“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ФРАНСУАЗА САГАННИНГ ИЗТИРОБЛИ ТАБАССУМИ

Франсуаза САГАН,

француз адибаси

Машҳур француз ёзувчиси Франсуаза Саган ёрқин ва дабдабали ҳаёт кечирди, дурдона асарлар, дея тан олинган романлар ёзди, ҳашаматли уйлар, қиммат машиналару яхталар сотиб олди. Ёзувчи қиморхоналарда катта бойлигини совурди. Шунга қарамай, унинг асарларида негадир ғам-андуҳ руҳи сингдирилганини китобхон тушунолмасди. Ўша, илк роман “Салом қайғу” номида акс этган ғамгинлик аломати барча асарларида намоёнлигини кузатамиз.

Франсуа Куаре (Саган) 1935 йилнинг 21 июнида Франция жанубидаги Кажарк шаҳарчасида, бадавлат саноатчи ва оқсуяк соҳибжамол хоним оиласида дунёга келди. Франсуаза на онасининг гўзаллигини ва на отасининг мулоҳазакорлигини мерос қилиб олди. У қайсар ҳамда мустақил қизалоқ бўлиб ўсди. Ота-онаси уюштирадиган қабул маросимларида тезроқ ўз хонасига қочиб қолишга интилар ва у ерда тонггача ўзини унутиб нималарнидир ёзарди. Гўзаллиги билан ном таратган ойиси навниҳол Франсуазанинг асилзодалик қоидаларига риоя қилиб яшашни истамаслигидан фиғони ошар, унинг шаддодлигига ҳеч кўниколмасди.

“У сал бўлса-да жозибали кўринишга ҳам ҳаракат қилмайди, — деб нолирди ўз дугоналарига. — Сочини тарамасдан кафти билан текислаб юради ва қопга ўхшаб эскирган каноп юбкасини ташламайди. Яхшиямки, биз берадиган келин сепидан куёв ташвишини қилмаса ҳам бўлади”.

Франсуаза асилзодалар сулоласи учун анъанавий таълим мактаби бўлмиш католик коллежида таҳсил олади. Коллежни тугатгач, Сорбонна университетининг филология факулътетига ўқишга киради. Университетда узоқ ўқимайди, имтиҳонларнинг биринчи босқичидаёқ “йиқилган” Франсуаза Куаре талабалар сафидан чиқарилади. Жазирама ёзни Парижда ўтказаркан, у роман ёзишга берилди. 1954 йилнинг кузига келиб, “Салом қайғу!” романи тайёр бўлди. Ҳавасманд адиба Парижнинг энг таниқли ношири — Рене Жюйярнинг қабулхонасига роман қўлёзмасини ўзи олиб борди. Сўнгги сонияда юраги дов бермай у ўзи севган адиб Марсель Прустдан ўзлаштирган тахаллус ортига яширинди. Сабаби, Пруст романларидан бирида Босон де Саган номли малика ҳақида ҳикоя қилинганди.

Тадбиркор ношир номаълум ёш муаллиф китобини муваффақият кутаётганини дарҳол ҳис этди ва эртаси куни Франсуазага учрашув белгилади. Хонасига озғин, қиррабурун ёшгина қиз кириб келганида ноширнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ношир эҳтирос ва шаҳвоний ҳисларга йўғрилган романни вояга етмаган навниҳол қиз ёзганига ишонмади.

“Сиз, курьер бўлсангиз кераг-а, мадемуазель? Тўғрисини айтинг, романнинг ҳақиқий муаллифи ким?” — мулойим оҳангда сўрайди у ёш “романнистдан”.

Франсуаза ҳар эҳтимолга қарши ўзи билан олиб келган тўртта қоралама дафтарни ноширнинг столига ийманибгина қўйди.

Роман нашр этилгач, Францияда шов-шувли жанжал кўтарилди. Қандайдир бир ёш адиба романида француз адабиётида илк бор вояга етмаган қиз нақ эллик саҳифа давомида, деярли отасининг кўз ўнгида ишқу муҳаббатга берилган бўлса! Мўмин-қобил католик аёллар яшайдиган Франция учун бу мисли кўрилмаган хақорат эди.

Шундай бўлса-да, роман бир ҳафта ичида бозорда энг харидоргир китобга айланди. Бир йил ичида турли мамлакатларда 30 тилга таржима қилиниб, миллиондан ортиқ нусхада нашр этилди. Ёш адибанинг романи замона рамзига, эркин ахлоқ даврининг даракчисига айланди. Мамлакатни том маънодаги “сагансеварлик” қамраб олди. Уни тўда-тўда мухлислар таъқиб қилар, нуфузли нашр­лар муқоваларида унинг сурати босилар, газеталарда эса ёш адибанинг узундан-узоқ суҳбатлари чоп этиларди. Франсуаза Саганнинг ҳар қадами мухбирлар томонидан таъқиб қилинарди.

