннатдорликларини изҳор этиб, раҳматлар айтишди.

— Фонднинг бундай хайрли ишларини мамлакатимиз ҳукумати юқори баҳолаб келмоқда. Жумладан, шахсан ўзингиз Президентимиз фармонига мувофиқ, истиқлол йилларида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотлангансиз. Яқинда Афғонистон ҳукумати таъсис этган “Алишер Навоий” мукофотини ҳам олганингизни эшитиб хурсанд бўл­дик. Буни, ўз навбатида, нотинчликлардан зада бўлган халқ­нинг энди тинчлик ва маънавият сари ташлаётган қадамлари сифатида баҳолаш мумкин.

— Тўғри таъкидладингиз. Афғонистонда ташкил этилган Алишер Навоийнинг 575 йиллигига бағишланган халқаро илмий анжуман якунида улуғ мутафаккир меросини ўрганиш борасида амалга оширилиши мўлжалланган режалар мужассам бўлган қарор қабул қилинди. Мажлис якунида симпозиумнинг 5 қатнашчиси Афғонистон ҳукумати таъсис этган “Алишер Навоий” мукофоти билан тақдирлангани эълон қилинди. Улар қатори камина ҳам шу юксак мукофотга лойиқ кўрилибман.

Шу ўринда яна бир таассурот: анжуман доирасидаги тадбирларда қатнашар эканмиз, бу заминда содир бўлаётган нотинчлик руҳияти деярли ҳар қадамда сезилиб туришига гувоҳ бўлдик.

Юртбошимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон билан умумий тарихга эга, бир географик минтақада жойлашган, шунинг учун келажаги ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлган Афғонистон заминида барқарор тинчлик ўрнатилишига, иқтисодиётининг тартибга солинишига қаратилган доно сиёсати холис ниятли ҳар бир инсонга яхши маълум. Биз ана шу сиёсатнинг нақадар тўғри ва долзарб эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.

Биргина мисол, Термиз-Мозори шариф темир йўлининг қурилишида иштирок этган афғонистонлик мутахассислардан бири бизнинг Ўзбекистондан келганимизни билиб: “Бошқалар тинмай бир-биримиз билан жанг қилишимиз учун қурол-яроғ олиб кириш билан машғул бўлса, Ўзбекистон бизга темирйўл, кўприклар, электр тармоқлари қуриб, буюк аждодларимизнинг абадий оромгоҳларини обод қилмоқда. Биз буни ҳеч қачон унутмаймиз”, – деди чин ҳаяжон ва миннатдорлик туйғуси билан.

— Фонднинг келгуси режалари ҳақида ҳам маълумот берсангиз?

— Албатта, фонд Ўзбекистондан ташқарида мангу ором топган буюк аждодларимизнинг мақбараларини ободонлаштириш ишларини бундан кейин ҳам давом эттиради. Айни пайтда афғон юртида Абу Райҳон Беруний ва Бобораҳим Машраб, Ҳиндистоннинг Кашмирида Муҳаммад Ҳайдар Мирзо, Истамбулда Али Қушчи, Дамашқда Абу Носир Фаробий каби буюкларимизнинг қабрлари аянчли ҳолатда – йўқолиб кетиш арафасида турибди. Уларни тиклаш ва ободонлаштириш жудаям муҳим.

Ўзингизга маълум, Бобур номли халқаро жамоат фонди 2014 йили мамлакатимиз маънавий ҳаётида илк бор буюк тарихий шахслар ҳақида қомусий асар – “Бобур энциклопедияси”ни тайёрлаган эди. Бу йирик тадқиқот нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунё бобуршунослигида юқори баҳоланди. Эндиги вазифаларимиздан бири “Бобур энциклопедияси”нинг янги манбалар билан тўлдирилган иккинчи нашрини 2016 йилда чоп эттириш, “Бобурнома”нинг йўқолган 18 йиллик қисмини, “Ҳарб иши”, “Мусиқа сирлари” асарларини, шунингдек, “Ҳумоюннома” асарининг йўқолган қисмини излаб топиш ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Танланган асар­лар”­и­ни чоп эттириш, буюк бобурийлар, хусусан, Бобур ҳаёти ҳақида халқаро миқ­ёсда эътироф этилишга арзийдиган ҳамкорликда бадиий фильм яратиб, уни ўзбек, араб, рус ва инглиз тилларида дунёга намойиш қилиш ҳамда Андижоннинг кўҳна тарихи ҳақидаги ишларнинг сарҳисоби сифатида “Андижон энциклопедияси”ни яратиш бўйича ижодий тадқиқотларни давом эттириш ниятидамиз.

Шунингдек, Бобур номли халқаро жамоат фонди қошида тузилган “Хандонписта, зайтун ва бошқа субтропик экинлар етиштириш илмий маркази”да зайтун, бодом, хандонписта, пекан ён­ғоғи каби сувсизликка чидамли кўчатлар етиштириб, Бобур миллий истироҳат боғининг адирликда жойлашган қисмида субтропик ўсимликлар плантацияларини яратишга киришганмиз.

Ушбу хайрли ишлар давом эттирилади.

Суҳбатдош: А.ЖУМАҚУЛОВ