“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ТАРЖИМА ЭСТЕТИКАСИ

Иброҳим Ғафуров,

таржимон, адабиётшунос

Оддий халқ орасида таржимани сўз ағдариш деб тушунишади. Таржимон СЎЗнинг тўғри ва кўчма маъноларини ағдаради. Сўзнинг кўчма маъноларини ағдариш анча машаққат. У бадиий фаросат ва адабий-бадиий билимдонлик, луғавий ва бошқа турли-туман ҳаётий билим ҳамда кўникмаларни талаб қилади. Ҳозирги чиқаётган кўпдан-кўп таржималар ана шу “сўз ағдариш” талабларига жавоб беради. Тўғрироғи, “сўз ағдариш” йўлидан ва унинг оддий ибтидоий усулларидан фойдаланмоқда. Кўчма маъноларни ағдаришда эса у омонсиз тарзда оқсамоқда. Таржимада юксак бадиий сифат даражаларига ва демак, таъсирчанликка чиқиб боролмаяпти. Таржимада бошланғич даража ва юксак фаол даражаларни ажратиш мумкин. Ҳозирги таржима амалиётлари аксаран шу бошланғич даражада турганлиги кузатиляпти. Шунинг учун бадиий таржима эстетикаси ҳақида фикрлаш ва сўз юритиш жуда катта амалий ҳамда назарий аҳамиятга эга. Таржима эстетикаси деган тушунча илгари таржимашуносликда қўлланилганми-йўқми, айтиш қийин. Балки, қўлланилган бўлса ҳам, биз ғофил қолгандирмиз. Шу пайтгача кўпроқ ўарб таржимашунослигида таржима санъати ва таржима лингвистикасига устида тадқиқотлар ва муҳокамалар юритиб келинади. Ўзбекистонда эса таржима санъати деган тушунча таржимашунослар орасида анча кенг оммалашган, яъни илмий урфиятга чуқур кирган. У таржималарни бадиий санъат намунаси деб қараш ва тушуниш, таржима бу — бадиий санъат деб ёндашишга олиб келган. Санъат деганда бунда сўзнинг кўчма маъноси назарда тутилган. Санъатнинг кўчма маъноси “гўзаллик” дегани бўлади. Демак, таржима ҳам ўз юмуши билан сўзларнинг ифода оламларида бадиий мазмундор, таъсирчан ҳиссий, ақлий, нақлий гўзалликлар яратадиган бадиият фани соҳаларидан бири ва унинг таркибий қисмига органик тарзда киради. “Таржима санъати” деган анъанавий тус олган тушунча билан “Таржима эстетикаси” деган ҳозир қўллаётганимиз нисбатан одатий анъанавий бўлмаган тушунча ўртасида фарқ борми?” деган мантиқий савол туғилади. Юзаки қарасангиз, унчалар фарқ кўзга ташланмайди. Санъат ҳам, эстетика ҳам бир маънони англатадиган тушунчаларга ўхшайди. Уларнинг мағзида гўзаллик ётади – гўзалликка қараш, гўзаллик яратиш ва гўзаллик ясаш уларни ораларидан қил ўтмайдиган қилиб қўяди. Шоир Абдулла Шер тилимизда илк бора “Эстетика” деган яхлит китоб — дарслик ёзди. Бу китобида у “эстетика” тушунчасини илк бора “фаросатшунослик” деб таржима ва талқин қилди. Бу талқинга биров қўшилар ва бошқа биров сира қўшилмас, табиий. Аммо фаросат доим гўзалликнинг туғишгани, эгачи-сингил бўлганлиги, гўзал яшайиш, гўзал ишлайиш, гўзал ясайиш (яратиш)ни ҳеч қачон бир-биридан ажратиб бўлмаганлигини назарда тутсак, “фаросатшунослик”да анча чуқур маънолар назарда тутилганлигини сезамиз. Бинобарин, Абдулла Шернинг бутун китоб давомида масалаларни қўйиши ва таҳлиллари шу фаросатшунослик орбитаси атрофида айланади. Биз ҳам таржима эстетикаси деганда кўпроқ функционал йўналишда “Таржимада фаросатшунослик” деган маънолар доирасини назарда тутишга ўзимизни мойил санаймиз. Бу эса шу пайтгача “таржима санъати” деб келганимиздан кўра бошқачароқ бадиият ҳодисаларини назарда тутади. “Таржима эстетикаси” – “таржима санъати”ни асло инкор этмайди. “Таржима эстетикаси” таржимада бадиият ҳамда таъсирчанлик билан чамбарчас боғлиқ барча ҳодисаларга амалий функционал аҳамият бериб қарайди. Таржимани гўзал сўз яратиш деб тушунади. Таржима гўзал ҳиссиётларни, гўзал фикрлар ва фикрлашни тарбиялаш санъати. Шу ажиб фавқулодда санъатнинг эса ўз эстетикаси – гўзаллик яратиш ( ясаш!) қонуниятлари дунёда бор. Қадим юнон адиби Еврипиднинг “Ипполит” деган ажойиб трагедиясида қаҳрамонларидан бири Федра: “Қалби одил бўлганлар учун тоза виждон ҳаётнинг ўзидан ҳам қадрлироқдир”, дейди. Қаранг, ҳаёт тириклик оламида энг қадрли нарса, зеро, тириклик бўлмаса, бошқа ҳеч нарсанинг қадри қолмайди. Аммо Еврипиднинг қаҳрамони кишининг тоза виждонини ҳаётнинг ўзидан ҳам юқори қўймоқда. Шу билан бирга “ қалби одил бўлганлар учун” деб алоҳида урғу бериб таъкидламоқда. Одил қалб ва тоза виждон ўзаро қанчалар қадр-қимматли бўлса ва шундай ҳолдагина чексиз инсоний маънавий ҳодисага айланса, бадиий таржимага муносабатда, бадиий таржима яратишда ҳам одил қалб ва тоза виждон асл аҳамиятга эга. Бусиз бадиий таржимада эстетика бўлишини, ҳатто тасаввурга ҳам келтириб бўлмайди. Булар таржима танлаш ва таржимага эстетик ёндашишда ҳал қилувчи кучга эга. Таржимага ҳиёнат қилма деган жуда эскидан, ўша Инжилнинг илк таржималари даврларидан келаётган бир фикр мавжуд эди, у ҳамон эскирмаган, биз эса уни гўзал Федранинг ғаройиб фикри билан янгилаётгандек, янгилашга уринаётгандек бўляпмиз. Бу фикрларни Федранинг яна бошқа сўзи билан ҳам мустаҳкамламоқчимиз. Федра яна айтади: “Ахир тилга ишонч йўқ, тил фақат бошқанинг қалбига ярайди таскин бермоққа”. Таржима бадиий мазмундор жилоланган тил океанида бир кема: у дардмандларга, янгилик изловчиларига, гўзаллик ошуфталарига таскин ва тасалли беришга даъват этилган. Шунинг учун биз таржимани фақат сўз ағдариш деб қарамаймиз. Унинг ўз универсал эстетикаси бор ва доимий ҳаракатда.

