“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

АЁЛ

Марек ХЛАСКО,

поляк адиби

Худо аёлни яратиш учун бор маҳоратини ишга солди. Уни кузатиб турган фариштанинг юраги сиқилиб кетди.

– Бу мавжудотни яратиш учун олти кундан бери уриняпсан. Нега унга бунчалар кўп вақтингни сарфладинг?

– У ҳар томонлама мукаммал бўлиши керак. Меҳр тафти билан ҳар қандай муз юракни эрита олсин. Бундан ташқари, у икки қўли билан олтита қўл қиладиган юмушни бажарсин, – дея жавоб берди Худо ишини тўхтатмай.

Фаришта ҳайрон қолди.

– Наҳотки, у буни эпласа?!

– Гап қўлида ҳам эмас, ҳақиқий мўъжиза унинг кўзларида. Бу кўзлар болага меҳр, оламга қувонч, эркакка эса бахт ҳадя этади.

Фаришта Худони тўхтатишга уринди.

– Шунча кун тиним билмадинг, бугунча дам ол.

– Иложим йўқ. Ишимни якунлашимга озгина қолди. Ҳозир унинг юрагини ясаяпман. Бу жараён эса эътибор талаб қилади.

Фаришта аёлга яқинлашиб, унга қўлини теккизди.

– Худойим, ахир бу ҳақиқий мўъжиза-ку. У нақадар гўзал, – деди чексиз ҳавас билан, – бу гул каби майин мавжудотнинг қалби ҳам нозик бўлса керак.

– Йўқ кўринишидан шундай, аслида, эса бу нозик юракнинг қанчалик мустаҳкамлигини ва қанча буюк ишларга қодирлигини тасаввур ҳам қилолмайсан.

– У фикрлай оладими? – сўради фаришта.

– Албатта, – ишонч билан айтди яратувчи, – нафақат фикрлай олади, балки у ўз фикрини исботлаши ҳам мумкин.

– Кўзларидан сув оқяпти.

– Бу сув эмас, кўз ёши. У орқали аёл қалбидаги қувонч, ташвиш, оғриқ, ёлғизлик, ғурур ва ҳаёни кўрсата олади.

Фаришта аёлнинг маъсум чеҳрасига ҳавасу ҳайрат ичра тикилиб фақат:

– Худойим, чиндан ҳам у – такрорланмас , – дея олди, холос.

Аёл бир қарашда нозик кўрингани билан ноёб ақл-идроки, кучи ва меҳр тафти билан эркакларни қойил қолдиради. У фарзанд улғайтиради. Қийинчиликка қарамай, бахт, севги ва қувончдан ял-ял ёниб туради. У йиғлаш керак бўлган жойда қўшиқ айтиб кулади, бахтли лаҳзада эса, аксинча, йиғлайди.

 

инглиз тилидан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси.