“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

РУСНИНГ СОДДА БОЛАСИ

Улуғ истеъдодларнинг бари ўта ақлли, лекин ўта содда бўлади, деганди ижодкорлардан бири кулиб. Бу сўзлар ёлғон эмаслигига ишонгинг келади. Буюк адиб­лардан саналган Василий Шукшиннинг қизи Мариянинг отаси ҳақидаги хотираларини ўқиб кўринг: “Дадам мен билан Ольгадан жонини ҳам аямасди. Мен касалмандроқ эдим. Улар каравотимда соатлаб ўтирарди. Дадам уйда бўлганида ойимдан болаларни ўзи ухлатишни сўрарди. Фақат дадамгина бизга кечалари эртак айтар, воқеаларни йўл-йўлакай ўзи тўқиб кетаверарди. У энг яхши “энага” эди. Дадам хонасида чека бошласа, мен тамакини олиб, яшириб қўярдим. Менга унинг “Машенька, тамакимдан олиб бер”, дея илтимос қилиши ёқарди. У менга бутун эътиборни қаратиб, тобе бўлганидан лаззатланардим. Мен отамни соғинардим, ёнимда бўлишини истардим, чунки дадам кўп вақт сафарда бўларди”.

Ўзи бор-йўғи қирқ беш йил умр кўриб, унинг асосий қисмини халқ орасида ўтказган (Сростки қишлоғида 1929 йилда туғилган) одамнинг қанчалик содда бўлганига бундан ортиқ далилнинг ҳожати йўқдир. Таниқли ёзувчилар – Ўткир Ҳошимов ва Хайриддин Султонов таржимасида нашр қилинган ҳикоялар тўпла­мини бир ўқиб кўринг. “Қишлоқилар” ҳикояси билан бошланадиган бу тўплам “Чол, қиз ва офтоб” дея номланади. Асарни ўқий бошлашингиз билан одам ҳам шунчалик содда бўладими, деб ҳайратланасиз. Маланья бувининг ишонувчанлиги, Москвага келишни таклиф қилган ўғлининг хатини ўқиб, саросимага тушиб қолиши кулгингизни қистайди. Кампир­га на ачиниш ва на кулишга ҳайрон­сиз. Маланья бувининг невараси Шуркага маслаҳат солиши, Москвага – ўғлимникига борсамми-бормасамми, дея иккиланиши ғирт қишлоқ аёлининг характери эмасми?

Россиялик олимларнинг фикри қуйидагича: Юрий Казаков Бунинга, Валентин Распутин Достоевскийга жуда-жуда ўхшайди. Василий Шукшинни эса “замонавий Горький” дея таърифлашади.

Бу менгзашлар ниманинг ҳисобига? Воқеаларни тасвир этиш услубига ёки асарлари бадиийлиги даражасига қарабми? Менимча, биринчи фикр ҳақиқатга яқинроққа ўхшайди.

Мана, улуғ адиб ўз ижоди ҳақида нималар деган: “Ҳикояда ҳамма нарса тушунарли, ҳатто ундан ҳам зиёд бўлишини истайман”.

“Адабиётда ҳамма вақт қандайдир спорт мусоба­қасига ўхшаган ҳолат бор. Қани, ким ихчамроқ ёзади? Ким мураккаброқ! Ким журъатлироқ! Ҳолбуки, адабиёт – ҳақиқатдир. Кашфиётдир. Ҳақиқат борки, адабиёт бор”.

Ёзувчи яратган асарларида, бешта бадиий фильмда бунга оғишмай амал қилди, ростгўйликни, ҳақиқатни шиор қилиб олди.

Василий Шукшинда Оллоҳ томонидан берилган буюк истеъдоддан ташқари ҳаётий тажриба ҳам керагидан ортиқ бўлган. Мураккаб, бунинг устига оғирдан-оғир ҳаёт йўлини қадамба-қадам босиб ўтишга тўғри келганлигини эшитганмисиз?

