“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ПУШКИН ҲАҚИДА ЭТЮДЛАР

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

Давлат мукофоти лауреати
 

Болдинодан Москвага қайтгач, Пушкиннинг ўзи бу ҳақда дўсти П.А.Плетнёвга (1830 йил 9 декабрь) бундай ёзади: “Мен сенга айтсам (сир қолсин), кўпдан бери Болдинода ёзганимдек ёзганим йўқ. Нималар олиб келганимга назар қил: “Онегин” нинг охирги боблари, саккизинчиси билан тўққизинчисини бемалол босиб чиқарса бўлади. Октавада ёзилган қисса (400 мисра бор), буни Апопуmе1,  яъни яширинча, деб эълон қиламиз (“Коломнадаги кулба” достони назарда тутиляпти – М.А.). Бир неча драматик саҳналар ёки кичик фожиалар дейиш мумкин, хусусан: “Қизғанчиқ рицарь”, “Моцарт ва Сальери”, “Ўлат пайтидаги зиёфат” ва “Дон Жуан”. Ундан ташқари, 30 атрофида майда шеър­лар битдим. Маъқулми? Бу ҳали ҳаммаси эмас (мутлақо махфий)2 . Насрда 5 та қисса ёздим... – уларни ҳам Апопуmе бостириб чиқарамиз. Ўзимнинг номимда эълон қилиб бўлмайди, Булгарин нақ ғажиб ташлайди-я”. 

Булардан бошқа “Поп ва унинг хизматкори Балда ҳақида эртак”, “Айиқ ҳақида эртак”, “Горюхино қишлоғи тарихи”, шунингдек, танқидчиликнинг шоир ижоди борасидаги нохуш мулоҳазаларига билдирилиб ёзилган тан­қидий бир неча мақолалар ҳам ўша Болдино қишлоғида пайдо бўлди.

Пушкиннинг ҳаётида ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда “мажбурий бекорчилик”ка қамти келиб қолган пайтлар учрайди, ё ташқи сабаблар унинг қўлини ушлайди, ё кутилмаганда “ипсиз боғланиб” қолади. Натижада бир жойда узоқ қолиб кетади. Буни қа­ранг­ки, айни ўшандай “ипсиз боғланиш”лар шоирда мисли кўрилмаган имкониятларни пайдо қилади, ижодий ғайратини жўштириб юборади. Михайловское қишлоғидаги сургунда кечган йиллар шундай бўлди, бу ерда шоир “Борис Годунов” халқона драмасини, “Евгений Онегин” нинг марказий бобларини, “Граф Нулин” достонини ёзганди. Болдинодаги мажбурий танҳолик ҳам шоирни катта ижодий жасоратга ундади.

Болдинога хўжалик ишларини изга солиш ниятида келган шоир вабо тар­қалиши муносабати билан Москвага, гарчи икки марта уринса ҳам қайтолмайди, чунки бир жойдан бир жойга бориш тақиқ қилинган. Шоир безовта... У қайлиққа унашиб қўйилган, бўлажак тўй билан боғлиқ юмушлар ҳам анчагина, қайлиғи Наталья Гончарова эса вабо исканжага олган Моск­вада... Маблағ керак, қарз-ҳавола эса керагидан ортиқча. Шоирнинг отаси Сергей Львович Болдинони куёв ўғлига ажратиб беради. Хўжаликни сал йўлга қўйиш учун келган шоир бу “ипсиз боғланиш”дан озор чекади. “Азизим, – деб ёзади у П.А.Плетнёвга, – сенга ҳаммасини айтиб бераман, юрагимда неки бўлса яширмайман, ғамгину ғамнокман... Гарчи бахтиқаро бўлмасам ҳам, ҳар ҳолда ўзимни бахтлиман, деёлмайман. Куз кириб келмоқда. Бу мен энг яхши кўрган фасл – сиҳат-соғлиғим ҳам яхшиланади одатда – ижодий ишларим ҳам юришади...”

