“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

“ТОЛСТОЙГА ЕТАДИГАНИ ЙЎҚ...”

Эрнест ҲЕМИНГУЭЙ,

Америка адиби,

Нобель мукофоти совриндори

Америкалик реалист Ҳемингуэй каби таъсирли тасвир усулига эга ёзувчи. Лекин шундай буюк маҳорат эгаси ҳам Толстойнинг бетакрор тасвир усули олдида бош эгади. Америка адабиётининг буюклари У. Д. Хоуэллс, Ф. Моррис, С. Крейн, Т. Вулф, Дос Пассосларнинг Лев Толстой ижодига эҳтироми айнан Ҳемингуэйдан юққанлигини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Адабий танқидчи Ван Вик Брукс Америка адабий доирасида ҳукмрон об-ҳавога баҳо берар экан, ўтган асрнинг сўнгги йилларида Лев Толстой ижодига қизиқиш ўн чандон кучайганини, бундай иштиёқнинг авж олишига эса Ҳемингуэйнинг улкан ҳиссаси борлигини таъкидлаган. Америкалик адибнинг рус адабиёти тўғрисида ғоят қизиқарли фикрларини газетамиз мухлисларига тақдим этишга жазм этдик.

 

“Қачонлардир қўлимга Моэмнинг Достоевский ижоди ҳақидаги ғаройиб мулоҳазаси тушиб қолди. Мазкур ёзувчининг ўзига хос оғир тасвир услубига бефарқ бўлмаганим учун уларни ўқиб чиқдим ва Моэмнинг фикрлари менга: “Ҳамиша ҳамроҳ байрам” сарлавҳаси остида рус адабиётига оид мулоҳазаларимни қоғозга туширишимга туртки бўлди. Торонтода ҳали биз Парижга йўл олмасимиздан бурун менга Кэтрин Мэнсфилд яхшигина ҳикоялар ёза бошлагани ҳақида айтиб қолишди. Тан олишим керак, бу мен учун ажойиб хушхабар эди. Адибанинг қаламига мансуб кичик асарларни топдим-да, дарҳол ўқиб чиқдим ва ҳикоячилик услуби ёмон эмас, деган фикрга келдим, бироқ каминанинг кўнгли тўлмади. Агарда орангизда Чеховнинг ҳикояларини мутолаа қилиб, сўнг Мэнсфилд асарларига кўз югуртирганлар бўлса, нега бу савил қолгур кўнглим тўлмаганининг фаҳмига етади. Ҳа, ҳақиқий ҳикоя таъмини туймоқчи ва яхшисини ёмонидан фарқламоқчи бўлганларга аввал Чехов ҳикояларини мутолаа қилишни маслаҳат берар эдим. Ҳарқалай ана ўшанда умрини беҳудага совургани учун қўлига қалам олиб, шунчаки кўнгил чигилини ёзишга уринаётган қариқиз билан ақлли шифокор, устига-устак ажойиб ёзувчининг ёзганлари орасида кескин фарқ борлигини ҳар қандай китобхон сезади. Мэнсфилд­нинг ҳикоялари кўпиртирилган пивога ўхшайди. Ундан кўра, тоза сув ичган маъқул дейсан. Чехов ҳикояларидан эса муздек зилол сув таъми келади. Баъзи ҳикояларининг қадди-бастини бир романга тенглаштириш мумкин. Шунчалар ғаройибки, таърифлагани тил ожиз...

Достоевкий ўзига хос ёзувчи. Унинг асарларида шундай воқеалар борки, баъзан ишонасан, баъзан ишонмайсан, бироқ адиб тақдим этган шундай ҳақиқатларам мавжудки, уларни ўқиб, ўзгараётганингни ҳис қиласан: заифлик, телбалик, камбағаллик, илоҳийлик, ҳақиқатнинг аянчли қиё­фаси. Бу қиёфа шу қадар қўр­қинчлики, унинг кўзига тик боқишга унча-мунча одамнинг юраги дов бермайди. Достоевскийнинг ҳақиқатни тасвирлаш усулини Тургенев асарларидаги манзара, Толстойдаги ҳарбий саҳна тасвирлари билан қиёслаш мумкин. Шундагина уларнинг таъсирлироқ ва гўзалроқ эканлигини фаҳмласа бўлади. Дарвоқе, Толс­тойнинг уруш ҳақидаги тасвирлари хусусида. Стивен Крейннинг ўзимиздаги Фуқаролик уруши тўғрисида ёзганларини ўқиб, Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асари билан солиштирганда, шундай хулосага келасиз: тасвирлар худди умрида уруш кўр­маган касал боланинг тасаввурларига ўхшайди. ўоят қуруқ. Негадир кўзимга бувамнинг ҳикояларию Брэддининг суратларигина эсимга тушди. Чунки каминанинг уруш ҳақидаги тасаввурлари ана шундан иборат эди. Стивен Крейн ҳам бундан ортиғини кўрмаганига аминман. Бироқ болакай тасаввурларини кўпиртиришдан эринмабди. «Пар­ма ибодатхонаси»ни ўқимагунимга қа­дар уруш ҳақида билганларим ниҳоятда жўн бўлганини тан олишим керак. Стендал ғаро­йиб асар яратишга яратган-у, бироқ урушни тасвирлашда Толс­той­нинг олдига тушолмаган. Француз адибининг гўзал асаридаги уруш саҳналари негадир кўзимга романга бегонадай туйилди.