Нутқнинг қандайлиги одамнинг характерига боғлиқ. Бадфеълнинг нутқи хушфеълнинг нутқидан кескин ажралиб туради. Бунинг сабаби шуки, улар атроф-теварак, кенг дунёни ўз характерлари табиатига кўра бошқача-бошқача қабул қилиб, бошқача тушуниб, бошқача муносабатда бўладилар. Бадфеъл одамнинг нутқида ғазаб, қаҳр, ёқтирмаслик, қўрслик, очиқдан-очиқ ҳеч бир сабабсиз душманлик кайфияти устун оҳангга эга бўлади. Буни Достоевскийнинг “Иблислар” романи тазйиқдор қаҳрамонларида, Фолкнернинг “Шовқин ва ғазаб”, “Август ёғдуси”, “Эмили учун атиргуллар”, “Уош”, “Ўтқўювчи” сингари жуда кўп эҳтиросларга лимо-лим асарларида, Маркеснинг “Бузрукнинг кузи”, “Ёлғизликнинг юз йили”. “Ошкора қотиллик қиссаси” сингари  романларида ёрқин кузатиш мумкин. Буларнинг кўп қаҳрамонлари ўз туриш-турмушларида найза санчаман, ниш ураман, заҳарлайман, яшатмайман, ёруғ дунёни қоронғи қиламан, ўлдираман деб дўқ-пўписаларга тўлиб-тошиб турадилар. Бундай бадфеълликлар, мафкурабозликларни Шайхурраис Ибн Сино инсон вужудида айланаётган қоннинг ( Ибн Сино қонни руҳ деб тушунтиради) қуюқлиги ва ўта совуқлигидан кўради. Ушбу ўта психологик ифодавий ҳолатларни бадиий таржимада оқизмай-томизмай баайни Фолкнер, баайни Маркес, баайни Достоевскийчасига бошқа тилда қайта яратиш (ясашга)га тўғри келади. Ҳа, худди шундай: баайни оқизмай-томизмай! Битта ҳарфи, битта сўзи, битта оҳангига ҳам ҳиёнат қилмай! Янги заминдаги, бошқа тилдаги ўқувчилари учун заррасини қимматини ҳам йўқотмай! Бу ерда юқорида Федранинг гапларини шу маънода келтирдик.