Чиндан ҳам Болдино кузи шоирга дарё-дарё илҳом олиб келди! 7 сентябрь куни ёзилган “Жинлар” деган шеър билан бошланган “Олтин куз” жаҳонга мўъжизалар ҳадя қилди, кунма-кун шеър, шеър кетидан қисса, қисса кетидан эртак, достон, фожиалар, мақолалар қоғозга тушаверди! Бир кун кейин, яъни 9 сентябрь куни шоир “Тобутсоз” қиссасини ёзади ва бу қисса Пушкин ижодида биринчи тугал насрий асар бўлиб қолади. Нав­батма-навбат “Бекат назоратчиси”, “Қишлоқи ойимқиз”, “Ўқ” каби рус реалистик насрининг дурдоналари майдонга келади.

“Олтин куз” номли тўқсон саҳифали рамзий китобни варақлашда давом этамиз. Мана, китобнинг 39-саҳифаси. Бу саҳифа 1830 йил 9 октябрь куни дунёга келган. Ундан “Коломнадаги кулба” достони жой олган. Достон нима ҳақда ҳикоя қилади?

 Йигирманчи йилларнинг охирларига келиб ҳар хил усулларда шоирни камситиш, таъқиб этиш, ижодидан қусур топиш кучайиб кетди. Бу найзабозликнинг тепасида Бенкендорф сингари сарой муншийлари, Булгарин, Надеждин каби реакцион тан­қидчилар турар эдилар. Албатта, буларнинг бари олий маъмурият томонидан қўллаб туриларди. Реакционерларнинг фикрича, Пушкин ижодида бирон-бир жиддий мазмун, ғоя ёки мақсад кўринмайди. Ҳатто “Полтава”, “Евгений Онегин”, “Борис Годунов” асарлари ҳам бундан мустасно эмас... Улар Пушкин шеърияти мазмунини саёзга чиқардилар, ахлоқсизликка йўйдилар. Аммо шоир “галварс тўдалар ҳукмини эшитиб” маъюсланса-да, “кўнгил лавҳини осуда тутишга, ҳур идрок-ла ҳурлик завқини топа билиш”­га тиришди. “Агар ёзганингдан кўнглинг тўқ бўлса, – деди шоир ўзига ўзи, – шаъминг ёнган меҳроб юзини авом булғаса ҳам парво қилма!”

Шоирга қарши бу машмаша, жангвозликнинг сабаби жуда содда эди: реакцион жамият ва ҳукумат ундан мавжуд тузумни улуғлашни, ҳукуматнинг ҳарбдаги зафарларини алқашни кутар эдилар. Айниқса, уни уруш ҳақида қалам тебратмайди, ҳолбуки жанубда Россия Туркия билан жанглар олиб бормоқда, шоир гўё буни кўрмайди, деб айблардилар. Пушкин “Коломнадаги кулба” достонида уни ана шундай турли усулда айблагувчиларга жавоб беради. Шоир принципи шундоқ эдики, у: “Шеърият жиддий ва теран мазмунли асарлар яратиш майдонидир”, – дерди, шу билан бирга унда енгил мазмунли, ҳазил-мутойиба мавзуларидан ҳам баравар фойдаланмоқ мумкин, деб ҳисобларди. Унинг фикрича, шеърият ҳам лирик туйғулару қайғули лаҳзалар таърифидан, драма ва эпопеянинг кўлами кенг манзаралари тавсифидан, ҳам хушчақчақликнинг тиниқ илҳомлари, ақл юпанчию ҳазилнинг ўйноқи оҳанг­лари ифодасидан иборат бўлмоғи даркор. Пушкин ўзининг бутун ижоди билан ушбу ҳақиқатни исбот этди.

Уруш ҳақида ёзмайди, дегувчиларга жавобан, латифанамо бир сюжетга қурилган “Коломнадаги кулба” достонини шоир шеърият ҳақидаги мулоҳазалари билан бошлайди, чунки “қофиялар у билан бемалол истиқомат қилишади”. Жанг майдонларидаги қаҳрамонликлар эмас, балки шеърият қўшинидаги аҳволни таърифлайди шоир. Ҳарбий қўшинга нисбатан шеърият қўшини ўзгача. Ҳазил руҳдаги, қочиримларга бой достонда ушмундоқ муқоясанинг келиши шоирнинг умуман урушга подшо қўшинига бўлган муносабатини бўрттириб кўрсатади. Қофиялар, феъл, боғловчи, равиш, иборалар, луғат.... – буларнинг бари шеърият қўшинини ташкил қилади. Бу қўшинда ярадор бўлиб майдонда қолган аскардан юз ўгирганларидай сўздан воз кечмайдилар, сўз – аскардир, қўшин батартиб, саф-саф бўлиб боради, у асло ғаним ҳужумидан тумтарақай қочган лашкарга ўхшамайди. Бунда ҳар бир калом диққат-эътиборда, ҳар бир байт ўзини қаҳрамон санайди...

