“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Кичик ҳикоялар

Эл Жей БАРНЕТТ,

Америка ёзувчиси

КЎНГИЛ ИШИ

– Стив, севиб қолдим!

– Табриклайман! Сен учун хурсандман, Оливер!

– Раҳмат, дўстим, бироқ бошим қотган.

– Нега?

– Суйганимнинг турмуши бор.

– Оилалими? Боши очиқ хотинлар қуриб кетгандими сенга? Келиб-келиб эрли аёлгаям илакишасанми?

– Шуни айт. Кўнгил иши-да, оғайни, энди нима қилишга ҳайронман?

– Муҳаббатнинг кўзлари кўр, деб шунга айтадилар. Аёл-чи? У сени дейдими?

– Шубҳасиз!

– У ҳолда иккиланишга ҳожат йўқ. Ёринг хоҳиши шундай экан, бирга бўлинглар. Умр бир марта берилади, дўстим. Қандингни ур! Энг яхши йўли суюкли маъшуқангни олиб қоч! Тоққа чиқмасанг, дўлана қайда, жон куйдирмасанг, жонона қайда?

– Эри-чи?

– Нима эри? От тепкисини от кўтаради, дейдилар. У тушунади ва тақдирга тан беради, оғайни. Начора ҳаётнинг ўзи шафқатсиз! Қачонгача алданиб яшайди шўрлик! Кўргилик ўргилай, кўргилик! Бошга тушганни кўз кўради.

– Эри кўнмаса-чи?

– Унинг бошқа иложи йўқ. Севмаганга суйкалиш бефойдалигини ҳар қандай эркагам тушунади. Бир ёстиққа бош қўйдим, деб энди, бир умр севмаган одам билан яшашга ҳеч ким мажбур эмас. Маслаҳатим: бировнинг хотинини олиб қочганга яраша, суйганингни бахтли қил!

– Бундан ташвишланмасанг ҳам бўлади.

Эртасига каллайи саҳар хотинининг ёнида йўқлигидан безовталаниб уйғонган Стив ёстиқ устидан икки энлик хат топиб олди: “Мени излама, орт­га қайтмайман! Бошқани севиб қолдим...” Бу сўзларни ўқиган Стивнинг кўнглидан нимадир шиғ этиб, ўтиб кетди. У беш йил бирга яшаган жуфти ҳалоли танлаган “бошқа”нинг кимлигинию алданиб яшаган ўша шўрлик ўзи бўлганини англаб етди.  

 

Франц КАФКА,

Австрия ёзувчиси

ЁЛҒИЗЛИК

Бу ноябрь ойининг изғиринли кунида юз берди. Мен  худди югуриладиган йўлакчадан югургандек, тўшалган гилам узра у ердан бу ерга бориб келардим. Кўчадан хонамга тушаётган ёруғликка қарашга қўрқардим. Ўлик сукунат юрагимни сиқарди. Ҳеч қандай овоз эшитилмаслигини билсам-да, қаршимдаги ойнага қараб, овозим борича бақирдим. Бирдан деворда эшик пайдо бўлди ва у тезда очилди.

– Сал секинроқ, намунча бақирасиз? – деди биров.

Кўчадан от туёқларининг дупур-дупури эшитилди. Афтидан улар қаергадир ошиқаётганди.

– Сиз шундай кулгили ва қўпол тарзда бақирдингиз-ки, деворлар кўчиб тушишига озгина қолди.

– Хона ҳам, унинг деворлари ҳам меники! Хоҳласам бақираман, хоҳласам куламан, хоҳласам жим тураман! Ўзингиз ҳам мен билан андиша қилмай гаплашяпсиз. Хонанинг эгаси эканлигимни фаромуш қилдингиз чоғи? Меникида турганлигингизни ҳисобга олиб, мулойимроқ сўзлашсангиз бўлармиди? Қўлингиздан келадими?

–  Олдин шундай эдим.

– Балки, яна ўзгарарсиз?

– Билмайман!

Ёзув столига яқинлашдим-да, суҳбатдошимни кўриш мақсадида шамни ёқдим. Уйда на элекр ва на иссиқлик бор эди. Хонада мендан бўлак тирик жон кўринмасди. Демак, ўзим билан ўзим гаплашибман. Бир муддат стол ёнида ўтирдим. Бекорчилик жонимга тегди. Бу қоронғи ва совуқ хонада ақлдан озиш ҳеч гап эмасди. Нима қиларимни билмай, пальтомни кийиб, ташқарига чиқмоқчи бўлдим. Зинада мен билан бир қаватда турадиган ён қўшнимни учратиб қолдим.

– Нима ёв қувдими? Яна чиқиб кетаяпсиз, бекорчи, – деди у мен томонга ўгирилиб.

– Хўш, нима қилишни маслаҳат берасиз? – жавоб бердим мен. – Ҳозир хонамда руҳ билан гаплашдим. Шунинг учун кетяпман.

– Нима бўпти? Бу ҳақда худди овқатингиздан соч толаси чиққандек, норози қиёфада сўзлаяпсиз.

– Ҳазил ўз ўрнида ишлатилса яхши. Мен сизга руҳ билан суҳбатлашдим, деяпман. Билсангиз у билан ҳазиллашиб бўлмайди.

– Мен бир нима дедимми? Нима бундан олдин руҳларнинг борлигига ишонмасмидингиз?

– Ишонардим. Бироқ  ишониш ё ишонмаслигим билан нима ўзгаради?

– Биласизми, ҳамма гап руҳ олдида ўз қўрқувингизни енга билишда.

– Йўқ мен ундан-ку чўчимайман. Унинг нима учун келгани азоблайди, – асабийлашганимдан нима қилаётганимга ақлим етмасди. Чўнтакларимни титкиладим. Нимани излаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Қўшним ҳаракатларимни кузатиб:

– Нега у ҳолда ўзидан сўрамадингиз? – деди.

– Афтидан, сиз, умуман, руҳлар билан мулоқотда бўлмаган кўринасиз? Ўзингиз ўйланг, улардан тайинли жавоб олиш мумкинми?

– Эшитимча, руҳларни меҳмон қилиш мумкин экан.

– Жуда яхши маълумотга эга бўлибсиз-да. Ким ҳам бундай бағрикенглик қиларди?

– Агар у аёл зотидан бўлса, негаки меҳмон қилиш мумкин эмас? – У шундай дея ортига ўгирилиб, зинадан кўтарила бошлади. Мен нима деб жавоб беришни билмай қолдим. Ақлимни йиғиштириб олганимда эса қўшним юқорига кўтарилиб бўлганди. Шунинг учун эгилиб гапиришга тўғри келди.

–  Шунақами? Ҳой, огоҳлантириб қўяй, яна руҳни ўз хонангизга олиб кириб кетишни хаёлингизга ҳам келтирманг! У меники! Агар шундай қилсангиз дўстлигимизга путур етади-я! Аяб ўтирмайман! – дедим баланд овозда.

–  Ҳазиллашдим, ахир! – деди у кулиб

– Ҳа, у ҳолда майли, – дедим ва сайр қилиш учун таш­қарига чиқдим. Бироқ кўчада бемалол юриш қўлимдан келмади. Ўзимни шунчалар ёлғиз ҳис қилганимдан ўша совуқ хонамга қайтиб, ухлашни лозим топдим. Одамлар буни ҳалигача англаб етгани йўқ.

 

Инглиз тилидан Вазирабону АСАДОВА таржимаси.