Руҳоний тарз деган ажиб бир тушунча бор. Мисол учун, тилнинг руҳоний тарзи. Номлари келтирилган асарларда (улар дунё адабиётларида сон-саноқсиз) нутқлар, ривоятлар бошдан-оёқ руҳоний тарзда. Бошдан-оёқ руҳоний урғули (Хоҳ салбий ва хоҳ ижобий бўлсин). Таржимоннинг вазифаси, бурчи, виждони мана шу руҳоний тарзларни бутун ранг-барангликларида ўз миллий ўқувчиларига тўла етказишда. Италян файласуфи Бенедикт Кроче эстетикани интуиция ( савқи табиий) деб тушунади. Интуиция тўла маънода мушоҳада  (созерцание) билан боғланган. Ва санъат ато этувчи лаззат шунчаки лаззат эмас, у бошқача, алоҳида бир лаззат: бошқа лаззат шаклларидан тубдан фарқ қилади. Бу дистинктив – фарқли ҳодиса. Санъатдан манфаат кўзланмайди. Унинг самоси руҳоний. Унинг самоси руҳоният. Геометрияда учбурчак ёки тўртбурчак ахлоқий ё ахлоқсиз бўлолмаганидек. Санъат ҳам Кроче назарида ахлоқсиз ёки ахлоқий бўлолмайди. “Биз Корделия ёки Беатричени  ахлоқий ё ахлоқсиз деб айтолмаймиз”, дейди у. Руҳониятга шу тарзда урғу беради. Эстетиканинг интуиция эканлигини шулар билан изоҳлайди. Фауст ҳамиша ҳеч нарсага қарамасдан “ҳар нарсада ҳеч нарсани кўришга” интиларкан. У шу руҳоният оламидан ташқарида эмас. Сўз яратиш усуллари бепоён ва ранг-барангдир.  “Иблислар”да “у” олмошини қўллаб ҳамма вақт ҳам ўзбекча маъно-мазмунга эришиб бўлмайди. Шундай ҳолларда “ҳабиб”, “устоз”, “ҳабиба” сўзларини қўллашга тўғри келди. Персонажлар ўртасидаги муносабатлар хусусиятлари шулар билан очилди. Айтайлик, Верховенский билан Ставрогина муносабатлари перипетиялари, оҳангдорликлари. Ё бунга исм-шарифларини такрорлаш билан эришилди. Таржимон ўз олдига Достоевский “Иблислар”ни ўзбек тилида қандай ёзган бўларди? – деган саволни қўйди. Бу савол Маркес, Айтматов, Нитшени таржима қилаётганда ҳам қатъият билан қўйилган. Ҳар жумлага Айтматов ё Достоевский нуқтаи назари билан қараш таржимон учун бадиий ҳаёт-мамот масаласи билан баробар бўлган. Достоевскийнинг ҳар бир сўзи олтин, мен уни жезга айлантириб қўймай деган ҳавлнок ҳиссиёт доим таржимон кўксида уни тешиб юборгудек бўлиб турган. Сўзнинг янги имкониятлари, бадиий усулнинг янги имкониятлари, нола-фарёдларини қидирган. Буларни у олдига эстетик вазифа қилиб қўйган. У таржиманинг эстетик принципларини ишлаб чиқишга уринди. Чунончи: бадиий таржимада аниқлик; бадиий таржимада битта ҳам ортиқча сўз бўлмаслиги; битта ҳам сўз матн ичида осилиб ётмаслиги; янги матн янги тил заминида яратилаётганлигини биронта ҳолда ҳам назардан қочирмаслик. “Хуштор” деган сўзни фақт ўз ўрни ва ўз поёнида қўллаш, аммо мана жуда осон тушунарли “волнение” деган Достоевскийнинг сўзи. “Ҳаяжон”, “тўлқинланиш” ва ҳоказолар. Лекин булар бари шу жумлага ўтиришни хоҳламаяпти. Жумлани кўтармаяпти. Кейин “туғён” деган сўз етиб келди хотира пучмоқларидан. Ҳақиқатан, Достоевский “туғён”ни назарда тутмоқда эди. Жумла ҳам, қаҳрамоннинг ҳолати ҳам бирдан ярақлаб очилди. 