Ўқиш, ишлаш ва истиқомат қилиш қулай Парижга ўхшаган улкан шаҳарда қанчалик камбағал бўлмагин китоблар олами билан бирга Толстой дунёси ила танишиш катта бойлик уммонида чўмилиб яшашдай гап. Бу бойликни ўзинг билан бирга Швейцария ва Италия шаҳарларига саёҳатга олиб кетишнг ҳам мумкин. Мен Австриядаги Шрунс­ни очмагунимизга ва Форарльберг водийсининг баланд тоғларига етмагунимизга қадар шундай кайфиятда юрдим. У ерда ҳам китоблар яқин ҳамроҳим эди. Кундузи қор, ўрмон, қишнинг қаҳратонига хос сирларини яширган совуқ хоналарда иссиқ ёпинчиқларга ўраниб мутолаага берилишга етадигани йўқ. Муҳими, ўзинг яратган дунёда бахтлисан, бахтиёрсан. Қоялар устидаги «Таубе» номли ёғоч меҳмонхонанинг хонасини кечқурун рус ёзувчиларининг асарларидан таралаётган нур илитади. Аввал руслар, кейин бошқалар. Бироқ узоқ вақт барибир руслар, дея кўнглимдан ўтказаман.

— Мен ҳамон Достоевский хусусида ўйлаяпман, — дедим мен хонадошим ёзувчи Эван Хантерга. — Қандай қилиб шунчалар ёмон ёзадиган, яъни ғоят ёмон ёзадиган ёзувчининг ёзганлари руҳиятингга бу қадар кучли таъсир қилиш қудратига эга экан?

— Эҳтимол, ҳамма гап таржимададир, — деди Эван. — Мана, масалан, Констанс Гарнеттни олайлик, у Толстой асарларини тилимизга ўгирди-ю, бу адиб бип-бинойи ёзиш услубига эга буюклардан эканлигини билдик. Унинг ажойиб ғояларидан бохабар бўлдик.

— Биламан. Мен Констанс Гарнеттнинг таржимаси қўлимга тушмагунга қадар «Уруш ва тинч­лик»ни бир неча маротаба ўқиёлмаганимни ҳали унутганимча йўқ. Ҳа, тўғрисини айтганда, ёзишда Толстойга етадигани йўқ.

— Айтишларига қараганда, уни бунданам ўтказиб инглизчага ўгириш мумкин экан, — деди Эван. — Гарчи русчани билмасам-да, камина ҳам шундай фикр­да. Бунга асло шубҳам йўқ. Ахир, оғайни, асар таржимасимасида таржимонга кўп нарса боғлиқлигини биз жуда яхши биламиз. Гарчи таржима қусурлардан холи бўлмаса-да, “Уруш ва тинчлик”ни чинакамига кучли роман, деб ҳисоблайман. Ўйлашимча, Ер юзида бу роман билан бўйлаша оладиганини топиш мушкул. Ушбу муҳташам асар қайта-қайта мутолаа қилишга арзийди.

— Толстойдан бўлак яна ким уруш ҳақида бу қадар ўтказиб ёзиши мумкинлигини хаёлимга сиғдиролмайман, — дедим мен ҳамсуҳбатимнинг фикрларидан таъсирланиб. — Мен “Уруш ва тинчлик”ни севаман. Унда урушга одамларнинг муносабатлари ҳақида ажойибу бетакрор тасвирлар бор. Бироқ Достоевскийнинг асарларини ўқиганимда, негадир Толстой асарларидан оладиган ҳузурни ололмайман. Аксинча, кайфиятим буткул ўзгаради. Биз Шрунсда китобсиз қолгандик. Ёнимда фақат “Жиноят ва жазо” бор эди. Бироқ ўзимни ҳар қанча мажбурламай уни охиригача ўқий олмадим.

— Э, қўйинг, ўша Достоевскийни. У ўзи бўлмағур ёзувчи, Ҳем, — давом этди Эван. — Унинг асарлари орасида энг яхшиси бу — “Иблислар”дир. Бироқ уни ўқий олмаганимиз ҳаммасидан ҳам ёмон-да.

Севинч НОРҚОБИЛОВА тайёрлади.