“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ДАШТДАГИ ОЛОВ Ҳикоя

Ҳабиб Абдуназар

Дашт. Ҳар ер-ҳар ерда пастқамгина лойсувоқ уйлар. Узоқларда фақат қўй-қўзилару уюр-уюр отлар кўзга ташланади. Гоҳ-гоҳида оқбош ва янтоқни эринибгина чайнаётган туяларнинг ўкириги эшитилади.

– Тезроқ юр, – дейди онам, у ёқ-бу ёққа олазарак бўлаётганимни кўриб. – Бу туришда кеч қоламиз. Қара, қуёш ҳам қизарди.

Онам ҳар йили ёзги таътилда бизни момомникига олиб борарди. Момом тепалик ортида турарди. Бу ерлар Бойтерак деб аталса ҳам, сувга яқин йўл четидаги яккам-дуккам теракларни айтмаса, умуман терак йўқ ҳисоби эди. Балки бу ерларни сувсиз саҳрода ўсган мана шу қаҳрамон тераклар шарафига “Бойтерак” деб номлашгандир.

Яланглик бағридаги тепалик ортида миттигина пахсали лойсувоқ уй кўринади. Онам мени яна тезроқ юришга ундайди.

– Ана, момонгнинг уйига ҳам етиб келдик, – дейди онам уйга ишора қилиб. Қора шимим тиззагача тупроқ бўлади. Уни қоққанча, лойсувоқ уй томон югураман. Онам ортимда қичқириб қолади:

– Эҳтиёт бўл, ҳой, итлар бор!

Пастқамгина кулба. Шифтига қўл чўзса етгулик. Ёнида супа. Девор пастидан кичкина панжарали дарчалар қўйилган. Тагига кигиздан гилам тўшалган. Айниқса, кўкламда бу уйча ям-яшил ўтлоқдан озроқ жой тупроғи билан кесиб олинган-у, том устига қўйиб қўйилгандек кўринади. Худди онамнинг сумалак учун устига майса ундирган хонтахтасидек. Тепаликдан қарасам, бу уй мен лойдан қуриб ўйнайдиган уйчаларга ўхшарди. Гўё момом бу уйни фақат ўзи учун қурган.

Момом бизни кўриб, ҳассасини қидира бошлайди. Мен чопқиллаб бориб, ўрнидан туришга ҳам улгурмасидан бўйнидан қучаман. Итлар сергак тортиб, мен томонга юра бошлайди. Сўнг улар менинг бу хонадонга яқин одам эканлигимни билгач, ҳафсаласи пир бўлиб ортига қайтади. Бу орада онам ҳам етиб келиб, супа устида ўтирган момом томонга энгашади:

– Ассалому алайкум, онажон! Яхши юрибсизми?

Улар узоқ сўрашишади.

– Жиянларинг даштга қўйларни ўрмалатиб келгани кетган эди, ўзинг чой қўйиб юборарсан, – дейди момом онамга чойўчоққа ишора қилиб. Мен тезда тошқудуқдан сув тортаман. Онам бўлса чойўчоққа ўтин қалаб чой қўяди.

Момом бежиримгина попукли носқовоғини олиб, тил остига бир чимдим ташлайди-ю, дашт воқеалари ҳақида сўзлай бошлайди.

Момом, одатда, сигирларини набираларига атаб, “Шобердининг сигири, Қулмуроднинг сигири”, деб гапирарди.

– Шобердининг моли сира кўпаймайди, ё касал бўлади, ё ўлади, – дейди момом ариқ четидаги ўтларни ҳафсаласизлик билан битта-битта териб еяётган, суяклари бўртиб қолган озғин олақашқани кўрсатиб. – Қулмуроднинг сигири бу йил туғса, бешта бўлади. У отангга ўхшади. Кеча кўпкаридан бир улоқ, бир гилам олиб келди. ўойвота отанг ҳам сара отлар минарди-да. У майдонга кирса, чавандозлар: “Бу Убайдулло майдонга тушдими, ундан улоқ олиб бўлмайди”, деркан.

– Шоберди келиб турибдими? Ўзи тинчми? – дейди онам, ниманидир олдиндан эшитган-у, хавотир олгандек бўлиб.

