“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БУ “ЁМҒИР”ДАН СИЗГА ҲАМ ИЛИНМОҚЧИМАН...

Шаҳноза РАҲМОНОВА

Таржимон

Ҳайкалтарошнинг ёки заргарнинг ишини кузатганмисиз ҳеч? Ниҳоятда мураккабу майда иш. Бунинг учун одамда катта юрак, битмас-туганмас сабот ва букилмас матонат керак бўлади. Ҳайкалтарош учун ҳам, заргар ҳам буюмнинг шакл-шамоилини яратиши қийин эмас, бироқ унга сайқал бериб, санъат асари даражасига етказиш учун буюк истеъдод, юксак маҳорат ва нозик дид талаб этилади. Бадиий таржимонлик ҳам шу тахлит мураккабу майда иш. Бунда ҳар бир сўзни топганидан тилла топган тентакдай суюнадиган таржимон қийналади, тобланади ва ўз ишини сув қилиб ичиб юборадиган даражада етилади. Гапни олисдан бошлайдиган одатим йўқ, бироқ бир таржимоннинг ижодий маҳоратига баҳо беришдан аввал бир асарни ўзбекчага ўгириб, ўзбек китобхонига етказиш машаққати ва заҳмати ҳақида тўхталмоқни лозим, деб топдим.

Бир куни китоб ўқиб турганимда раҳматли дадам:

— Қизим, нима ўқияпсиз? — деб сўрадилар.

— Фёдор Достаевскийнинг “Телба”сини, — деб жавоб бердим мен.

— Яхши, ажойиб асар! Таржимони ким экан?

Бирдан қулоғимгача қизариб кетдим. Чунки бу саволга менда жавобим йўқ эди. Мутаржимнинг исми-шарифига аҳамият бериш тугул бу заҳматкашнинг исми қаерга ёзилишини ҳам билмасдим. Дадам китобнинг биринчи саҳифасида кичкина қилиб ёзилган таржимоннинг исмини кўрсатиб:

— Иброҳим ўафуров. Бу таржимон сену менга Фёдор Достаевскийни ва мана шундай ажойиб асарни танитган одам, — дегандилар.

Тўғри, ўшанда бу гапларнинг моҳиятини чуқур англаб етмаганман. Бироқ йиллар ўтиб, таржима билан шуғуллана бошлаганимдан кейингина мутаржим учун бир ёзувчи ижодини адабиётга танитиш — нечоғли шарафли иш эканлигини фаҳмладим. Бугун адабиётга ошно ҳар қандай китобхон Фёдор Достаевскийни тилга олганида, шубҳасиз, Иброҳим ўафуровни эсдан чиқармайди. Алишер Отабоев эса: “Ҳаёт у ҳақда ёзиш учун эмас, балки уни яшаб ўтиш учун берилганлигини мен ёддан чиқармасликка ҳаракат қилдим. Табиат менга нимани раво кўрган бўлса, барчасини синаб кўришга уриндим. Ижодга ўзимнинг бирдан-бир мақсадим деб эмас, инсониятга хос бошқа фао­лият турлари билан уйғунликда олиб бориладиган бир соҳа сифатида қарадим” — ҳаёт ва ижод хусусида мана шундай ўзига хос қарашга эга ХХ аср инглиз адабиётининг классик ёзувчиларидан бири Сомерсет Моэмни ўзбек китобхонига танитишга муваффақ бўлган таржимон сифатида эътироф этилади. Мен бу эътирофларнинг бежизга эмаслигини “Нонушта” ҳикоясини ўқиганимдаёқ англаганман. “Ёмғир”нинг мутолааси эса уч-тўрт таржимаси нашрларда босилиб чиқиши билан ўзини осмон санаган каминани ерга тушириб қўйганлигини ҳам тан олишим керак...

— “Жаҳон адабиёти”нинг янги сонида босилган “Ёмғир”ни ўқидингми? — деб сўради бир ҳамкасбим.

— Кўзим тушмади.

— Албатта, ўқи, ўқиганингга афсусланмайсан. Мен ўқиб, маза қилдим.