Пушкин достонда шоирни улуғлаб, Амир Темур деб атайди ёки Наполеондир, дейди.

“Қувнаб-қувнаб шеърларингни бошлаб борасан”, дейди шоир. У ҳарбий қўшин бошида туриб жанг қилгандан кўра, шеър лашкарини реакционер гуруҳларнинг қора оламига қарши бошлаб боришни хуш кўради. Ана ўшандай жангни ёқтиради. Айни пайтда бу қўшин бева-бечоралар ёнини олади, уларнинг оғирини енгил қилсам, деган умид билан ёнади. Бу гал қўшин Петербургнинг чекка маҳалласи Коломнага отланган... Умуман, бу жой шоир асарларида кўп учрайди. Эсингиздадир, “Мис чавандоз”­да: “Қаҳрамоним Коломнада яшар...” сатрлари бор. Гап у ерда шўрлик Евгений ҳақида боради. “Коломнадаги кулба” достонида бу чет маҳалланинг бечора кишилари, уларнинг турмуш тарзи реалистик рангларда тасвирланади. Достоннинг ҳазил оҳангида шоирнинг бечора кишилар тақдирига ачиниб, мунг-аламга тўлган, ҳаётнинг марҳаматсизликларини кўравериб, тошга айланган куйинчак қалби уришлари сезилиб туради. Коломнанинг бечора кишилари ҳаёти кейинчалик бошқа улуғ адиб Ф.И.Достоевский қалбини ҳам ўртантирган, қийноқларга ташлаган, ёзувчи асарларини покиза қайғулари билан обод қилган эди.

“Олтин куз” китобининг заррин саҳифалари кўпдир. Ижодкорнинг руҳий оламини теран идрок этиб берган “Моцарт ва Сальери” фожиаси.... Ўзини даҳо деб юрган не-не кишиларнинг ёвуз ишларга қўл уриши... Ҳаёт бундай ёлғончи даъволарнинг жуда кўпини кўз олдимизда намоён қилди. Даҳонинг ёвузлик қилмоғи мумкин эмас! – дейди Пушкин. Ёвузлик қилса, у – даҳо эмас! Нечоғли ҳаётий фалсафа!

Улуғ рус шоири Александр Сергеевич Пушкиннинг ўзи ана шу ҳаётий фалсафага қатъий амал қиларди. У умр бўйи эзгуликнинг этагидан тутди, ҳар доим яхшиликнинг етагида бўлди. Биргина қушчани қафасдан чиқариб юбориб, уни озодликка чиқара олдим, деб оламга сиғмас даражада қувонди.

Бундай қувониш шоирнинггина қўлидан келади.

IV

Пушкинни буюк рус миллий шоири деб атадик. Миллий шоир деганда, биз нимани тушунамиз? Миллатни тор маънода улуғлаш, уни кўкларга кўтариб васф этиш, бошқа эллар олдида юқори қўйиш билан шуғулланган шоир, адиб, умуман, санъаткор ҳеч қачон “миллий” деган юксак номга лойиқ бўла олмайди, бўлган ҳам эмас. Александр Сергеевич Пушкин ижоди тамоман бунинг аксини исбот қилди.

