“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

НИМАДИР СОДИР БЎЛИШИ КЕРАК! Ҳикоя

Генрих БЁЛЛЬ,

немис адиби

Альфред Вунзиделнинг фабрикасида хизматчи сифатида ўтказган кунларимни ҳаётимнинг шубҳасиз муҳим даври, деб биламан. Табиатан анчагина хаёлпараст ва бекорчихўжа бўлсам ҳам молиявий қийинчилик – ахир бекорчилик каби хаёлпарастлик ҳам деярли ҳеч қандай наф келтирмайди – баъзи-баъзида бирон-бир лавозим эгаси сифатида ишлашга мажбур қиларди. Хуллас, бир сафар ҳамёнимда сариқ чақа ҳам қолмагач, инон-ихтиёримни иш топиб берадиган аллақандай идорага топшириб, ўзим каби кулфатзада кимсалар билан бирга Вунзиделнинг фабрикасига йўлланма олдим-да, шу ерда қаттиқ синовдан ўтдим.

Фабрика биносининг кўринишиёқ менда шубҳа уйғотди – унинг ташқи деворлари йирик-йирик ойналар билан қопланганди, мен эса ишлашга сира бўйним ёр бермагандай ярқирайдиган бинолару ўта ёруғ хоналарни ёқтирмасдим. Бизни тўғридан-тўғри ёп-ёруғ, ёрқин ранглар билан бўялган фабрика ошхонасига бошлаб киришганда эса яна ҳам ҳушёр тортдим – ошхонада биз учун нонушта тайёрлаб қўйилганди. Фариштадай официант қизлар тухум, қаҳва ва қовурилган нон бўлакчаларини олдимизга келтириб қўйишди. Бежирим финжонларга апельсин шарбати тўлатиб қўйилган, тилла балиқчалар дўнг пешоналарини аквариумнинг яшил ойнасига хотиржам тираганча думларини ликиллатишарди. Официант қизларнинг оғзи қулоғида, қувончи ичига сиғмаётгандай, бор шодлигини қўшиқ қилиб куйлашдан ўзини аранг тутиб тургандай туйиларди. Серпушт товуқлар сингари уларнинг қалбида ҳам гўё шавқу завқ уммони жўш урарди.

Бу нонушта ҳам имтиҳоннинг бир қисми эканини ўзим каби иш излаб юрган биродарларим, ҳатто хаёлга ҳам келтирмаётганини дафъатан пайқадим. Шу боис гўё омонат танасини қандай фойдали озуқалар билан таъминлаётганини теран англайдиган кимса каби ҳар бир луқмани шошилмасдан чайнардим. Мен, ҳатто одатий ҳолатда дунё­даги бирон-бир куч мажбурлай олмайдиган ишни ҳам қилдим – оч қоринга апельсин шарбатини ичдим, ликопчадаги қовурилган нон бўлакчаларига қўл урмадим, тухум билан қаҳвага эса қиё ҳам боқмадим. Сўнг ўрнимдан туриб, дарҳол ишга киришишга ташна одам сингари ошхона бўйлаб ошкора одимлай бошладим.

Бу наф берди – имтиҳон бўладиган хонага дастлаб мени таклиф қилишди. Дид билан безатилган столлар устида олдиндан тайёрлаб қўйилган сўровномалар ётарди. Хона деворлари оч мовий ранг­га бўялган, унинг оҳанрабоси ўта бефарқ кимсаларни ҳам ҳайратга солган бўларди. Хонада ҳеч ким йўқ, бундан қатъий назар кимдир қайсидир тирқишдан мени кузатаётганини сезиб турардим. Дарҳол чўнтагимдаги ручкани олдим, рўпарамдаги столга ўтириб, уй эгасидан ҳисоб-китоб варақасини олган ижарадаги ҳовлиқма каби сўровномага қўл узатдим.

Биринчи савол: одамзод фақат иккита қўл, иккита оёқ, бир жуфт кўз ва қулоққа эга эканини Сиз адолатли ҳол, деб ҳисоблайсизми?

Хаёлпараст, мулоҳазакор эканимнинг самарасини биринчи бор татиб кўриш насиб этадиган бўлди! Ўйлаб ҳам ўтирмай шундай деб ёздим: “Менинг ишчанлигимни қондириш учун, ҳатто тўртта қўл, тўртта оёқ ва тўртта қулоқ ҳам кифоя қилмаган бўларди! Афсуски, одамзод ночору нотавон яратилган!”

Иккинчи савол: бир вақтнинг ўзида Сиз нечта телефонга хизмат кўрсата оласиз?