 Романда Ставрогин Верховенскийга ҳайратланиб: “Э! Так вот наконец ваш план!” — дейди. Таржимон бу нисбатан осонгина бўлиб кўринган жумлада “наконец” деган сўзни ўзбекча жумлада ҳеч ўрнини тополмади. “Э! Сизнинг режангиз шундоқ экан-да”, – деб таржима қилди. “Наконец”ни ўзбекча жумлага сиғдиролмаганидан ва оригиналдан тояётганидан ўз-ўзидан норози бўлди.

 Тургенев асарлари таржимасидан олинган бир парча эсига тушди. Лаврецкий билан Лиза ўзлари ёлғиз қолишганда, уларнинг хаёлидан шундай сўзлар ўтади: “Вот какой, — подумала она, ласково глядя на него; вот ты какая» — подумал и он”. Бу жумлани ўз  даврида Йўлдош Шамшаров: “Сен шунақа дилбармисан-а?” – деб ўгирган. Тажрибакор ёзувчи таржимон жумлани ўз ўқувчисига “дилбармисан-а?” деган сўзни қўшиб жонлантирган ва поэтиклаштирган. Буни таржимашунос: “образли, руҳий тарзда таржима қилган, ботиний маънони чиқарган”, деб талқин қилган.

“Вот ты КАКАЯ!”

“Сен шунақа дилбармисан-а?”

Тургенев жумласида ҳали қаҳрамонга сифат берилмаяпти. Лаврецкий Лизани “дилбармисан-а?” демоқчи эмас ҳали. Унинг ҳайратланишидаги бераётган баҳоси ҳали ичида ундов ичида яширин. Таржимон эса бу нозик ҳолатда матнни ортиқча очишга уриниб психологик ҳолат тасвирини одмилаштириб, жўнлаштириб, ортиқча “ўзбекчалаштириб” қўйган. “Вот ты какая!»нинг аниқ ифодали ўзбекча таржимаси топилмаган. Бадиий гўзаллик ва ҳалоллик тамойили бузилган. Европалик таржимашунос олим О, Каде (Германия) эквивалентликларни таърифлаб: “Ҳаракатчан (динамик) эквивалентликка тўхталади ва уни энг юқори эквивалентлик” деб баҳолайди. Ўртача (оптимал) эквивалентлик ёки қисман эквивалентлик ( аслият ва таржима текстлари ўртасидаги яқинлик) шартми?” — дейди. Функционал эквивалентлик устида фикр юритади. Инглизчада equivalence – тенг маъноли, муқобил дегани. Юқоридаги таржима намунаси функционал эквивалентликка мисол. Уни жуда ҳам нотўғри деб бўлмаса-да, мутаносиблик бор, лекин эстетик нуқтаи назардан тўғри ва муваффақиятли таржима намунаси деб бўлмайди. Таржимада оригинал жумласининг ўзига хос бадиий мезонларига риоя қилиш, бундай мезонларга юксак фаросат ва ақл-идрок билан оғишмай амал қилиш — бадиий таржима ҳодисаларини юксак таъсирчан қобил эстетик бадиият намунасига айлантиради.