“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ДАМ ОЛИШ КУНЛАРИ Ҳикоя

Ирвинг Шоу,

Америка ёзувчиси.

Улар Бревутни тарк этиб, Вашингтон майдони томон яёв юриб кетаётган пайтларида бешинчи кўча сахий қуёш нурлари остида чароғон ялтираб турарди. Ҳатто ноябрь келганига қарамай, ҳали кун анча илиқ, атрофда эса доимий якшанба тонги нафаси уфурар эди: равон ғувиллаганча оқаётган автобуслар оқими, пўрим кийиниб, жуфт-жуфт бўлиб қўлтиқлашган ёшлар ва бошқа одамлар, ниҳоят осуда дам олиш учун дераза туйнуги маҳкам тамбаланган бинолар — буларнинг бари бозор кунининг ёрқин лавҳалари — бутун теварак-атрофга мароқли кайфият ва ёқимли ҳузур бағишлаб турарди.

Мана шундай заррин офтоб нурлари остида шаҳар четидан ўтиб боришаркан, Майкл Френсиснинг қўлидан маҳкам ушлади. Ёшларнинг кайфи чоғ эди, юзида ним табассум жилва қиларди, негаки кеча кечқурун уйқуга бироз кеч ётганларига қарамай, тиниқиб ухлашган, яхшилаб нонушта қилишган, боз устига бугун бозор куни эди. Майкл йўл-йўлакай пальтосининг тугмаларини ечиб ташлади ва кўйлаги майин куз шамолида ҳилпираб кетишига қўйиб берди. Ҳар иккиси ҳам бир сўз демай, жим одимлар, Нью-Йорк шаҳрининг аҳолиси гавжум жойларда ҳам, ҳатто таниш ёш чеҳралар рўпара бўлган кезларда ҳам оғиз очишмасди.

— Ҳой, кўзингга қарасанг-чи, — деди Френсис тўсатдан улар саккизинчи кўчани кесиб ўтаётган маҳал, — бўйнингни синдириб олмагин тағин.

Майкл қизнинг бу гапига бирдан қаттиқ кулиб юборди, Френсиснинг ўзи  ҳам у билан қўшилиб кулди.

— Ҳусн-жамоли кўзни қамаштирадиган даражада жонон бўлганда ҳам майли эди, — деди Френсис кулиб ва давом этди, — ҳар ҳолда у, ўгирилиб қарайман, деб бўйинни синдириб олишга арзийдиган моҳпора эмас! Бунча термилмасанг унга!

Майкл тағин кулди. У бу гал олдингисидан қаттиқроқ кулди, лекин бу кулгиси унақа табиий чиқмади. Чунки унинг кўз олдида боягина кўргани — куз кунларида ҳам енгил ёзги кўйлагини ҳилпиратганча ўтиб кетган соддагина ҳуркак қиз пайдо бўлганди.

— Қўйсанг-чи, бундай бемаъни гапларни! Қолаверса, ўша қиз унақа бадбашара эмасди. Ойдеккина экан. Оддий бир қишлоқи ойимқиз-да, нима қипти шунга? Хўш, унга қараётганимни қаердан билдинг?

Френсис жавоб бериш ўрнига бошини бир ёнга силкиди-да, четлари ажабтовур тарзда безатилган шляпаси остидан эрига ёвқараш қилди:

— Майк, азизим...

Майкл худди кичкина болакайга жўрттага енгилиб берган катта одам каби юпатувчи оҳангда кулди.

— Майли, майли, жуда соз, — деди у хотинининг кўнглини оғритадиган биронта гап айтишдан чўчиб. — Изоҳга ўрин йўқ. Мени кечир. У шунчаки бир қиз эди, холос. У сен Нью-Йоркдай азим шаҳарда кўриб юрадиган доимий олий тоифа чеҳралардан эмасди. Кечир мени.

Френсис эрининг қўлига енгилгина уриб қўйди-да, уни қўлидан тортқилаганча Вашингтон майдони тарафга судраб кетди.

— Бугун ажойиб тонг, — дея хитоб қилди у бироздан сўнг, — қара, бу энг ажойиб тонг! Биласанми, сен билан эрталабки нонуштани биргаликда қилсам, бутун кун давомида маза қилиб юраман.

— Бу сенга тетиклантирувчи энг зўр восита экан-ку, а? — шўх овозда ҳазиллашди Майкл хотинига юзланиб. — Тонгги пардоз ҳам. Майк билан ширинликлар ҳамда қайноқ қаҳва сенинг кунларингни хуш ўтказиш учун энг зўр восита! Қойил!

— Аёл киши учун бу энг катта бахт-ку ахир. Туни билан сен уйқуга кетдинг, мен эса сени йўқотиб қўймаслигим учун арқондек эшилиб чор-атрофингни ўраб ётдим.

