“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ДУШАНБА Ё СЕШАНБА

Виржиния Вулф,

инглиз адиби

 

Ўз йўлини аниқлагандан кейин қарқара ялқовлигу бепарволик билан қанотларини кенг ёйиб, бепоён осмон остидаги улкан ибодатхона устидан айланиб учиб ўтди. Оппоқ ва барқарор, ўз ичига ўзи шўнғиб кетган, мангу ўралиб ётган само кўрпаси дунёнинг у четидан-бу четигача чексиз-чегарасиз чўзилиб ётарди. У турғун ва боқий эди. Кўл-чи? Унинг қирғоқларидан туганмас доғ ва чиқиндилар оқиб чиқмоқда. Тоғ-чи? О, сахий бобоқуёш унинг нишабликларигача ўзининг тароватли нурларини мўлу кўл сочиб турибди. Энди янаям пастроққа тушамиз. Мана шундай. Қанотларимизни ҳур ёзганча учаверамиз, учаверамиз...

Ҳақиқат излаб, уни зор кутган инсонгина орзу ва забон қадру қимматини теран англаб етади (баъзан оғриқ ва йиғи шундоқ ёнгинамизда мавжуд бўлса-да, биз уни пайқамай парвойи фалак ҳолда ўтиб кетаверамиз. Мисоли ғилдираклар бошқа ёққа қараб йўналган-у, аммо автобуснинг мақсади унга зид ҳолатда ҳаракатланаётганга ўхшаш бир жараёндир бу). Баъзан умрбод фақат орзу қилибгина яшаб ўтиш ҳам мумкин (соат миллари роппа-роса ўн иккига бонг урганда биз бирдан куннинг тенг ярми ўтиб, пешин бошланганини билиб қоламиз; болалик нурга ўхшайди гўё, қарилик бўлса қоронғилик янглиғ), бир умр орзу қилинар ҳақиқат бу. Дарахтлар учида тангалар ярқираб турибди – улар одам кўнглидаги порлоқ мақсадларга менгзалади. Тепадан ҳаммаси жуда бошқача – мўрилардан тепага қараб ўрлаётган тутунлар, пастдаги ҳар хил бақир-чақирлар, айниқса, “Сотув учун темир” деган чинқириқ баридан кучлироқ портлайди. Ҳақиқат тирикчиликми ё?

Қуёш шуълалари эркаклар ва аёлларнинг оёқлари остигача тўкилиб тушади, кимдир учун қора, кимдир учун бўлса тиллодек нурлардир улар (бу туманли ҳаво сизга ширин туйиляптими? Йўқ, ҳечам. Кўпроқ келажак тўғрисида қайғуряпман) – ана шундай, ич-ичингизга оқиб кираётган орзулар сари дадил одимланг, уни қоп-қора шарпалардан, дуд ва туманлардан жудаям эҳтиёт қилинг, ёмон кўзлардан асранг.

Қарқара узоқ учди. Унинг кўзлари дўкондор хоним мисс Зингуммини столи ёнида иссиқ чой симириб ўтирган ҳолатига тушди, аёлнинг олдидаги стакан билан ялтироқ тақсимчада ҳам унинг эгнидаги мўйнали пальтоси ёрқин акс этиб, жилоланиб турарди.

Ким учундир ҳақиқат мана шу мўйнали қимматбаҳо либосдир, эҳтимол. Қуш яна учиб бораверди. У бурчак-бурчаклардан излади ўша ҳақиқатни, ғилдираклар тагигача кириб чиқди. Уй бўлиб уй топмади, ўзига ўзи йиғилди, ўзига ўзи яна сочилди, балки беҳуда бўлиб чиқажак нозик мақсадини деб йиқилди, турди, чўкди, тағин юзага чиқди – аммо қаерда ўша ҳақиқат?

Шу пайт бирдан эслади у – оппоқ катта бир уйнинг иссиққина камин олдидаги роҳатижон жойда китоб ўқиб ўтирган, гўёки шу кенг осмон остида фақат китобидан бўлак ҳақиқат йўқдек туйилган бир одам борлиги унинг ёдига тушди, ўша одам чинакам сеҳрли оламда яшарди гўёки. Унинг оламида фақатгина оппоқ ранглар бор эди, у фақат ёруғ, ҳечам ўчмас нурлар билан дўстлашган ва сирлашган эди. Қарқара уча-уча ахийри ўша уй ва ўша одамни излаб топди ва унинг узоқ сафари мана шу жойда ўз якунига етди. Эҳтимол, бу ҳам ҳақиқат эмасдир? Балки, ҳақиқат бу ўзининг мавжудлиги ҳамда мамнунлигидадир?

Ялқов ва бепарво қуш қарқара ўз маконига қайтди, у кетаётган паллада осмон ўзининг юлдузли чимматини юзига ташлаган, сўнгра уларга эртак айтиш учун оҳиста сўз бошлаган вақт эди. Кун ўз ниҳоясига етганди, эртага эса яна янги бир кун худди шу тарзда бошланажак ҳамда қуш излаган ҳақиқат сафари мисол жуда-жуда тез тугаб қолажакдир...

 

инглиз тилидан Қандилат ЮСУПОВА таржимаси.