Бундай гапни эшитдимми, тамом ўша кундан бошлаб оромимни йўқотаман. Хуллас, ҳикоя­ни ўқидим. Нимани ҳис қилдим, айтайми, “Бу ёмғир бизнинг майин ёғадиган инглиз ёмғирига ўхшамас, шафқатсиз ва унда табиатнинг аллақандай ибтидоий бузғунчи кучи мужассам эди. Шовуллаб ёғиш ўрнига челаклаб қуйилаётган бу ёмғирдан худди осмон тошаётгандек туйи­лар, тарам-тарам новли тунука томни тарақлатиб, кишини ақлдан оздирай дерди. Қутуриб ёғаётганини, тўхтамаётганини кўриб туриб, беихтиёр дод деб юборай дердингиз, суякларингиз майишиб қолгандек, ўзингизни беҳол, умидсиз ва ночор ҳис қилардингиз”, худди мана шу сатрлардаги ҳиссиёт менга ҳам кўчди. Ўша онда қутуриб ёғаётган ёмғирнинг шиддатини ҳис қилганман. Шунингдек, бузғунчи ёмғирлари тинмайдиган ўлкалардаги ёввойи туйғуларни тизгинлаш машаққатини фаҳмладим. Асар сўнгига етиб келганим ҳамон ичкаридан тошиб, отилиб келаётган ўзим ҳам тўла англашга муваффақ бўлмаган ҳиссиётлару ғалаёнларни бостириш учун умрида аччиқ қаҳва ичишни хуш кўрмаган мендай одам бостириб-бостириб қаҳвадан ҳўплашдан ўзимни тиёлмадим. Ҳар бир ҳўплам ҳикоянинг ҳар бир сатри каби менга аччиқ ҳаёт таъмини эслатгани учун шундай жонсарак бўлганимни тушунишимга ёрдам берди. Агар буни аввалроқ англаганимда, эҳтимол, аччиқ чой билан кифояланиб қолган бўлармидим. Шундагина бироз тинчиб, тағин тақдирга тан бердим, лекин ўша кун чанқоғини қондирган одамдай шундай тетик ва бардам юрдимки, ҳеч нарса менинг кайфиятимни бузолмасди ва ич-ичимдан “Ёмғир”га ўхшаш асарни бизга илинган таржимонга миннатдорлик ҳиссини туйдим. Аслида, таржимонинг маҳорати унинг дид-фаросатидан ҳам билинади. Кимдир битта катта асарни таржима қилиб ҳам кўзга ташланмаслиги мумкин, кимдир бир қисқагина ҳикоя орқали дарҳол тилга тушади. Залварли асарларни таржима қилиш таржимонни ўстиради. “Ёмғир” ана шундай ҳикоя. У шундай ҳикояки, бўйи романга тенглашади. Ўқувчи асарни ўқиб, “Ёмғир, аслида ким?” деган саволга рўпара бўлади. Ёғингарчилик мавсумида Самоанинг шимолий томонларидаги оролларда йилига уч юз дюйм ёғадиган ва ҳамма нарсани ёппасига ўпириб кетадиган қутурган ёмғирми ё болаларча содда кўрингани билан юзида ёвуз ифода зоҳир ёввойи маҳаллий аҳолими, ёки фоҳишанинг жаҳолатга ботган қалбини қутқариш учун ўзини аямайдиган миссионер Дэвидсонми, ё бўлмасам Худонинг марҳаматига эришолмайдиган даражада ҳаддидан ошган мисс Томпсонми? Асарни ўқиб, ёмғирнинг кучи ва шиддатини қай даражада сезсангиз, қаҳрамонлар қисматига шу даражада куйинасиз. Уни бошқача тамомлаш мумкин эмас эди, деган фикрга келасиз. Табиатни жиловлашга уринган одамнинг қисмати фожиа билан тугаши муқаррар. Оқимга қарши сузаётган қайсар Дэвидсон охир-оқибат мана шундай тақдирга рўбарў бўлди. Лекин миссионер бошқача йўл тутиши мумкин эмас эди. “Мистер Дэвидсон жудаям бағри кенг инсон, бошига ташвиш тушиб, бош уриб келган бирор-бир одам ҳали ҳузуридан тасалли топмай кетмаган, аммо гуноҳ бор жойда у шафқатсиз, чиндан ҳам ғазаби қайнаган чоғда ундан ёмони йўқ”, завжасининг мана шундай таърифига кўра, қандай қилиб ўр табиатга эга инсон кўз ўнгида содир бўлаётган разолатни кўриб кўрмаганга олиши ва ёки шунчаки кўз юмиб кетиши мумкин, буни, ҳатто тасаввурга сиғдиришнинг ҳам имкони йўқ.

“Ёмғир”ни қайта ўқидим, бироқ энди мутлақо бошқача назар билан. Тўғриси, мени бунчалар тўлқинлантирган куч фақат ёзувчининг услубию асар сюжети эмас, балки таржимоннинг сўз қўллаш санъатидаги юксак маҳорати ҳам эди. Масалан, “Маҳаллий аҳоли рақс деса ўзини томдан ташлайди”. Бу гапда ҳақиқий ўзбекона ибора қўлланган, шундай эмасми? Одатда кўпгина таржимонлар бу ўринда “Маҳаллий аҳоли рақсни жонидан ортиқ кўрарди”, дейиш билан кифояланади. Аммо Алишер ёзувчининг услубига мос халқчил, содда усулни танлаганки, гўё ҳикоя ўқувчига ўзбек тилида ёзилганга ўхшаб туйилади. Мана бу ибораларга бир эътибор қилинг-а: “Мистер Дэвидсонга қарши чиқиш учун отнинг калласидай юрак керак эди”, “Билсангиз, оролларга биринчи марта келганимизда бу ерликларнинг тўй маросимини кўриб, тепа сочимиз тикка бўлган”, “Нега бировларнинг ишига бурун тиқади?”, “У энди тинкаси қуримагунича тинчимайди”, “Лекин миссионерлар тиш қайраб турган бир пайтда, маҳаллий аҳоли уни уйига киритмайди”. Бундай иборалар, чинакам ўзбекча сўзлар асарга ўзгача нафосат бағишлаб тургани сезилади. Ҳикояни ўқиётиб, бу ибораларнинг бари гарчи сизга таниш бўлса-да, гўё Американи кашф қилгандай суюнасиз. Мен эса, нафақат суюндим, балки содда тилда ўзбекчага ўгиришнинг ҳадисини олган таржимонга ҳавас қилдим.