— Ҳа-а, осуда шанба оқшоми, — деди чўзиб Майкл ўтган тунни эслашга уринган қиёфада, — майли, бунақа тизгинларингга изн бераман. Фақат ўзинг қийналиб қолмасанг бўлди.

— Менга қийин бўлгани — сен кундан-кунга айиқдек семириб кетяпсан. Ахир бу кетишингда сенинг атрофингни қўриқлаш осон бўлмайди  менга.

— Наҳотки? Рост айтяпсанми? Нима, сен бир вақтлар Оҳиодан келган кўркам йигитни эсингдан чиқардингми?

— Нега энди? Эсимда турибди, — деди Френсис бошини мағрур кўтарганча ҳазил аралаш, — фақат менга худди ўша эр маъқул келганди-да!

— Ва менга ҳам! Худди ўша хотин маъқул эди, — жавоб қилди Майкл ҳам бўш келмасдан.

— Калламга бир фикр келиб қолди, Майк, — деди бирдан Френсис жонланиб.

— Хотинимда фикр уйғонди. Ўша кўрган қизим ҳақида эмасми тағин?

— Кел, — деди Френсис эрининг гапларига эътибор бермасдан, ўзининг қизғин фикрини ўзи бажонидил қувватлаган ҳолда, — кел, Майк, бугун биз кун бўйи ҳеч кимни кўрмаймиз, кўзларимиз фақат бир-биримизда бўлади! Фақат сену мен. Ҳеч ким билан ишимиз бўлмайди, атрофга зиғирча парво қилмаймиз, бошқалар нима қиляпти, нима деяпти, кўрмаймиз, эшитмаймиз, фақат иккимизгина яшаймиз бугун. Нима дейсан, сен гапларимга тушундинг-а, Майк?

— О-ҳоо! — деди Майкл хотинининг янги гапидан беҳад ажабланиб. — Олий ғоялар ҳукмдори! Наҳот атрофдаги одамлар биз учун ҳеч ким бўлмаса? Наҳот биз таниган ва билган ёхуд ёқтирган одамларимизни индамай бефарқ қолдириб кетаверсак?

— Унақамас, ақлли бўлсанг-чи, Майк! — деди Френсис астойдил ранжиб. — Мен жиддий айтяпман ахир.

— Яхши, менам жиддий эшитяпман.

— Мен ўз жуфти ҳалолим билан кун узоғи сайру саёҳат қилмоқчиман. Мен уни танҳо менгагина гап қотишини ва шунингдек, ёлғиз менигина тинглашини истайман! Ахир бунинг нимаси ёмон? Сен мени зиғирча ҳам тушунмаяпсан, ўзингни ўйлайсан доим...

— Хўп, бизни бундан нима тўхтатяпти? — деди Майкл хотинининг ёш боладек хафа бўлганидан энсаси қотиб. — Ким мени бозор кунлари ўз хотинимга қарашимга монелик қилади? Гапир-чи, ким?

— Жин урсин, ўша Стивенсонларингни! — деб юборди Френсис қизишиб, — улар бизни нақ ярим тунгача ухлатишмади, устига-устак бутун қишлоқ қизларини базмга йиғиб келишибди.

— Ҳа, ярамас Стивенсонлар, — деди Майкл бирдан маъюс тортиб, — яшашни билар экан, ярамаслар! Бемалол ҳуштак ҳам чалиб, овозни баралла қўйиб кулишаркан. Биров айб қилмасин, аранг нафас олишмаскан. Озод ва эркин Стивенсонлар! Лекин биз бошқача одамлармиз, биз олий давра кишиларимиз. Мен ва хотиним улкан Нью-Йоркда киборлардек яшаб, то кўнглимиз айнигунигача фақат бир-биримиздан кўз узмай, бутун умримизни айнан шу тарзда ўтказишимиз керак.

— Нима, бу ҳаёт эмасми? — сўради Френсис эрининг юзига ҳайрат билан тикиларкан.

— Ҳаёт, — деди Майкл хотинига қарамасдан.

Шунда Френсис бўйнини чўзди-да, Майклнинг қулоғи учидан оҳиста ўпиб қўйди.

— Ҳаётим, — деди Майкл мийиғида аччиқ кулимсираганча, — ахир биз яна бешинчи кўчага бориб қолибмиз-ку!

— Оҳ! Шошма, шошмай тур, — деди Френсис ҳовлиққан кўйи, — мана, ҳозир мен қайтадан янги режа тузиб чиқаяпман. Икки ёш учун Нью-Йоркда ташкил этилган бозор кунлари! Энг муҳими, уларнинг бемалол яйраши учун пули ҳам кўп! Қалай, Майк?

Майкл бу гал кулмади, у энди анчагина жиддий тортиб қолганди. Йигит аёлга бироз жим тикилиб турди-да, кейин қатъият билан жавоб берди:

— Йўқ, пулсиз ҳам муҳаббат бўлади.

 

Инглиз тилидан БИБИХОНИМ таржимаси