Ўн тўққиз ёшли Франсуаза кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қалам ҳақи оладиган бўлди. Биринчи қалам ҳақи 100 минг доллар эди. Бу каби катта маблағни у қандай мақсадларга сарфлашни билмаганидан маслаҳат сўраб, отасининг олдига борди.

“Умримда бунча пулни қўлимга ушламаганман, — тан олди тадбиркор ота. — Уларни иложи борича тезроқ сарфлагин, сенинг ёшингда пул бахт келтирмайди”.

Табиатан итоаткор бўлмаган Франсуаза бу гал ота насиҳатига қулоқ тутди. У пулларини тийиқсиз совурди. Машҳур дизайнерлардан турли либослар харид қилди, оғизга тушган курортларда дам олди, Парижнинг энг яхши емакхоналарида дўстларию мухлисларига зиёфатлар берди. Қиморхонанинг доимий мижозига айланди. Бир куни у туни билан қимор ўйнаб, катта миқдордаги ютуқни, яъни 8 миллион франкни қўлга киритди. Эртасига Франсуаза бу пулларга машҳур санъаткор Сара Бернар меҳмон бўлган орзусидаги ҳашаматли, кўҳна қасрни сотиб олди.

“Салом қайғу!” романи чиққанидан кейин ёзувчининг ношири Рене Жюйяр Франсуазани нашриётда сураткаш бўлиб ишлайдиган 24 ёшли келишган йигит — Филипп Шарпентье ҳамроҳлигида Иерусалимдан Нью-Йорккача реклама саёҳатига юборди. Ана шу йигит шон-шуҳратга кўмилган ёш адибанинг илк муҳаббатига мушарраф бўлди. Беўхшов қизалоқдан Франсуаза жозибадор ёш хонимга айланди ва турли бемаъни қилиқларидан воз кечди, ҳатто суюкли ёрини ўзи тайёрлаган таомлар билан сийлади. Бироқ бахтининг умри калта экан. Адоғига етган жозибали саёҳатдан уч ҳафта ўтиб, Филипп бошқасига эргашиб кетди ва адибани унутди. Илк муҳаббатидан айрилгач, Франсуаза ўзига янги эрмак ўйлаб топди ва қип-қизил “ягуар” машинасини сотиб олди. Йўловчиларнинг юрагига ғулғула солиб, Париж кўчаларида катта тезликда машина ҳайдайдиган одат чиқарди. Кўза синадиган кун келди. Машина бошқарувини йўқотган 22 ёшли Франсуаза Саган катта тезликда йўл четидаги ариққа қулади. Адиба клиник ўлимни бошидан кечирди. Касалхонада шифокорлар унинг суякларини қайта теришди деса ҳам бўлади.

Бир куни адибани кўргани эски қадрдони — парижлик ношир Ги Шеллер келди. Танаси гипсланган Франсуазанинг олдида бир-икки соат ўтирган ношир кутилмаганда унга турмушга чиқишни таклиф қилди. Франсуаза ўйлаб ўтирмай розилик берди.

“Шеллер билан учрашувимиз ҳаётимнинг парда ортида янграган виолончель куйи мисол эди”, — деди у кейинчалик дўстларига.

Китобхонлар, ноширлар ҳамда мунаққидлар адибанинг янги романини сабрсизлик билан кутарди. Франсуаза ўзининг “қуйи кетиш”га ҳақи йўқлигини тушуниб етди, акс ҳолда уни журналистлар умри калта — бир кунлик капалак деб эълон қилиши аниқ эди. Лекин навбатдаги романнинг яратилиши қийин кечди. У ўзининг ҳақиқий кечинмаларини тасвирлашга уринар, аммо саҳналарнинг сохталиги матндан билиниб қоларди. Франсуаза ҳар оқшом виски ичар, руҳини шу тариқа кўтаришга ҳаракат қилар, аммо эрининг амалий маслаҳатларига қулоқ тутарди.

“Одамларга орзу-хаёл керак, сенинг шахсий тажрибанг эмас”, — деди турмуш ўртоғи бир кун унга. Бу насиҳатлар адибага жиддий таъсир қилди ва Саган ўзининг “Изтиробли табассум” (Un certain sourire, 1956) деб номланган янги романини эълон қилди. Ноширлар Франсуаза Саганга “Ададий аждарҳо” деб нисбат беришди. Чунки унинг китобларига талаб жуда катта эди.