– Уми? Ундан одам чиқмайди. Қадимда биров “Кўзанинг “қул-қули”дан қўрқаман”, деб кечаси гўристонга бориб ўликларни тунаркан. Уни Худо деганига ҳам ишонмайман. Қирқ бир кун бўлди уйдан аразлаб чиқиб кетганига. Опанг оғзига қараб, кўп эркалатиб юборди-да. Хотин олиб берсанг, туғдиради бу қулоқсиз. Уни юзидан биров совуқ шамол ўтказган бўлмаса, – момомнинг лаблари пириллайди, кўрпача остини сирпалаб, носқовоғини излайди.

– Момо, нега нос чекасиз? – деб сўрайман, қизиқишим устун келганидан момомнинг гапини бўлиб. – Сизга буни Аҳмаднинг момоси ўргатганми? У ҳам нос чекар экан. Момолар ҳам нос чекадими?

– Эй болам, – дейди момом чуқур хўрсиниб, – момонг не кунларни кўрмади, дейсан. Нос чекишни момонгга Аҳмаднинг момоси эмас, уруш ўргатган, болам. Уруш...

“Уруш ўргатган” деган сўзларини эшитиб, Уруш ким бўлди экан деган хаёлга бораман-у, бу ҳақда момомдан сўрамоқчи бўламан. Аммо онамнинг авзойига қараб, фикримдан қайтаман.

Онамнинг момом ҳақидаги ҳикояларини тинг­лашни ёқтирардим, минг марта эшитган бўлсам ҳам, яна сўрайверардим. Онам момом ҳақда эртак сўзлаётгандек гапирарди. Уларни эшитганим сайин момомга нисбатан меҳрим ортиб бораверарди.

Онамнинг айтишича, момом ёлғиз қиз бўлган экан. Уни жуда ёшлигида қишлоқнинг энг обрўли кишиларидан бирига узатишибди. Аммо турмуши узоққа бормай, нимадир бўлибди-ю, эри ўлиб қолибди. Кейин эса қишлоқда от жаллоб, чавандоз, мерган сифатида донг таратган бир йигит момомга талабгор бўлиб чиқиб, никоҳига олибди. Ўша чавандоз менинг бобом экан. Улар тўрт ўғил, икки қиз кўришибди, менинг онам энг кенжаси экан. Тоғаларимнинг ҳаммаси, ҳатто балоғат ёшига етиб-етмаган Ҳасан-Ҳусанлари ҳам урушга кетибди. Лекин шулардан фақат бир нафари урушдан қайтибди. Момом Ҳасан-Ҳусанларини кўп эсларкан. “Улар ёш эди, ҳали милтиқ ушлашни ҳам билмасди...” – деб ўксиниб-ўксиниб йиғларкан. Урушдан омон қайтган тоғам қишлоқда электрчилик қилиб юрганида тасодифан ток уриб, бевақт оламдан кўз юмибди. Шундан сўнг момомнинг юраги бу чексиз мусибатлардан адои тамом бўлса-да, буни бировга билдирмай хонадони фарзандлари, марҳум тоғаларим руҳини шод этиш учун ўчоқ бошида пилик ёқиб ўтирар экан.

Яна онамнинг айтишича, Худо ўлимни аввал тоғларга берган экан. Тоғлар бунга чидаш беролмай ўрнидан силжиб, минг бир бўлакларга бўлиниб кетган экан. Сўнг уни жониворларга инъом этибди. Улар ҳам бу куйгиликка чидай олмай, бўкириб-ўкириб оламни бузган экан. Кейин уни Худо бандасига тортиқ этибди. Қараса, бир ёқда катта қозонларда ош пишган, бир томонда дапи-доира, ўйин-кулги бўлиб ётган экан. Шунда Худо бу ўлимни ҳар нарсага бардошли ва сабрли бўлган бандасида қолдирибди. Одамлар биров узоқ яшаб оламдан ўтса: “Бизга ҳам шундай ёш насиб этсин”, – деб ният қилишаркан. Чунки ўлим ҳақ экан. Аммо тоғлар, жониворлар кўтаролмайдиган дардни кўтараркан одам. Кўнаркан, кўникаркан одам. Фақат ёш кетганга ёмон ачинаркан, фарёд ураркан. Момом ҳам тоғаларим фироғида тунлари нола қилиб, тоғлардек силкиниб-силкиниб, оҳулардек кўз ёш тўкиб йиғларкан.