Оддий тенгламани ечиш сингари бу савол жавоби ҳам осон эди: “Агар рўпарамда еттита телефон бўлса, — деб ёздим мен, — ўзимни қўйгани жой топа олмай қоламан, ёнимда тўққизта телефон бўлсагина рисоладагидай ғайрат билан ишлайман”.

Учинчи савол: бўш вақтингизда Сиз нима билан шуғулланасиз?

Сўнгги саволга жавоб қуйидагича бўлди: “Бўш вақт” нима экани аллақачон ёдимдан кўтарилган. Ўн беш ёшга тўлганимда бу иборани ўз луғат бойлигимдан тамоман ўчириб ташлаганман, зотан, алломалар: “Меҳнатнинг таги – роҳат”, деб билиб айтишган.

Ишга олишди. Мендай серғайрат одам учун тўққизта телефон ҳам камлик қиларди. Гўшакни қўлга олиб қичқирардим: “Дарҳол киришинглар! Бўла қолинглар, деяпман!” ёки: “Бирон чорасини топинглар!”, “Нимадир қилинглар ахир!”, “Албатта, нимадир қилиш керак!”, “Албатта, нимадир қиламиз!”, “Аллақачон уддалаб қўйганмиз!”, “Ҳақиқатдан ҳам нимадир қилиш керак!”. Лекин аксарият ҳолатларда корхонадаги умумий муҳитга кўра, буйруқ оҳангида ҳайқирардим.

 Корхонада тушлик танаффус мароқли ўтарди, ишчи-хизматчилар сассиз ҳамжиҳатлик оғушида дармон-дорилар билан бой тўйимли егуликларни иштаҳа билан тановул қилардик. Вунзиделнинг фабрикаси қиёмат издиҳомидан қолишмас, ишчи-хизматчиларнинг ҳар бири барча буюк зотлар сингари ўз ўтмиши ҳақида тўлиб-тошиб жон деб ҳикоя қилишни истарди. Уларнинг умр йўллари ҳаётнинг ўзидан ҳам муҳимроқ аҳамиятга эга эди-да. Бир оғиз шама қилсангиз бас, кўнглидаги барча гапларни оқизмай-томизмай гапириб берар, буларнинг барчаси ҳақиқат деб, камига қасам ичишдан ҳам тоймасди.

Брошек деган ғайриоддий зот Вунзиделнинг ўринбосари вазифасини бажарарди. У талабалик кезларидаёқ етти бола билан шол бўлиб қолган онасини таъминлашдек вазифани уддалаб, ном чиқарганди. Бунинг учун тун бўйи ишлар, тўртта савдо фирмасининг вакили вазифасини қойиллатиб адо этар, шунга қарамасдан икки йил мобайнида иккита давлат имтиҳонини ҳам “аъло” баҳоларга топшира олганди. Репортёрлар бир галда ундан: “Наҳотки тунда ҳам ухламасангиз?” – деб сўрашганда, Брошек: “Уйқу – гуноҳи азим!” – деб жавоб берган.

Вунзиделнинг котибаси эса Брошекдан ҳам ошиб тушарди. Котибалик қилиш билан бир пайт­нинг ўзида қўли тўқишдан бўшамас, шунинг эвазига тўрт бола билан тўшакка михланиб қолган эрини таъминлар, айни пайтда руҳшунос ва тарихчи илмий унвонига эга бўлиб, камига зотдор кучуклар боқар ҳамда тунги қаҳвахонада “Bamn 7” номи билан машҳур хонанда ҳам эди.

Вунзиделнинг ўзи эса эрталаб ўрнидан туриб улгурмасдан нимадир қилишга ошиқадиган ўпкасини қўлтиқлаганлар тоифасидан эди. Улар, ҳатто тунги пижамасининг боғичини шошилиб боғлаш асносида ҳам: “Мен ғайрат қилишим керак!” – дея пишиллайди. Ҳаттоки яноқларини қиртишлаётганда ҳам устара тиғида омонат турган, бир лаҳзадан кейин дастшўяк ичига шўнғийдиган соқолининг тукларига ғолибона назар сол­ганча: “Мен ҳаракат қилишим даркор!” – деб ўйлайди. Бешаф­қат қириб ташланган соқол туклари уларнинг тийиқсиз ишчанликларининг дастлабки қурбони бўлади. Нимасини айтасиз, кичик ва катта зарурият ҳам бундай кимсаларга ҳузур бахш этади – оқ чинни ўтирғичдаги сув шовуллайди, ҳожатхона қоғози майин шитирлайди... нимадир рўй бераётир-да! Нон иштаҳа билан чайналади, нонушта учун қайнатилган тухум пўчоқлари пачоқланади...