Бу орада адибанинг оилавий ҳаёти бузилди. Бир куни уйига қайтиб, Франсуаза эрини диванда газета ўқиб ўтирганини кўрди. Бу манзара унда хунук таассурот уйғотди. Адиба нарсаларини йиғиштириб, ҳеч бир изоҳсиз уйидан чиқиб кетди.

“Очиғи кетишим эримни ранжитмаслигини билардим. Агар бунинг тескарисига ишончим комил бўлганида ҳам, нима қилишим ўзимга номаълум эди”, — дея дўстларига дардини ёйганди адиба.

Бир неча йил ўтиб, Фран­суаза Саган оилавий бахтга эришишга яна бир карра уриниб кўрди. Бу сафар Америкалик ҳайкалтарош Боб Уэстхоффга турмушга чиқди. Мақсадининг жиддийлигини исботлаш ниятида у эрига ўғил туғиб берди. Ўғлини Дени деб атади, аммо рафиқа ва она ролини узоқ ўйнай олмади.

“Етти йил зерикарли турмуш ҳамда одамни лоҳас қиладиган оилавий нонушталар муҳитида яшадим. Оилавий ҳаёт бу — сирка аралаштирилган сарсабилдан ўзга нарса эмас. Бу таом менинг ошхонамга маъқул келмади”, — деди бир куни у эрига эътирозга ўрин қолдирмай.

Эри билан ажрашиб, ўғлини энагалар тарбиясига топширган Саган бой берилган вақтни қайтаришга киришди. Энди унинг одатий ҳаёт тарзига ҳеч ким тўсқинлик қилолмасди. Ёзувчининг уйи Парижнинг энг машҳур адабий салонига айланди.

“Ижод қилишга қачон улгураркин? – дея ҳайрон бўлишарди дўстлари ва ноширлари. Кетма-кет романлар чиқар. У осон ва тез ёзар, қўлёзмани топшириш муддатини бузмас, ноширларига асло панд бермасди. Умри мобайнида адиба 22 та роман, 2 та новелла тўплами, 7 та пьеса ва 36 та очерклар китобини яратди. Асарларининг аксарияти жаҳон адабиётидаги энг харидоргир ва ўқишли ки­тоб­лар рўйхатига киритилди. Мунаққидлар унинг романлари қурилишига юксак баҳо бериб, классицизмнинг қатъий шаклларига жавоб берадиган ва йилдан-йилга такомиллашиб бораётган бетакрор машҳур услубига қойил қолишарди. Франсуаза Саганни, ҳатто Францияда адабиётга ихтисослашган етакчи илмий жамият — нафис санъат, боқийлар академияси аъзолигига таклиф этишди. Академиклар катта имтиёзларга эгалиги, ҳатто полиция ҳам дахл қилишга ожиз олий мақоми борлигига қарамай Саган таклифни рад этди.

“У ерда мени ҳайратга соладиган бирорта ҳам ёзувчи йўқ. Бундан ташқари, мени эркин инсон деб биладиган яқинларим ихлосини қайтараман”, деганди адиба.

 “Ҳаётимда ҳаммасидан кўпроқ қашшоқлик ҳамда унутилишдан қўрқаман”, — деганди ўшанда Франсуаза Саган журналистларга.

Аммо, унинг машҳурлик даври, ўзига хос ҳаёт кечириши аста-секин ўз поёнига етиб борарди. Адиба қолган умрини денгиз бўйидаги мўъжазгина уйда хилватда ўтказди. Ҳали ҳам тамаки чекар, ёлғизликда виски ичарди. Ижод тўхтади. Кўп миллионли қалам ҳақидан аста-секин ном-нишон қолмади, қарзлари ошиб борди. Ниҳоят у қарзидан қутулиш учун Нормандиядаги уйини гаровга қўйди ва севимли қизил “ягуар”­ини сотди. Саган ўзини “вафодор итлари” билан овутар, унинг таъкидлашича, дунёда ҳеч кимда “итларникидек содиқ кўзлар йўқ эмиш”.

2004 йилнинг 24 сентябрида 69 ёшли Саган боқий дунёга рихлат қилди. У Франциянинг жануби-ғарбидаги қадрдон шаҳарчаси яқинида жойлашган Сезак қишлоғи қаб­рис­тонидаги кичик оилавий сағанага дафн этилган.

 

Муҳаммаджон Холбеков,

филология фанлари

доктори, профессор