“Эркакдек момо”, – дерди одамлар. Чунки момомнинг бошқа аёллардек давраларда кўз ёш билан дардини тўкканини ҳеч ким кўрмаган. Аммо момом тунлари гулхан билан сирлашиб, бор дардини унга сочарди. Гулхан гуруллаб ёнар, осмондаги ғуж-ғуж юлдузлар гулхан тилларида бирин-кетин сўна бошларди. Бобомдан қолган попукли носқовоғини тиззасига уриб-уриб нос чекарди момом. Сўнг гўяндалардек гулхан атрофида айланиб, йиғи бошларди. Бу йиғи мунгли бир қўшиққа айланарди: “Во Ҳасан, во Ҳусан!..”

Момом чойўчоқдаги қумғонни олиб келиб чой дамлаётган онамга разм солади. Онам ғамгин, кўзларида билинар-билинмас ёш йилтирайди.

– Ишқилиб, уйинг тинчми? – сўрайди момом.

– Аллоҳга шукур, тинч. Шунчаки, мазам йўқ. Дўхтирлик ҳам қилиб кўрдим. Эскичадан дейишадими-ей, – дейди онам, шолча устига тушган нон увоқларини қўллари билан тераркан.

– Унда сени бир боқин-қоқин қиламан, зора Аллоҳ шифо берса.

Момомни қишлоқ одамлари бахши момо деб чақирарди. Доира чалиб, бир тўда момолар билан бемор атрофида айланиб рақс тушганини кўп бор кўрганман. Кимнидир момом боқин қилса, биз дераза ва эшик тирқишларидан мўралаб томоша қилардик. Момом доирасига оқ сурпдан халта тикиб, уни деворга илиб қўярди. Гўё у биз учун Ҳошимбойнинг сеҳрли қалпоғи – ҳар ишга қодир мўъжиза эди. Момомнинг кўзини шамғалат қилиб, қўлимизга олиб чертиб ҳам кўрардик, буни сезиб қолган онам: “Тегманглар, оғзиларинг қийшайиб қолади”, – деб дакки берарди.

Момом боқин-қоқинга тайёргарлик кўра бошлади. Қамиш чўпларини йиғиб, унга пахта ўраб пиликчўп ясади. Сўнг уларни пахта мойга ботириб бир коса унга суқиб чиқди. Узун бир таёқни олиб, унинг учига эски латталарни ўраб-чирмади. Тун. “Сен уйга кир”, – дейди момом. Мен одатдагидек панжарали дарчадан мўралайман. Чунки девор пастига қўйилган дарча – ётиб олиб томоша қилиш учун жуда қулай жой. Ҳовли ўртасида онам бошига чопон ташлаб ўтирибди. Момом қўлидаги узун оловли таёқни онамнинг бошидан тинимсиз айлантиради. Олов парча-парча бўлиб атрофга отилади. Худди олов биз эртакда ўқиган оловли қушлар – қақнус каби дарча панжарасига урилгандек бўлади. Кейин бу қушлар парвози ҳам тиниб, ҳавода қолган куйик латталарнинг ёқимсиз ҳиди дарча тирқишидан уйга киради.

“Туш пастга, ёнимга кел!” – дейди момом ким биландир гаплашгандек, супа ёнида тарвақайлаб ўсган эски тут шохига қараб. Дарахт шохларига синчиклаб қарайман, ҳеч ким йўқ, баданим жимирлаб, қалбимни қўрқув босади. Ўрнимдан турмоқчи бўламан-у, оёқ-қўлларим боғлаб қўйилгандек жойимдан қимирлолмайман. Кимдир тут дарахтидан тушиб келаётгандек шохлар қисирлайди, оёқ товушлари эшитилади, қилт этган шамол йўқ бийдай даштда бирдан шамол туради. Момом ёнида кимдир ўтиргандек у билан яна нималарнидир тез-тез гаплашиб, қўлидаги оловли таёқни онамнинг бошидан тўхтовсиз айлантиради. Момақалдироқдек осмон гумбурлаб, ёмғир эмас, бир парча зангори шуъла момомнинг оёқлари остига тушиб, улар турган кафтдекгина жойни ёритади. Кейин бу шуъла кенгайиб, ҳовлини, дашту осмонни қамраб, бир бутун улкан ёруғликка айланади. Қулоғимга арава қўшилган отнинг туёқ товушлари эшитилади. Қўрқувим яна ошади, бошимни кўрпага буркаб, кўзларимни қаттиқ юмаман, ўзим ҳам гўё ўша ёруғлик ичида-ю, дашт бўйлаб учиб юргандекман.