Ҳар қандай майда-чуйда ҳам Вунзиделнинг наздида буюк аъмол тусини оларди: шляпа киядими, ғайрати танига сиғмай пальтосининг тугмасини қадайдими, ишга отланишдан олдин хотинининг юзидан бўса оладими – ҳамма-ҳаммаси буюк фаолият! Тенги йўқ ғалаба!

Вунзидель ишга келибоқ котибаси билан саломлашиш ўрнига: “Нимадир содир бўлиши керак!” – деб қичқирар, котиба ҳам ўз нав­батида ғайрати ичига сиғмай: “Албатта, содир бўлади!” – дея азбаройи ҳаяжон билан акс садо берарди. Вунзидель шундан кейин бўлимларга бирма-бир бош суқиб чиқар, ҳамма жойда унинг: “Нимадир содир бўлиши керак!” – деган хитоби янграр, ҳамма ходимлар ўрнатилган тартибга риоя қилган ҳолда бор овози билан бараварига: “Албатта нимадир содир бўлади!” – дея мардонавор жавоб беришарди. Хўжайин хонамга кириб келганда мен ҳам ўрнимдан сапчиб турганча, қувончим ичимга сиғмасдан: “Албатта, нимадир содир бўлади!” – деб жавоб қайтарардим.

Мен иш бошлаган илк ҳафтадаёқ ўзим хизмат кўрсатадиган телефонлар сонини ўн иккитага етказдим, кейинги ҳафтада телефонлар ўн учта бўлди. Эрталаб трамвайда ишга борарканман, “содир бўлади” феълини буйруқ оҳангида ёки барча замонлар ва феъл боғланишларида, шартли ва аниқлик майлларида хилма-хил тарзда туслашу ифода қилишдан ҳузур топардим. Жумладан, бир сафар менга жуда-жуда ёқиб тушган биттагина иборани, яъни “Нимадир бўлиши керак эди-ку ахир!” – дея телефон гўшагига қаторасига икки кун қичқирдим. Кейинги икки кун мобайнида эса: “Ҳеч нарса содир бўлмаслиги керак эди-ку!” – деган хитобим янгради.

Шу асно ишга шўнғиб кетдим, бироқ кутилмаганда ҳақиқатдан ҳам нимадир содир бўлди. Сешанба эрталаб ишхонадаги оромкурсига жойлашиб улгурмасимдан жаноб Вунзидель хонамга бостириб кирди-да, одатдагидек: “Нимадир содир бўлиши керак!” – дея ҳай­қирди. Лекин унинг қиёфасидаги ғалати ифодани кўрганим ҳамоно тилим калимага келмай қолди. Мендан ҳадеганда садо чиқмаганидан ғазабланган Вунзидель жаноблари камдан-кам ҳолатларда ходимларга бақиришига қарамасдан, ўшқира кетди: “Жавоб беринг! Белгиланган тартибда дар­ҳол жавоб беринг!” “Мен – ярамас болакайман!” – дея тан олишга мажбур қилинган норасида боладай истамай астагина: “Албатта, содир бўлади”, деб шивирладим... Шундай дейишимни биламан, кўз ўнгимда ростдан ҳам кутилмаган воқеа рўй берди: Вунзидель юзтубан қулади, ёнбошига ўгирилди ва остона олдида кўндаланг тушганча тарашадай қотиб қолди. Столни айланиб ўтиб, яқинлашмасдан олдиноқ унинг жон таслим қилганини пайқадим.

Афсус билан бошимни сарак-сарак қилганча, узала тушиб ётган жасад устидан ҳатлаб, кенг бўлмадан ўтиб, эшигини тақиллатиб ҳам ўтирмай, Брошекнинг ҳузурига кирдим. Брошек ёзув столига энгашганча ўтирарди. Иккала қўлида иккита телефон гўшаги, оғзида эса шарикли ручка, у билан дафтарчага нималарнидир қайд қиларди, айни пайтда яланг оёқларининг бармоқлари билан стол остидаги тўқув машинасини ишлатарди – Брошек шу тариқа оиласининг кийим-кечаклари мўл бўлишига ўз ҳиссасини қўшарди.

– Бугун кутилмаган воқеа содир бўлди! – сирли тарзда шивирладим мен.

Брошекнинг оғзидан шарикли ручка тушиб кетди, телефон гўшакларини жойига қўйди, тўқув машинасининг педалидан оёқларини олди.

– Яна нима бало содир бўлди? – сўради у.