Адибнинг шахсий ҳаётидан айримлар бехабар бўл­ганидан асарлари бунчалар бадиийлиги, қаҳрамон­лари ўта оддийлиги сабабларини кўп ҳолларда англаб етмайди.

Аввало, Шукшиннинг онаси Мария Сергеевна ҳақида. Онаси хусусида ўзининг сўзларига бир қулоқ солинг: “Менинг онам… икки карра турмуш қурди… Икки карра ҳам бевалигича қолди. Биринчи марта йигирма икки ёшида, иккинчи марта ўттиз бир ёшида тул хотинга айланди. Фарзандлари камоли учун жуда кўп куч-ғайрат, нафсиламбрини айтганда, бутун ҳаётини бағишлади. Энди у ўғлим одам сонига кириб қолди, шаҳарда каттакон амалдорга айланган, деб ўйлайди. Майли, ўйласа, ўйлай қолсин. Ҳикоя ёзишни мен онамдан ўрганганман”.

Отаси-чи? Отаси Макар Леонтьевич халқ душмани дея қораланиб, қатл этилган…

Василий Шукшин Сталин вафотидан бир йил кейин 1954 йили Сросткини – Олтой ўлкасидаги қишлоғини тарк этди. Москвада ўқиди. Ўшанда ҳам оғайниларини, биринчи навбатда жондан азиз онасини йўқлаб турди, унга кетма-кет хатлар ёзди.

Буюк адиб беҳудага “Қишлоқилар”, “Она қалби” ҳикояларини яратмаган, уларга бош қаҳрамон қилиб онани танламаган кўринади. Бунинг асосий сабабларидан бири мунисгина волидасига нисбатан меҳрибон эди.

* * *

Шукшиннинг қизлари ҳам онаси каби отасига меҳрибон бўлган. Унинг уч қизи бор эди.

Отасининг орзулари бир дунё бўлганини қизи Мария ҳам эътироф этади: “Онамнинг айтишича, дадам серфарзанд бўлишни, ўғил кўришни орзу қилган экан. Ўғил кўрса, исмини Макар ёки Степан Разиннинг шарафига Степан деб атамоқчи экан. Агар дадам эрта ўлмаганида эди, ойим билан уч қизга қараб ўтирмасдан яна фарзанд кўрарди, деб ўйлайман. Ўз вақтида дадам мен билан синглимга: “Агар ўғил кўрсаларинг, исмини Макар қўйинглар”, деб тайинлаган эди. Синглим ўғлининг исмини отамнинг шарафига Василий деб қўйди. Менинг эса Макар деган ўғлим бор. Бундай исм учун дадамдан жуда миннатдорман. Бу ҳақиқий эркакча исм”.

Илгари Василий Шукшин кўп ичадиган одам бўлган. Чекишни ҳам бошқа одатларидан кўпроқ хуш кўрган. Аммо қизларидан бири, тўғрироғи, Мария сабаб ичишни ташлаб юборганига нима дейсиз?

Мария Шукшина газетага берган интервьюсида бу воқеага ойдинлик киритади: “Истеъдодли шахсларнинг ютуқ ва камчилиги кўп бўлиши табиий. Тўғри, отам ичкиликка ружу қўйган эди. Аммо фарзандларнинг туғилиши ҳаммасини ўзгартириб юборди. Онамнинг айтишларича, бир неча ойлигимда отам мен билан сайр қилгани чиқади. Мен ётган аравачани кўчада қолдириб, қандайдир “дўстлари” билан пивохонага киради. Уйга ёлғиз қайтади. Онам эшикни очиши билан “Маша қани?” деб сўрайди. Дадам пешонасига уриб буриладию, шамолдек учади. Онам ўзини йўқотиб қўйгани учун чополмасдан зинапояда эмаклаб қолади. Чунки биз сайрга чиққанимиздан буён анча вақт ўтган экан-да. Худога шукурки, улар мени қўйиб кетилган жойдан топади».