Бироздан сўнг қўшни хонадан момомнинг овози эшитилади: “Буёққа кел! Қарама, дегандим-ку, сенга”. “Қизиқ, – дейман ичимда, ҳайратим ошиб. – Момом мени дарчадан ўғринча мўралаганимни қаердан билди экан?” Момомнинг ёнига чўккалаб, ўчай-ўчай деб ёниб турган пиликчўпларга қарайман, улар ҳам, назаримда, момом билан гаплашаётгандек туйилади. Момом онамнинг юзларига сув сепади, қулоқларидан тортади, елкасига бир-икки уриб, дуога қўл очади ва қандайдир сеҳрли, мен тушунмайдиган сўзларни узоқ пичирлайди.

Мен ҳам кафтларимни очиб, уларнинг ўзим англамаган истакларига қўшиламан...

– Одам-ку хомсут эмган банда, билиб-билмай бири-бирига душманлик қилади, – дейди момом ҳорғин тортиб. – Аммо баъзан жинлар ҳам, уларни ногоҳ безовта қилсанг сен билан даккилашади, болам. Ҳатто майса, дарахт, қурт-қумурсқалар... барча-барчаси Аллоҳнинг махлуқоти. Бесабаб уларга озор бериб бўлмайди. Момом кўзларига ёш олади.

– Майса, дарахтлар ҳам гапирадими? – дейман яна уларнинг суҳбатига аралашиб.

– Албатта, гапиради болам, – дейди момом, – қалбингга қулоқ солсанг уларнинг сўзларини эшитасан. Хаёлимга бироз олдин эшитганим кекса тут дарахтининг ваҳимали ғижирлашлари, оёқ товушларию қўнғироқлар жаранги келади. “Балки улар менга ҳам нимадир демоқчи бўлган-у, мен уларни тушунмаганман” – ўйлайман ва момомнинг бироз олдинги ҳолатини анг­лагандек бўламан.

Кўзларимга уйқу инади. Уйқудан турганимда тонг ўзининг ғира-шира қизғиш нурларини дарчага қуярди. Туришга эриниб, дарчадан ҳовлига қарайман: супа, тут дарахти, момом тонг шабадасида эски тут дарахтидек тебраниб, тасбеҳ ўгиради. Чўпон қўрадаги қўйларни “ҳай-ҳайлаб” даштга ҳайдайди. Майсалар чумолидек девор юзларига ўрмалаб, панжарали дарчагача чиқиб келади, гўё бутун дашт тошиб, мана шу кичкина кулбага киришга уринаётгандек.

– Болам, анча енгил тортдингми? – сўрайди момом елиб-югуриб иш қилаётган онамга қараб.

– Ҳа она, бугун анча яхши ухладим, оғир тушлар ҳам кўрмадим, – дейди онам мамнун қиёфада.

– Аллоҳ марҳаматли, буюк, болам. Ўзидан чин дилдан сўрасанг тилакларингни, албатта, ижобат этади. Эскиларнинг айтишича, Аллоҳ бандаларини она ўз фарзандларини суйганчалик суяркан.

Биз момомникида анча кун бўлдик. Онам кетар олди ҳовли ва уйларни супуриб-сидирди. Момомнинг кир кийимларини ювди, нон ёпиб, нонкўрпага ўради. Момом эса битта кулча олиб: “Пода қайтар маҳал – инс-жинслар қўзиган пайт, нон йўлдошинг бўлади, болам”, – деб қўйнимга солди-да, пешонамдан ўпиб қўйди. Сўнг момом билан хайр-хўшлашдик.

– Тезроқ юр, – дейди онам, у ёқ-бу ёққа олазарак бўлаётганимни кўриб. – Бу юришда кеч қоламиз. Қара, қуёш ҳам ботай деб қолди.

Тупроқ йўлдан тез-тез одимлар эканман, орт­га қайрилиб, момомнинг пастқамгина лойсувоқ уйига кўз ташлайман. Момомнинг мўъжазгина кулбаси ботаётган қуёш шуъласида кимсасиз дашт қўйнида ёниб турган бир парча оловга ўхшарди.

 

 2016 йил, 18 февраль