“Ивелей бу — Тинч океанидаги энг бижғиган, расво жой! — ҳайқирди Дэвидсон жазавага тушиб. — Миссионерлар бунга қарши кўп йиллар ташвиқот қилишди ва ниҳоят маҳаллий матбуот ишга киришди. Полиция қимирлашга унамади. Уларнинг баҳонасини биласиз. Бу иллатни енгиб бўлмайди, шундай экан, энг тўғри йўл уни чегаралаб назоратда ушлаб туриш лозим, дейишади. Аслида эса ҳамма порахўр. Қаҳвахона эгаларидан, қўшмачилардан, фоҳишаларнинг ўзидан ҳам пора олишарди. Лекин, охир-оқибат, улар чора кўришга мажбур бўлишди... Гуноҳга ботган Ивелей айнан биз бу ерга келган куни беркитилди. Бутун аҳолиси одил судга тортилди. Бир кўришдаёқ, бу аёлнинг аслида кимлигини пайқамаганимга ҳайронман!” асардаги воқеалар шу ерга келгунига қадар майин шиғалаб ёғаётган ёмғирни эслатади, бироқ айнан суюғоёқ хоним мисс Томпсоннинг кемага чиқиши билан воқеалар ривожи буткул ўзгача тус олади худди майин томчилаб ёғаётган ёмғир бирданига шиддатли кўриниш олиб, қутургани каби. Унда гўзалликдан кўра, кўпроқ ёвуз руҳ сезилади. Ҳар қанча шафқатсиз бўлмасин, мен мана шу “Ёмғир”дан сизга ҳам илинмоқчиман. Токи, сиз ҳам ҳаётнинг аччиқ таъмини ҳис қилинг. Сомерсет Моэм ижодига қизиққан ҳар бир китобхон, албатта, “Ёмғир”ни ўқиб кўриши керак, деган хулосага келдим. Таржима борасидаги камчиликларга, келсак, менинг қилдан қийиқ ахтарадиган одатим йўқ. Шунчаки, бу ҳикоянинг баъзи жойларини таржима қилишда бошқачароқ ёндашиш мумкин жойлар ҳам борлигини фаҳмладим. Масалан, “Дин ҳақида енгил-елпи гапларни гапирма, деб сенга неча маротаба айтганман, — деди хотини. Шу феълинг менга ҳеч ёқмайди-да, Алек. Сен одамни яхшисидан ёмонини ажратолмайсан”. Бир қарашда ҳеч қандай камчилик кўзга ташланмайди, лекин нимадир бегоналигини, барибир, сездиради. Бу эса хотиннинг эрга мурожаати. Кўпчилик таржимонлар: “Нима бўлибди, ахир бу Европага хос”, — дейди. Бироқ ўзбекларда хотиннинг эрни сенлаши урф эмас-да, буни эса назардан қочирмаслик керак, деб ўйлайман. Ҳикояда бир жойда таржимон “акула” сўзини ишлатган, уни “наҳанг” деб қўлласа тўғрироқ бўларди. Бундан ташқари асарда “бизнинг оролларимиз”, “биз ишлайдиган ҳудуд” сўзлари кўп учрайди. Бу сўзларни ўзбекчалаштириб, “биз тарафда” ё “биз томонларда” деб ишлатиш мумкин эди. Дарвоқе, “мистер” ва “миссис” сўзлари бир жойда “хоним”, бир жойда “жаноб” деб қўлланилган. Бунга қаршилигим йўқ, бироқ фикри ожизимча, бу ўқувчини бироз чалғитади. Шунинг учун ҳикоянинг бошидан-охирига қадар бу сўзларнинг ё аслини ё ўзбекча муқобилини қўллаш керак эди. Юқорида санаб ўтганларим камчилик эмас, шунчаки менинг фикрим, холос. Таржимада қандайдир камчилик сезилганда улар асарнинг бўй-басти олдида ғоят майда, дадамнинг таъбири билан айтганда “балиқнинг кўзига илмайди”. Нима бўлган тақдирда ҳам, “Ёмғир”ни Алишер Отабоевдан ўтказиб таржима қилиш ниҳоятда мушкул.