– Жаноб Вунзидель жон таслим қилди, – дедим мен.

– Бўлиши мумкин эмас, – ишонмади Брошек.

– Ростдан ҳам ўлди, – эътироз билдирдим мен. – Юринг, ўз кўзингиз билан кўрасиз.

– Йўғ-э. Наҳотки?! – деди Брошек, лекин шунга қарамасдан уйда киядиган бошмоғини кийди ва кетимдан эргашди.

– Йўқ! – қичқириб юборди Брошек марҳумнинг жасадига кўзи тушгани ҳамоно. – Йўқ! Йўқ! Йўқ!..

Унга қандай таскин беришни билмасдим, энгашиб Вунзиделни чалқанча ётқиздим ва кўзларини ёпдим-да, марҳумга ўйчан тикилиб қолдим.

Айни шу кезда унга нисбатан биринчи марта меҳрим товланиб кетди, ниҳоят ростини айтганда, унга ҳеч қачон нафрат билан қарамаганим кўнглимдан кечди. Унинг қиёфаси шундай тусга эга эдики, одатда ўртоқларининг важ-карсонлари қанчалар асосли бўлмасин, Қорбобо борлигига оид ишончидан воз кечишни сира истамаётган боланинг юзида шундай ифода бўлади.

– Йўқ! – дея қатъий бақирарди Брошек. – Йўқ!

– Ниҳоят, мана энди нимадир содир бўлади, – дедим секингина унга.

– Ҳа, – дея фикримга қўшилди у ҳам, – энди ҳақиқатдан ҳам нимадир бўлиши керак.

Ҳақиқатдан ҳам антиқа воқеа рўй берди. Вунзиделни дафн қилиш чоғида менга унинг тобути ортидан сунъий атиргуллар гулчамбарини кўтариб бориш топширилди, чунки камина нафақат мулоҳаза­гўйлик ва бекорчиликка мойилман, шунингдек қора костюм-шим қуйиб қўйгандек, ярашадиган қадди-қомату қиёфага ҳам эгаман. Сунъий атиргуллар гулчамбарини, афтидан, ўзгача виқор билан кўтариб бордим. Зотан, кўп ўтмасдан қандайдир жуда ҳам обрўли дафн идорасидан дафн маросимларида малакали ходим сифатида иштирок этишга оид таклиф олдим. “Сиз айни шу касб учун туғилгансиз, – деди менга идора бошлиғи. – Зарур кийим-кечак ташвишини қилманг, ҳаммаси бизнинг ҳисобимиздан. Сизнинг қиёфангиз – биз учун айни муддао!”

Мен Брошекка ишдан бўшаш ҳақида ариза бердим. Бу корхонада, ҳатто ўн учта телефон билан ишлаш ҳам мени қониқтирмаётганини, қобилиятларимнинг талай қисми беҳуда совурилаётганини баҳона қилиб кўрсатдим. Дастлабки дафн маросимида мутахассис сифатида иштирок этганимдан кейиноқ қатъий ишонч ҳосил қилдим: мана менинг пешонамга битилган ҳунар, мана, айнан мен учун аталган лавозим!

Мотам оркестри Генделнинг юракни эзиб юборадиган маъюс “Ларго” мусиқасини ижро этар экан, одми гулдастани маҳкам ушлаганча тобут ортида чуқур ўйга толиб туравераман. Қабристон ёнидаги қаҳвахона – доимий қўнимгоҳим. Хизмат вазифамни бажариш орасидаги танаффусларни айни шу ерда ўтказаман. Лекин баъзида кузатишим шарт бўлмаган тобутлар ортидан ҳам эргашаман. Бундай пайтларда ўзимнинг ҳисобимдан бир сиқим гулларни харид қилиб, бирон-бир дайдининг тобутини ўз касбий вазифасига кўра ёлғиз кузатиб бораётган маҳкама хизматчиси билан бирга оҳиста қадам ташлай бошлайман.

Вунзиделнинг қабрини ўқтин-ўқтин зиёрат қиламан – ахир манглайимга битилган касбга айнан унинг шарофати билан эга бўлдим, бунда хаёлпарастлик, яъни жиддий ўйчанлик зарурий хислат, бекорчилик эса хизмат бурчи саналади.

Вунзиделнинг фабрикасида айнан нима ишлаб чиқарилиши билан қизиқмаганим бир куни ниҳоят эсимга тушиб қолди... Янглишмасам, совун ишлаб чиқариларди.

 

Рус тилидан  Мирпўлат Мирзо ва Абдуҳамид Пардаев таржимаси.