Миллий шоир... Граждан шоир... Бу икки ибора бир-бирини жуда ҳам тўлдириб келади. Аслида улар бир маънони англатади. Халқ ҳаёти, ўтмиши, тарихи, фожиаси, иқболи, истиқболи тимсолида, фонида унинг ички дунёсини ишонарли ёритмоқ, бош­қача айтганда, миллий характер фазилатларини бадиий ижодда қойилмақом қилиб тасвир этмоқ ҳақиқий миллий, гражданин шоирнинг қисмати.. Пушкин худди шундоқ шоирдир, унинг шундоқ мартабага эришмоғида, ўз халқининг олис ва яқин тарихи катта аҳамият касб этди ҳамда она халқнинг, жонажон Ватаннинг тарихи ижодкор учун ҳамиша битмас-туганмас илҳом булоғи бўла олишини яна бир карра тасдиқлаб берди. Шоирнинг ижодини синчиклаб ўқиб-ўрганган киши, бу булоқдай тиниқ, уммондай теран, юлдузлардай юксак ижод бўстонида салкам минг йиллик Россия тарихининг турли хил манзараларини кўриши мумкин. “Кароматли Олег ҳақида қўшиқ” шеъридан тортиб Украина (Малороссия) ҳақидаги очеркигача – атайлаб турли жанрлардан мисол келтиряпман, масалан, “Борис Годунов” фожиаси, “Пугачев тарихи”, “Петр I тарихи”, “Мис чавандоз”, “Полтава”, “Улуғ Петр араби”, “Горюхино қишлоғи тарихи”, “Капитан қизи” асарларини олинг, ҳатто Россия тарихига бағишланган турли илмий асарларга, жумладан, Н.М.Карамзиннинг кўп жилдли “Россия давлати тарихи”,  Н.Полевойнинг “Рус халқининг тарихи” китобларига эҳтирос билан ёзилган тақризларни кузатинг – барча-барчасида рус халқининг тарихига, шаън-шавкатига ҳурмат, куйиниш туйғулари балқиб туради.

А.С.Пушкин ён дафтарларидан бирига қуйидаги сўзларни ёзиб қўйган экан: “Фақат Мирабо ва Петрга ўхшаш инқилобий идрок эгасигина, адиб рус тилини қанчалик севса, Россияни шунчалик сева олади. Ушбу Россияда ҳаммаси рус тилида ижод этилмоғи керак”.

Шоирнинг ўзи шунга қатъий амал қилди. Ҳали киборлар салонларда, давраларда ўз тили қолиб фарангча шакаргуфторлик қилар эканлар, у она тилида жуда кўп гўзал шеърлар, достонлар яратди ва бу асарларда халқнинг теран қалбини очиб берди.

Бу катта жасорат эди, зеро, она тилнинг бойлигини тўлалигича намоён этмоқ, миллийликнинг зарур шарт­ларидан биридир. Бу жасорат, айниқса, шоирнинг “Евгений Онегин” шеърий романи яратилишида ёрқин кўринди. В.Г.Белинский бу романни “рус ҳаётининг қомуси” деб бежиз атамаган. Асарда ХIХ аср биринчи чораги рус ҳаётининг кенг манзаралари чизиб берилди. Евгений Онегин – ёш бўла туриб ҳаётдан зериккан, нима қиларини билмаган, лоқайд кайфиятдаги бир йигит. У кейинчалик рус адабиётида “ошиқча одам” номи билан машҳур образлар галереяси (М.Ю.Лермонтовда – Печорин, И.С.Тургеневда – Базаров ва ҳоказо) пайдо бўлишида катта роль ўйнайди. Шунингдек, Татьяна Ларина образи – сўнгги йиллар рус адабиётида яратилган Бэла, Елена, княгиня Трубецкая, Наташа Ростова, Анна Каренина каби аёлларнинг ёрқин образлари яратилишига ижобий таъсир кўрсатди.

“Евгений Онегин” Байроннинг “Дон Жуан”идан фарқли ўлароқ, жуда ҳам реалистик роман, у ўзининг кенг кўлами, ерга яқинлиги билан шоирнинг бошқа насрий асарлари қатори қудратли рус классик насрининг “хамиртуруш”и бўла олди. У бошқа тилларда яратилаётган шеърий романларга ҳам буюк мактаб ролини ўтамоқда.

Буюк шоир А.С.Пушкиннинг ҳар бир асари рус миллий маданиятининг бойлигидир ва улар вақтлар ўтгани сари янги-янги мазмун касб этаверади.

 

1. Яширинча

2. Ўзинг билсанг бўлди (Пушкин эскартиши)