Бу фикрлар шундан далолат берадики, Василий Шукшинда камдан-кам кишиларда бўладиган ирода, фарзандга меҳр кучли бўлган! Ўта оғир азоб-уқубатларни, қийинчиликларни бошидан кечирган, меҳнатда тобланган адиб сабот-матонатли киши эди! Икки ўқув юртини ташлаб кетиб, ўн саккиз йил чилангарлик қилишнинг ўзи бўлар эканми?

Ўн саккиз йил оддий ишчилик.

Бунинг устига уйи бўлмагани туфайли аксар ҳолларда ётоқхоналарда, меҳмонхоналарда, шифохоналарда ижод қилишга мажбур бўлган…

Адиб 34 ёшида Виктория Сафроновнага уйланган. Кейинчалик Лидия Николаеевна билан турмуш қурди. Ундан икки қиз кўрди. Уларнинг исми Мария ва Ольга эди. Улар кинорежиссёр, актриса ва телевидение ходими сифатида танилди.

Василий Шукшин ижодини кинодан айри ҳолда ўрганиш ҳам, тадқиқ этиш ҳам мушкул. Чунки у бутун ҳаёти давомида турли фильмларга режиссёрлик қилди. Ҳайрон қоласан киши. Бунга қандай қилиб улгурди экан? Ўнга яқин сценарий ёзишнинг, салкам ўттизга яқин роль ижро этишнинг ўзи бўладими? Бунинг учун қанчалик кўп вақт, машаққатли меҳнат зарур эмасми? Бешта фильмни ўзи яратишга, романлар, қиссалар, юзлаб ҳикоялар ёзишга қандай муваффақ бўлди экан? “Қизил бодрезак” фильми шов-шув бўлганлигидан хабарингиз бор. (Уни айримлар “Алвон бодрезак”) ҳам дейишади.

Бадиий фильмдаги Игор образи шунчалик мукаммал эдики… Шукшиннинг ўзи ҳатто: “Игорга ачинаман. Бу тақдир юрагимни ниҳоятда ачиштиради. Шароит бошқача бўлганида у тамоман ажойиб инсон бўларди”, дейди ўкинч билан.

“Қизил бодрезак” фильми кутилмаганда юзага келди. Адиб бир куни вояга етмаганлар қамоқхонасига бориб учрашув ўтказади. Бу воқеадан, учрашувдаги фикрлардан ниҳоят даражада таъсирланади. Ҳатто уч кун ўзига келолмай юради. Ниҳоят шу ҳодиса сабаб фильм яратиш ғояси туғилади.

Василий Шукшиннинг ўлими ҳақида сўз кетганда қайғудан юрак ларзага келади, беихтиёр кўзларингизда ёш томчилари пайдо бўлганини сезмай қоласиз. Бу ачинишми ё улкан адибга нисбатан меҳрми, буни дарров анг­лаб етолмайсиз.

Балки, ёзувчи ўз ўлимини олдиндан сезгандир, деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Мана, қизи Мариянинг сўзлари: “Отамиз вафот этганда мен саккиз ёшда эдим. Энг чуқур ва энг қайғули хотира унинг: “Улар Ватан учун жанг қилдилар” фильмига суратга тушиш учун жўнаб кетаётгандаги ҳолати бўлса керак, деб ўйлайман. Мен уни машинагача кузатиб бордим. Ярим йўлда тўхтаб, у мени ўпиб қўйди. Машинага ўтиргач, менга қайрилиб қаради. Унинг кўзлари ёшли эди. Бу видолашув нигоҳи эди. Бу нигоҳни бир умр эслаб қолдим. Отам фильм суратга олинаётганда вафот этган”.

Ниҳоятда қисқа умри давомида жаҳон киноси ва адабиётига улкан бадиий асарлар билан улуш қўшган буюк ёзувчи ва кино намоёндаси ана шундай мураккаб, машаққатли ва шонли йўлни босиб ўтган эди...

 

Жовли ХУШБОҚ