“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БОЗОРДА Ҳикоя

Иван  БУНИН,

Рус адиби, Нобель мукофоти совриндори

 

 

— Сизга хўжалик буюмларидан бирор нарса керакми?

Бозордаги энг сара моллару соат дўконлари, дорихона, темир буюмлару идиш-товоқлар, бўёғу гуруч, чой, қаҳва сотиладиган расталарда одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса бор. Бозор қаршисидаги дарвоза олдида супурги, тобут, белкурагу хаскашлар ҳамда ялтиллаб турган янги ғилдираклар чиқариб қўйилган омборхоналар жойлашган.

Саратон, бегим кунлари, жазирама авжига олган. Бозор бўм-бўш. Бор-йўғи битта тасодифий харидор — шаҳарлик киши ибодатхонадан ўқдек  отилиб чиқди. Унинг шошилинч иш билан бозорга киргани юз-кўзидан сезиларди. У энг катта омборхонанинг дарвозаси олдида тўхтади. Оёқлари эшакникига ўхшаш майда бўлган байтали устига жиловни ташлади-ю, сомон ортилган чанг аравадан сакраб тушди, офтобда қизиган бош кийимини орқага суриб, бир муддат серрайиб туриб қолди.

— Хўш, хизмат ака, хўжалик буюмларидан бирор нима керакми, мана, масалан, тобут?

— Тобут...

— Танлов катта. Сизга одмигинаси керакми ёки дабдабалиси?

Харидор янгилиги билан кўзни ўйнатувчи белкурагу супургилардан  кўз узиб, керакли буюмга нигоҳ ташлади: бу арзон бўёқ сурилган, дағал, қопқоғида хочи оқариб турган ва қопқоқ нишабида митти парракли каллаги бор тобут эди.

— Ҳар ҳолда бунисидан яхшироқ...

— Кимга? Чақалоқ эмасми ишқилиб? Навжувон болагами ё навниҳол қизга? Қари кампиргами ёки чолга?

— Ёш бола учун азизим, сенга дардисар бўлмасдим. Гўдак учун  аллақандай  арзимас матоҳни ўзим ҳам йўниб олардим. Бутун бошли ғаллани далада ташлаб келиб ўтирибман-а...

— Бундан чиқди, отангиз ё онангизга экан-да?

—  Онам учун...

— Волидангизнинг бўйи тахминан қанча эди? Жуссаси йирик эмасмиди?

Харидор тобутларга кўз югуртириб, кафтининг қирраси билан ўз елкасини қаричлади.

— Мана, бунисини бир кўринг-да. Бундан ўтадиганини тополмайсиз.

Сотувчи тезда бинафшаранг тобут бошига қўлини қўйди ва чаққон ҳаракат билан уни бошқаларидан ажратиб, йўлакка, харидорнинг олдига қўйди.

— Буниси бироз кичиклик қиладими, дейман... Очиғи, у кейинги пайтларда анча озиб кетганди...

— Албатта, тобутларнинг энг сарасидан эмас-у, бироқ майитни созгина жойлаштириш мумкин.

— Мустаҳкамми?

— Кафолат бераман.  Хавотирланманг, қиёматга қадар етади.

— Қани, қопқоғини очсинлар-чи...

Сотувчи қопқоқни олди. Харидор эгилиб, диққат билан синчиклади.  Ичкариси бўялмаган, тилларанг тахтаси ғадир-будур, яхши ва қуруқ ҳид келарди. Айрим жойларига сариқ елим томчиси томган.  Тобутнинг туби қинғир-қийшиқ, бир-бирига ёмон ўрнатилган тахтадан иборат эди. Асосийси, у кўзсиз тахта эмасди. Буни кўрган харидорнинг қувончи ичига сиғмай кетди. Буюмни ерга уриб, янада арзонроқ харид қилиш имкони туғилганидан жонланди:

— Йўқ, оғайни, бу тобутинг қиёматгача чидамайди, қара, нуқсони бор экан! ўоят яроқсиз, азизим! Агар бешдан тушиб берсанг, оламан. Фақат шунда ҳам онамнинг ҳақи-ҳурмати!

 

Рус тилидан Холниса РАҲМОНҚУЛОВА таржимаси